وَلْتَكُن مِّنكُمْ أُمَّةٌ يَدْعُونَ إِلَى الْخَيْرِ وَيَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنكَرِ وَأُوْلَـئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ
Сизлардан яхшиликка чақирадиган, амри маъруф–наҳий мункар қиладиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар нажот топгувчилардир. (Оли Имрон, 104)

5 янв. 2009 г.

Намозда ҳаракатланиш мумкинми?

1927232162_c65048a46b Баъзи одамлар намоз ичида ҳаракат қилишга шунчалик енгил қарайдиларки, имом қироат қилаётган вақтида соатига қараб қўядиган, кийимини ўйнаб турадиган, юзи ёки соқолини силайдиган инсонларни кўплаб кузатишимиз мумкин. Лекин баъзи инсонлар намозда ҳаракатланишга шунчалик қаттиқ аҳамияти берадиларки ҳатто ёнларидаги қўл телефонлари жиринглаб мажсиддаги намозхонларнинг ҳаёлини бузиб, ҳушъу ва ҳузъусига путур етказса ҳам чўнтакларидаги телефонни ўчириб қўйишни ножоиз ва намозни бузувчи амал деб ўйлайдилар, ва бу билан кўпчиликка озор бераётганларини билмайдилар.

Келинг ушбу масалани бир ўрганиб кўрайлик. Намоз ўқиётган пайтда бегона ҳаракатларни қилиш жоизми? Қандай сабабларга кўра бундай ҳаракатларни қилиш мумкин ва қандай ҳолларда ушбу амаллар намозни бузилишига олиб келади?

Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ намоз пайтидаги ҳар қандай узрсиз ҳаракатни макруҳ деганлар. Шу билан бирга намоз ичидаги ҳаракатларнинг беш ҳил бўлишини айтганлар:

  1. Вожиб ҳаракат
  2. Ҳаром ҳаракат
  3. Макруҳ ҳаракат
  4. Мустаҳаб ҳаракат
  5. Руҳсат берилган (жоиз) ҳаракат

Келинг юқоридагиларни бир бошидан кўриб чиқайлик.

Вожиб ҳаракат

Вожиб ҳаракатларга намоз бузилмаслиги учун қилиниши шарт бўлган ҳаракатлар киради. Яъни бу ҳаракатни қилмаслик билан кишининг намози бузилиши мумкин. Мисол учун бош кийимида нажас борлигини билган инсон уни ечиб бир чекага олиб қўйиши вожиб ҳисобланади. Бу нарса бошқа уст кийимларга ҳам таалуқли, масалан куртка, жемпер, нимча, тўн ва ҳоказо, ечиш енгил бўлган ва ечилиши билан аврати очилиб қолмайдиган кийимларни намозни бузмасдан туриб ечиб ташлаш мумкин. Расулаллоҳ с.а.в. имом бўлиб намоз ўқиётганларида Жаброил алайҳиссалом келиб сандалларида нажас борлигини айтганида Пайғамбаримиз с.а.в. намозни тўҳтатмасдан сандалларини ечиб чеккага олиб қўйганликларидаги ҳадис бунга далил бўлади (Абу Довуд ривояти, Албоний саҳиҳ деган).

Вожиб ҳаракатга яна бир мисол, агар инсон қиблани нотўғри аниқлаб намоз ўқиётган вақтида бир киши келиб қиблани кўрсатса намозхон намозини бузмасдан қиблага юзланиб олиши ҳам вожибдир.

Ҳаром ёки тақиқланган ҳаракатлар

Бундай ҳаракатларга ҳеч қандай узрсиз қилинган давомли ёки кўп ҳаракатлар киради. Бундай қилган инсоннинг намози бузилади, намозни бузувчи амаллар эса ҳаромдир сабаби бу Аллоҳнинг буйруқларини мазаҳ қилишдек гапдир.

Мустаҳаб ҳаракатлар

Намоз ичидаги суннатларни бажариш учун қилинган амаллар мустаҳаб амаллардир. Масалан сафни текис қилиш учун олдинга ёки ортга бироз силжиш, олдидаги сафда бўш жой кўриб қолса олдинги сафга ўтиш, ёки ўзи турган сафда бўшлиқ бўлиб қолса шу бўшлиқни тулдириш учун чапга ёки ўнга силжиш каби ҳаракатлар мустаҳаб-суннат амаллардандир. Бунинг далили эса Ибн Аббос р.а. Расулаллоҳ с.а.в. билан бирга намоз ўқиш учун у зотнинг чап тарафларига турганида Расулаллоҳ с.а.в. унинг қўлидан ушлаб ўнг тарафларига ўтказиб қўйганликлари ҳақидаги ҳадисдир (Муттафақун алайҳ).

Шунингдек Жобир р.а. ривоят қилган ҳадисда “Расулаллоҳ с.а.в. намоз ўқиш учун турдилар, мен бориб у кишининг чап тарафларига турган эдим, У зот қўлимдан ушлаб ортларидан айлантириб ўнг тарафларги турғазиб қўйдилар. Бироздан сўнг Жаббор ибн Саҳр келиб У зотнинг чап тарафларига турган эди Расулаллоҳ с.а.в. иккимизнинг қўлимиздан ушлаб ортларига суриб қўйдилар” дейилади (Имом Муслим ривоятлари).

Имом Ан-Нававий юқоридаги ҳадисни шархлаб, агар имомнинг ортида бўш жой бўлмаса имом олдинга силжиши лозим бўлади деган фикрни билдирганлар.

Жоиз ҳаракатлар

Жоиз ҳаракатларга маълум сабабларга кўра қилинган кичик ҳаракатлар ва мажбурият юзасидан қилинган катта ҳаракатлар киради. Кичик ҳаракатларга Расулаллоҳ с.а.в.нинг ўз неваралари Уммомани кўтариб намоз ўқиганлари мисол бўлади. У зот қиёмда турганларида невараларини кўтариб турганлар, саждага бораётганда эса ёнларига ётқизиб қўйганликлари ривоят қилинади (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари)

Мажбурият юзасидан қилинган катта ҳаракатларга жанг қилиб туриб ўқилган намозни мисол қилиш мумкин. Аллоҳ таоло Бақара сурасида шундай деб марҳамат қилади:

Намозларни ва ўрта намозни муҳофаза этинг. Ва Аллоҳ учун хушуъ ила қоим бўлинг.

Агар хавфда қолсангиз, юрган ва минган ҳолингизда, хотиржам бўлганингизда, билмаган нарсангизни қандоқ ўргатган бўлса, Аллоҳни шундоқ зикр қилинг. (Бақара, 238-239 оятлар)

Демак ҳавфда қолганда юрган ёки улов минган ҳолда ҳам намоз ўқиш мумкин экан. Албатта ҳеч қандай узрсиз намоз вақтида юриб кетиш намозни бузган бўлар эди, лекин мажбурият юзасидан шундай қилишга ижозат берилган экан.

Макруҳ ҳаракат

Юқорида зикр қилинган ҳаракатлардан бошқаси макруҳ саналади. Буларга намозхон ҳаёлини бузувчи ҳар қандай ҳаракатларни мисол қилиш мумкин, масалан соатини ўйнаш, бош кийимига тегиб қўйиш, юзини ёки соқолини силаб қўйиш, ва ҳоказолар киради. Бундай ҳаракатни бир неча бор қилиш эса ҳаром ҳисобланади ва намознинг бузилишига олиб келади.

Одатда баъзи китобларда макруҳ ҳаракатлар сонини чегаралаб қўйишади ва учтадан ортиқ бегона ҳаракат намозни бузади деган гапларни ҳам кўриш мумкин. Шайҳ ибн Усаймин макруҳ ҳаракатлар неча марта қилинса намозни бузиши аниқ сонлар билан белгиланмаганлигини айтади ва четдан қараган инсон учун намоз ўқимаётган даражада кўп ҳаракат қилиш билан намоз бузилишини таъкидлайдилар ва қуйидаги фикрни билдирадилар: “Баъзи олимлар учтадан кўп бегона ҳаракат қилиш намозни бузади деган фикрни билдирганлар, лекин бундай қатъий талаб қўйиш учун далил талаб қилинади, акс ҳолда бундай фикр билдирган олим динга янгилик киритган бўлиб қолади” (Мажмуу Ал Фатава Ал Шайх ибн Усаймин, 13/309-311).

Демак кўп ёки давомли узрсиз ҳаракат қилиш намозни бузувчи ҳаром амаллардан экан.

Шайх Абдулазиз Ибн Боз ҳам намоз ичида бегона ҳаракатлар ҳақида гапириб ушбу фикрни билдирадилар:

Ҳоҳ фарз ҳоҳ нафл намози бўлсин ҳушъу ва ҳузъу билан, қалб ва тан ҳозирлиги билан намозга берилиш суннат амалдир. Намоздаги ҳушъу унинг устунларидан биридир ва намоз пайтида кўп бегона ҳаракат қилган инсоннинг намози намоз эмас.

Шу билан бирга бегона ҳаракатлар сонини учта деб айтишга Расулаллоҳ с.а.в. дан биронта ҳадис ворид бўлмаган. Бу баъзи олимлардан чиққан гап ва бу гапнинг ортида биронта кучли далил йўқдир.

Лекин намоз вақтида узрсиз қимирлаш ва бегона ҳаракатлар қилиш билан ҳушъуни йўқотиш макруҳдир. Агар бундай ҳаракатлар кўп ёки давомли бўлса намознинг бузилишига сабаб бўлади. Лекин бундай ҳаракатларни кам бўлиши ёки катта ҳаракатларнинг давомсиз бўлиши намозни бузмайди. Бунинг далили эса Расулаллоҳ с.а.в. намоз ўқиб турган пайтларида намозларини бузмасдан туриб Ойша р.а. га эшик очганликлари ҳақидаги ҳадисдир (Абу Довуд ва Насаий ривоятлари, Албоний саҳиҳ деган).

Шунингдек Расулаллоҳ с.а.в. нинг ўз неваралари Уммомани кўтариб туриб намоз ўқиганликлари ҳам бунга далили бўлади.

Фатава Уълама ал-Балад ал-Ҳарам, 162-164.

Шунингдек агар имом таҳорати йўқлигини эслаб қолса, ёки намоз вақтида таҳорати бузилса, ёки айрим сабабларга кўра имомликни давом эттира олмаса иқтидо қилаётганлардан бирини имомликка ўтказиши мумкин, ва бу киши ҳам намозини бузмасдан туриб имомнинг ўрнига ўтиши жоиз. Бунинг далили Расулаллоҳ с.а.в. намозга кечикканларида Абу Бакр р.а. имом бўлиб намозни бошлаганлари, Расулаллоҳ с.а.в. кириб келганликларидан сўнг эса У зот билан жой алмашганлари ва Расулаллоҳ с.а.в. намозни давом эттирганликлари ҳақидаги саҳиҳ ҳадисдир. Шунингдек Умар р.а. бомдод намози вақтида Абу Луълуъаҳ ал-Мажусий томонидан яралангаларида ҳам Абдураҳман ибн Авфнинг қўлидан ушлаб ўзларининг ўрнига имом қилиб ўтказадилар ва у киши намозни қисқа қилиб ўқиб беради (Имом Буҳорий ривояти).

Демак юқоридаги гаплардан ҳулоса қиладиган бўлсак узрсиз кўп ва давомли ҳаракат қилиш билан кишининг намози бузилар экан.

Намозни бузмайдиган ҳаракатларга эса қуйидагиларни мисол қилиш мумкин:

  • Сафни текислаш
  • Олдиндаги сафни тўлдириш
  • Ўзи турган сафда бўш жой бўлиб қолса тўлдириш
  • Телефон жиринглаб қолганда ўчириш (ҳатто 1-2 қадам қўйиш талаб қилинса ҳам)
  • Нажас теккан уст кийимни ечиб ташлаш (аврати очилмайдиган бўлсагина)
  • Қиблани нотўғри аниқлаб намоз ўқиётганда бирор киши қиблани кўрсатса ўша тарафга юзланиш
  • Икки киши жамоат бўлиб намоз ўқиб турганида учинчи киши келиб қўшилса, иқтидо қилаётганларнинг имомнинг ортига ўтишлари (ортда жой бўлмаса имом олдинга қадам ташлаши ҳам жоиз)
  • Имомнинг таҳорати бузилганида ёки намозни давом эттира олмаслиги сабабли ўз ўрнига бошқани тўрғазиб қўйиши
  • Кам ва давомли бўлмаган узрсиз ҳаракатларни қилиш (макруҳ бўлсада, намозни бузмайди)

via www.islamqa.com


Давомини ўқиш

3 янв. 2009 г.

Муҳаррам ойи рўзаси

hilal Биродарлар муҳаррам ойида турган эканмиз бу ойда қилиниши тавсия этилган нафл ибодатлардан энг машхури нафл рўза тутишдир. Абу Ҳурайра р.а. дан ривоят қилинган ҳадисда Расулаллоҳ с.а.в.: “Рамазондан кейин рўзаларнинг афзали муҳаррам ойидаги (нафл) рўзадир. Фарз намозидан кейинги намозларнинг афзали кечасидаги (таҳажжуд) намозидир”,дедилар (Имом Муслим ривоятлари).

Демак бу ойда имкон қадар кўпроқ рўзадор бўлиб юриш ҳайрли амаллардан экан. Айниқа, Муҳаррам ойининг ўнинчи кунида (Ашуро куни) рўза тутишга  Пайғамбаримиз с.а.в. қаттиқ тарғиб қилганлар. Ибн Аббос р.а. айтадилар: “Расулаллоҳ с.а.в. Муҳаррам ойининг ўнинчи куни рўза тутдилар, ва бошқаларни шу куни рўза тутишга буюрдилар” (Имом Муслим ва Бухорий ривоятлари).

Сабаби бу кунда тутилган рўза ўтган йилда қилган гуноҳларга каффоратдир. Абу Қатода р.а. ривоят қилади: “Расулаллоҳ с.а.в. дан муҳаррам ойининг ўнинчи куни рўзаси ҳақида сўралганида, у зот: “Ўтган йилдаги гуноҳларга каффорат бўлади”, дедилар.” (Имом Муслим ривоятлари).

Пайғамбаримиз с.а.в. суннатларини маҳкам ушлайман деган мўмин ва мўминаларга Муҳаррам ойининг ўнинчи куни билан бир қаторда тўққизинчи кунида ҳам рўза тутиш суннат амаллардан эканлигини эслатиб ўтамиз. Ибн Аббос р.а. дан ривоят қилинади: “Расулаллоҳ с.а.в.: “Келгуси йилгача ўлмай турсам, албатта муҳаррам ойининг тўққизинчи куни рўзасини тутаман”, дедилар” (Имом Муслим ривоятлари)

Бу йили Муҳаррам ойининг 9-10 кунлари мелодий сана бўйича 6-7 Январьга тўғри келади.Вааллоҳу аълам.

Бу ойда кўпроқ рўза тутиш ниятида бўлган биродарлар ва опа-сингилларимизга эса ҳафтанинг душанба ва пайшанба кунлари ҳам рўза тутишни маслаҳат берамиз. Умму Салама розияллоҳу анҳо: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга ҳар ойдан уч кун рўза тутмоғимни, уларнинг биринчиси душанба ва пайшанба бўлишини амр қилар эдилар”, деди”. (Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган).

Аллоҳ таоло барчамизнинг қилаётган амалларимизни қабул қилсин.Амийн.


Давомини ўқиш

31 дек. 2008 г.

Ҳижрий янги йил кириши муносабати билан қутлаш мумкинми?

kids Аввалги мақоламизда ғайридинлар ҳамда мушрик ва кофирларни уларнинг турли байрамлари жумладан мелодий янги йил, рождество, 8 март ва ҳоказолар билан қутлашнинг ҳукми ҳақида гап кетган эди, ва бундай қилиш ҳаром эканлигини аксар уламо иттифоқ қилишганини айтиб ўтдик.

Лекин биродарларимиз баъзи масжидларда имомлар ҳам янги йил билан табриклашганини айтиб қолишди, ва бу ҳижрий янги 1430 йилнинг кириши муносабати билан бўлса бўлса керак деган гумонлар ҳам бўлди.

Дарҳақиқат мана бугун Ҳижрий 1430 йилнинг биринчи ойи бўлмиш Муҳаррам ойининг 3 кунидир. Ўз-ўзидан савол туғиладики бу кунда мусулмонлар бир-бирларини қутлаши жоизми?

Ҳудди шу каби савол Шайҳ Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Усайминга берилди ва у киши қуйидаги жавобни бердилар:

Агар бирор киши сизни бу кунларда (Ҳижрий янги йил кирган кунларида) қутласа, у кишига жавоб қайтаринг, лекин ўзингиз бундай қилманг (яъни бошқаларни янги йил кириши билан табрикламанг). Бу масала бўйича энг тўғри ҳукм шудир. Мисол учун бирон киши сизга “Янги йил билан табриклайман” деса, сиз “Аллоҳ бу йилни сен учун яҳши ва барокатли қилсин” каби жавоб қайтаришингиз мумкин. Лекин сиз ўзингиз бошқаларни табрикламагинингиз мақул сабаби саҳобалар ёки тобеинлар бундай қилганликлари ҳақида биронта ҳужжат келмаган. Умуман Исломнинг илк даврларида Муҳаррам ойи йилнинг боши ҳисобланманган, бу нарса кейинчалик ҳалифа Умар Ибн ал-Ҳаттоб р.а. даврларида жорий қилинди.

Шайх Абдулкарим Ал-Ҳудайр ҳижрий йил кириши билан инсонларни қутлаш ҳақида ушбу гапларни айтган эканлар:

Инсон ҳайит кунлари айтиладиган гаплар каби бошқа кунларда ҳам мусулмон биродари ҳаққига дуо қилиши (қутлаш ҳам аслида дуо) жоиз, айниқса бундан мақсад мусулмон биродарига ўзининг дўстлигини кўрсатиш бўлса. Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: “Мен бошқаларни табрикламайман, лекин мени қутлашса албатта унга жавоб қиламан, сабаби табрикка жавоб қайтариш вожибдир. Лекин биринчи бўлиб табриклаш эса суннат ҳам эмас, ножоиз ҳам эмас ”.

Демак ҳулоса қилиб айтсак имкони бўлганда бундай қилмаган афзал экан, лекин сизни ҳижрий янги йил билан қутлашса жавоб қайтариш мумкин экан.

Манбаъа: Ruling on offering congratulations at the beginning of the Hijri year


Давомини ўқиш

29 дек. 2008 г.

Ғазодаги биродарлар ҳаққига дуо қилайлик

Мана уч кундурки Ғазо шахри Аллоҳнинг ланъатига учраган кофир, яҳудийлар томонидан бомбардимон қилинмоқда. Оҳирги маълумотларга кўра бу ҳужум натижасида 230 га яқин киши ҳалок бўлган. Ўлдирилган ва яраланганлар орасида ёш болалар ва аёллар ҳам бор.

Дунё мамлакатларнинг Исроилнинг бу қилмишини қоралаганига қарамай Ғазога ҳаво ҳужумларини давом эттираётган Исроил заҳирадаги кучларни сафарбар қилишга ҳам буйруқ берган. Исроилнинг ҳужумлари бутун араб дунёси бўйлаб норозиликларга сабаб бўлган.

Мусулмон биродарларимиз учун оғир бўлган мана шундай кунларда бизнинг қўлимиздан келадиган ягона ишимиз уларнинг ҳаққига дуо қилиб, Аллоҳнинг ланъатига учраган яҳудларни эса дуоибад қилишдир.

00p1edhz

00p1k8p9MIDEAST-PALESTINIAN-ISRAEL-CONFLICT-GAZA 00p1akfs 00p1c8h4 00p1deyx  MIDEAST-PALESTINIAN-ISRAEL-CONFLICT-GAZA   00p1p71g 00p1q353 00p1r1x0 00p1t7zh 00p1w8ec 00p1xx22 00p1zzz8 MIDEAST ISRAEL PALESTINIANS

Мусулмон давлатларидаги норозиликлар

Mideast Jordan Gaza Israel Mideast Lebanon Israel Palestinians Mideast Lebanon Israel Palestinians MIDEAST-PALESTINIAN--ISRAEL-GAZA-CONFLICT-DEMO MIDEAST ISRAEL PALESTINIANS MIDEAST-PALESTINIAN--ISRAEL-GAZA-CONFLICT-DEMO PALESTINIANS-ISRAEL/VIOLENCE TURKEY-ISTANBUL-PALESTINIAN-ISRAEL-GAZA-CONFLICT-DEMO Middle East-JORDAN- KAZA JORDAN-MIDEAST-GAZA-CONFLICT-DEMO

Дуо қилайлик биродарлар, Аллоҳ мана шу кунларда шаҳид бўлган биродарларни ва опа-сингилларимизни ўз раҳматига олсин ва улардан рози бўлсин. Аллоҳнинг осий бандалари, У зотнинг ланъатига учраган яҳудийларга Аллоҳнинг шиддатли ва дахшатли азоби бўлсин. Аллоҳ йўлида жиход қилаётган мўмин ва мўминаларга У зотнинг ўзи мадад берсин, зеро Аллоҳнинг ўзигина бизга кифоядир. Амийн.

Манбаъалар:



Давомини ўқиш

27 дек. 2008 г.

Янги йил, Наврўз, ва бошқа байрамларни нишонлашнинг ҳукми

nye_large1 Расулаллоҳ с.а.в. пайғамбарликлари бошида шариатда ҳали аниқлик киритилмаган масалаларда аҳли китобларга тақлид қилар эдилар. Кейинчалик Ислом шаклланиб, мукаммал дин бўла бошлаганидан сўнг эса Набий с.а.в. барча умматларини яҳуд ва насороларга ўҳшамасликка, улардан фарқли бўлишга, улар қилган нарсаларни тескарисини қилишга қаттиқ буюрдилар ва ўзлари ҳам шунга амал қилдилар. Абу Ҳурайра р.а. дан ривоят қилинган ҳадисда Расулаллоҳ с.а.в. дедилар: “Яҳуд ва насоролар сочларининг оқини бўямайдилар, шунинг учун сизлар бунинг тескарисини қилинглар (яъни соч ва соқолларингизнинг оқини бўянг). (Имом Бухорий ривоятлар).

Расулуллох с.а.в дедилар: «Бошқаларга ÿхшаган кимсалар биздан эмасдир. Яхудий ва насронийларга ÿхшаманглар! Бас, яхудийларнинг саломи бармоқлар билан, насронийларники эса кафт билан ишора килишдир» («Сахихул-Жомеъ»: 5434).

Абу Ҳурайра р.а. ривоят қиладилар. Расулаллоҳ с.а.в.: “Умматим ўзидан илгаригиларнинг тариқатини қаричма-қарич, қалам-бақадам ўзлаштирмагунларига қадар қиёмат қоим бўлмайди!”, дедилар. “Ё Расулаллоҳ, форс ва румликлар сингари қавмларнинг тариқатлариними?”, дейишди. Жаноб Расулаллоҳ: “Улардан ўзгаларнинг ҳам!”, дедилар.

Абу Саид ал-Худрий ривоят қилган ҳадисда: “Биз ё Расулаллоҳ, яхудий ва насороларнинг ҳамми?” дедик. У зот: “Уларга  бўлмай, кимга?!”, дедилар”. дейилган.  (Бухорий ва Муслим ривоятлари)

Имом Муслимнинг ривоятида “… қаричма-қарич, қадам-бақадам узлаштирасилар, агар улар калтакесак кавагига кирса сизлар ҳам ўша ерга кириб кетасилар” зиёда қилинган.

Яъни Расулаллоҳ с.а.в. ўзини ислом умматидан санаган инсонларнинг яҳуд, насоро ва ҳатто кофир ва мушрикларнинг изидан кетиб қолиши башоратини бердилар, ва бу нарса қиёматнинг аломатлари эканлигини таъкидладилар.

Афсуски бугунги кунда биз бунинг ёрқин мисоли бўлиб турибмиз. Биз шунчаликка бориб етдикки ўзимизнинг жоҳилият давридан қолган байрамларимизни тиклаб олиб, камига жаханнам аҳли бўлган мушрик ва кофирларнинг байрамларини ҳам ўзимизники қилиб олдик.

Кўчага чиқсангиз ҳамма ёқда Янги йил, Валентин куни, 8 март, Навруз ва ҳоказо, мусулмонлар учун эса бу куфр байрамлари икки ийд байрамидан ҳам азиз бўлиб қолди, Астағфируллоҳ. Бизга Аллоҳ томонидан берилган муборак ҳайит кунларимизда аъза очиб, бел боғлаб турамиз, бошқалар эса байрам қилиш ўрнига таъзияма-таъзия юриш билан овора. Лекин кофирларнинг байрамларида эса ҳамма ёқда шоду-ҳуррамлик, ўйин-кулгу ва ҳаммасидан ачинарлиси эса ичкиликнинг мўл-кўл бўлиши.

Биродар мана шу дўзаҳ аҳлига тақлид қилиш, уларнинг байрамларини нишонлаш билан уларга эргашиб ортидан тўғри жаханнам қарига тушиб кетманг. Бир ақлингизни ишлатиб, ўзингизга-ўзингиз савол бериб кўринг: “Мен кимга тақлид қилаяпман? Аллоҳга осий бўлган, унинг ланаътига учраган, оҳиратда жазоси жаханнам бўлган кофир ва мушрикларгами? Бу билан улардан нима фарқим қолди?”

Расулаллоҳ с.а.в. дедилар “Кимки бировга тақлид қилса, ўзи ҳам ўшалардан бўлибди” (Абу Довуд ривояти)

Аслида уламолар бундай кунларда нафақат байрам қилиш балки бу кунларни нишонлётганларни бу байрамлар билан қутлашни ҳам ҳаром деганлар.

Шайх Муҳаммад Солиҳ Ал Мунажжид қуйдаги гапларни айтадилар: “Кофирларни янги йил, рождество ва шу каби бошқа байрамлари билан қутлаш ёки улар сизни қутлаганда уларга жавоб қилиш ҳаромдир, сабаби бу байрамлар бизнинг динимизда йўқ ва уларга жавоб қилиш билан биз бу байрамлар тўғри эканлигини тасдиқлаб қўямиз”.

Яъни мушрик ва кофирларни уларнинг байрамлари билан қутлаш билан биз бу куфр байрамлари тўғри ва жоиз эканлигини тасдиқлаган бўламиз. Афсуски бизнинг юртимизда табриклаш уёқда турсин бу байрамларни кофирлар билан қўшилишиб нишонланадиган бўлиб кетди.

Шайх Ибн Усаймин (Аллоҳ у кишини ўз раҳматига олсин) бу ҳақида шундай деганлар:

“Кофирларни рождество ёки бошқа байрамлар билан қутлашнинг ҳаромлигини аксар уламо иттифоқ қилганлар. Ибн Ал Қоййим ўзининг Аҳкаам ал-Зиммаҳ китобларида қуйидаги гапларни келтирадилар: “Кофирларни уларнинг байрамларида қутлаш барча олимларнинг назарида ҳаромдир, ҳамда уларга “Байрамингиз билан табриклайман” ёки “Байрамларни яҳши ўтказинг” ва шу каби сўзларни айтиш ҳам ҳаром.Буни айтган (мусулмон) куфрдан кутулса-да, харомдан кутула олмайди. Бу ҳудди бировни ҳоч (крест) га сажда қилганида қутлашдек, балки ундан ҳам ёмонроқ ишдир. Бировни ароқ ичгани учун ёки одам ўлдиргани учун, зино қилгани учун ва ҳоказолар учун қутлаш қанчалик катта гуноҳ бўлса, бу байрамлар билан қутлаш ҳам ҳудди шу кабидир. Ўз динини ҳурмат қилмайдиган инсонлар кўпинча мана шу ҳатога йўл қўядилар, улар қилаётган ишининг қанчалик улкан гуноҳ эканлигини англамайдилар. Бошқаларни Аллоҳга осий бўлгани учун ёки бидъат ва куфр амали қилгани учун табриклаган инсон Аллоҳнинг ғазабига мубтало бўлади.” (1/205, 206)

Демак кофирларни бу байрамлар билан қутлаш ҳаром экан, бу билан биз уларнинг байрамлари ва уларнинг тутган йўли тўғри эканлигини тасдиқлаган бўламиз. Дилида бу байрамлар нотўғри ва залолат эканлигини билиб туриб ҳам шундай қилиш мумкин эмас.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилиб айтади:

Агар куфр келтирсангиз, албатта, Аллоҳ сиздан беҳожатдир. У ўз бандаларининг кофир бўлишига рози бўлмас. Агар Унга шукр келтирсангиз, сиздан рози бўлур… (Зумар сураси, 7-оят)

Бугунги кунда Мен сизнинг динингизни мукаммал қилиб бердим. Сизга неъматимни батамом қилдим. Ва сизга Исломни дин деб рози бўлдим. (Моида сураси, 3-оят)

Демак уларни бу кунларда қутлаш ҳаром экан, улар ким бўлишидан қатъий назар, ҳамксабингизми, қўшнингизми ва ҳоказо.

Агар улар сизни бу кунларда қутлашса уларга жавоб берманг, сабаби бу мусулмонларнинг байрами эмас ва Аллоҳ бу байрамларни қабул қилмаган. Аслида ўша байрамлар уларнинг динидаги бидъат амаллардир, ва агарки улар тўғри бўлган тақдирда ҳам Аллоҳ томонидан Муҳаммад с.а.в. орқали одамзотга туширилган Ислом келиши билан бекор қилингандир. Аллоҳ таоло айтади:

Ким Исломдан бошқа динни хоҳласа, бас, ундан бу ҳаргиз қабул қилинмас ва у охиратда зиён кўргувчилардан бўладир. (Оли Имон сураси, 85-оят)

Шунингдек бу кунларда кофирлар томонидан ўтказиладиган маросимларда қатнашиш ҳам ҳаромдир, аслида бу уларни табриклагдан ҳам кўра улканроқ гуноҳдир.

Бу байрамларда кофирларга тақлид қилиб дастурхонлар ёзиш, бир-бирига совға улашиш, ширинликлар ва таомлар тарқатиш ёки бу кунларни дам олиш куни қилиб белгилаш эса мутлақ ҳаром бўлган амаллардандир. Расулаллоҳ с.а.в. дедилар: “Кимки бировга тақлид қилса, ўзи ҳам ўшалардан бўлибди” (Абу Довуд ривояти). Шайх ул-Ислом Ибн Таймия ушбу гапларни айтган эканлар: “Кофирларга уларнинг байрамлари кунлари тақлид қилиш билан инсон уларнинг ботил эътиқоди ва куфр амаллари унга ҳам ёқишини кўрсатади, ва кофирларга мусулмонларни йўлдан уришда ва адаштиришда ҳамда уларни камситишига имконият очиб беради”.

Мажмуъ ал-Фатава ал-Шайх Ибн Усаймин, 3/44, 3/369

Ўзимизнинг Исломий байрамларимиз бўлган, Аллоҳ томонидан бизга юборилган муборак Ҳайит кунлари қолиб, бизга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган куфр ва залолатга кетган жаханнам аҳлининг байрамларини ўзлаштириш билан ана ўшалардан бўлиб қолишдан Аллоҳнинг ўзи асрасин.

Шуни таъкидлаш керакки бу нарса фақатгина яҳуд, насоро ва бошқа куфрга кетган миллатлар байрамларигагина эмас балки ўзимизнинг “қадимий”, “миллий” байрамларимизга ҳам тегишлидир. Абдуллоҳ Ибн ал-Ос ривоят қилади: “Кимки мушриклар юртида яшаб уларнинг Навруз ва Маҳражаан байрамларини нишонласа, ва ўлгунига қадар уларга бунда тақлид қилса, қайта тирилиш кунида ютказганлардан бўлади”. Бошқа ривоятда эса “Кимки Араб бўлмаган юртларда яшаб уларнинг янги йили ва байрамларини нишонласа, ва ўлгунига қадар уларга тақлид қилса, қайта тирилганда ўшалар билан бирга бўлади” дейилади. (Байҳақий ривояти)

Ханафий мазхабига мансуб шайх мулло Алий ал-Корий раҳимаҳуллоҳ шундай деди: «Наврÿз байрами куни мажусийга бир тухумни совға қилган одам кофир бÿлади. Чунки у мажусийнинг куфри ва залолатига ёрдам берди ёки совға бериши билан уларга ÿхшади. Баъзилар: «Мусулмон Наврÿз байрамида мусулмонга совга берса кофир бÿлмайди» демоқдалар. Бу сÿзга диққат этиш керак. Чунки бу ишда мажусийларга ÿхшашлик бордир. Табиийки, қасдсиз (билмай) Наврÿз байрамига келиб қолган одамнинг хукми фарқлидир».

«Мажмаун-Навазил» китобада шундай дейилган: «Мажусийлар Наврÿз байрамида тÿпланганида мусулмон: «Қандай яхши йÿл топишибди!» деса кофир бÿлади, дейилган. Нега? Чунки у Ислом одатларини қабохатга чиқаришни кафолатлаш билан бирга, куфр тузукларини мақтамокда».

«ал-Фатава ас-Сугро» китобида шундай дейилган: «Наврÿз куни илгари одатланмаган нарсани Наврÿз байрамини улуғлаб сотиб олган киши катта гунохни қилиб, кофир бÿлади. Чунки у кофирларнинг байрамларини улуғлади» (Имом Аъзам рахимахуллохнинг «ал-Фикхул-Акбар» китобига ёзилган шарх: 186).

Аллоҳ таоло барчамизни куфр аҳлига тақлид қилишдан, қиёмат куни ва жаханнамда улар билан бирга бўлишдан ўзи сақласин.

Манбаъа


Давомини ўқиш

26 дек. 2008 г.

Дунёда зоҳид бўлиш ва уни жамлашни озайтириш ҳамда камбағалликнинг фазилати ҳақида

2122759116_0a909f53dd Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади:

“Билингларки, бу ҳаёти дунё фақат (бир нафаслик) ўйин-кулгу, зеб-зийнат, ўрталарингиздаги ўзаро мақтаниш ва мол-дунё ҳамда фарзандарни кўпайтиришдир, холос. (У) худди бир ёмғирга ўхшарки, унинг (ёғиши сабабли униб чиққан) ўт-ўлани кофирларни ҳайратга солиб (ақлларини банд қилиб қўюр). Сўнга у қурир, бас, уни сарғайган ҳолда кўрурсиз. Сўнгра у қуруқ чўп бўлиб қолур. (Ҳаёти дунёнинг ҳоли ҳам шундан ўзга эмасдир.) Охиратда эса (ўша тўрт кунлик дунёга алданиб қолганлар учун) қаттиқ азоб ва (имон-эътиқод билан ўтганлар учун) Аллоҳ томонидан мағфират ва ризолик бордир. Ҳаёти дунё эса фақат алдагувчи матодир” (Ҳадид сураси, 20-оят).

“Одамларга аёллар, болалар, туганмас олтин-кумуш бойликлар, (қиммат) баҳоли отлар, чорва ва экин-тикинлар каби истак-хоҳишларга кўнгил қўйиш чиройли қилинди. Ҳолбуки, бу нарсалар ҳаёти дунёнинг (ўткинчи) нарсаларидир. Аллоҳнинг ҳузурида эса энг гўзал қайтадиган жой – жаннат бордир” (Оли Имрон сураси, 14-оят).

“Эй инсонлар, албатта Аллоҳнинг (қайта тирилтириш ва бу дунёда қилиб ўтилган яхши-ёмон амалларнинг мукофот-жазосини бериш тўғрисидаги) ваъдаси ҳақ (ваъдадир). Бас, ҳаргиз сизларни ҳаёти дунё алдаб қўймасин! Ва ҳаргиз сизларни Аллоҳ (барча гуноҳларни кечиб юбораверади, деб) алдагувчи (шайтон) алдаб қўймасин!” (Фотир сураси, 5-оят).

(Эй инсонлар), сизлар то қабрларни зиёрат қилгунларингизча (яъни, ўлиб қабрга киргунларингизча) сизларни (мол-дунё) тўплаб кўпайтириш (Аллоҳга тоат ибодат қилишдан) машғул қилди. Йўқ, сизлар яқинда (бу қилмишларингизни оқибатини) билурсизлар. Яна бир бор йўқ, сизлар яқинда билурсизлар. Йўқ, агар сизлар (дунёга қул бўлиб қолишнинг оқибати нима эканлигини) аниқ билиш билан билсаларингиз эди (унга қул бўлиб қолмас эдингиз) (Такосур сураси, 1-5-оятлар).

Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ с.а.в.: “Огоҳ бўлинг, албатта дунё ва ундаги нарсалар лаънатлангандир. Фақатгина Аллоҳнинг зикри, шунга яқин нарсалар ҳамда илм берувчи ва илм олувчилар бундай эмас”, дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

Каъб ибн Иёздан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ с.а.в.: “Ҳар бир умматнинг фитнаси бордир. Менинг умматимнинг фитанси мол-дунёдир”, дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ с.а.в.: “Камбағаллар жаннатга бойлардан беш юз йил олдин киришади”, дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

Амр ибн Авф Ансорийдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ с.а.в. Абу Убайда ал-Жарроҳни Баҳрайнга жизя (солиқ)ларни олиб келиш учун юбордилар. Абу Убайда Баҳрайндан бир қанча мол-дунё билан қайтдилар. Абу Убайданинг келгани ҳақидаги хабарни ансорийлар эшитиб, Расулуллоҳ с.а.в. билан бирга бомдод намозини ўқиш учун тўпланиб келишди. Қачонки, Расулуллоҳ с.а.в. намозни ўқиб бўлганларидан кейин уларга юзма-юз бўлиб қараб кулиб қўйдилар. Сўнгра: “Сизлар Абу Убайда Баҳрайндан нимадир олиб келганини эшитган бўлсангизлар керак-а?” деганларида, улар: “Ҳа, эй Аллоҳнинг расули”, дейишди. Шунда у зот: “Хушнуд бўладиган нарсаларингизни орзу қилиб умид этаверинглар. Аллоҳга қасамки, мен сизларнинг камбағал бўлиб қолишингиздан қўрқмайман. Лекин сизлардан аввалги умматга ўхшаб дунё келиб, улар ўша дунёга кимўзарга мусобақалашиб, уларни бу нарса ҳалокатга элтгани каби сизларнинг ҳам улар каби дунёга мағрур бўлиб қолишингиздан қўрқаман”, дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Абу Саид ал-Худрийдан (р.а.) ривоят қилинади. Бир куни Расулуллоҳ с.а.в. минбарда ўтирдилар. Биз эса атрофларида ўтирдик. Шунда у зот: "Ўлимдан кейин сизлар ҳақингизда қўрқадиган нарсам дунё ўз гўзаллигу ажойиботларини очиб, сизлар ўшанга (маҳлиё) бўлишингиздир", дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Абу Саид ал-Худрийдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ с.а.в.: “Албатта дунё кўм-кўк, гўзалдир. Аллоҳ эса унда сизларни тасарруф этувчи қилди. Ва сизлар дунёда қандай амал қилишингизга қарайди. Бас дунёдан сақланинглар. Ҳамда аёллардан эҳтиёт бўлинглар”, дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

Анасдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ с.а.в.: “Вафот этган киши билан қабристонга уч нарса бирга боради. Улар: аҳли, мол-дунёси ва амали. Лекин иккови, яъни аҳли ва моли қайтиб келиб, биттаси, яъни амали бирга қолади”, дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ с.а.в.: “Агар Уҳуд тоғидек олтиним бўлса, уч кеча ўтмасдан менинг ҳузуримда ундан бирор нарса қолиши хушнуд этмайди. Фақатгина қарзимни тўлашга бироз олиб қолган бўлсам, ундай эмас”, дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ с.а.в.: “Ўзингиздан паст (табақадаги)ларга қарайверинлар-у, аммо ўзингиздан юқоридагиларга қараманглар. Мана шундай қилишингиз Аллоҳнинг сизларга берган неъматларини паст санамаслигингиз учун муносибдир”, дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари. Бу Имом Муслим ривоятларидаги лафз.

Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ с.а.в.: “Динор ва дирҳам ҳамда бахмал ва кимхоб, яъни кийимларга ўзини қул қилганлар ҳалок бўлишди. Агар уларга берсанг, рози бўлишади. Бермасанг рози бўлишмайди”, дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ с.а.в.: “Дунё мўминнинг қамоқҳонаси, кофирнинг эса жаннатидир”, дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

Ибн Умардан (р.а.) ривоят қилинади: “Расулуллоҳ с.а.в. менинг елкамдан ушлаб: “Эй Ибн Умар, дунёда гўёки ғариб ёки йўловчи мусофир каби бўлгин”, дедилар”. Ибн Умар (р.а.) (мана шу сўзни эшитганларидан кейин): “Агар кечлатсанг, тонг бўлишини кутма! Агар тонг оттирсанг, кеч киришини кутма! Соғ пайтингда касал пайтинг учун ҳам (тайёргарлик қилиб) ол. Ҳамда тириклик пайтингда ўлиминг учун ҳам (тайёргарлик қилиб) ол”, дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

Бу ҳадиснинг шарҳида қуйидагича маъно айтишган: “Дунёга суяниб, уни ватан қилиб олма. Унда узоқ қолишни ва унга аҳамиятли бўлишни ўйлама. Дунёга алоқадорлигинг худди ватанида бўлмаган ғарибнинг алоқаси каби бўлсин. Ва ўз аҳлига қайтишни ҳоҳлаб юрган ғариб ўша турган жойида бирор нарсага машғул бўлмагани каби сен ҳам дунёга машғул бўлма”.

Абу Аббос Саҳл ибн Саъд ас-Соъидийдан (р.а.) ривоят қилинади. Бир киши Расулуллоҳ с.а.в. ҳузурларига келиб: “Эй Аллоҳнинг расули, бир амалга йўналтириб қўйингки, ўшанга амал қилсам, Аллоҳ ҳамда кишилар мени яхши кўрсин”, деганида, Расулуллоҳ с.а.в.: “Дунёдан ўзингни тийгин, Аллоҳ сени яхши кўради. Одамлар қўлидаги нарсадан ўзингни тийгин, улар сени яхши кўришади”, дедилар. Ибн Можа ва бошқалар хасан иснод билан ривоят қилишган.

Нўъмон ибн Баширдан (р.а.) ривоят қилинади. Умар ибн Хаттоб (р.а.) кишилар дунёдан эга бўлган нарсаларни зикр қилатуриб: “Мен Расулуллоҳ с.а.в.нинг қоринларини тўйғазиш учун бирор эскиб қолган бўлса ҳам хурмо топа олмасдан кун бўйи букчайиб қолганларини кўрдим”, дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

Абдуллоҳ ибн Масъуддан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ с.а.в.: “Кўчмас мулкларга (ер-сув) эга бўлишга киришманглар. Чунки у дунёга рағбатларингизни зиёдалаштиради”, дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

Каъб ибн Моликдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ с.а.в.: “Қўйлар орасига иккита оч бўри қўйиб юборилганида, уларни қай тарзда барбод қилса, кишини мол-дунё ва шараф-иззатга бўлган ҳирси ундан ҳам кўпроқ фасод қилади”, дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

Имом Ан-Нававийнинг Риёзус Солиҳий китобларидан (Аллоҳ у зотни ўз раҳматига олсин).


Давомини ўқиш

17 дек. 2008 г.

Исломда ўйин-кулгу

31-01 Ислом.уз форумида бир биродаримиздан “Исломда дўстлар билан хазиллашишга қандай қаралади?” деган савол тушган экан. Шу мавзуда кичик бир мақола ёзиш фикри келди.

Исломда ҳазил-хузул қилиш бор, Расулаллоҳ с.а.в. ҳам баъзида саҳобалар билан ҳазиллашиб кулиб, "ҳатто тишларининг оқи кўринди" каъби хадисларни кўп учратишимиз мумкин. Лекин шу билан бирга ҳазил, ўйин-кулгуга тегишли баъзи одобларни билиб олсак зиён қилмайди.

1. Аллоҳни, Расулини ва умуман Ислом динини мазаҳ қилмаслик

Бундай ҳазил билан инсон куфрга кетиб қолиши мумкин, бу аксар уламонинг фикри. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб айтади:

"Агар улардан сўрасанг, албатта: «Биз фақат ўзимизча гап қилиб ўйнаётган эдик, холос», дерлар. Сен:«Аллоҳни, Унинг оятларини ва Расулини истеҳзо қилаётган эдингизми?» деб айт.

Узр айтманглар. Батаҳқиқ, иймонингиздан кейин куфр келтирдингиз. Агар сиздан бир тоифани авф этсак, бошқа тоифани жиноятчи бўлганлари учун азоблаймиз. " Тавба сураси, 65-66 оятлар.

2. Фақатгина ҳақиқатни айтиб кулдириш

Ёлғон сўз билан кулдириш Исломда тақиқланган. Шунинг учун турли ҳил уйдирма “анекдотлардан” йироқ юринг. Ҳаётимизда ҳам кулгули воқеалар етарли бўлса керак.

Расулалоҳ с.а.в. дедилар: "Одамларни кулдириш учун ёлғон гапирган инсоннинг шўри қурисин, шўри қурисин, шўри қурисин" Абу Довуд ривояти

3. Одамларни қўрқитмаслик

Яъни ҳазиллашиб бўлса ҳам бировни қўрқитмаслик. Расулаллоҳ с.а.в. бундай ҳазилдан умматларини қайтарганлар.

Абу Лайла ривоят қиладилар: "Расулаллоҳ с.а.в. саҳобалар билан бирга йўлда эдилар, улардин бир киши ухлаб қолди. Улардан баъзилари ухлаб қолган кишини арқон топиб боғлаб қўйишди, ва у киши қўрқиб кетди. Расулаллоҳ с.а.в. буни кўриб: "Мусулмон инсон учун бошқа бир мусулмонни қўрқитиш жоиз эмас", дедилар." Абу Довуд ривояти.

4. Бошқаларни мазаҳ қилиш

Бировнинг устидан кулиш орқали бошқаларни кулдириш ҳам исломда қаттиқ қораланган. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади:

Эй иймон келтирганлар ! Бир қавм бошқасини масхара қилмасин, эҳтимол улар булардан яхшироқдир. Ва аёллар ҳам бошқа аёлларни (масхара қилмасин), эҳтимол улар булардан яхшироқдир. Ва ўзингизни ўзингиз мазах қилманг, бир-бирингизга лақаб қўйманг. Иймондан кейин фосиқлик исми нақадар ёмон ! Ва ким тавба қилмаса, бас, ана ўшалар ўзлари золимлардир. (Ҳужурот, 11)

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф хазратлари бу оятни қуйидагича тафсирлаганлар:Албатта масхара ёмон одат бўлиб, жамият аъзолари ўртасидаги ўзаро алоқаларнинг бузилишига сабаб бўлади. Бир одам иккинчисини масхара қилса, камситса, устидан кулса, албатта, масхара қилинган одамнинг аччиғи чиқади, у ҳам масхара қилувчига ўзига яраша жавоб беришга уринади. Орада низо-жанжал чиқади, ижтимоий алоқалар бузилади ва жамият заифлашади. Ислом эса доимо мусулмонлар жамиятининг мустаҳкам бўлиши учун қайғуради. Шунинг учун ҳам ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло инсонларни бир-бирини масхара қилишдан қайтармоқда.

5. Ҳазил-ҳузулнинг меъёрида бўлиши

Ҳазил-ҳузулнинг ҳам меъёрини билиш керак доимий равишда ҳазиллашиш инсонни Аллоҳ ибодатидан йироқлаштириб қўйиш хавфи бор.  Умар Ибн Абдулазиз р.а. деганлар: "Ҳазиллашишдан йироқ бўлинг, бу аҳмоқликдир ва ҳасадни келтириб чиқаради".

Имом Ан-Нававий шундай деганлар: "Меъёридан ортиқ ва доимий ҳазиллашиш тақиқлангандур, сабаби бу кўп кулгуга ва қалбнинг қотишига олиб келади, меъёридан ортиқ ўйин кулгу Аллоҳнинг зикридан йироқлаштиради, ва инсонлар қалбига озор бериши ҳам мумкин. Бу каби кўп ҳазиллашадиган инсонларга нисбатан бошқалар қалбида нафрат туғилиш ва бу кишининг бошқалар олдида обрўсининг тўкилишига олиб келади. Мана шундай маъёридан ортиқ бўлмаган ҳолда ҳазиллашиш эса жоиз ва Расулаллоҳ с.а.в. бир неча бор ўзлари шундай ҳазил қилганлар".

Дарҳақиқат мўмин ислом босиқ ва жиддий бўлиши, бу билан бошқаларга ўрнак бўлиши лозим. Ҳадеб ўйин кулгу қилиб инсонлар орасида масҳарабоз деган номга сазовор бўлиб қолмайлик.

6. Инсонларнинг камчиликлари ўстидан кулмаслик

Бу қандай камчилик бўлишидан қатъий назар, жисмонийми ёки ақлийми, ёки ижтимоий камчиликми, тақиқлангандир.

Инсонларнинг камчилигига ишора қилиб кулиш энг паст ва разил ишдир.

7. Ҳазилнинг меъёри овқатдаги тузнинг меъёри каби бўлиши

Расулаллоҳ с.а.в. дедилар: "Кўп кулаверманглар, кўп кулгу юракларингизни қотиради" (Саҳиҳ ал-Жамиъ)

Умар ибн Ҳаттоб деганлар: "Кўп кулган ёки кўп ҳазил қилган инсон обрўсини йўқотади, ва бирор нарсани кўп қилувчи инсон шу иши билан овоза бўлади".

8. Ғийбат аралаштирмаслик

Яъни ўзи йўқнинг кўзи йўқ бўлиб бировнинг устидан кулишимиз ғийбат бўлиб қолишидан Аллоҳ сақласин.

Расулаллоҳ с.а.в. "Ғийбат бу биродарингни ўзига ёқмаган нарса билан эслашинг" деганлар (Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло айтади: Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар. Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрадими? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи ва раҳмлидир. (Ҳужурот, 12)

9. Ҳазил-ҳузулнинг ҳам ўз вақти бор

Ҳазиллашининг ҳам, ўйин-кулгунинг ҳам ўз вақти ва жойи бор. Инсонлар кўнглини юмшатиш учун, орада дўстлик ришталарини боғлаш учун, ёки маълум бир вазиятда орадан хижолатни кетказиш учун, одамларнинг кўнглини кўтариш уларга таскин бериш учун айтлиган ҳазиллар албатта ўринлидир.

Ҳозирги кунда биз бунинг меъёрини билмай қолдик. Чойҳонага йиғиламиз, ҳоҳолаб кулишамиз, уйда йиғиламиз фақат ўйин кулгу, кўчада кўришамиз фақат ҳазил ҳузул.

Расулаллоҳ с.а.в. кулишиб ўтирган саҳобаларга қарата: "Мен билган нарсани билганингизда камроқ кулиб кўпроқ йиғлаган бўлар эдингиз" деган эканлар.

Ҳар ҳил ўтиришларимиз кўп, гап деймиз, чойҳона деймиз, у деймиз бу деймиз, майли ўйин кулгу ҳам бўлсин, лекин бир эслаб кўрингчи қачон оҳирги марта мана шундай дўстлар даврасида Аллоҳни зикр қилдингиз? Чойҳонада йиғилганда бирон марта Қуърон ёки Ҳадис ўқиб бердингизми?

Агар шундай йиғилишларимиз фақат ўйин-кулгу билан ўтаётган бўлса бу тўғри эмас, оҳиратни, савол-жавобни, дўзаҳ ва жаннатни унутган кўринамиз. Аллоҳ барчамизни ҳидоятга бошласин.

Манбаъа: http://islamqa.com/en/ref/22170/joking


Давомини ўқиш

Расулаллоҳ с.а.в нинг аёллар ҳақидаги васиятлари

ThepurityofIslam

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб айтади: “Улар (аёллар) билан тинч-тотув яшанглар” (Нисо сурас, 19-оят).

“Ҳар қанча уринсангизлар ҳам, хотинларингиз ўртасида адолат қилишга қодир бўлмайсизлар. Бас, бутунлай (суйган хотинларингиз томонга) оғиб кетиб (қўнгилсиз бўлиб қолган) хотинингизни муаллақа каби ташлаб қўймангиз!” (Муаллақа – эри бирон-бир сабаб билан бедарак кетган аёлдир.) (Нисо сураси, 129-оят).

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оссдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ с.а.в.: “Дунё ўзи бир матодир. Унинг энг яхши матоси солиҳа аёлдир”, дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади. Расулуллоҳ с.а.в.: “Мўминларнинг имон жиҳатидан комилроғи хулқи яхши бўлганларидир. Сизларнинг яхшиларингиз аёллар билан яхши бўлганларингиздир”, дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

Муовия ибн Ҳайдадан (р.а.) ривоят қилинади. “Мен: “Эй Аллоҳнинг расули, бизларнинг зиммамиздаги хотинларимизнинг ҳақлари нима?” десам, у зот с.а.в.: “Ўзинг овқатланганда унга ҳам едирмоғинг, ўзинг либос кийганингда уни ҳам кийинтирмоқлигинг ва юзига урмаслигинг, Аллоҳ сени қабиқ этсин, деб сўкмаслигинг ҳамда уйингдан ташқари жойда аразлашмаслигинг”, дедилар”. Абу Довуд ривоятлари.

Иёс ибн Абдуллоҳ ибн Абу Зубобдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ с.а.в.: “Аллоҳнинг чўрилари (аёлларни) урманглар”, деганларида, Умар (р.а.) Расулуллоҳ ҳузурларига келиб: “Хотинлар эрларига журъат қиладиган бўлиб қолишди”, дедилар. Расулуллоҳ с.а.в. уларни уришга изн бердилар. Шундан кейин Расулуллоҳ с.а.в. хонадонларнинг атрофини кўп хотинлар ўраб олиб, эрларидан шикоят қилишди. Расулуллоҳ с.а.в.: “Муҳаммад оиласини кўп хотинлар ўраб олиб, эрларидан шикоят қилишмоқда. Ана ўша (хотинини урувчилар) яхшиларингиз эмас”, деб айтдилар. Абу Довуд саҳиҳ иснод билан ривоят қилганлар.

Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ с.а.в.: “Хотинларга яхши муомалада бўлинглар, деб айтган васиятимни қабул қилинглар. Чунки аёл қовурғадан халқ қилингандир. Қовурғанинг энг қийшиқ жойи юқорисидир. Агар сен уни тўғрилайман, десанг, синдириб қўясан. Агар шундай қолдирсанг, эгри бўйича қолади. Шундай экан, хотинлар ҳақидаги васиятимни қабул қилинглар”, дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Абдуллоҳ ибн Замъадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ с.а.в. хутба ўқидилар. У хутбада (Самуд қабиласи) сўйган туяни зикр қилиб: “Эсланг, уларнинг энг бадбахтлари (туяни сўйиш учун)қўзғолонганларида...” оятини ўқиб: “Қўзғолиш учун қавмдан куч-қудратли бузғунчи бир киши чиқди”, дедилар. Кейин аёлларни зикр қилиб, улар ҳақида қуйидагича ваъз қилдилар: “Сизлардан бирингиз хотинини худди хизматкорини ургандек уради-да, ўша кечаси яна у билан бирга ётади-я”. Кейин орқасидан ел чиққанда кулувчилар ҳақида ваъз қилиб: “Нима учун ўзи ҳам қиладиган нарсада (бировни устидан) кулади?” дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ с.а.в.: “Мўмин киши мўмина аёлдан нафрат қилмасин. Агар бир хулқини ёмон кўриб қолса, бошқа бир хулқидан мамнун бўлиб қолар”, дедилар ёки бундан бошқачароқ бир сўз айтдилар. Имом Муслим ривоятлари.

Амр ибн Аҳвас ал-Жушамийдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ с.а.в. видолашув ҳажида Аллоҳга хамду сано айтганларидан кейин одамларга қуйидагича ваъз ва насиҳат қилдилар: “Огоҳ бўлинглар, аёллар ҳақидаги васиятимга амал қилиб, уларга яхши муомалада бўлинглар. Албатта, аёллар сизларнинг асирларингиздир. Бундан бошқа нарсага эга эмассиз. Фақатгина очиқ-ойдин фоҳишалик қилишсагина, бундай эмас. Агар итоатсизлик қилишса, ётоқни тарк этинг. (Яъни, улар билан бир жойда ётманг. Шунда ҳам сизларга бўйсунмасалар) оғритмайдиган қилиб уринглар. Аммо сизларга итоат қилсалар, уларга қарши бошқа йўл ахтарманглар. Огоҳ бўлинглар, сизларнинг аёллар зиммасида ҳақларингиз бор. Ва аёлларингизнинг сизларнинг зиммангизда ҳақлари бор. Сизларнинг улар зиммасидаги ҳақларингиз ётадиган ерингизда сизлар ёмон кўрган кишининг қадамини етказмаслик ва ёмон кўрган кишингизни уйингизга киришига изн бермаслигидир. Огоҳ бўлинг, аёлларнинг сизлар зиммангиздаги ҳақлари яхши либос ва яхши таом билан таъминламоқлигингиздир”. Имом Термизий ривоятлари.

Имом Ан-Нававийнинг Риёзус-Солиҳийн китобларидан


Давомини ўқиш

8 дек. 2008 г.

Ҳайит муборак!

eid-mubarak

Барча мусулмон биродар ва опа-сингилларимизга Ийдул Азҳо муборак бўлсин!

Аллоҳ қилган ва қилаётган ибодатларимизни ва ҳайрли амалларимиз қабул қилсин. Мана шундай кунларга еказган оламлар роббиси Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллалоҳу алайҳи васалламга, уларнинг оилалари ва улуғ саҳобаи-икромларга Аллоҳни саломи ва саловотлари ёғилсин.

Шундай улуғ кунларда Аллоҳдан юртимиз ва барча мусулмонлар учун тинчлик, осойишталик ва фитналардан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ барчамизни ҳақ дин бўлмиш Ислом динида собитқадам қилсин. Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васалламга муносиб уммат бўлишни насиб этсин. Ҳаж сафарларида юрган биродарларимизни Аллоҳ паноҳида сақласин, ибодатларини қабул қилсин, бизларга ҳам ана шундай улуғ ибодатларни насиб қилсин. Муборак Ҳайит кунларида қилаётган қурбонликларимизни ҳам Аллоҳ таоло қабул қилсин. Зулҳижжа ойининг муборак ўн кунлигинининг ниҳоясида турган эканмиз, Аллоҳ таоло мана шу кунларда мағфират қилганлар қаторида қилсин.

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ.


Давомини ўқиш

5 дек. 2008 г.

Арафа куни рўзаси

makkah_-_kabbah Мана йилнинг энг улуғ кунлари бўлган Зулҳижжа ойининг биринчи ўн кунлигининг ҳам ниҳоясига етиб қолдик.

Иншааллоҳ, 8 декабрь душанба куни Зулҳижжанинг 10 куни яъни Ийд ул-Азҳонинг биринчи куни бўлади.

Якшанба эса Арафа куни бўлади. Бу кунда рўза тутиш энг улуғ ибодатлардан биридур.

Абу Қатода р.а. ривоят қиладилар: Расулаллоҳ с.а.в. дан арафа куни, яъни Зулҳижжанинг тўққизинчи кунида тутилган рўза ҳақида сўрашди. У зот с.а.в.: “Ўтиб кетган ва келаётган йилдаги гуноҳларга каффоратдир”, дедилар”. (Имом Муслим ривоятлари).

Демак арафа кунида рўза тутсак Аллоҳ таоло ўз марҳамати билан ўтган ва келаётган йилда қилган гуноҳларимизни кечирар экан. Биродарлар бу ибодатдан бебаҳра қолмайлик, бу ўн кундан мағфират қилинганлар қаторида бўлиб чиқишни Аллоҳ таоло ўзи насиб этсин. Амийн.


Давомини ўқиш