وَلْتَكُن مِّنكُمْ أُمَّةٌ يَدْعُونَ إِلَى الْخَيْرِ وَيَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنكَرِ وَأُوْلَـئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ
Сизлардан яхшиликка чақирадиган, амри маъруф–наҳий мункар қиладиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар нажот топгувчилардир. (Оли Имрон, 104)

3 нояб. 2008 г.

Қиёмат аломатлари. 4-қисм

Dark clouds Ўтган мақолаларимизда қиёматнинг кичик аломатлари тафсирини бошлаган эдик ва бу аломатлардан кўплари содир бўлгани ҳақида ҳам гапириб ўтган эдик. Ушбу мақоламиз билан қиёмат аломатлари рукнмизни давом эттирамиз, ва афсус билан айтамизки қуйида келтирилган аломатларнинг кўпи бизнинг замонамизда юз бермоқда.

11. Омонатнинг кўтарилиши

Абу Ҳурайра р.а. ривоят қиладилар: “Расулаллоҳ с.а.в.: “Агар омонат зое этилса қиёматни кутавер!”, дедилар. “Нечук зое бўлади?”, деб сўрашди. Жаноб Расулаллоҳ: “Агар ишлар унинг аҳли бўлмаган кишилар қўлига топшириб қўйилса, қиёмат кунини кутавергин!”, деб жавоб қилдилар" (Имом Бухорий ривояти)

Ҳузайфа ривоят қиладилар: “Расулаллоҳ с.а.в. бизга икки ҳадис айтдилар, бирининг амалга ошганининг шоҳиди бўлдим, иккинчисининг бўлишини кутиб юрибман. Ўшанда Жаноб Расулаллоҳ бизга виждоннинг кишилар қалб томирларида нозил қилингани, сўнг кишилар Қуръон ва суннатни ўрганлганликлари ҳамда виждоннинг йўқолиб кетиши ҳақида сўзлаб бундай деган эдилар: “Киши бир ухлаб турганида қалбидаги виждони чиқиб кетиб, ўрнида бир рангсиз нарсадаги нуқтадек из қолади, сўнг яна ухлаб тургач, қолгани ҳам чиқиб кетиб, чўғни яланг оёғинг билан тепиб юборганингда ҳосил бўладиган қабариқдек нуқта қолади, кейин эса пуфакча пайдо бўлганини ёки ҳеч нарса қолмаганини кўрасан. Кейин одамлар ўзаро аҳдлашадилару, аммо бирорталари бунга амал қилмайдиган бўлиб қоладилар. Шунда фалон қавмда ҳалолу пок киши бор эмиш, у қанчалик доно, хушнамо ва матонатли эмиш деб сўзлайдиган бўлишади, аммо ҳақиқатда эса, у одамнинг қалбида хардал уруғичалик ҳам иймон бўлмайди(Бухорий ривояти).

Яъни маълум бир мансабга нолойиқ инсонлар ана шу лавозимни эгаллашганида омонат зое бўлади. Ўзи порахўр бўла туриб катта лавозимни эгалласа, ҳақ нималигини билмайдиган инсон бошлиқ этиб тайинланса, исломдан ҳабари йўқ, иймонсизлар бош бўлиб қолганда омонат кўтарилади. Сабаби ундай инсонлар энди ҳақиқатни эмас, илм-маърифат динни эмас, ҳалқ манфаатини эмас балки ўз нафсларини ўйлайдилар. Ўша замонда инсонлар орасида виждон, ишонч ва оқибат ҳам кўтарилади. Инсонлар аҳдлашадилару лекин аҳдларига вафо қилмайдилар. Ўша замоннинг энг мақталган, ҳалолу-пок, матонатли деб аталган кишининг қалбида заррача ҳам иймон бўлмайди.

