وَلْتَكُن مِّنكُمْ أُمَّةٌ يَدْعُونَ إِلَى الْخَيْرِ وَيَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنكَرِ وَأُوْلَـئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ
Сизлардан яхшиликка чақирадиган, амри маъруф–наҳий мункар қиладиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар нажот топгувчилардир. (Оли Имрон, 104)

6 нояб. 2008 г.

Қиёмат аломатлари. 5-қисм

autres-villes-toronto-canada-7670099140-188744 Қиёмат аломатлари рукнимизни давом эттирамиз. Ўтган мақоламизда қиёматнинг бугунги кунда юз бераётган аломатлари ҳақида сўз юритган эдик, бугун иншааллоҳ қўлдан келганча навбатдаги кичик аломатлар тафсирига ўтамиз. Расулаллоҳ с.а.в. 14 аср аввал ҳабар берган бу аломатларнинг бизнинг замонимизда зоҳир бўлиши Аллоҳнинг яна бир мўжизасидир.

16. Масжидлар ва Қуръоннинг безатилиши

Анас р.а. дан ривоят қилинади. Расулаллоҳ с.а.в. дедилар: “Токи инсонлар бир-бирларига масжидлар билан мақтанмагунларича қиёмат бўлмайди”. (Имом Аҳмад ривояти, Албоний саҳиҳ деган).

Мана бу аломатнинг ҳам гувоҳи бўлиб турибмиз. Масжидаримиз кундан-кунга дабдабали бўлиб, безакларга тўлиб одамлар чиндан ҳам бир-бирларига ўзлари борадиган масжидлар билан мақтанишадиган бўлишди.

Абу Саид ал-Ҳудрий ривоят қиладилар: “Мадинадаги Расулаллоҳ с.а.в. масжидларининг томи пальма дарахти барглари билан ёпилган эди. Расулаллоҳ с.а.в. даврларида ҳам, Абу Бакр р.а. ҳалифалик даврларида ҳам шундай бўлди, Умар бин Ҳаттоб ҳалифа бўлганларида бир қурувчини олиб келдилар ва масждининг устини сув ўтмайдиган қилиб ёпишни буюрдилар ва қўшимча қилиб: “Огоҳ бўл, сариқ ёки қизил бўёқларни ишлатмагин, чунки одамларнинг ҳаёли кетиши мумкин”, дедилар.”(Бухорий ривоятлари)

Ҳозирги кунда сариқ, қизил ранглар ҳеч нарса бўлмай қолди. Ҳозир масжидларни тилладан, кумушдан безатиш, ичларига катта-катта люстралар осиш, тагимизда барча ранглар билан жиловланувчи жойнамозларни тўшаш ва ҳоказолар “мода” бўлган десак адашмаган бўламиз.

Анас р.а. айтади: “Одамлар қурган масжидлари билан ғурурланадилар лекин у ерга бормайдилар, фақатгина масжид ичидаги безаклар билан мақтанадилар ҳолос”. Ибн Аббос айтади: “Сизлар ҳудди яхуд ва насоролар черковларини безатганлари каби масжидларингизни безайсизлар”. (Имом Бухорий ривоятлари).

Ана шу кунлар келмадими? “Ҳастимомни зўр қилишибди. Ичига беш минггта одам сиғаркан, уёғи унақайкан, буёғи бунақайкан” деб мақтаниб қўямиз, қани ўша беш минг одам келаяптими ҳар куни? 3 миллион мусулмон яшайдиган Тошкентга беш минг нима деган гап? Телевизорларда, радиоларда жар соламиз “Тошкент Ислом маданияти пойтаҳти, бунча масжидлар тикланди, унчаси янги қурилди” деб, қизиқ ана шу масждини қурганларни ўзи ҳеч бўлмаса шу масжидларга чиқиб туришармикин. Майли фақатгина салбий томонларни гапирмайлик, Алҳмадулиллаҳ, тан оламиз оҳирги пайтларда масжидларда жамоат кўпайиб қолди. Намозга янги қўшилганлар сони ошаяпти. Ҳеч бўлмаганда бомдод ва ҳуфтон намозларида масжидларимиз тўлиб турибди. Келинг масждиларга чиқайлик, Расулаллоҳ с.а.в. айтган каби масжидларнинг безаги билан мақтанадиган инсонлардан бўлиб қолмайлик, балки масждиларни тўлиб туриши билан мақтанайлик.

