وَلْتَكُن مِّنكُمْ أُمَّةٌ يَدْعُونَ إِلَى الْخَيْرِ وَيَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنكَرِ وَأُوْلَـئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ
Сизлардан яхшиликка чақирадиган, амри маъруф–наҳий мункар қиладиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар нажот топгувчилардир. (Оли Имрон, 104)

4 нояб. 2008 г.

Кундалик ҳаётимиздаги ҳасанотлар

DSCF8633-1 Ҳар бир мусулмоннинг асл мақсади бу дунёсини эмас охиратини обод қилишдир. Бу фоний дунё эса бир синов ҳолос. Шундай бўлсада биз ўзимизнинг дунёвий ишларимзга киришиб, ибодатларимизга эса вақтимиз ҳам етмай қолади. Ваҳоланки мусулмонлар учун Аллоҳ таоло жуда кўп қулайликлар яратган, ҳасанот, ажр-савоб керак деган мўмин бандага кундалик ҳаётида қилиш енгил бўлган бир қанча ибодатларни Қуръон ва Расулаллоҳ с.а.в. суннатлари орқали бизга етказган.

Шунингдек хар куни 5-10 дақиқа вақтимизни ажратиб қилган ибодатимиз орқали Аллоҳ таоло бизнинг дунёвий ишларимизнинг ҳам баракасини беради, иншааллоҳ. Наҳл сурасининг 97 оятида Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади:

مَنْ عَمِلَ صَالِحاً مِّن ذَكَرٍ أَوْ أُنثَى وَهُوَ مُؤْمِنٌ فَلَنُحْيِيَنَّهُ حَيَاةً طَيِّبَةً وَلَنَجْزِيَنَّهُمْ أَجْرَهُم بِأَحْسَنِ مَا كَانُواْ يَعْمَلُونَ

“Эркагу аёл, ким мўмин ҳолида яхши амал қилса, Биз унга яхши ҳаёт кечиртирамиз ва, албатта, уларни қилиб юрган амалларининг энг гўзалига бериладиган ажр ила мукофотлармиз.”

Абу Ҳурайра р.а. дан ривоят қилинган ҳадисда Расулаллоҳ с.а.в. дедилар “Эзгу-хайрли ишларни қилиб қолиш учун шошилингиз. Яқинда зулматли кечанинг парчасидек фитналар бўлиб, киши мўмин бўлиб тонг оттиради, кофир бўлиб кеч киргизади ва (ёки) мўмин бўлиб кеч киргазиб, кофир бўлиб тонг оттиради, киши дунёнинг озгина моли эвазига динини сотиб юборади(Муслим ривояти)

Келинг мўмин банда учун кундалик ҳаётида қилиш енгил бўлган, лекин шу билан бирга катта ажр ва ҳасанотлар ваъда қилинган ибодатларни кўрайлик.

1. Жамоат билан намоз ўқиш

Ибн Умар р.а. дан ривоят қилинади. Расулаллоҳ с.а.в.: “Жамоат билан ўқилган намоз ёлғиз ўқилган намоздан йигирма етти даража афзалдир”, деб айтдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Албатта беш вақт фарз намозларини масжидда, жамоат билан ўқисак нур устига аъло нур, лекин бундай қилишнинг имкони бўлмаса ҳеч бўлмаганида бомдод ва хуфтон намозларида жамоатга қўшилишнинг иложини қилишмиз керак.

Усмон ибн Аффондан р.а. ривоят қилинади. Расулаллоҳ с.а.в.: “Ким хуфтон намозини жамоат билан ўқиса, кечанинг ярмини ибодат билан бедор ўтказгандай бўлади. Кимки бомдод намозини жамоат ила ўқиса, бутун кечани ибодат билан ўтказгандай бўлади”, дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

2. Аллоҳни зикр қилиш

Эрталаб ва тонгда Аллоҳни зикр қилишнинг ҳам савоби жуда кўпдир. Ваҳоланки бу зикрлар ёдлашга ҳам айтишга ҳам жуда осон.

Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулаллоҳ с.а.в.: “Ким эрталаб ёки кечқурун “Субханаллоҳи ва биҳамдиҳи” (Аллоҳга ҳамд айтиш билан Уни айбу нуқсонлардан поклаб ёд этаман), деб юз марта айтса, қиёмат куни бирор киши ундан афзал бўлмайди. Фақат ана шу киши айтганидек ёки ундан ошириб айтсагина, бўлиши мумкин”, дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

Юрган йўлимизда айтиб юришимиз осон бўлган зикрлар ҳам жуда кўп.

Абу Ҳурайра р.а. ривоят қилган ҳадисда Расулаллоҳ с.а.в.: “Субҳаналлоҳи валҳамду лиллаҳи ва ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар", дейишим мен учун қуёш чиқиб, нур сочганидан яхшироқдир”, дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади. Расулаллоҳ с.а.в. “ Ким “Ла илаҳа иллалоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъала кулли шайъин қодир”,(Маъноси: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Унинг шериги ҳам йўқ. Мутлақ мулк Уники ва ҳамд ҳам Унгадур. У ҳар нарсага қодирдир) деб бир кунда юз марта айтса, ўнта қул озод қилган баробарида бўлибди. Унга юзта ҳасанот ёзилиб, юзта ёмонлиги ўчирилади, кеч киргунича шайтондан омонда бўлади. Унинг бу амалидан афзалроқ ишни ҳеч ким қила олмайди. Фақат шу калималарни кўпроқ айтган киши ўзиб кетиши мумкин” дедилар. Ва яна Расулаллоҳ: “Ким “Субханаллоҳи ва биҳамдиҳи” деб бир кунда юз марта айтса, ҳатолари денгиз кўпигича бўлса ҳам, кечиб юборилади” дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Маслаҳатимиз ёнингизда тасбеҳ олиб юринг, метродами, автобусдами бекор вақтинигиз бўлиб қолганда Аллоҳни зикр қилинг. Ҳозирги кунда ҳар-ҳил зикр ва дуолар китоблари кўпайиб кетган. Афсуски уларнинг барчаси ҳам ишонарли эмас. Биз сизга Имом Ан-Нававийнинг “Ал-Азкор” китобини тавсия қиламиз. Сайтимизнинг Зикрлар саҳифаси ҳам ана шу китоб асосида тайёрланиб бормоқда.

3. Қавм-қариндошларидан, дўстларидан ва касалларнинг ҳолидан ҳабар олиш

Узоқ-яқиндаги қарнидошларимиздан, дўстларимизнинг ҳолидан ҳабар олишимиз ҳам ажрли ишлардан экан. Иложи бўлганда бориб, имкон бўлмаганда телефон орқали ҳам ҳабрлашиб туриш, қариндошлик, дўстлик ришталарини мустаҳкамлаб туриш ҳар бир мусулмоннинг бурчидир.

Анасдан р.а. ривоят қилинади. Расулаллоҳ с.а.в.: “Ким ризқи кенг бўлишини ҳамда умри узун бўлишини яхши кўрса, қариндошлари билан борди-келди қилсин”, дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Абу Ҳурайра р.а. дан ривоят қилинади. Расулаллоҳ с.а.в.: “Ким бирор касални бориб кўрса ёки Аллоҳ йўлидаги биродарини зиёрат қилса, бир нидо қилувчи: “Яхши инсон бўлдинг, юришинг ҳам яхши бўлди ва жаннатдан ўзинг учун жой тайёрлаб қўйдинг”, деб нидо қилади”, дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

Али р.а. дан ривоят қилинади. Расулаллоҳ с.а.в.: “Бирор мусулмон бошқа бир мусулмонни эрталаб кўргани борса, то кеч киргунича етмиш минг фаришта унинг ҳаққига дуода бўлишади. Агар кечқурун кўргани борса, то эрталабгача етмиш минг фаришта унинг ҳаққига дуода бўлишади. Ҳамда бу кишига жаннатда териб, йиғиб қўйилган мева бўлади”, дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

4. Нафл рўза тутиш

Абу Саид ал-Ҳудрийдан ривоят қилинади. Расулаллоҳ с.а.в.: “Қайси бир банда бир кун Аллоҳ йўлида рўза тутса, Аллоҳ ўша рўзаси сабабли у кишининг юзини етмиш йиллик масофага қадар дўзаҳдан узоқ қилади”, дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Абу Ҳурайра р.а. дан ривоят қилинган ҳадиси қудсийда Расулаллоҳ с.а.в. “Аллоҳ азза ва жалла: “Ҳар бир одам боласининг амали ўзи учундир. Лекин рўзаси Мен учундир. Унинг мукофотини Ўзим бераман” деди. Рўза дўзаҳдан тўсиқдир” деганлар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Демак имкони бўлганда нафл рўза тутиб туриш ҳам улуғ ибодатлардан экан. Ҳафтанинг душанба ва пайшанба кунлари, ҳамда бир ойдан уч кун рўза тутиш суннатдир.

Умму Салама розияллоҳу анҳо: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга ҳар ойдан уч кун рўза тутмоғимни, уларнинг биринчиси душанба ва пайшанба бўлишини амр қилар эдилар”, деди”. Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган.

Рўза ҳақида кўпроқ билишни истаганларга Ислом.uz сайтининг Рўза бўлимидаги мақолаларни ўқиб чиқишни тавсия қилган бўлардик.

5. Тасбиҳ, таҳмид ва такбир айтиш, ҳамда ёмонликдан қайтариб, яхшиликка буюриш ва зуҳо намозини ўқиш

Абу Зарр р.а. дан ривоят қилинади. Расулаллоҳ с.а.в.: “Сизларнинг ҳар битта аъзоингизга садақа вожибдир. Ҳар бир тасбиҳингиз (“Субханаллоҳ” дейиш) садақа, хар бир таҳмид "(“Алҳамду лиллаҳ" дейиш) садақа, ҳар бир таҳлилингиз (“Ла илаҳа иллаллоҳ” дейиш) садақа, ҳар бир такбирингиз (“Аллоҳу Акбар” дейиш) садақа, яхшиликка буюришингиз – садақа, ёмонликдан қайтаришингиз – садақа. Энди буларнинг ҳаммаси учун икки ракаат зуҳо намози ўқишингиз кифоядир”, дедилар. Имом Муслим ривояти.

6. Амри маъруф ва наҳий мункар қилиш

Амри маъруф яъни яхшиликка чақириш ва наҳий-мункар, ёмонликдан қайтариш ҳам катта савобли амаллардандир. Амри маъруф деганда катта бир жамоатни йиғиб, битта катта имомни олиб келиб маъруза қилиш эмас, балки ўз атрофидаги ёр-биродарлари, қариндош-уруғларини яхшиликка чақириш ҳам тушунилади.

Аллоҳ таоло айтади:

كُنتُمْ خَيْرَ أُمَّةٍ أُخْرِجَتْ لِلنَّاسِ تَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَتَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنكَرِ وَتُؤْمِنُونَ بِاللّهِ وَلَوْ آمَنَ أَهْلُ الْكِتَابِ لَكَانَ خَيْراً لَّهُم مِّنْهُمُ الْمُؤْمِنُونَ وَأَكْثَرُهُمُ الْفَاسِقُونَ

Сиз одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз. Амри маъруф қиласиз, наҳий мункар қиласиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз. (Оли Имрон, 110).

وَالْمُؤْمِنُونَ وَالْمُؤْمِنَاتُ بَعْضُهُمْ أَوْلِيَاء بَعْضٍ يَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنكَرِ وَيُقِيمُونَ الصَّلاَةَ وَيُؤْتُونَ الزَّكَاةَ وَيُطِيعُونَ اللّهَ وَرَسُولَهُ أُوْلَـئِكَ سَيَرْحَمُهُمُ اللّهُ إِنَّ اللّهَ عَزِيزٌ حَكِيمٌ

Мўмин эркаклар ва мўмина аёллар бир-бирларига дўстдирлар. Улар яхшиликка буюрарлар, ёмонликдан қайтарарлар, намозни тўкис адо этарлар, закотни берарлар ҳамда Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қиларлар. Ана ўшаларга Аллоҳ тезда раҳм қилур.Албатта, Аллоҳ ғолиб ва ҳикматли зотдир. (Тавба, 71).

Абу Ҳурайра р.а. дан ривоят қилинади. Расулаллоҳ с.а.в.: “Ким ҳидоятга чақирса, эргашувчи кишининг савобидек унга ҳам ажр бўлади. (Бу билан амал қилган кишининг) савобидан бирор нарса камаймайди. Кимки залолатга чақирса, эргашувчи кишининг гуноҳидек унга гуноҳ ёзилади. (Бу билан амал қилган кишининг) гуноҳидан бирор нарса камаймайди”, дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

7. Жаноза намозида қатнашиш

Масжидга чиқар эканмиз гоҳида жаноза намози ўқилиш хақида эшитиб қоламиз. Шундай ҳолатда ишимизга шошилиб чиқиб кетмасдан, 5 дақиқа вақтимизни ажратиб жаноза намозида қатнашсак ҳам иншааллоҳ кўп ажрлар ёзилар экан.

Абу Ҳурайра р.а. ривоят қиладилар. Расулаллоҳ с.а.в.: “Кимки жанозада қатнашиб, жаноза намозини ўқиса, унга бир қийрот савоб тегади, кимки жаноза намозини ўқиб, майит дафн этилгунича кетмай турса, унга икки қийрот савоб ёзилади”, дедилар. Шунда одамлар: “Ё Расулаллоҳ, икки қийрот қанча?”, деб сўрашди. Жаноб Расулаллоҳ: “Иккита катта тоғдек”, дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

8. Қуръон ўқиш

Абдуллоҳ ибн Масъуд ривоят қилади. Расулуллох с.а.в. дедилар: “Кимки Аллохнинг Китобидан бир харф ўкиса, у учун бир ҳасанот бордир. Ҳасанот эса ўн баробари билан биргадир. Мен: “Алиф, Лом, Мим” бир харф”— деб айтмайман. Балки, “Алиф” бир харф, “Лом” бир харф, “Мим” бир харфдир”. Имом Термизий ривоят қилиб хасан деган, Албоний саҳиҳ деган.

 

Ва яна шу каби савобли амаллар жуда кўпдир. Энг асосийси бу амалларни малол келмайдиган даражада қилиш ва ҳар қандай ибодатда ҳам бардавом бўлишдир.

Ойша р.а. дан ривоят қилади: “Расулаллоҳ с.а.в. “Қўйинглар, солиҳ амаллардан қурбнгиз етадиганини зиммангизга олинглар, Аллоҳга қасамки, сизларга амалларингиз малол келмаса, Аллоҳга савоб бериш малол келмайди (яъни, қилаётган ибодатингиз малол келса, савоби қолмайди)” деб айтдилар. Жаноб Расулаллоҳ с.а.в. ҳам узоқроқ қилинадиган ибодатни ҳуш кўрар эдилар". Имом Бухорий ривояти.

2 комментария:

Анонимный комментирует...

Yaxshi ko'raman shu kabi maqolalarni ! Jazakallahu hayroon !

Анонимный комментирует...

Jazaka allohu khayran