Шу сатрларни ўқир экансиз бир атрофингизга назар солинг. Юқорида ўтирган бошлиқларингизга бир қаранг. Ҳамма мақтайдиган “зўр одам” ларнинг қалбига бир назар солиб кўринг. Одамларнинг қанчалик “ростгўй” бўлиб боришаётганини ўйлаб кўринг. Эҳтимол Расулаллоҳ с.а.в. айтган замонлар келмадимикин?

12. Илмнинг кўтарилиши ва жохилият тарқалиши

Анас р.а.: “Мен сизларга бир ҳадис айтиб берай. Мендан кейин буни сизларга ҳеч ким айтиб бермайди. Расулаллоҳ с.а.в. қуйидагилар қиёмат аломатларидир деганлар”, дедилар:

  • Илмнинг сусаймоғи
  • Жаҳолатнинг кучаймоғи
  • Зинонинг авж олмоғи
  • Хотинлар кўпаймоғи

Эркакларнинг озаймоғи. Ҳатто эллик нафар хотинга 1 нафар эркакнинг бошчилик (эрлик) қилмоғи (Бухорий ривояти).

Илмнинг сусаймоғи деганда аксар уламо диний илм назарда тутилган дейдилар. Сабаби дунёвий илмлар вақт ўтиши билан ривожланиб, тарақииёт топиб  бораверади, афсуски исломий илм эса сусайиб ва натижада жаҳолат кучайиб бораверади.

Абдуллоҳ ибн Амр: “Расулаллоҳ с.а.в.нинг: “Аллоҳ таоло илмни бандалардан тортиб олмайди, уни уламоларни маҳв қилиш йўли билан тортиб олади. Одамлар бирорта ҳам уламо қолмаганидан динни тушунмайдиганларни ўзларига бошлиқ қилиб оладилар. Сўнг, улардан сўрайдилар. Улар билмасдан фатво айтадилар. Ўзлари ҳам адашиб, ўзгарларни ҳам адаштирадилар”, деганларини эшитганман”, деб айтган (Бухорий ривояти).

Астағфируллоҳ, деймиз, мана шундай кунлар бошимиздан ўтаяпти. Дунёвий илмлардан профессор бўлиб кетамиз, динимиздан ҳабаримиз йўқ. Ўзимизни мусулмон ҳисоблаймиз юриш-туришимиздан кофиру, аҳли китоблардан ҳеч фарқимиз қолмади. Ароқни ҳам ичамиз, зинони ҳам қиламиз, мусулмонмиз деб кўкрагимизни ҳам кериб қўямиз. Аллоҳ ҳаром деган ишларни тап тортмасдан қиламиз, Аллоҳ буюрган фарзлардан эса иккиланмасдан юз ўгирамиз. Биз жохил бўлмай, ким бўлсин? Урф-одатларимиз ҳам ибодатларимиз ҳам бидъатларга тўлиб кетган, исломда йўқ нарсаларни қилиб бу ислом деймиз, Қуръон ва суннатга амал қилганларни эса “ваҳҳобий”, “террорист” деймиз. Қаердан келди булар? Жавоб жуда оддий, нотўғри фатволар ва илмсиз инсонларнинг катта диний лавозимларни эгаллашлари, ёки юқорида айтлигани каби, омонатнинг кўтарилганидир.

Афсуски ҳозирги кунда фатво бериш арзимас ишдай бўлиб қолган. Билган-билмаган бемалол фатволарни бераверади. Ҳамма ўзича олим, ҳамма ўзича билимдон. Расулаллоҳ с.а.в. замонларида саҳобалар ҳадис айтишдан, бир фатво беришдан жудаям қўрқишар эди. Тобеинлардан бири масждига келиб ўттизга яқин саҳобалардан бир масалада фатво сўраганида саҳобалар “ундан сўра, бундан сўра” дейишиб ўттизтаси ҳам жавобдан қочган экан. Ҳозир одамлар сўрамасингдан олдин ўзлари келиб фатво беришади, қўрқмасдан, фатво беришдек катта маъсулиятни бўйниларига олаверадилар. Нотўғри фатво бериб қўйиб қиёматда жавоб беришни эса ўйламайдилар.

Умар бин Ҳаттобдан бир киши фатво сўраб келганида, у киши “Шундай ҳодиса юз бердими?”, деб сўраган эканлар, “Йўқ”, деган жавобни олгач, “Олдин ана шу воқеа содир бўлсин, кейин мени олдимга келсанг мен Бадр жангида қатнашганларни йиғиб, мажлис қилиб, сенга жавобини айтаман” деган эканлар. Биз эса ҳали бўлмаган саволларни беришни яхши кўрамиз, “унақа бўлса нима бўларди, бунақа бўлса нима бўларди?”.

Имом Молкининг олдиларига бир инсон жуда узоқ йўл босиб келиб қирқта савол сўраганида, у киши ўттиз олтита саволга “Аллоҳу аълам” деб жавоб қилган эканлар. Бутун бир Моликий мазҳабининг асосчиси, кучли муҳаддис, ислом оламидаги энг машхур тўрт имомлардан бири бўлган Имом Моликдек зот қирқтадан саводан тўртасига жавоб берган эканлар ҳолос. Савол сўраб келган киши “Мен бориб аҳлимга нима деб жавоб бераман, ўттиз олтита саволим жавобсиз қолдику” деганида, у зот “Имом Молик билмас эканлар деб айтгин”, деган эканлар.

Ҳузайфадан ривоят қилинади. Расулаллоҳ с.а.в. дедилар: “Ислом ҳудди бўялган кийимнинг ювилганда ранги ўчгани каби йўқолиб бораверади. Оҳири инсонлар рўза, намоз, қурбонлик ва садақа нима эканлигини ҳам билмай қоладилар. Бир кечада Аллоҳнинг китоби йўқ бўлади, ҳаттоки ер юзида битта ҳам оят қолмайди. Қари чол ва кампирлар: “Бизнинг ота-боболаримиз “Ла илаҳа иллаллоҳ” деганларини эшитгандик, биз ҳам шуни айтаяпмиз”, дейишади.” Шунда Сула (Ҳузайфадан): “Намоз, рўза, қурбонлик ва садақа ҳақида билмаганларга “Ла илаҳа иллаллоҳ” қандай ёрдам беради?”, деб сўради. Ҳузайфа р.а. юзини ўгирди. Сула уч маротаба саволини қайтарганда ҳам Ҳузайфа унга орқасини ўгирди, кейин эса ўгирилиб, “Эй Сула! Ана шу уларни жаҳаннамдан сақлайди! Ана шу уларни жаҳаннамдан сақлайди! Ана шу уларни жаҳаннамдан сақлайди!” деб жавоб қилди (Ибн Можа ва Ал-Ҳаким ривоятлари, Албоний саҳиҳ деган).

Расулаллоҳ с.а.в. даврларида кийимлар маҳсус бўёқ билан бўялар эди ва уларнинг ранги жуда тез, 3-4 ювишдаёқ, чиқиб кетар эди. Расулаллоҳ с.а.в. диннинг ана шу бўёқ кетиб қолгани сани жуда тез кўтарилишига ишора қилганлар. Демак шундай замонлар келар эканки, инсонлар “Ла илаҳа иллаллоҳ”дан бошқасини эсдан чиқариб юборишади. Аллоҳ таоло эса Қуръони Каримни ер юзидан кўтарар экан. Бунга сабаб эса юқорида айтилганидек исломга бўлган беҳурматликнинг кучайиши, инсонлар динни ташлаб жоҳилиятга қараб кетишларидир.

Анас р.а. дан ривоят қилинган ҳадисда Расулаллоҳ с.а.в. “Қиёмат бўлмайди токи ер юзидаги одамлар “Аллоҳ, Аллоҳ” демайдиган бўлгунларича” деганлар (Муслим ривояти).

Баъзи уламолар бу ҳадисни шарҳлаб, қиёматга жудаям яқин қолганда инсонлар Аллоҳни ҳатто эсламай ҳам қўйишади деган фикрни билдиришган. Бошқа бир фикрга кўра эса инсонлар ҳаққа даъват қилмайдиган бўлиб кетишади. Нима бўлганда ҳам бу замонда яшайдиганлар исломдан жуда йироқда бўладилар ва айнан уларнинг устига қиёмат бўлади, зеро Абдуллоҳ Ибн Масъуддан ривоят қилинган ҳадисда Набий с.а.в. дедилар: “Қиёмат қоим бўлгач, тирик қолганлар – энг ёмон одамлардир!” (Бухорий ривояти).

13. Айғоқчи, жосусларнинг кўпайиши

Абу Умомадан ривоят қилинади. Расулаллоҳ с.а.в. дедилар “Қиёматга яқин менинг умматимдан шундай инсонлар пайдо бўладилар, уларнинг қўлларида сигирнинг думига ўҳшаган ҳивчин бўлади. Улар эрталаб уйдан чиққанларида ва кечқурун уйга қайтиганларида Аллоҳ улардан ғазабланади” (Имом Аҳмад ривояти).

Табаронийдан ривоят қилинган ҳадисда Расулаллоҳ с.а.в.:“Қиёматга яқин шундай бир айғоқчилар бўлади, улар Аллоҳнинг ғазабига учраган ҳолда уйдан чиқадилар, ва шу ҳолда уйга қайтадилар. Уларга ёрдам берувчилардан бўлмагин” деганлар.

Муҳаддислар ушбу ҳадисда гап мамлакатни қўриқловчи қуролли кучлар ёки посбонлар ҳақида эмас, балки мусулмонларнинг ортидан пойловчи айғоқчи ва жосуслар ҳақида деб айтишади. Афсуски ислом тарихида бундай даврлар кўп бўлган, тарихда ҳам, ҳозирда ҳам кўпгина олиму-уламолар, гапирган ҳақ гаплари, қилган амри-маъруф ва наҳий мункарлари туфайли азоб-уқубатларга, қийноқларга солинганлар, қамоқ ва зиндонларга ташланганлар ва яна қанчалари қувғин бўлганлар. Расулаллоҳ с.а.в. бизларни шундай замонлар келганда уларга ёрдам беришдан қайтарганлар, яъни улардан бири бўлиш уёқда турсин, ҳатто уларга ёрдам бериб ҳам гуноҳга қолиб юрманглар деб огоҳлантирганлар.

14. Зино авж олиши

Анас р.а.: “Мен сизларга бир ҳадис айтиб берай. Мендан кейин буни сизларга ҳеч ким айтиб бермайди. Расулаллоҳ с.а.в. қуйидагилар қиёмат аломатларидир деганлар”, дедилар:

  • Илмнинг сусаймоғи
  • Жаҳолатнинг кучаймоғи
  • Зинонинг авж олмоғи
  • Хотинлар кўпаймоғи

Эркакларнинг озаймоғи. Ҳатто эллик нафар хотинга 1 нафар эркакнинг бошчилик (эрлик) қилмоғи (Бухорий ривояти).

Зинонинг авж олиши ҳам қиёмат аломатларидан бири экан. Менимча бу иллат ҳақида ортиқча гапиришнинг ҳожати ҳам бўлмаса керак. Юртимизга бир назар солинг, яқинда зино оддий ҳолга айланиб қолади. Бир томондан телевидение, радио, кино, мусиқа ҳар куни ёшларни шунга тарғиб қилиб келмоқда. Ҳаммасидан ачинарлиси бу чет эл кинолари ёки мусиқалари эмас, балки ўзимизнинг ўзбек кино, мусиқа ва эшиттиришларимиздир. Телевидениени ярим яланғоч ўзбек қўшиқчилари эгаллаган, кўчаларимиздаги очиқ-сочиқ ўзбек қизларидан эса ҳатто кўпни кўрган европаликлар ҳам оғзи очилади. Исломдан ҳабари йўқ ота-оналар эса бемалол фарзандарини ана шундай шарманда ҳолда кийиниб юришига йўл қўйиб берадилар.