Абу Дардо р.а. дан ривоят қилинади. Расулаллоҳ с.а.в.: “Масжидларни ва Мусҳаф (Қуръонни) безашни бошласангизлар бошингизга мусибатлар келади” дедилар.(Ал-Ҳаким ва Термизий ривоятлари, Албоний ҳасан деган).

Мусҳафларни қаранг, қиммат қоғозларда, теридан тикилган муқоваларда қимматбаҳо мусҳафлар дейсизми, махсус босмали рангли мусҳаф дейсизми, тилла ҳарфлар билан битилган мусҳаф дейсизми, ҳаммаси бор. Бу ҳам қиёмат аломатларидан бири экан, ва қарангки Расулаллоҳ с.а.в. бу ҳақида ҳабар берганларига қарамасдан ҳам шу ишларни қилиб келаяпмиз, астағфируллоҳ.

17. Баланд биноларни қуришда мусобақалашиш

Абу Ҳурайра р.а. ривоят қилган узун ҳадисда Расулаллоҳ с.а.в. Жаброил алайҳиссаломнинг қиёмат ҳақидаги саволларига жавоб бериб, унинг аломатларидан бири "… туябоқувчилар баланд-баланд иморат сола бошлаганда…”, деб айтдилар. (Имом Бухорий ривояти).

Абу Ҳурайра р.а. дан ривоят қилинган бошқа ҳадисда Расулаллоҳ с.а.в. қиёмат аломатларини санаб ўтиб “… одамлар баланд иморат қуришда мусобақалашганида” деб айтганлар. (Имом Бухорий ривояти).

Хижратнинг 7-8 асрларида яшаган ибн-Хажар айтган экан: “Мусобақадан мақсад инсонларнинг бошқаларга қараганда баландроқ иморат қуришларидир. Одамлар уйларини турли йўллар билан безаб бир-бирларига мақтанишлари ҳам назарда тутилган бўлиши мумкин. Ҳозирда биз бунинг гувоҳи бўлаяпмиз, одамлар ўзларига катта-катта бинолар қуриши афсуски авж олиб бораяпти”. Қаранг 7-8 асрда бу гапларни айтган олим ҳозирги кундаги аҳволни кўриб нима деган бўлар эди.

Аҳоли зич жойлашган шахарларда баланд иморатлар қурилишини тушунса бўлади. У ерларда аҳоли кўп, ер эса қиммат, барчани уй-жой билан таъминлаш учун баланд қаватли иморатларни қуршини шароит ўзи тақозо этади. Лекин дунёдаги энг баланд ва энг чиройли иморатлар шундай шахарларда қурилаяптмикин? Дунё янгиликларидан ҳабардор одам албатта билади ҳозирги кунда “Ким энг баланд бино қуриш” мусобақаси Дубайда бўлаяпти. Авлодлари қўйбоқар, оддий сахровий халқлар бўлган Дубай аҳолиси ўз ерида нефт топганидан сўнг бирдан бойиб кетди ва ҳозирги кунда энг баланд иморатлар шахри номига сазовор бўлди.  15world-towerКелинг Дубайни тинч қўяйлик, ўзимизнинг аҳволимизга бир назар солайлик. “Томимни қўшнимнинг томидан баланд қиламан”, дейдиганлар ўзимизда камми? Қишлоқларга бориб иморатларга бир назар солинг, 20-30 йил олдин солинган иморатлар билан солиштиринг.

18. Ота-онага беҳурматлик

Абу Ҳурайра р.а. дан ривоят қилинган ҳадисда Расулаллоҳ с.а.в. қиёматнинг аломатларидан бири: “чўри ўз ҳожасини туғганда…” деб айтганлар. (Имом Бухорий ривояти).

Ибн Хажар ушбу ҳадисни шархлаб “чўри ўз ҳожасини туғиши – бу бола улғайганидан сўнг ўз ота—онасини беҳурмат қилиб, уларга ҳудди қулларга муносабат қилгандек қарайши” деган фикрни билдирганлар. (Фатх ул-Борий).

Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, бизнинг юртимизда ота-онага ва умуман ёши улуғларга жуда катта ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилади. Лекин европалашиб бораётган баъзи оилаларда афсуски юқоридаги аломатнинг илк белгилари кўриниб келмоқда.

19. Мусиқа ва қўшиқнинг авж олиши

Саҳл ибн Саъд ривоят қилади. Расулаллоҳ с.а.в. дедилар: “Қиёмат яқин қолганда ер ютишлар, зилзилалар ва бузуқликлар кўпаяди”. У зотдан сўрадилар: “Ё Расулаллоҳ, булар қачон юз беради?”, Набий с.а.в. дедилар: “Мусиқа асбоблари ва аёл қўшиқчилар кўп бўлганда”.  (Ибн Можа ривоят қилган, Албоний саҳиҳ деган).

Шу ўринда бир нарсани таъкидлаш керакки Расулаллоҳ с.а.в. шундай аломатларлардан ҳабар берганларида бу каби иллатларнинг кофиру-мушриклар орасида эмас булки мусулмон уммати орасида авж олишини айтганлар. Олдинги мақолаларимизда қиёмат аломатлари сифатида зинонинг кўпайиши, илмнинг кўтарилиши ёки жохилиятниг тарқалиши ҳақида гапирган эдик. Бугун эса ота-онага беҳурматлик, мусиқа ва қўшиқ авж олиши, маст қилувчи ичимликлар ҳақида гапирар эканмиз, булар ҳаммаси мусулмон уммати орасида пайдо бўладиган аломатлар деб тушунишимиз керак. Сабаби кофир ва мушриклар орасида бу нарсалар ҳатто иллат ҳам саналмайди.

20. Маст қилувчи ичимликларнинг кенг тарқалиши

Абу Омир ал-Ашъарий ривоят қиладилар. Расулаллоҳ с.а.в. бундай деб айтдилар: “Менинг умматим орасида зинони, ипак кийим кийишни, хамр (маст қилувчи ичимликларни) ва мусиқа асбобларини ҳалол деб билувчилар чиқади”. (Имом Бухорий ривояти, Ибн ал-Қайим саҳиҳилигини тасдиқлаган).

Уъбада ибн ас-Самит ривоят қилади. Расулаллоҳ с.а.в.: “Менинг умматим орасида баъзилар хамрни ҳалол дейдилар ва уни бошқа номлар билан атайдилар”. (Ибн Можа ривоят қилган, Албоний саҳиҳ деган).

Афсуски бизнинг юртимизда ҳам бу иллат жуда кенг тарқалган. Ароқ дейсизми, пиво дейсизми, вино дейсизми, магазинлар тўлиб тошиб кетган. Ичадиганлар сони афсуски намоз ўқийдиганларнинг сонидан бир неча баробар кўп. Ароқ ичиб туриб ҳам ўзларини мусулмонмиз деб қўядилар. Стаканларни уриштириб “дуо”лар қилиб қўядилар. Баъзилар эса намозни ҳам ўқийдилар, ароқни ҳам ичадилар. Астағфируллоҳ деймиз, Расулаллоҳ с.а.в. ҳабар берган ўша уммат биз эмасмикинмиз?

 

Давоми бор

Комментариев нет: