وَلْتَكُن مِّنكُمْ أُمَّةٌ يَدْعُونَ إِلَى الْخَيْرِ وَيَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنكَرِ وَأُوْلَـئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ
Сизлардан яхшиликка чақирадиган, амри маъруф–наҳий мункар қиладиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар нажот топгувчилардир. (Оли Имрон, 104)

18 нояб. 2008 г.

Қиёмат аломатлари. 6-қисм

Dark Clouds on the Horizon Қиёмат аломатлари рукнимизни давом этамиз.

21. Қотилликнинг кўпайиши

Шақиқ ривоят қиладилар: “Абдуллоҳ ва Абу Мусо билан ўтирган эдим, улар менга: “Набий с.а.в. бундай деб айтганлар” дейишди: “Киёматга қоим бўлиш арафасида жаҳолат кучайиб, қотиллик кўпаяди”. (Имом Бухорий ривояти)

Абу Мусодан ривоят қилинган бошқа ҳадисда Расулаллоҳ с.а.в.: “Қиёмат қоим бўлиш арафасида харж кўпаяди” дедилар. Саҳобалар “Ҳарж нима?” деб сўрашди. У зот с.а.в. “Қотилликдир” дедилар. Саҳобалар яна сўрашди: “Наҳотки биздан ҳам кўп одамни қатл қилишадими. Биз бир йилда етмиш мингдан кўп одам қатл қиламиз-ку?!”. Расулаллоҳ с.а.в. жавоб қилдилар: “Улар мушрикларга қарши жанг қилмайдилар, балки бир-бирларининг қонини тўкадилар”. Саҳобалар: “У пайтда бизнинг ақлимиз қаерда бўлади?” деб сўрашди. Расулаллоҳ с.а.в.: “У вақтда кўпчилик ақлини йўқотади, фақатгина озчилик эсини йўқотмайди. Кўплар ўзини ҳақ деб ўйлайдилар, аслида эса ҳақиқатдан жуда йироқда бўладилар” деб жавоб қилдилар. (Имом Аҳмад ва Ибн Можа ривояти, Албоний саҳиҳ деган).

Расулаллоҳ с.а.в. даврларида мусулмонлар кофир ва мушрикларга қарши жанг қилардилар, ва жуда кўпини жанг давомида қатл қилиб юборардилар. Расулаллоҳ с.а.в. шундай вақтлардан огоҳлантирдиларки, у пайтда мусулмон мусулмонни қонини тўкади, ва ўзини ҳақ йўлдаман деб ўйлайди.

Абу бурда ривоят қилади. Бир куни бозорда туриб бир нарсадан ҳайратланиб бир қўлимни иккинчисига урдим. Отаси саҳобалардан бўлган Ансорлардан бири “Нега ажабланаяпсан Абу Бурда"?” деб сўради. Мен: “Одамларга ҳайронман, дини бир, битта Пайғамбарга ишонишади, битта ҳақиқатни тарғиб қилишади, битта далилга асосланишади, битта душманга қарши курашишади лекин бир бирларининг қонини ҳам тўкаверадилар” дедим. Ҳалиги киши айтди: “Ҳайратланма. Менинг отам айтган эди, Расулаллоҳ с.а.в. “Менинг умматим мағфират қилинади. Оҳиратда улар гуноҳлари учун жавоб бермайдилар ва жазога учрамайдилар, сабаби улар бу дунёда уларнинг қотилликлари, зилзилалар ва фитналар билан жазоланадилардеганлар. (Ал Ҳаким ва аз-Заҳабий ривоятлари, Албоний саҳиҳ деган).

Абу Мусодан ривоят қилинган ҳадисда “Уларнинг жазолари оҳиратда эмас, бу дунёда бўлади. Бу уларнинг қотилликлари, нотинчликлар ва зилзилалардир” дейилган.(Имом Аҳмад ривояти, Албоний саҳиҳ деган).

22. Вақтнинг тезлашиши

Анас р.а. ривоят қилади. Расулаллоҳ с.а.в. дедилар: “Токи вақт тезлашмагунича қиёмат қоим бўлмайди. Бир йил ҳудди бир ойдек, ой ҳудди ҳафтадек, ҳафта эса кундек, кун эса бир соатдек, бир соат эса бир ўтин ёнгунчалик вақтдай ўтади. ”(Имом Ахмад ва Термизий ривояти, Албоний саҳиҳ деган).

Олимлар юқоридаги ҳадисни турлича шархлаганлар:

1. Ибн Хажар Фатхул Борийда, ал-Ҳаттоб ва Ибн ал-Асир оҳир замон яқинлашиши билан вақтнинг баракаси кўтарилади, кадимда одамлар малум бир вақтда қилган ишни оҳир замон одамлари ўшанча вақтда қилиб улгурмайдилар деган фикрни билдирганлар.

Ҳозир кимдан сўранг вақт тез ўтиб кетаётганини тасдиқлайди. Кунлар, ҳафталар, ойлар, йиллар ғизиллаб ўтиб боряпти. Биз эса ҳеч нарсага улгурмай қолаяпмиз.

Ибн Жавзий оламдан ўтганидан сўнг унинг барча ишларини яшаган кунларига бўлиб кўришганида бир кунга 11 бетдан тўғри келган экан. Бу дегани бу киши бутун ҳаёти давомида бошқа нарсага чалғимай ҳар куни 11 бетдан ёзиши керак дегани. Бировнинг ишини кўчириш эмас, ўзининг меҳнати ва машаққати билан ёзилган 11 бет. Бошидан ўтган киши билади бу жуда ҳам қийин, деярли иложи йўқ иш.

Шайх ул-Ислом Ибн Таймия ўзларининг машхур “Ал Ақида Васатия” китобларини Пешин ва Аср намозлари орасида ёзган эканлар. Ҳозирда бу китоб Ислом дорилфунунларида бир семестр баъзида эса бутун бир йил давомида ўрганилади.

2. Иккинчи фикрга кўра Маҳди замонларида инсонлар тўкин-сочин ҳаёт кечирадилар ва уларга вақт ҳудди тез ўтаётгандек туюлади (Фатҳул Борий)

3. Баъзи олимлар эса бу ҳадисда Расулаллоҳ с.а.в. ҳозирги замон тараққиётни назарда тутганлар дейдилар. Замонавий алоқа воситалари ва транспорт ёрдамида қадимда узоқ муддат талаб қилган ишлар ҳозирда кўз очиб-бмгунча вақтда битади деган фикрни ҳам билдирганлар (ал-‘Ақод ал-Исламийа)

4. Шунингдек баъзи олимлар вақт ҳақиқатдан ҳам тезлашади деган фикрни билдирганлар. Бу қандай бўлиши эса бир неча йўллари бор, мисол учун ер айланиш тезлигининг ошиши ҳисобига ҳам бўлиши мумкин.

Ва Аллоҳу аълам.

23. Бозорларнинг бир-бирига яқин бўлиши

Абу Ҳурайра р.а. ривоят қилади, Расулаллоҳ с.а.в. дедилар: “Қиёмат қоим бўлмайди, токи фитналар пайдо бўлмагунича, ёлғон кўпаймагунча ва бозорлар яқинлашмагунича”. (Имом Ахмад ривоят қилган, Ал-Ҳейсамий саҳиҳ деган).

Мана бу аломатнинг ҳам гувоҳи бўлиб турибмиз. Ўтмишга бир назар солинг, узоқ ўтмишга эмас, яқин тариҳимизга. Бутун бошли Тошкентда нечта бозор бор эди? Саноқли бозорлар, ҳафтада 1-2 кун ишлар эди. Ҳозирчи? Ҳар қадамда дўконлар, янги супермаркетлар, катта-катта бозорлар. Демак бу ҳам қиёматнинг аломатларидан бири экан.

24. Тижоратнинг кенг тарқалиши

Абдуллоҳ Ибн Масъуд ривоят қилади. Расулаллоҳ с.а.в.: “Киёматга яқин одамлар фақатгина ўз танишлари билан саломлашадиган бўладилар, тижорат кенг ёйилади. Ҳатто аёллар ҳам ўз эрлари қаторида савдо билан шуғулланадилардедилар. (Имом Аҳмад ва Ҳоким ривоятлари).

Нақадар аниқ сўзлар. Ҳудди Расулаллоҳ с.а.в. бизни замонамизни ўз кўзлари билан кўргандек тафсирлаганларини фақатгина Аллоҳнинг мўжизаси деб тушунтириш мумкин. Атрофингизга бир қаранг, тижорат билан шуғулланмайдиган инсонни топиш қийин бўлса керак.

25. Мусулмон уммати орасида ширкнинг тарқалиши

Савбон р.а. ривоят қилади. Раслулаллоҳ с.а.в. дедилар: “Менинг умматим бир бирларига қарши қилич кўтарадилар ва бу Қиёмат қоим бўлгунича давом этади. Токи умматимдан бир гуруҳи мушрикларга эргашиб ва яна бир қисми бутларга ибодат қилмагунича қиёмат қоим бўлмайди ”. (Абу Довуд ва Термизий ривоятлари, Албоний саҳиҳ деган).

Абу Ҳурайра р.а. ривоят қиладилар. Расулаллоҳ с.а.в.: “Давс қабиласи аёллари Зулхулуса деб аталмиш бутга сиғинадиган бўлмагунларига қадар қиёмат бўлмайди. Зулхулуса эса Давс қабиласи жоҳилият даврида ибодат қилган бутдир.” (Имом Бухорий ривояти)

Юқорида айтилган воқеа Расулаллоҳ с.а.в. ҳаётликларидаёқ юз берди. Давс қабиласи Зулхулуса бутини тиклаб унга ибодат қила бошладилар. Жарир ал-Бажолий бошчилигидаги 150 га яқин мусуломонлар Расулаллоҳ с.а.в. буйруғига биноан бутни бузиб ташладилар. (Фатх ул-Борий). Афсуски орадан бир неча аср ўтиб мусулмонликни даво қилган бир гуруҳ бутпарастлар Зулхулусани тиклаб унга ибодат қила бошлашди, 1745 йилда Нажднинг ҳукмрони Абдулазиз Ибн Муҳаммад буйруғига кўра бут яна бир бор бузиб ташланди. Орадан бир аср вақт ўтар ўтмас 1845 йилда жоҳил араблар учинчи бор Зулхулуса бутини тиклаб олишди. ХХ аср бошида амир Абудлазиз ибн Абдураҳмон буйруғига кўра бу машхур маъбуд бутунлай ер билан яксон қилиб ташланди. (Итхаф ал-Жамаъа).

Афсуски ҳозирги кунда мусулмонман деган миллатлар орасида ширкнинг турли ҳил кўринишлари авж олиб бормоқда. Қабрлардан мадад сўраш, оловни атрофида айланиш, пирлардан мадад сўраш, улуғ авлиёларнинг руҳларидан мадад сўраш каби катта шикрлардан бошлаб, кўзмунчоқ ёки тумор тақиш, уйларга исириқ, тақа осиб қўйиш каби майда ширклар ҳаётимизда тўлиб тошиб кетган. Ҳаммасидан ачинарлиси, бу амалларни қилаётган одамлар буларни исломдан деб биладилар ва бу амалларида каттиқ турадилар. Агар қилаётган ишинг ҳаром, қилмагин десангиз, сизни ўзингизни кофирга чиқариб ҳам қўйишади. Расулаллоҳ с.а.в. айтган эканлар: “Менинг умматим орасида шундай инсонлар чиқади улар ўзларининг ёлғон ақидаларига ҳудди ит эгасига содиқ бўлгани каби содиқ бўладилар. Бу ақида уларнинг ҳар бўғин ва қон томирларигача сингиб кетган бўлади” (Абу Довуд ривояти, Албоний саҳиҳ деган).

Абу Ҳурайра р.а. ривоят қиладилар. Расулаллоҳ с.а.в.: “Умматим ўзидан илгаригиларнинг тариқатини қаричма-қарич, қалам-бақадам ўзлаштирмагунларига қадар қиёмат қоим бўлмайди!”, дедилар. “Ё Расулаллоҳ, форс ва румликлар сингари қавмларнинг тариқатлариними?”, дейишди. Жаноб Расулаллоҳ: “Улардан ўзгаларнинг ҳам!”, дедилар.

Абу Саид ал-Худрий ривоят қилган ҳадисда: “Биз ё Расулаллоҳ, яхудий ва насороларнинг ҳамми?” дедик. У зот: “Уларга  бўлмай, кимга?!”, дедилар”. дейилган.  (Бухорий ва Муслим ривоятлари)

Имом Муслимнинг ривоятида “… қаричма-қарич, қадам-бақадам узлаштирасилар, агар улар калтакесак кавагига кирса сизлар ҳам ўша ерга кириб кетасилар” зиёда қилинган.

Ойша р.а. ривоят қиладилар: “Расулаллоҳ с.а.в. сўнгги бор бетоб бўлиб ётганларида (шу касалликдан сўнг фавот этганлар): “Аллоҳ таоло яҳудий ва насороларни ланъатлади, чунки улар собиқ пайғамбарларининг қабрларини масжид қилиб олдилар”, деган эдилар.” (Имом Бухорий ривояти).

Бугунги кунда пайғамбар у ёқда турсин авлиё ва пирларнинг қабрларидан нажот сўрайидганлар кўпайиб кетди. Хажга боришдан олдин фалон жойни зиёрат қилмасанг хажинг қабул бўлмайди деган гапни сон-саноқсиз марта эшитганман. Ҳатто мана шу хадисни ривоят қилган, Ислом оламининг энг йирик муҳаддиси, Имом Бухорийнинг (Аллоҳ у кишидан рози бўлсин) ҳам қабрлари ҳозирда зиёратгоҳга айлантириб қўйилганига нима дейсиз? Мана шулар ширк бўлмай нима? Аллоҳ барчамизни ширкдан сақласин.

Давоми бор

Комментариев нет: