وَلْتَكُن مِّنكُمْ أُمَّةٌ يَدْعُونَ إِلَى الْخَيْرِ وَيَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنكَرِ وَأُوْلَـئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ
Сизлардан яхшиликка чақирадиган, амри маъруф–наҳий мункар қиладиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар нажот топгувчилардир. (Оли Имрон, 104)

18 нояб. 2008 г.

Зикр одоблари (Имом Ан-Нававийнинг “Ал-Азкор” китобларидан). 1-қисм

11484324510006Wf Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади:

فَاذْكُرُونِي أَذْكُرْكُمْ وَاشْكُرُواْ لِي وَلاَ تَكْفُرُونِ

Бас, Мени эслангиз, сизни эслайман. Ва Менга шукр қилингиз, куфр қилмангиз. (Бақара, 152)

وَمَا خَلَقْتُ الْجِنَّ وَالْإِنسَ إِلَّا لِيَعْبُدُونِ

Жин ва инсонни фақат Менга ибодат қилиш учунгина яратдим.(Ваз-зариёт, 56)

Бу оятлардан банда учун энг афзал иш оламлар Раббини ёд этиш ва пайғамбарларнинг саййиди Расулаллоҳ с.а.в. дан ворид бўлган зикрлар билан машғул бўлиш экани билинади.

Келинг Аллоҳни зикр қилишга таалуқли баъзи масалаларни кўриб чиқайлик.

Фасл: Хоҳ махфий, хоҳ зоҳирий бўлсин, барча амалларда ниятни чиройли қилиш ҳамда ихлосли бўлиш лозим.

Аллоҳ таоло Баййина сурасининг 5-оятида айтади: “Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга, У зот учун динни холис қилган, Тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга буюрилган эдилар”. Ҳаж сурасининг 37-оятида эса бундай дейди: “Аллоҳга (қилган қурбонликларингизни) кўштлари ҳам, қонлари ҳам етмас, лекин У зотга сизларнинг тақво-ихлосингиз етар”. Ибн Аббос (р.а.) “У зотга сизларнинг тақво-ихлосингиз етар”, деб тушунтирганлар.

Умар ибн Хаттобдан ривоят қиладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Албатта, амаллар ният биландир. Ҳар бир киши ният қилувчидир. Кимнинг хижрати Аллоҳ ва расули учун бўлса, бас, Аллоҳ ва расули учун ҳижрат қилибди. Кимнинг ҳижрати дунёга етишиш ёки хотинга уйлани учун бўлса, унинг хижрати ўша нарсага бўлибди”. Бу ҳадиснинг саҳиҳлигига ва даражаси улуғлигига иттифоқ қилинган. Бу ҳадиси шариф Ислом асосларидан бирини ифода этгандир. Уламолар бир китоб тасниф этсалар, мана шу ҳадис билан бошлаганлар ва бу билан унга ўқувчининг диққатини қаратганлар.

Ибн Аббосдан бизгача етиб келган бир гап бор. У зот: “Киши ниятига қараб сақланади”, дейишган. Бошқалар эса: “Ниятига қараб берилади”, дейишган.

Саййид Абу Али Фузайл ибн Иёз (р.а.) айтадилар: Инсонлар сабабли бир амални тарк қилиш риё ва инсонлар сабабли бир амални бажариш ширкдир. Аллоҳ бу иккитасидан сақлагани ҳақиқий ихлосдир.

Имом Ҳорис Муҳосибий: “Ростгўй киши бошқаларнинг қалбидан чиқадиган нарсага эътибор бермайдиган ва заррача яхшилигидан инсонлар огоҳ бўлишини ёқтирмайдиган ҳамда ёмон амалларидан инсонлар хабардор бўлишини кариҳ кўрмайдиган кишидир”, дейдилар.

Ҳузайфа Маръиший айтадилар: “Ихлос инсоннинг зоҳири ҳам, ботини ҳам бир хил бўлганидир”.

