وَلْتَكُن مِّنكُمْ أُمَّةٌ يَدْعُونَ إِلَى الْخَيْرِ وَيَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنكَرِ وَأُوْلَـئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ
Сизлардан яхшиликка чақирадиган, амри маъруф–наҳий мункар қиладиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар нажот топгувчилардир. (Оли Имрон, 104)

22 нояб. 2008 г.

Зикр одоблари (Имом Ан-Нававийнинг “Ал-Азкор” китобларидан). 2-қисм

IMG_7993 Ўтган мақоламизда зикр одобларини санаб бошлаган эдик. Бугун иншааллоҳ ушбу рукнимизга якун ясаймиз.

Фасл: зикр қилаётган киши ишига жиддий қараши лозим. Агар бир жойда ўтирган бўлса, қиблага юзланиб, ўзини хокисор тутиб, хушуъ, сокинлик ва виқор билан бошини эгиб ўтиради. Бундан бошқача ўтиришнинг бир оз кароҳияти бор. Агар узрсиз ҳолда мана шу ишларни тарк этса, афзал нарсани бажармаган бўлади. Бажармаса, кароҳияти йўқлигига қуйидаги оятни далил қилишади: Осмонлар ва ернинг яралишида ҳамда кеча ва кундузнинг алмашиниб туришида ақл эгалари учун аломатлар борлиги шубҳасиздир. Улар турганларида ҳам, ўтирганларида ҳам, ётганларида ҳам Аллоҳни эслайдилар ҳамда осмонлар ва ернинг яралиши ҳақида тафаккур қиладилар...” (Оли Имрон, 190-191 оятлар).

Оиша (р.а.) айтадилар: “Расулуллоҳ с.а.в. мен ҳайз кўрган пайтимда тиззамга суяниб Қуръон ўқир эдилар”. Имом Бухорий ривоят қилганлар.

Муслимнинг ривоятларида эса “Мен ҳайзли пайтимда бошларини тиззамга қўйиб”, деб келган.

Яна Оиша (р.а.) айтадилар: “Кундалик зикр вазифаларимни тўшагимга суяниб ўқир эдим”.

Фасл: зикр қилинадиган макон холи, пок бўлиши лозим. Чунки зикрни ва зикр қилинажак Аллоҳни ҳурмат қилишда ажр кўпдир. Шунинг учун зикр масжидда ва улуғ масканларда бўлиши афзал кўрилади. Улуғ имом Абу Майсара: “Аллоҳ фақат пок майдонда зикр қилинади”, деб айтганлар.

Яна бир шарти оғиз тоза бўлиши керак. Агар оғизда бирор ўзгариш бўлса, мисвок билан кетказилади, ёмон нарсалар бўлса, сув билан ювиб ташланади. Мабодо, оғиз ювилмасдан Аллоҳ зикр қилинса, макруҳдир, аммо ҳаром эмас. Оғиз тозаланмасдан туриб Қуръон ўқиш ҳам макруҳ.

Фасл: зикр қилиш шариат истисно қилган ўринлардан бошқа ҳар қандай ҳолатда маҳбуб амалдир.

Ҳожат чиқараётганда, жимоъ пайтида, хутба ўқилаётганда, эснаётган ҳолатларда зикр қилиш макруҳ саналади. Аммо йўлда макруҳ эмас.

Фасл: зикрдан мақсад қалбнинг ҳузур олишидир. Киши зокир бўлиши учун зикрга қизиқиши ва айтаётганларининг маъносини англаши-тадаббур қилиши лозим. Қироатда тадаббур матлуб бўлганидек, зикрда ҳам матлубдир. Шунинг учун “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимасини чўзиб айтиш ихтиёр қилинган. Чунки бунда тадаббур қилиш имконияти бўлади.

Фасл: кимнинг кундузи ёки кечасида ё намоздан кейин ёхуд бошқа бир пайтда зикрдан вазифаси бўлса, кечиктирмасдан адо қилиш лозим. Агар вақтида бажаришга одатланса, ҳеч қачон ўтказиб юбормайди. Аммо уни бажаришни енгил санаса, зое қилишни ҳам енгил санайди. Умардан (р.а.) ривоят қилинади: “Расулуллоҳ с.а.в.: “Ким кунлик вазифасини адо этмасдан ухлаб қолиб, сўнг бомдод билан пешиннинг орасида ўқиб олса, гўё кечаси ўқиганнинг савоби ёзилади”, дедилар”. Имом Муслим ривояти.

Фасл: гоҳида киши зикр қилаётиб баъзи сабаблар билан уни тўхтатишга мажбур бўлиб қолади. Масалан, салом берилиши мумкин. Шунда алик олиб, сўнг яня зикр қилинаверади. Бирор киши акса урса, “Йаркамукаллоҳ”, деб қўйилади, кейин яна зикрида давом этади. Зикр қилинаётиб, азон эшитилиб қолса, орада унинг калималарига жавоб берилади. Шунингдек, бирор мункар ишни кўрса, ундан қайтаради, бирор яхши ишга даъват қилади. Сўнгра яна давом этади.

Эснаганда ва шу каби ҳолларда зикрни тўхтатиб туради.

Фасл: яхши билингки, намоз ёки бошқа ибодат-амалларда машруъ бўлган зикрлар вожиб ёки мустаҳаб бўлса, ўзи эшитадиган қилиб талаффуз этмаса, ҳисобга олинмайди. (Масалан, намозда қироатини ўзи эшитадиган қилиб ўқиши керак, йўқса, қироат қироат бўлмайди. – Таржимон Анвар Аҳмад изохи)

1 комментарий:

Анонимный комментирует...

Alhamdulillah ! Alloh ishingizni davomli qilsin wa o'zi oson qilsin !