وَلْتَكُن مِّنكُمْ أُمَّةٌ يَدْعُونَ إِلَى الْخَيْرِ وَيَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنكَرِ وَأُوْلَـئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ
Сизлардан яхшиликка чақирадиган, амри маъруф–наҳий мункар қиладиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар нажот топгувчилардир. (Оли Имрон, 104)

12 нояб. 2008 г.

Аллоҳдан қўрқиб йиғлаш ҳамда Унга интилишнинг фазилати

image681611x Абу Умома Судай ибн Ажлон ал-Боҳилийдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ с.а.в.: “Аллоҳ таолога икки томчи ва икки оёқ изидан маҳбуброқ нарса йўқдир. Улар: Аллоҳдан қўрқиб тўкилган ёш томчиси ва Аллоҳ йўлида тўкилган қон томчиси. Ҳамда Аллоҳ йўлида босилган қадам изи ва Аллоҳ фарзларидан бирини адо этиш учун босилган қадам изи”, дедилар. Имом Термизий ривояти.

Ибн Масъуддан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ с.а.в.: “Менга Қуръон ўқиб бер”, дедилар. Мен: “Эй Аллоҳнинг расули, сизга Қуръонни ўқиб бераманми? Ваҳоланки, Қуръон ўзингизга нозил қилинган бўлса” десам, у зот: “Мен Қуръонни ўзимдан бошқа кишидан эшитмоқни яхши кўраман”, дедилар. Шунда мен “Нисо” сурасини ўқиб “(Эй Муҳаммад), Биз ҳар бир умматдан (ўша умматнинг пайғамбарини) гувоҳ келтирганимизда ва сизни ана уларга қарши гувоҳ қилганимизда, уларнинг ҳоли не кечур?” оятига етсам, у зот: “Ҳозирча кифоя қилади” дедилар. Кейин у зотга назар солсам, икки кўзларидан ёш оқмоқда экан.  Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Анасдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ с.а.в. бизга хутба айтдилар. Бу каби хутбани ҳеч эшитмаган едим.У зот: “Агар сизлар мен билган нарсани англаганларингизда эди, оз кулиб кўп йиғлаган бўлардингизлар”, дедилар. Бу хутбани эшитган саҳобалар юзларини беркитиб пиқиллаб йиғлашар еди. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ с.а.в.: “Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган киши ҳаттоки сут кўкракка қайтмагунча дўзахга кирмайди (яъни,сут кўкракка қайтиши қай даражада мумкин бўлмаса, мўминнинг дўзахга кириши мумкин эмас). Ва яна Аллоҳнинг йўлидаги ғубор билан жаҳаннам тутуни бир ерда жамланмайди”, дедилар. Имом Бухорий ва Термизий ривоятлари.

Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ с.а.в.: “Аллоҳ таоло етти тоифа кишини соя йўқ кунда ўз соясида (Қиёмат ҳароратида Аршнинг соясида) паноҳ берур:

  1. одил подшоҳ;
  2. Аллоҳнинг ибодатида ўсган йигит;
  3. масжидга қалби муаллақ бўлган киши, яъни масжиддан чиқиб, то унга қайтгунча қалби боғлиқ бўлувчи;
  4. Аллоҳ йўлида дўст бўлувчи икки биродар шахс, улар Аллоҳ йўлида жам бўлиб, Унинг йўлида ажраладилар;
  5. бир кишини ҳусни жамолда тенги йўқ аёл (ёмон ниятда) ўз нафсига чақирса, у киши Аллоҳдан қўрқаман, деб жавоб қилса;
  6. бир киши бирор садақа қилса, ўша берган садақасини шу даражада махфий қилсаки, ўнг қўли билан берганини чап қўли сезмаса;
  7. бир киши холи ҳолда Аллоҳни эслаганида, кўзидан ёш оқса”, дедилар.

Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Абдуллоҳ ибн Шаххирдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ с.а.в. ҳузурларига борсам, у зот намоз ўқиётган еканлар. Шу даражада йиғлаётгандиларки, ичларидан худди қозон қайнагандаги каби товуш чиқарди. Абу Довуд ва Термизий ривоятлари.

Анасдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ с.а.в. Убай ибн Каъбга: “Аллоҳ таоло “Лам якуниллазийна кафарун” сурасини сенга ўқиб беришимни амр этди”, деганларида, Убай ибн Каъб: “Аллоҳ менинг номимини зикр қилдими?” дедилар. Расулуллоҳ с.а.в : “Ҳа”, дедилар. Буни эшитган Убай (р.а.) йиғлаб юбордилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Анасдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ с.а.в. вафотларидан кейин Абу Бакр (р.а.) Умарга (р.а.): “Юргин, худди Расулуллоҳ с.а.в. Умму Айманни зиёрат қилганларидек, биз ҳам уни зиёрат қиламиз”, дедилар. Кейин икковлари Умму Айман ҳузурига боришиганида, Умму Айман йиғлаб юборди. Шунда икковлари: “Нимага йиғлаяпсан? Расулуллоҳ с.а.в. га (бу дунёдан кўра) Аллоҳ ҳузуридаги нарса яхши еканлигини билмайсанми?!” дейишганида, Умму Айман: “Мен бунинг учун йиғламадим. Албатта мен Аллоҳ ҳузуридаги нарса Расулуллоҳ с.а.в. га яхши эканини биламан. Лекин мен йиғлаётган нарса (бу зот вафот етишлари ) осмондан ваҳий тушиши тўхтаб қолганидир”, деди. Умму Айманинг йиғиси икковларини ҳаяжонга солиб, улар ҳам йиғлаб юборишди. Имом Муслим ривоятлари.

Ибн Умардан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ с.а.в. нинг касалликлари кучайганда “Намозга чиқинг”, дейилди. У зот: “Абу Бакрга буюринглар, одамларга имом бўлиб намоз ўқиб берсин”, дедилар. Шунда Оиша (р.а.): “Отам Абу Бакр кўнгли бўш кишилар. Агар Қуръон ўқисалар, йиғи устун келади”, дегандилар, “Расулуллоҳ с.а.в: “Унга буюринглар, одамларга имом бўлиб намоз ўқиб берсин”, дедилар.

Бошқа ривоятда: “Оиша (р.а.): “Отам Абу Бакр агар сизнинг ўрнингизда имом бўлиб турсалар, йиғлаб юборадилар. Ва кишилар (нима ўқиётганини) эшитишмайди”, дедилар”, дейилган. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Имом Ан-Нававийниг “Риёзус-Солиҳийн” китобидан

1 комментарий:

Анонимный комментирует...

Zo'r chiqibdi, jazakallohu hayr...Alloh rozi busi wa davomli qisin ishlarini...