Абулқосим Қушайрий дейдилар: “Ихлос – тоатда Аллоҳ таолонинг якка Ўзини қасд қилиш, тоатдан мақсад Аллоҳга яқин бўлишдир, махлуққа кўриниш учун ёки инсонлардан мақтов эшитиш, муҳаббатини қозониш кабилар эмас”.

Саййид Абу Муҳаммад Саҳл ибн Абдуллоҳ Тустарий бундай дейдилар: “Ихлосни ақлли кишилар харакат, сукут, ботин-у зоҳир фақат Аллоҳ учун бўлиб, ҳавойи нафс ҳам, дунё ҳам аралашмаслиги керак, деб тушунишган”.

Абу Али Даққоқ айтадилар: “Ихлос – халқнинг риоясини қилишдан сақланиш. Ростгуйлик эса – нафсга итоат этишдан омонда бўлиш. Ихлосли кишида риё бўлмайди, ростгуйда мағрурланиш”.

Зуннун Мисрий: “Ихлоснинг аломат учта нарсада билинади: омманинг мақтови ҳам, маломати ҳам бир хил бўлиши; амаллар ичида ўзининг амалини унутиш; амалларига савобни охиратда талаб қилиш”, дейдилар.

Қушайрий (р.а.) айтадилар: “Ростгўйликнинг энг паст даражаси ботин билан зоҳирнинг баробар бўлишидир”.

Саҳл Тустарий дейдилар: “Ўзини ёки бировни алдаган киши ростгўйликнинг ҳидини ҳам ҳидламайди”.

Бу тўғрида сўзларимиз кўп, лекин кифоя даражасида ишора қилдим.

Фасл: агар бирорта фазилатли амалдан хабар топсангиз, унинг аҳлидан бўлиш учун бир марта бўлса ҳам, амал қилиб қўйинг. Асло тарк этманг. Расулуллоҳдан ворид бўлган саҳиҳ ҳадисда: “Агар сизларга бирор нарсани буюрсам, қодир бўлганингизча унга амал қилинглар”, деб айтилган.

Фасл: муҳаддислар, фақиҳлар ва бошқа уламолар мавзуъ-тўқима бўлганидан ташқари барча рағбатлантирувчи ва огоҳ этувчи ҳадисларга фазилатли ибодатларда амал қилиш жоиз, деб айтишади. Аммо ҳалол-ҳаром, олди-сотди, никоҳ, талоқ каби ҳукмларда фақат саҳиҳ ва ҳасан иснодли ҳадисларга амал қилинади. Мабодо, заиф ҳадислар олинадиган бўлса, жуда эҳтиёткорлик билан йўл тутилади. Шунга кўра, савдо-сотиқ ёки никоҳ масалаларида кариҳ кўрилган нарсалар заиф ҳадисларда ворид бўлса, ундан четланиш мустаҳабдир вожиб эмасдир.

Фасл: зикр қилиш мустаҳаб бўлганидек, зикр ҳалқаларида ўтириш ҳам мустаҳабдир. Бунга очиқ-ойдин далиллар келган. Уларга иншааллоҳ, ўрнида батафсил тўхталамиз. Ҳозирча икки-учта ҳадисни зикр қилиш билан кифояланамиз.

Ибн Умардан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар жаннат боғларидан ўтсангиз, сайл қилиб (айланиб) кетинглар”, дедилар. Шунда саҳобалар: “Жаннат боғлари нима, эй Расулуллоҳ?” деб сўрашди. Расулуллоҳ с.а.в.: “Зикр ҳалқалари”, деб айтдилар. Чунки Аллоҳ таолонинг фаришталари зикр ҳалқаларини истаб дунёни кезиб юришади. Зикр қилаётганларни учратиб қолишса, уларни ўраб олишади.

Муовия (р.а.) ривоят қиладилар. Саҳобалар ҳалқа бўлиб ўтиришганда, Расулуллоҳ с.а.в. уларнинг олдига чиқиб: “Сизларни бундай ўтиришга нима ундади?” деб сўрадилар. “Аллоҳни зикр қилиш ва бизни Исломга ҳидоят қилганига ҳамд айтиш учун ўтирибмиз”, дейишди саҳобалар. Шунда Расулуллоҳ с.а.в.: “Мана шунинг учун ўтирдингизларми? Сизларга туҳмат қилган ҳолда онт ичмадим, лекин менга Жаброил (алайҳиссалом) келиб, Аллоҳ таоло сизлар билан фаришталарига фахрланаётганининг хабарини берди”, дедилар.

Абу Саид Худрий ва Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ с.а.в.: “Бир қавм ўтириб Аллоҳни зикр қилса, уларни малоикалар ўраб олади ва раҳмат қоплайди. Устларига хотиржамлик туширади. Аллоҳ уларни Ўзининг ҳузуридагилар (яъни, фаришталар) билан эслайди”, дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

Фасл: зикр қалб ёки тил билан бўлади. Афзали қалб ва тил билан бирга бўлганидир. Агар биттаси ила кифояланишни хоҳласангиз, қалб билан бўлгани афзал. Риёдан қўрқиб, қалб ва тил билан қилинадиган зикрларни тарк қилиш этиш керак эмас. Балки Аллоҳнинг розилигини тилаб доим зикр қилиб юриш лозим. Фузайл (р.а.) юқорида айтганларидек, инсонлар гапидан қўрқиб бир амални тарк қилиш риёдир. Агар одамларнинг мулоҳазасига қараб иш тутилса, кўп яхшилик эшиклари ёпилади, диннинг муҳим ашёлари зоеъ бўлади. Бу йўл орифларнинг йўли эмас.

Оиша (р.а.) “Намозингни жаҳрий ҳам, маҳфий ҳам қилиб юборма” (Исро сураси, 110) ояти дуо ҳақида нозил бўлди”, деганлар. Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари.

Фасл: Тасбеҳ, таҳлил, такбир ёки шуларга ўхшаш нарсалар билан чегараланиб қолманг, балки Аллоҳнинг тоати учун бўлган ҳар бир амал Аллоҳни зикр қилиш ҳисобланади.

(Тасбеҳ – “Субҳоналлоҳ”, таҳмид – “Алҳамду лиллаҳ”, таҳлил – “Ла илаҳа иллаллоҳ”, такбир – “Аллоҳу акбар” деб айтишдир... – Тарж.)

Саид ибн Жубайр ва бошқа уламолар айтишади: “Ҳалол-ҳаром ҳукмлари зикр этилган мажлислар, олди-сотди, намоз ўқиш, рўза тутиш, никоҳ қилиш, талоқ қўйиш, ҳажга бориш ва шунга ўхшаш масалаларда сўз борган барча йиғинлар зикр мажлисларидир”.

Фасл: Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасининг 35-оятида: “Аллоҳни кўп зикр қилувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр қилувчи аёллар – улар учун Аллоҳ мағфират ва улуғ мукофот (яъни, жаннат) тайёрлаб қўйгандир”, дейди.

“Саҳиҳи Муслим”да эса Абу Ҳурайрадан (р.а.) қуйидаги ҳадис ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Муфарридлар олдинга ўзиб кетишди”, дедилар. Шунда саҳобалар: “Муфарридлар кимлар, эй Расулуллоҳ?” деб сўрашди. Расулуллоҳ: “Аллоҳни зикр қилувчи эркаклар ва аёллар”, дедилар”.

Юқоридаги оят тўғрисидаги ихтилофли фикрлар бор. Имом Абул Ҳасан Воҳидий айтадилар: “Ибн Аббос (р.а.) “Бу оятдаги зикр қилувчилардан мурод ҳар бир намоз сўнггида ва кечасию кундузи, тўшакда, уйқудан уйғонганда, ҳар гал манзилдан чиққанда Аллоҳни ёд этувчилардир”, дедилар.

Мужоҳид эса: “Ёнбошлаганда, ўтирганда, тик турганда Аллоҳни зикр қилмаган эркак ёки аёл ҳақиқий зокир бўла олмайди”, деганлар.

Ато (р.а.) айтадилар: “Ким беш вақт намозни ҳақларини адо этиб ўқиса, Аллоҳнинг оятидаги зикр қилувчилар сирасига киради”.

Абу Саид Худрийдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар киши кечаси аҳлини уйғотиб, биргаликда икки ракат намоз ўқишса, кўп зикр килувчи эркак ва аёллардан, деб ёзилади”, дедилар. Бу ҳадис машҳурдир. Абу Довуд, Насаий, Ибн Можа ривоятлари.

Шайх Абу Амр ибн Салоҳдан (р.а.) “Қандай қилиб киши зокир бандага айланиш мумкин?” деб сўрашганида, у зот: “Собит бўлган маъсур (яъни Пайғамбаримиздан нақл этилган) зикрларни тонг отганида, кечқурун, кундузи, ярим кечаси ва ҳар турли ҳолатларда доимий ўқиб юрса, ана шунда оятда келган кўп зикр қилувчилар қаторига қўшилади”, деб жавоб бердилар.

Фасл: уламоларимиз таҳоратсиз ёхуд жунуб бўлган эркаклар, ҳайз ва нифосдаги аёллар тасбеҳ, таҳлил, ҳамд, такбир, саловат ва бошқа дуоларни тили ва қалби билан бажариши жоиз, дейишади. Лекин жунуб бўлган эркак, ҳайз ёки нифосдаги аёл Қуръондан бир парча бўлса-да, тиловат қилиши ҳаромдир. Аммо лафзисиз қалбда айтиши ва назар солиши жоиз, дейишади.

Шунингдек, улар мусибат етганда “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун”, деб истиржоъ айтса, уловга минганларида “Субҳаналлазий саххоро лана ҳаза ва ма кунна лаҳу мўқринийн”, деса, “Роббана атина фид дунйа ҳасанатан ва фил ахироти ҳасанатан ва қина ъазабан нар”, деб дуо қилса, бирор кишига “Китобни қувват билан ол” ёки “Омон ва саломат ҳолда киринглар”, деб буюрса, “Бисмиллаҳ”, “Валҳамду лиллаҳ”, деса булар билан Қуръон ўқишни қасд қилмаса, гуноҳкор бўлмасликларини айтишган. Ва яна уларнинг айтишларича, “Аш-шайху ваш-шайхоту иза занайа фаржумуҳума” каби мансух оятларни ҳам ўқиши мумкин.

Агар сув топа олишмаса, таяммум қилиб, Қуръон тиловат қилишлари жоиз. Шу сингари ғусл ва таяммумдан кейин таҳорат кетганида ҳам қироат қилинаверади. Баъзи соҳибларимиз: “Муқим (яъни, ўз юртида бўлган) киши таяммум билан намоз ўқиса, фақат намозда қироат қилиши жоиз. Аммо намоздан ташқарида мумкин эмас. Сафарда бўлса, жоиз”, дейишади. Лекин юқорида айтганимиз тўғрироқдир. Чунки таяммум ҳам ғусл ўрнига ўтади. Агар жунуб киши таяммум қилиб, кейин сувга етишса, ғусл қилиши лозим бўлиб, таяммум билан қироат этиши ҳаромдир. Агар энди таяммум қилиб, намоз ўқиса ва қироат қилса, сўнг таяммуми бузилиб, янгидан таяммум қилса, унга қироат ҳаром бўлмайди. Бундан бошқа фикрлар ҳам бор, лекин улар заифдир.

Давоми бор...

1 комментарий:

أخوك комментирует...

السلام عليكم ورحمة الله

جزاك الله خير