Иккинчи томондан эса ҳалолнинг қийинлашиб кетгани ҳам ҳаром зинонинг авж олишига сабаб бўлмоқда. Ҳозирги кунда тўй қилиб, уйланиш шунчалик қийин қилиб ташланганки, ёшлар тинчгина “арзонроқ” ҳаромга бориб қўя қоладилар.

Наввос ибн Самъондан ривоят қилинган узун ҳадисда Расулаллоҳ с.а.в. дажжол, Исо алайҳиссалом ва мўминларнинг жонини олувчи хушбўй ҳаво ҳақида гапириб, ундан сўнг: “Ер юзида фақат ёмон кишилар қолишади. Уларнинг эркаклари аёллар билан худди эшаклар бир-бири билан жинсий алоқа қилишгани каби хотиржам иш бажараверишади. Улар шу ҳолатда туришганида қиёмат қоим бўлади”, деган гапларни айтганлар (Муслим ривояти).

Демак зино шу қадар авж олар эканки ҳатто одамлар ҳудди ҳайвонлардек очиқчасига зино қилаверар эканлар.

Абу Ҳурайра р.а. дан ривоят қилинади. Расулаллоҳ с.а.в.: “Қалбим қўлида бўлган Зот билан қасамки, токи эркак киши аёлини кўчанинг ўртасида ётқизмагунича бу уммат йўқ бўлиб кетмайди. Шунда ана шу замоннинг энг яхшилари келиб, уларга: “Анави деворинг ортига ўтсангизлар бўлмайдими”, деб айтадилар”, дедилар (Абу Яъла ривояти, Ал-Ҳейсомий саҳиҳ деган)

15. Рибо кенг тарқалиши

Абу Ҳурайра р.а. ривоят қилади: “Расулаллоҳ с.а.в. дедилар: “Қиёматга яқин қолганда рибо кенг тарқалади.” (Табароний ривояти, ал-Мунзирий саҳиҳ деган)

Рибо, судҳўрлик ҳозирда қанчалик авж олганини ўзимиз гувоҳи бўлиб турибмиз. Дунёдаги деярли барча давлатларнинг иқтисодиёти рибо асосида ривожланиб келмоқда. Банклардан кредит олиш эса оддий ҳолга айланиб қолган.

Абу Ҳурайра р.а. дан ривоят қилинган бошқа ҳадисда Расулаллоҳ с.а.в. “Инсонларга шундай замон келадики, киши олган нарсаси ҳалолданми, ҳаромданми унга эътибор қилмайдиган бўлиб қолади”, деганлар.

Аллоҳ таоло айтади: “Рибони ейдиганлар (қабрларидан) фақат шайтон уриб, жинни бўлган кишидек довдираб турарлар. Бундай бўлиши, уларнинг, тижорат ҳам рибога ўхшаш-да, деганлари учундир. Ва ҳолбуки, Аллоҳ тижоратни ҳалол, рибони ҳаром қилган. Кимки Роббидан мавъиза келганда тўхтаса, аввал ўтгани ўзига ва унинг иши Аллоҳнинг Ўзига ҳавола. Кимки, яна (рибога) қайтса, ана ўшалар дўзах эгаларидир. Улар унда абадий қолурлар”, (Бақара, 275-оят).

Аллоҳ таоло: “Аллоҳ рибони доимо нуқсонга учратур ва садақаларни зиёда қилур. Ва Аллоҳ ҳар бир кофир, гуноҳкорни хуш кўрмас”, деган (Бақара, 276).

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рибохўрни, унинг едирувчисини, котибини ва икки шоҳидини лаънатладилар ва улар баробардирлар”, дедилар».(Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган)

Давоми бор

Комментариев нет: