وَلْتَكُن مِّنكُمْ أُمَّةٌ يَدْعُونَ إِلَى الْخَيْرِ وَيَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنكَرِ وَأُوْلَـئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ
Сизлардан яхшиликка чақирадиган, амри маъруф–наҳий мункар қиладиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар нажот топгувчилардир. (Оли Имрон, 104)
Показаны сообщения с ярлыком намоз. Показать все сообщения
Показаны сообщения с ярлыком намоз. Показать все сообщения

14 янв. 2009 г.

Намозни бузувчи амаллар

610x Ўтган мақоламизда намознинг фарз, вожиб ва суннатлари ҳақида сўз юритган эдик. Ушбу мақоламизда намозни бузувчи ёки ўқилган намозни бекор қилувчи амаллар ҳақида гап кетади.

Аввало эслатиб ўтамизки намоз ташқарисидаги фарзлари, яъни унинг шартларидан бирортасини бажармай туриб намоз бошлаш мумкин эмас. Намоз ичида эса қуйидаги амаллар ёки ҳодисалар юз берганда намоз бузилади:

1. Таҳоратнинг синиши

2. Қасддан авратни очиш. Агар беҳосдан очилиб кетса ва очилган жой жуда ҳам кам бўлса ёки кўп бўлсада, очилган жойни тезда ёпиш билан намоз бузилмайди.

3. Қибладан бошқа томонга бурилиш

4. Баданида, кийимида ёки намоз ўқиётган жойида нажас бўлиши. Агар намоз ичида буни сезиб қолса ёки эсига тушса ва тезда ўша нажасни олиб ташлаш имкони бўлса, олиб ташлаб намозини давом эттираверади. Акс ҳолда намозини бузиб, нажасдан пок бўлиб намозини қайта ўқийди.

Мисол учун намози вақтида бош кийимига нажас текканини эслаган инсон, уни ечиб қўйиб намозини давом эттираверади. Баданига нажас текканини эслаган, ёки намоз ўқиётган жойида бирор нажас нарса борлигини пайқаган киши эса намозини бузиб, ўша нарсалардан пок бўлиб кейин намозини бошидан ўқийди.

Намозини тугатганидан сўнг баданида, кийимида ёки намозгоҳида нажас бўлганини билган инсон намозини қайта ўқимайди.

5. Узрсиз кўп ҳаракат қилиш. (Намозни бузадиган ва бузмайдиган амаллар ҳақида “Намозда ҳаракатланиш мумкинми?” номли мақоламизни ўқиб чиқишни маслаҳат берамиз)

6. Қасддан намоз рукнларидан бирин тарк қилиш

7. Қасддан бирор рукнни кўп қилиш

8. Қасддан рукнлар ўрнини алмаштириш

9. Қасддан намоз тугашидан олдин салом бериш

10. Қасддан оятлар мазмунини ўзгартириб юбориш

11. Қасддан намоз вожибларидан бирини тарк қилиш.

12. Намозни тўҳтатишга қасд қилиш

13. Овоз чиқариб кулиш

14. Қасддан гапириш. Беҳосдан ёки билмасдан гапирса намози бузилмайди.

15. Ейиш ва ичиш

16. Оғизни тўлдириб нарса чайнаш (емаса ҳам).

17. Намозҳон олдида сутра бўлмаса, олдидан аёл киши, ҳачир ёки ит (баъзи ривоятларда қора ит) ўтиши ҳам намозни бузади. Сутра билан намозҳон орасини юқоридагилардан бири кесиб ўтиши ҳам намозни бузади, сутранинг ташқарисидан бўлса ҳечқиси йўқ. Агар жамоат намози бўлса фақатгина имомнинг олдидан юқоридагиларнинг бири ўтиши намозни бузади.

 

Қасддан бирор рукнни ёки вожиб амални тарк қилиш, кўп қилиш ёки ўрнини алмаштириш намозни бузар экан, беҳосдан бундай бўлганда нима қилиш керак? Ушбу саволга иншааллоҳ кейинги мақоламизда жавоб берамиз.

Манбаъалар:

Things that invalidate the prayer according to Hanafi fiqh

Things Which Invalidate the Prayer


Давомини ўқиш

10 янв. 2009 г.

Намознининг фарз, вожиб ва суннатлари баёни

salat06 Ушбу мақоламизни ёзишдан аввал сиз азизларга саждаи саҳв ҳақида маълумот бермоқчи эдик. Лекин Исломий манбаъларни кўриб чиққандан сўнг ишни узоқроқдан бошлашни ният қилдик. Аллоҳ бошлаган ишимизни енгил қилсин.

Ушбу мақоламизда қуйидаги саволларга қўлдан келганча жавоб берамиз иншааллоҳ:

  • Намознинг фарзлари қайси?
  • Намознинг фарзларидан бирини тарк қилса нима қилади?
  • Намознинг вожиб ва суннатлари қайси?
  • Вожиб ёки суннат амални тарк қилган инсон нима қилади?
  • Юқоридагилардан қай бирини тарк қилганда намоз бузилади?
  • Қачон саждаи сахв қилиш вожиб бўлади?

 

Намознинг фарзлари

Намознинг ташқарисидаги фарзлари унинг шартлари, намоз ичидаги фарзлар эса унинг арконлари дейилади.

Намоз шартларидан бири бажармасдан ўқилган намоз қабул бўлмайди, шунингдек намоз ўқиётганда шу шартлардан бири бажарилмаслиги билан намоз ҳам бузилади.

Намознинг шартлари:

1. Ўқилаётган намоз вақти кирган бўлиши. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб айтади: “Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир” (Нисо, 103).

Шунингдек Исро сурасида шундай дейилади: “Қуёш оғишидан то кун қоронғусигача намозни тўкис адо қил. «Фажр Қуръони»ни ҳам. Албатта, «фажр Қуръони» гувоҳлантирилгандир” (Исро, 78).

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф шарҳи: Уламоларимиз, бу оятда беш вақт намозни адо этишга ишора бор, дейдилар. Қуёш қиёмдан оғиши билан Пешин вақти киради. Ҳар бир нарсанинг сояси ўзига икки баравар бўлиши билан Аср вақти киради. Қуёш ботиши билан Шом ва тун қоронғусида Хуфтон вақти бўлади. «Фажр қуръони», Бамдоддир.

2. Аврат ёпиқ бўлиши. Имом Ан-Нававий авратни ёпишдан мурод терининг ранги ажралмайдиган даражада бўлиши керак деган фикрни билдирганлар. Шайх ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ ҳам бадани кўринадиган даража юпқа кийим кийган кишининг аврати ёпилмаган ҳисобланади деб айтганлар.

Эркак кишининг аврати киндигидан то тиззасига қадар, аёл кишининг эса будун бадани авратдир, фақатгина юзи ва икки қўли бундан мустасно. Уламолар аёл кишининг оёқлари ҳам авратми ёки йўқми деган фикрда иҳтилоф қилганлар.

Албатта эркак киши киндигидан пастини тўсиб қўйиб намоз ўқиши мумкин лекин Аллоҳ таолонинг қаршисида туриб, шундай улуғ ибодатни қилаётган эканмиз, имкон қадар гўзал ва тўкис кийинишликка ҳаракат қилишими лозим. Зеро Аллоҳ таоло айтади: “Эй Одам болалари, ҳар бир ибодат чоғида ўз зийнатингизни олинг” (Аъроф, 31). Шунингдек аёл кишиларнинг тор шим ва куйлакларда намоз ўқишлари намозларини бузмасада, кўпчилик олимлар томонидан макруҳ дейилган.

Намоз вақтида аврат очилиб кетса ва уни дарров ёпишнинг имкони бўлмаса намози бузилади. Лекин очилган жойини дарров ёпса намози бузилмайди. Шунингдек аврати очилиб қолганини билмай намозни ўқиб тугатганидан сўнг билса ҳам намозни қайта ўқимайди.

3. Таҳоратли бўлиш. Яъни ғусл вожиб бўлган инсон ғусл қилган ва таҳорати йўқ инсон таҳоратли бўлиши ҳам намознинг шартидир. Абу Ҳурайра р.а. дан ривоят қилинган ҳадисда Расулаллоҳ с.а.в.: “Таҳорат қилмагунингизча Аллоҳ таоло биронтангизни намозингизни қабул қилмайди”, деганлар (Имом Буҳорий ривояти).

Намоз ўқиб бўлганидан сўнг таҳорати йўқлиги эсига тушган инсон таҳорат олиб намозини қайтадан ўқийди.

4. Намозхон бадани, кийими ва намоз ўқиладиган жойнинг нажасдан пок бўлиши. Намоз ўқиётган пайтида уст кийимида (салла, тўн, нимча ва ҳоказо) нажас борлигини билган инсон имкони бўлса ва аврати очилиб қолмайдиган бўлса, намозни бузмасдан туриб, уни ечиб қўйиши мумкин. Баданида ёки кийимида нажас бўлса-ю, олиб ташлашга имкони бўлмаса намозини бузиб, нажасдан пок бўлиб, сўнгра намозини қайтада ўқиши лозим. Намоз ўқиб бўлганидан сўнг кийимида нажас борлигини билган инсон намозни қайта ўқиши лозим бўлмайди.

5. Қиблага юзланиш. Имкони бўла туриб қиблага юзланмаган инсоннинг ҳам намози қабул бўлмайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб айтади: “Бас, албатта, сени ўзинг рози бўлган қиблага қаратамиз. Юзингни Масжидул Ҳаром томон бур. Қаерда бўлсангиз ҳам, юзингизни у томон бурингиз” (Бақара, 144).

Қиблани нотўғри аниқлаб намоз ўқиган инсон, намоздан сўнг тўғри қиблани билса намозини қайта ўқимайди. Шунингдек намоз пайтида бирон киши унга тўғри қиблани кўрсатса, намозини бузмасдан туриб қиблага юзланиб олиши мумкин. Бунинг далили бир гуруҳ саҳобалар Қуба масжидида Сирия томонга юзланиб бамдод намозини ўқиб турган вақтларида бошқа бир саҳобий келиб қиблани Каъбага кўчирилгани ҳақидаги оят нозил бўлганидан ҳабар берганида саҳобалар намозни бузмасдан туриб Каъбага юзланганликлари ҳақидаги ҳадисдир (Буҳорий ва Муслим ривоятлари).

Касаллиги сабаб қиблага юзлана олмайдиган ёки ҳавф туфайли қибладан бошқа тарафга юзланиб намоз ўқишни уламолар жоиз деганлар. Шунингдек сафар давомида улов устида ўқилган нафл намозларида ҳам қиблага юзланиш фарз эмас.

6. Ният қилмоқ. Исломда барча амаллар ният биландир. Зеро Расулаллоҳ с.а.в. айтганлар: “Амаллар ниятга яраша бўлади, хар ким учун ният килган  нарсаси бўлади” (Бухорий ва Муслим ривоятлари). Беният намоз, намоз эмас. Лекин бир нарсани билиш керакки ният дегани бу намозан олдин ҳудди китобда келтирилгани каби “Қиблага юзланиб, пешин намозининг 4 ракат фарзини ҳолис Аллоҳ учун ўқишни ният қилдим ва ҳоказо” дейиш эмасдир. Ният бу оддий ният, масалан уйдан пешин намози фарзини ўқиш учун масжидга кетаяпсиз, шунинг ўзи ният. Ёки бамдод намозига туриб таҳорат олаяпсиз бу ҳам ният. Бир нарсани қилишга тараддудланиш ҳам ниятдир. Демак агар масжидга фарз намоз ўқигани келдингизу, ҳудди китобда келтирилгани каби гапларни такбирдан олдин айтиш эсингиздан чиқди дейлик, бу билан сизнинг намозингиз бузилган бўлмайди.

Имкони бўла туриб юқоридаги олтита шартларни ҳаммасини бажармасдан туриб намоз ўқиб бўлмайди.

Ушбу олтита шартга албатта ўз-ўзидан қуйидаги шартлар ҳам қўшилади: Инсоннинг мусулмон бўлиши, ақли расо ва балоғат ёшига етган бўлиши.

Намоз ичидаги фарзлар (рукнлар)

Намознинг шартлари ҳақида олимлар бир фикрга иттифоқ қилган бўлсалар, намоз ичидаги фарзлар ҳамда намознинг вожиблари борасида турли фикрлар билдирганлар. Баъзи олимлар фарз деб санаган амаллар бошқа олимлар тарафидан вожиб, яна бошқа олимлар эса суннат деб эътироф қилишган. Шунинг учун биз қуйида Ҳанафий мазҳаби уламолари фикрини келтирдик. Тўлиқроқ маълумот олишни истаганларга эса фиқҳий китобларга мурожат қилишни тавсия қиламиз.

Демак Ҳанафий мазҳабига кўра намоз рукнлари қуйидагилар:

  1. Ифтитоҳ (кириш) такбири (Аллоҳу Акбар дейиш)
  2. Қиём
  3. Қироат қилиш
  4. Руку
  5. Сажда (бунда икки тизза, оёқ бармоқлари, икки кафт, пешона ва бурун тўлиқ ерга теккизилиш шарт).
  6. Оҳирги ташаххудга ўтириш

Савол: намознинг рукнларидан бирини тарк қилган инсон нима қилади?

Қасддан бирор рукнни тарк қилиш ҳаромдир. Бундай қилган қилган инсон гуноҳкор бўлади ва намози бузилади.

Эсдан чиқиб бирор рукн бажарилмай қолганда қуйидаги уч ҳолатдан бири бўлиши мумкин:

1. Агар ҳаёл билан бўлиб рукнлардар бирини ташлаб кетган инсон кейинги мана шу рукнга қадар қилган ҳатосини эсласа унда ортга қайтиб, қолиб кетган рукнни бажаради ва ана шу жойидан намозини давом эттиради.

Мисол учун биринчи ракатда руку қилмасдан саждага кетиб қолган инсон, сажда қилиб бўлганидан сўнг руку қилмаганини эсласа, қайтиб туриб рукуни қилади ва шу жойидан давом этиб намозини якунлаб саждаи саҳв қилади.

2. Эсдан чиқиб ташлаб кетган рукнни кейинги ракатда шу рукнни бажарганидан сўнг эслаган инсоннинг ҳато қилган ракати бекор бўлади. Кейинги ракати олдинги ракат ўрнига ўтади ва бекор бўлган ракат учун яна бир ракат қўшимча ўқийди.

Мисол учун биринчи ракатда руку қилмасдан саждага кетиб қолган инсон, кейинги ракатни рукусини қилиб бўлганидан сўнг олдинги ракатдаги рукуси қолиб кетганини эслаб қолса, олдинги ракатини бекор бўлган деб ҳисоблайди ва ўқиётган иккинчи ракатини биринчи ракат деб ҳисоблаб намозини якунлаб қўяди (адашган ракат билан қўшиб ҳисоблаганда бир ракат кўпроқ намоз ўқиган бўлади). Намоздан сўнг эса саждаи сахв қилади.

3. Намоз ўқиб бўлганидан сўнг рукнлардан бири қолиб кетганини эслаган инсон агар намоздан сўнг узоқ вақт ўтмаган ва таҳорати синмаган бўлса намозини қолдириб кетган рукнидан бошлаб қайта ўқийди. Агар биронта ракатни қолдириб кетганини эсласа ўша ракатни ўқиб қўяди ва саждаи сахв қилади.

Мисол учун тўрт ракатли намознинг учинчи ракатида рукуни қолдириб кетган инсон қайтиб жойига туради, учинчи ракат рукусидан бошлаб намозни охиригача ўқиб якунлайди ва саждаи саҳв қилади.

Агар намоздаги бирор рукнни қолдириб кетгани узоқ вақт ўтганидан сўнг ёки таҳорати синганидан сўнг эсига тушса намозини қайта ўқийди.

Қисқа вақт деганда нима назарда тутилишини олимлар аниқ айтмаганлар, бу кишининг ўзига боғлиқ. Ҳанафий мазҳабининг фиқҳий китобларида намозгоҳни тарк қилмаган бўлса ва бошқалар билан сўзлашмаган бўлсагина келган рукнидан бошлаб ўқийди акс ҳолда намозини қайта ўқийди деган фикр билдирилган (Раддул Мухтор, Ал-Баҳрур Роиқ)

Шунингдек узоқ вақтдан бери бирор фарз амални тарк қилиб келаётганини билган намозҳон ана ўша намозларини барчасини қайта ўқийди (ҳоҳ бир хафта, ҳоҳ бир йил бўлсин).

Намоз вожиблари

Ҳанафий мазҳабига кўра намознинг вожиблари қуйидагилар:

  1. Фотихани қироат қилиш
  2. Фотихадан сўнг зам сура ўқиш
  3. Уч ва тўрт ракатли намозларнинг олдинги икки ракатида қироат қилиш
  4. Биринчи ташаххудга ўтириш
  5. Қаъдаларда ташаххуд ўқиш
  6. Имом учун овоз чиқариб ўқиладиган намозларда жахрий тиловат қилиш
  7. Витр намозида қунут дуосини ўқиш
  8. Рукнларни маромида қилиш
  9. Адашган ҳолда саждаи саҳв қилиш
  10. Намозни салом билан тугатиш

Савол: намоз вожибларидан бирини тарк қилган инсон нима қилади?

Намознинг вожиб амалларидан бирини қасддан тарк қилиш билан киши гуноҳкор бўлади ва намози бузилади. Вожиб амаллардан бири эсдан чиқариб ёки билмасдан ташлаб кетган инсонга саждаи саҳв қилиш вожиб бўлади. Бунда ҳам уч ҳолат бўлиши мумкин:

1. Вожиб амални тарк қилганини намознинг ичида эслаган инсон намозини давом эттираверади ва оҳирида саждаи саҳв қилади.

2. Намоз тугаши билан қисқа вақт ичида вожиб амал қолиб кетганини эслаган инсон ҳам саждаи саҳв қилади.

3. Узоқ вақт ўтганидан сўнг эсига тушган тарк қилинган вожиб амал учун саждаи саҳв қилинмайди. Сабаби вожиб амални ҳаёл билан ёки билмасдан тарк қилиш билан намоз бузилмайди.

Юқорида айтлигани каби бизнинг Ҳанафий мазҳабимизда қисқа вақтга қуйидга талаблар қўйилади: намозгоҳни тарк қилмаган бўлиши (яъни масжидда ўқиган бўлса масжидда бўлиши), бошқалар билан гаплашмаган ва таҳорати синмаган бўлиши.

Намоз суннатлари

Намознинг суннатлари жуда ҳам кўп. Юқорида фарз ва вожиб амаллардан бошқа барча сўзлар, зикрлар, тасбиҳлар ва ҳаракатлар суннат амаллардир. Масалан: сано дуоси, руку ва саждаларда қилинадиган турли тасбеҳ ва таҳмидлар, ишораи саббоба, саждада дуо қилиш, намоз сўнгида саловотдан сўнг дуо қилиш, қиёмда ўнг қўлни чап қўл устига қўйиш, ташаҳудда суннатга мувофиқ ўтириш ва ҳоказолар намознинг суннатларидир.

Намозда айтиш суннат бўлган зикр, дуо, таҳмид ва тасбеҳлар Имом Ан-Нававийнинг Ал-Азкор китобларида жуда ҳам батафсил келтирилган. Суннат амалларни эса турли фиқҳий китоблардан билиб олиш мумкин.

Савол: Намознинг суннатларидан бирини тарк қилган инсон нима қилади?

Агар инсон бирор суннатни доимий равишда қилиб юрган бўлса ва эсдан чиқариб шу суннатни тарк қилса, намоз сўнгида саждаи сахв қилиш мустаҳаб бўлади. Агар доимий равишда қилмайдиган суннат амали бўлса саждаи сахв қилмайди. Суннат амални қасддан тарк қилиш билан намози бузилмайди, лекин доимий қилиб юриладиган суннат бўлса ёки таъкидланган суннат бўлса бундай қилиш яхши эмас.

Юқорида биз қўлдан келганча намознинг фарз, вожиб ва суннатларини ўргандик. Кейинги мақолаларимизда иншааллоҳ намозни бузувчи амалларни ва саждаи сахв қай ҳолатда қандай қилинишини кўриб чиқамиз.

Манбаъалар:

Forgetfulness Prostration in Hanafi fiqh

Forgetfulness During Prayer

“Кифоя”, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф


Давомини ўқиш

5 янв. 2009 г.

Намозда ҳаракатланиш мумкинми?

1927232162_c65048a46b Баъзи одамлар намоз ичида ҳаракат қилишга шунчалик енгил қарайдиларки, имом қироат қилаётган вақтида соатига қараб қўядиган, кийимини ўйнаб турадиган, юзи ёки соқолини силайдиган инсонларни кўплаб кузатишимиз мумкин. Лекин баъзи инсонлар намозда ҳаракатланишга шунчалик қаттиқ аҳамияти берадиларки ҳатто ёнларидаги қўл телефонлари жиринглаб мажсиддаги намозхонларнинг ҳаёлини бузиб, ҳушъу ва ҳузъусига путур етказса ҳам чўнтакларидаги телефонни ўчириб қўйишни ножоиз ва намозни бузувчи амал деб ўйлайдилар, ва бу билан кўпчиликка озор бераётганларини билмайдилар.

Келинг ушбу масалани бир ўрганиб кўрайлик. Намоз ўқиётган пайтда бегона ҳаракатларни қилиш жоизми? Қандай сабабларга кўра бундай ҳаракатларни қилиш мумкин ва қандай ҳолларда ушбу амаллар намозни бузилишига олиб келади?

Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ намоз пайтидаги ҳар қандай узрсиз ҳаракатни макруҳ деганлар. Шу билан бирга намоз ичидаги ҳаракатларнинг беш ҳил бўлишини айтганлар:

  1. Вожиб ҳаракат
  2. Ҳаром ҳаракат
  3. Макруҳ ҳаракат
  4. Мустаҳаб ҳаракат
  5. Руҳсат берилган (жоиз) ҳаракат

Келинг юқоридагиларни бир бошидан кўриб чиқайлик.

Вожиб ҳаракат

Вожиб ҳаракатларга намоз бузилмаслиги учун қилиниши шарт бўлган ҳаракатлар киради. Яъни бу ҳаракатни қилмаслик билан кишининг намози бузилиши мумкин. Мисол учун бош кийимида нажас борлигини билган инсон уни ечиб бир чекага олиб қўйиши вожиб ҳисобланади. Бу нарса бошқа уст кийимларга ҳам таалуқли, масалан куртка, жемпер, нимча, тўн ва ҳоказо, ечиш енгил бўлган ва ечилиши билан аврати очилиб қолмайдиган кийимларни намозни бузмасдан туриб ечиб ташлаш мумкин. Расулаллоҳ с.а.в. имом бўлиб намоз ўқиётганларида Жаброил алайҳиссалом келиб сандалларида нажас борлигини айтганида Пайғамбаримиз с.а.в. намозни тўҳтатмасдан сандалларини ечиб чеккага олиб қўйганликларидаги ҳадис бунга далил бўлади (Абу Довуд ривояти, Албоний саҳиҳ деган).

Вожиб ҳаракатга яна бир мисол, агар инсон қиблани нотўғри аниқлаб намоз ўқиётган вақтида бир киши келиб қиблани кўрсатса намозхон намозини бузмасдан қиблага юзланиб олиши ҳам вожибдир.

Ҳаром ёки тақиқланган ҳаракатлар

Бундай ҳаракатларга ҳеч қандай узрсиз қилинган давомли ёки кўп ҳаракатлар киради. Бундай қилган инсоннинг намози бузилади, намозни бузувчи амаллар эса ҳаромдир сабаби бу Аллоҳнинг буйруқларини мазаҳ қилишдек гапдир.

Мустаҳаб ҳаракатлар

Намоз ичидаги суннатларни бажариш учун қилинган амаллар мустаҳаб амаллардир. Масалан сафни текис қилиш учун олдинга ёки ортга бироз силжиш, олдидаги сафда бўш жой кўриб қолса олдинги сафга ўтиш, ёки ўзи турган сафда бўшлиқ бўлиб қолса шу бўшлиқни тулдириш учун чапга ёки ўнга силжиш каби ҳаракатлар мустаҳаб-суннат амаллардандир. Бунинг далили эса Ибн Аббос р.а. Расулаллоҳ с.а.в. билан бирга намоз ўқиш учун у зотнинг чап тарафларига турганида Расулаллоҳ с.а.в. унинг қўлидан ушлаб ўнг тарафларига ўтказиб қўйганликлари ҳақидаги ҳадисдир (Муттафақун алайҳ).

Шунингдек Жобир р.а. ривоят қилган ҳадисда “Расулаллоҳ с.а.в. намоз ўқиш учун турдилар, мен бориб у кишининг чап тарафларига турган эдим, У зот қўлимдан ушлаб ортларидан айлантириб ўнг тарафларги турғазиб қўйдилар. Бироздан сўнг Жаббор ибн Саҳр келиб У зотнинг чап тарафларига турган эди Расулаллоҳ с.а.в. иккимизнинг қўлимиздан ушлаб ортларига суриб қўйдилар” дейилади (Имом Муслим ривоятлари).

Имом Ан-Нававий юқоридаги ҳадисни шархлаб, агар имомнинг ортида бўш жой бўлмаса имом олдинга силжиши лозим бўлади деган фикрни билдирганлар.

Жоиз ҳаракатлар

Жоиз ҳаракатларга маълум сабабларга кўра қилинган кичик ҳаракатлар ва мажбурият юзасидан қилинган катта ҳаракатлар киради. Кичик ҳаракатларга Расулаллоҳ с.а.в.нинг ўз неваралари Уммомани кўтариб намоз ўқиганлари мисол бўлади. У зот қиёмда турганларида невараларини кўтариб турганлар, саждага бораётганда эса ёнларига ётқизиб қўйганликлари ривоят қилинади (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари)

Мажбурият юзасидан қилинган катта ҳаракатларга жанг қилиб туриб ўқилган намозни мисол қилиш мумкин. Аллоҳ таоло Бақара сурасида шундай деб марҳамат қилади:

Намозларни ва ўрта намозни муҳофаза этинг. Ва Аллоҳ учун хушуъ ила қоим бўлинг.

Агар хавфда қолсангиз, юрган ва минган ҳолингизда, хотиржам бўлганингизда, билмаган нарсангизни қандоқ ўргатган бўлса, Аллоҳни шундоқ зикр қилинг. (Бақара, 238-239 оятлар)

Демак ҳавфда қолганда юрган ёки улов минган ҳолда ҳам намоз ўқиш мумкин экан. Албатта ҳеч қандай узрсиз намоз вақтида юриб кетиш намозни бузган бўлар эди, лекин мажбурият юзасидан шундай қилишга ижозат берилган экан.

Макруҳ ҳаракат

Юқорида зикр қилинган ҳаракатлардан бошқаси макруҳ саналади. Буларга намозхон ҳаёлини бузувчи ҳар қандай ҳаракатларни мисол қилиш мумкин, масалан соатини ўйнаш, бош кийимига тегиб қўйиш, юзини ёки соқолини силаб қўйиш, ва ҳоказолар киради. Бундай ҳаракатни бир неча бор қилиш эса ҳаром ҳисобланади ва намознинг бузилишига олиб келади.

Одатда баъзи китобларда макруҳ ҳаракатлар сонини чегаралаб қўйишади ва учтадан ортиқ бегона ҳаракат намозни бузади деган гапларни ҳам кўриш мумкин. Шайҳ ибн Усаймин макруҳ ҳаракатлар неча марта қилинса намозни бузиши аниқ сонлар билан белгиланмаганлигини айтади ва четдан қараган инсон учун намоз ўқимаётган даражада кўп ҳаракат қилиш билан намоз бузилишини таъкидлайдилар ва қуйидаги фикрни билдирадилар: “Баъзи олимлар учтадан кўп бегона ҳаракат қилиш намозни бузади деган фикрни билдирганлар, лекин бундай қатъий талаб қўйиш учун далил талаб қилинади, акс ҳолда бундай фикр билдирган олим динга янгилик киритган бўлиб қолади” (Мажмуу Ал Фатава Ал Шайх ибн Усаймин, 13/309-311).

Демак кўп ёки давомли узрсиз ҳаракат қилиш намозни бузувчи ҳаром амаллардан экан.

Шайх Абдулазиз Ибн Боз ҳам намоз ичида бегона ҳаракатлар ҳақида гапириб ушбу фикрни билдирадилар:

Ҳоҳ фарз ҳоҳ нафл намози бўлсин ҳушъу ва ҳузъу билан, қалб ва тан ҳозирлиги билан намозга берилиш суннат амалдир. Намоздаги ҳушъу унинг устунларидан биридир ва намоз пайтида кўп бегона ҳаракат қилган инсоннинг намози намоз эмас.

Шу билан бирга бегона ҳаракатлар сонини учта деб айтишга Расулаллоҳ с.а.в. дан биронта ҳадис ворид бўлмаган. Бу баъзи олимлардан чиққан гап ва бу гапнинг ортида биронта кучли далил йўқдир.

Лекин намоз вақтида узрсиз қимирлаш ва бегона ҳаракатлар қилиш билан ҳушъуни йўқотиш макруҳдир. Агар бундай ҳаракатлар кўп ёки давомли бўлса намознинг бузилишига сабаб бўлади. Лекин бундай ҳаракатларни кам бўлиши ёки катта ҳаракатларнинг давомсиз бўлиши намозни бузмайди. Бунинг далили эса Расулаллоҳ с.а.в. намоз ўқиб турган пайтларида намозларини бузмасдан туриб Ойша р.а. га эшик очганликлари ҳақидаги ҳадисдир (Абу Довуд ва Насаий ривоятлари, Албоний саҳиҳ деган).

Шунингдек Расулаллоҳ с.а.в. нинг ўз неваралари Уммомани кўтариб туриб намоз ўқиганликлари ҳам бунга далили бўлади.

Фатава Уълама ал-Балад ал-Ҳарам, 162-164.

Шунингдек агар имом таҳорати йўқлигини эслаб қолса, ёки намоз вақтида таҳорати бузилса, ёки айрим сабабларга кўра имомликни давом эттира олмаса иқтидо қилаётганлардан бирини имомликка ўтказиши мумкин, ва бу киши ҳам намозини бузмасдан туриб имомнинг ўрнига ўтиши жоиз. Бунинг далили Расулаллоҳ с.а.в. намозга кечикканларида Абу Бакр р.а. имом бўлиб намозни бошлаганлари, Расулаллоҳ с.а.в. кириб келганликларидан сўнг эса У зот билан жой алмашганлари ва Расулаллоҳ с.а.в. намозни давом эттирганликлари ҳақидаги саҳиҳ ҳадисдир. Шунингдек Умар р.а. бомдод намози вақтида Абу Луълуъаҳ ал-Мажусий томонидан яралангаларида ҳам Абдураҳман ибн Авфнинг қўлидан ушлаб ўзларининг ўрнига имом қилиб ўтказадилар ва у киши намозни қисқа қилиб ўқиб беради (Имом Буҳорий ривояти).

Демак юқоридаги гаплардан ҳулоса қиладиган бўлсак узрсиз кўп ва давомли ҳаракат қилиш билан кишининг намози бузилар экан.

Намозни бузмайдиган ҳаракатларга эса қуйидагиларни мисол қилиш мумкин:

  • Сафни текислаш
  • Олдиндаги сафни тўлдириш
  • Ўзи турган сафда бўш жой бўлиб қолса тўлдириш
  • Телефон жиринглаб қолганда ўчириш (ҳатто 1-2 қадам қўйиш талаб қилинса ҳам)
  • Нажас теккан уст кийимни ечиб ташлаш (аврати очилмайдиган бўлсагина)
  • Қиблани нотўғри аниқлаб намоз ўқиётганда бирор киши қиблани кўрсатса ўша тарафга юзланиш
  • Икки киши жамоат бўлиб намоз ўқиб турганида учинчи киши келиб қўшилса, иқтидо қилаётганларнинг имомнинг ортига ўтишлари (ортда жой бўлмаса имом олдинга қадам ташлаши ҳам жоиз)
  • Имомнинг таҳорати бузилганида ёки намозни давом эттира олмаслиги сабабли ўз ўрнига бошқани тўрғазиб қўйиши
  • Кам ва давомли бўлмаган узрсиз ҳаракатларни қилиш (макруҳ бўлсада, намозни бузмайди)

via www.islamqa.com


Давомини ўқиш

4 нояб. 2008 г.

Кундалик ҳаётимиздаги ҳасанотлар

DSCF8633-1 Ҳар бир мусулмоннинг асл мақсади бу дунёсини эмас охиратини обод қилишдир. Бу фоний дунё эса бир синов ҳолос. Шундай бўлсада биз ўзимизнинг дунёвий ишларимзга киришиб, ибодатларимизга эса вақтимиз ҳам етмай қолади. Ваҳоланки мусулмонлар учун Аллоҳ таоло жуда кўп қулайликлар яратган, ҳасанот, ажр-савоб керак деган мўмин бандага кундалик ҳаётида қилиш енгил бўлган бир қанча ибодатларни Қуръон ва Расулаллоҳ с.а.в. суннатлари орқали бизга етказган.

Шунингдек хар куни 5-10 дақиқа вақтимизни ажратиб қилган ибодатимиз орқали Аллоҳ таоло бизнинг дунёвий ишларимизнинг ҳам баракасини беради, иншааллоҳ. Наҳл сурасининг 97 оятида Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади:

مَنْ عَمِلَ صَالِحاً مِّن ذَكَرٍ أَوْ أُنثَى وَهُوَ مُؤْمِنٌ فَلَنُحْيِيَنَّهُ حَيَاةً طَيِّبَةً وَلَنَجْزِيَنَّهُمْ أَجْرَهُم بِأَحْسَنِ مَا كَانُواْ يَعْمَلُونَ

“Эркагу аёл, ким мўмин ҳолида яхши амал қилса, Биз унга яхши ҳаёт кечиртирамиз ва, албатта, уларни қилиб юрган амалларининг энг гўзалига бериладиган ажр ила мукофотлармиз.”

Абу Ҳурайра р.а. дан ривоят қилинган ҳадисда Расулаллоҳ с.а.в. дедилар “Эзгу-хайрли ишларни қилиб қолиш учун шошилингиз. Яқинда зулматли кечанинг парчасидек фитналар бўлиб, киши мўмин бўлиб тонг оттиради, кофир бўлиб кеч киргизади ва (ёки) мўмин бўлиб кеч киргазиб, кофир бўлиб тонг оттиради, киши дунёнинг озгина моли эвазига динини сотиб юборади(Муслим ривояти)

Келинг мўмин банда учун кундалик ҳаётида қилиш енгил бўлган, лекин шу билан бирга катта ажр ва ҳасанотлар ваъда қилинган ибодатларни кўрайлик.

1. Жамоат билан намоз ўқиш

Ибн Умар р.а. дан ривоят қилинади. Расулаллоҳ с.а.в.: “Жамоат билан ўқилган намоз ёлғиз ўқилган намоздан йигирма етти даража афзалдир”, деб айтдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Албатта беш вақт фарз намозларини масжидда, жамоат билан ўқисак нур устига аъло нур, лекин бундай қилишнинг имкони бўлмаса ҳеч бўлмаганида бомдод ва хуфтон намозларида жамоатга қўшилишнинг иложини қилишмиз керак.

Усмон ибн Аффондан р.а. ривоят қилинади. Расулаллоҳ с.а.в.: “Ким хуфтон намозини жамоат билан ўқиса, кечанинг ярмини ибодат билан бедор ўтказгандай бўлади. Кимки бомдод намозини жамоат ила ўқиса, бутун кечани ибодат билан ўтказгандай бўлади”, дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

2. Аллоҳни зикр қилиш

Эрталаб ва тонгда Аллоҳни зикр қилишнинг ҳам савоби жуда кўпдир. Ваҳоланки бу зикрлар ёдлашга ҳам айтишга ҳам жуда осон.

Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулаллоҳ с.а.в.: “Ким эрталаб ёки кечқурун “Субханаллоҳи ва биҳамдиҳи” (Аллоҳга ҳамд айтиш билан Уни айбу нуқсонлардан поклаб ёд этаман), деб юз марта айтса, қиёмат куни бирор киши ундан афзал бўлмайди. Фақат ана шу киши айтганидек ёки ундан ошириб айтсагина, бўлиши мумкин”, дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

Юрган йўлимизда айтиб юришимиз осон бўлган зикрлар ҳам жуда кўп.

Абу Ҳурайра р.а. ривоят қилган ҳадисда Расулаллоҳ с.а.в.: “Субҳаналлоҳи валҳамду лиллаҳи ва ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар", дейишим мен учун қуёш чиқиб, нур сочганидан яхшироқдир”, дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади. Расулаллоҳ с.а.в. “ Ким “Ла илаҳа иллалоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъала кулли шайъин қодир”,(Маъноси: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Унинг шериги ҳам йўқ. Мутлақ мулк Уники ва ҳамд ҳам Унгадур. У ҳар нарсага қодирдир) деб бир кунда юз марта айтса, ўнта қул озод қилган баробарида бўлибди. Унга юзта ҳасанот ёзилиб, юзта ёмонлиги ўчирилади, кеч киргунича шайтондан омонда бўлади. Унинг бу амалидан афзалроқ ишни ҳеч ким қила олмайди. Фақат шу калималарни кўпроқ айтган киши ўзиб кетиши мумкин” дедилар. Ва яна Расулаллоҳ: “Ким “Субханаллоҳи ва биҳамдиҳи” деб бир кунда юз марта айтса, ҳатолари денгиз кўпигича бўлса ҳам, кечиб юборилади” дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Маслаҳатимиз ёнингизда тасбеҳ олиб юринг, метродами, автобусдами бекор вақтинигиз бўлиб қолганда Аллоҳни зикр қилинг. Ҳозирги кунда ҳар-ҳил зикр ва дуолар китоблари кўпайиб кетган. Афсуски уларнинг барчаси ҳам ишонарли эмас. Биз сизга Имом Ан-Нававийнинг “Ал-Азкор” китобини тавсия қиламиз. Сайтимизнинг Зикрлар саҳифаси ҳам ана шу китоб асосида тайёрланиб бормоқда.

3. Қавм-қариндошларидан, дўстларидан ва касалларнинг ҳолидан ҳабар олиш

Узоқ-яқиндаги қарнидошларимиздан, дўстларимизнинг ҳолидан ҳабар олишимиз ҳам ажрли ишлардан экан. Иложи бўлганда бориб, имкон бўлмаганда телефон орқали ҳам ҳабрлашиб туриш, қариндошлик, дўстлик ришталарини мустаҳкамлаб туриш ҳар бир мусулмоннинг бурчидир.

Анасдан р.а. ривоят қилинади. Расулаллоҳ с.а.в.: “Ким ризқи кенг бўлишини ҳамда умри узун бўлишини яхши кўрса, қариндошлари билан борди-келди қилсин”, дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Абу Ҳурайра р.а. дан ривоят қилинади. Расулаллоҳ с.а.в.: “Ким бирор касални бориб кўрса ёки Аллоҳ йўлидаги биродарини зиёрат қилса, бир нидо қилувчи: “Яхши инсон бўлдинг, юришинг ҳам яхши бўлди ва жаннатдан ўзинг учун жой тайёрлаб қўйдинг”, деб нидо қилади”, дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

Али р.а. дан ривоят қилинади. Расулаллоҳ с.а.в.: “Бирор мусулмон бошқа бир мусулмонни эрталаб кўргани борса, то кеч киргунича етмиш минг фаришта унинг ҳаққига дуода бўлишади. Агар кечқурун кўргани борса, то эрталабгача етмиш минг фаришта унинг ҳаққига дуода бўлишади. Ҳамда бу кишига жаннатда териб, йиғиб қўйилган мева бўлади”, дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

4. Нафл рўза тутиш

Абу Саид ал-Ҳудрийдан ривоят қилинади. Расулаллоҳ с.а.в.: “Қайси бир банда бир кун Аллоҳ йўлида рўза тутса, Аллоҳ ўша рўзаси сабабли у кишининг юзини етмиш йиллик масофага қадар дўзаҳдан узоқ қилади”, дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Абу Ҳурайра р.а. дан ривоят қилинган ҳадиси қудсийда Расулаллоҳ с.а.в. “Аллоҳ азза ва жалла: “Ҳар бир одам боласининг амали ўзи учундир. Лекин рўзаси Мен учундир. Унинг мукофотини Ўзим бераман” деди. Рўза дўзаҳдан тўсиқдир” деганлар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Демак имкони бўлганда нафл рўза тутиб туриш ҳам улуғ ибодатлардан экан. Ҳафтанинг душанба ва пайшанба кунлари, ҳамда бир ойдан уч кун рўза тутиш суннатдир.

Умму Салама розияллоҳу анҳо: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга ҳар ойдан уч кун рўза тутмоғимни, уларнинг биринчиси душанба ва пайшанба бўлишини амр қилар эдилар”, деди”. Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган.

Рўза ҳақида кўпроқ билишни истаганларга Ислом.uz сайтининг Рўза бўлимидаги мақолаларни ўқиб чиқишни тавсия қилган бўлардик.

5. Тасбиҳ, таҳмид ва такбир айтиш, ҳамда ёмонликдан қайтариб, яхшиликка буюриш ва зуҳо намозини ўқиш

Абу Зарр р.а. дан ривоят қилинади. Расулаллоҳ с.а.в.: “Сизларнинг ҳар битта аъзоингизга садақа вожибдир. Ҳар бир тасбиҳингиз (“Субханаллоҳ” дейиш) садақа, хар бир таҳмид "(“Алҳамду лиллаҳ" дейиш) садақа, ҳар бир таҳлилингиз (“Ла илаҳа иллаллоҳ” дейиш) садақа, ҳар бир такбирингиз (“Аллоҳу Акбар” дейиш) садақа, яхшиликка буюришингиз – садақа, ёмонликдан қайтаришингиз – садақа. Энди буларнинг ҳаммаси учун икки ракаат зуҳо намози ўқишингиз кифоядир”, дедилар. Имом Муслим ривояти.

6. Амри маъруф ва наҳий мункар қилиш

Амри маъруф яъни яхшиликка чақириш ва наҳий-мункар, ёмонликдан қайтариш ҳам катта савобли амаллардандир. Амри маъруф деганда катта бир жамоатни йиғиб, битта катта имомни олиб келиб маъруза қилиш эмас, балки ўз атрофидаги ёр-биродарлари, қариндош-уруғларини яхшиликка чақириш ҳам тушунилади.

Аллоҳ таоло айтади:

كُنتُمْ خَيْرَ أُمَّةٍ أُخْرِجَتْ لِلنَّاسِ تَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَتَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنكَرِ وَتُؤْمِنُونَ بِاللّهِ وَلَوْ آمَنَ أَهْلُ الْكِتَابِ لَكَانَ خَيْراً لَّهُم مِّنْهُمُ الْمُؤْمِنُونَ وَأَكْثَرُهُمُ الْفَاسِقُونَ

Сиз одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз. Амри маъруф қиласиз, наҳий мункар қиласиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз. (Оли Имрон, 110).

وَالْمُؤْمِنُونَ وَالْمُؤْمِنَاتُ بَعْضُهُمْ أَوْلِيَاء بَعْضٍ يَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنكَرِ وَيُقِيمُونَ الصَّلاَةَ وَيُؤْتُونَ الزَّكَاةَ وَيُطِيعُونَ اللّهَ وَرَسُولَهُ أُوْلَـئِكَ سَيَرْحَمُهُمُ اللّهُ إِنَّ اللّهَ عَزِيزٌ حَكِيمٌ

Мўмин эркаклар ва мўмина аёллар бир-бирларига дўстдирлар. Улар яхшиликка буюрарлар, ёмонликдан қайтарарлар, намозни тўкис адо этарлар, закотни берарлар ҳамда Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қиларлар. Ана ўшаларга Аллоҳ тезда раҳм қилур.Албатта, Аллоҳ ғолиб ва ҳикматли зотдир. (Тавба, 71).

Абу Ҳурайра р.а. дан ривоят қилинади. Расулаллоҳ с.а.в.: “Ким ҳидоятга чақирса, эргашувчи кишининг савобидек унга ҳам ажр бўлади. (Бу билан амал қилган кишининг) савобидан бирор нарса камаймайди. Кимки залолатга чақирса, эргашувчи кишининг гуноҳидек унга гуноҳ ёзилади. (Бу билан амал қилган кишининг) гуноҳидан бирор нарса камаймайди”, дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

7. Жаноза намозида қатнашиш

Масжидга чиқар эканмиз гоҳида жаноза намози ўқилиш хақида эшитиб қоламиз. Шундай ҳолатда ишимизга шошилиб чиқиб кетмасдан, 5 дақиқа вақтимизни ажратиб жаноза намозида қатнашсак ҳам иншааллоҳ кўп ажрлар ёзилар экан.

Абу Ҳурайра р.а. ривоят қиладилар. Расулаллоҳ с.а.в.: “Кимки жанозада қатнашиб, жаноза намозини ўқиса, унга бир қийрот савоб тегади, кимки жаноза намозини ўқиб, майит дафн этилгунича кетмай турса, унга икки қийрот савоб ёзилади”, дедилар. Шунда одамлар: “Ё Расулаллоҳ, икки қийрот қанча?”, деб сўрашди. Жаноб Расулаллоҳ: “Иккита катта тоғдек”, дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

8. Қуръон ўқиш

Абдуллоҳ ибн Масъуд ривоят қилади. Расулуллох с.а.в. дедилар: “Кимки Аллохнинг Китобидан бир харф ўкиса, у учун бир ҳасанот бордир. Ҳасанот эса ўн баробари билан биргадир. Мен: “Алиф, Лом, Мим” бир харф”— деб айтмайман. Балки, “Алиф” бир харф, “Лом” бир харф, “Мим” бир харфдир”. Имом Термизий ривоят қилиб хасан деган, Албоний саҳиҳ деган.

 

Ва яна шу каби савобли амаллар жуда кўпдир. Энг асосийси бу амалларни малол келмайдиган даражада қилиш ва ҳар қандай ибодатда ҳам бардавом бўлишдир.

Ойша р.а. дан ривоят қилади: “Расулаллоҳ с.а.в. “Қўйинглар, солиҳ амаллардан қурбнгиз етадиганини зиммангизга олинглар, Аллоҳга қасамки, сизларга амалларингиз малол келмаса, Аллоҳга савоб бериш малол келмайди (яъни, қилаётган ибодатингиз малол келса, савоби қолмайди)” деб айтдилар. Жаноб Расулаллоҳ с.а.в. ҳам узоқроқ қилинадиган ибодатни ҳуш кўрар эдилар". Имом Бухорий ривояти.


Давомини ўқиш

26 окт. 2008 г.

Нафл намозларини жамоат бўлиб ўқиш мумкинми?

   Бу саволга Шайх ал-Ислом ибн Таймия шундай жавоб қилганлар:

mosque_zetland_narrowweb__300x437,0Жамоат билан ўқиладиган нафл намозлари икки турли бўлади:

1. Жамоат билан ўқиш суннат бўлган намозлар, буларга: рамазон ойидаги таровиҳ намози, қуёш тутилганда ўқиладиган намоз ва ёмғир сўраб ўқилувчи намозни мисол қилса бўлади.

2. Ёлғиз ўқилиши суннат бўлган намозлар, буларга таҳажжуд, кундузги суннат намозлари, таҳҳиятул масжид, зуҳо намози ва бошқалар киради. Бу намозларни доимий равишда жамоат билан ўқиш жоиз эмас ва бундай қилиш бидъат саналади сабаби Расулаллоҳ с.а.в. ҳам саҳоба ва тобеинлар ҳам нафл намозларини жамоат билан ўқишни одат қилмаганлар.

Лекин баъзида бу нафл намозларини ҳам жамоат билан ўқишнинг зиёни йўқ. Масалан Расулаллоҳ с.а.в. одатда таҳажжуд намозини ёлғиз ўқир эдилар лекин баъзи-баъзида жамоат билан ўқиб туришлари ҳадисларда келган. Бир ҳадисда Ибн Аббоснинг кечаси Расулаллоҳ с.а.в. нинг уйларида тунаб қолиб у зот билан таҳажжуд ўқиганлари келган, яна бир ҳадисда Ҳузайфа, ва бошқа бир сафар эса Ибн Масъуд Набий с.а.в. билан жамоат бўлиб нафл ўқиганлари ривоят қилинади. Бошқа бир ривоятда эса Расулаллоҳ с.а.в. Ибн Молик ал-Ансорийнинг уйида нафл намозида унга имомлик қилганлари келган. Шунингдек Анас, унинг онаси ва бир етим болага нафлда имомлик қилганлари ҳақида ҳам ҳадислар мавжуд.

Ҳулоса қилиб айтганда жамоат билан ўқиш суннат бўлган нафл намозларидан бошқа нафл намозларини ёлғиз ўқиш афзал, лекин баъзида бу намозларни ҳам жамоат бўлиб ўқиш жоиз.

Мажмуъ ал-Фатва (23/414)


Давомини ўқиш

19 окт. 2008 г.

Нафл намозлари қайси?

DSCF8543 Ислом.uz сайтида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф хазратлари “Нафл намозлари уйда бўлган афзал” номли жуда чиройли мақола ёзганлар. Мақолада пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в. дан бир нечта ҳадислар ривоят қилиниб, уйда ўқилган нафл намозларинининг даражаси жудаям улуғлигини, унга бериладиган савобларнинг масжидда ўқилган нафл намозларидан бир неча баробар кўплиги ёритилган.

Иқтибос: “Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кишининг ўз уйидаги фарз намозидан бошқа намози менинг ушбу масжидимдаги намозидан афзалдир», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган. Ироқий, саҳиҳ, деган.

Шарҳ(МСМЮ): Одатда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларидаги бир ракъат намоз бошқа масжидлардаги минг ракъат намозга тенг бўлади. Лекин шундоқ бўлса ҳам, бировнинг ўз уйида ўқиган нафл намози Масжиди Набавийда ўқийдиган намозидан афзал экани Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан тасдиқланиши катта маънони билдиради. Бу маънони ҳеч қачон унитмаслик керак”.

Лекин шу ўринда бир савол туғилади: “Фарз намозларидан олдин ва кейин ўқиладиган суннат намозлари ҳам нафл хисобланадими, уларни ҳам уйда ўқиган афзалми?”

Бу савол берилишига сабаб бизнинг юртимизда суннат намозларини масжидда ўқиш одат бўлганидир. Афсуски юқоридаги мақолада бу масалада хеч бир фикр билдирилмаган.

Аслида бу жудаям содда савол, ва биз мурожаат қилган имомлар ҳам иккиланмасдан булар ҳам нафл деб жавоб беришди. Келинг ушбу саволга ҳадислардан жавоб қидиришга ҳаракат қиламиз.

Умму Ҳабийба розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулаллоҳ с.а.в. «Қайси бир мусулмон банда ҳар куни фарздан ташқари ўн икки ракъат ихтиёрий (нафл) намоз ўқиса, албатта, Аллоҳ унга жаннатда уй қуриб беради», дедилар.
Умму Ҳабийба: «Шундан кейин уларни доимо ўқиб келмоқдаман», дедилар».
(Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоятлари)
Термизий: «Пешиндан олдин тўрт ва кейин икки ракъат. Шомдан кейин икки ракъат, Хуфтондан кейин икки ракъат. Бомдоддан олдин икки ракъат»ни зиёда қилган».

Яъни юқоридаги ҳадисдан кўриниб турибдики Пайғамбар с.а.в. нафл (ихтиёрий) намозлар қаторида биз ҳар куни ўқиб юрадиган суннатларни санаб ўтганлар, ва бу намозларни канда қилмаган инсонга жудаям катта ажр ваъда қилинганини таъкидлаганлар.

Демак бу намозлар ҳам нафл, ихтиёрий намозлардир лекин Пайғамбаримиз бу намозларни хеч канда қилмаганликлари сабабли улар суннат даражасига кўтарилган. Яъни зохири нафл, лекин суннат бўлган нафл деб тушунсак тўғри бўлар эди.

Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кишининг ўз уйидаги фарз намозидан бошқа намози менинг ушбу масжидимдаги намозидан афзалдир», дедилар. (Абу Довуд ривояти)

Юқоридаги ҳадисда ҳам “…фарз намозидан бошқа намози…” деб зикр қилинган. Демак бундан хулоса қилиб суннат намозларини ҳам уйда ўқисак ҳадисда ваъда қилинган савобга, иншааллоҳ эришамиз.

Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “(Нафл) намозни уйингизда ўқингиз. Албатта, кишининг энг яхши намози уйидагисидир. Фақат фарз намоз бундан мустасно”, дедилар. (Бухорий, Муслим, Термизий ривоятлари)

Бу ҳадисда ҳам Расулаллоҳ с.а.в. фарздан бошқа намозларни уйда ўқишга тарғиб қилганлари аниқ ва равшан кўриниб турибди.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон бирингиз масжиддаги намозни битирса, уйи учун ҳам ўз намозидан насиба қилсин. Чунки, Аллоҳ унинг уйида намози сабабли яхшилик қиладир”, дедилар”. (Имом Муслим ривоятлари)

Ал-Манаави юқоридаги ҳадисни шархлаб “… масжиддаги намозни битирса…” дейилганда фарз намозлари назарда тутилган дейди.  (Файд ал-Қадир", 1/418). 

Демак фарз намозини масжидда жамоат билан бирга адо қилиб, суннат намозларини уйимизда ўқисак, иншааллоҳ Аллоҳ таоло уйимизга яхшиликлар это қилар экан.

Абдуллоҳ ибн-Шақиқдан р.а. ривоят қилинади: “Мен Оиша р.а. дан Расулаллоҳнинг нафл намозлари ҳақида сўрадим. Оиша р.а. қуйидаги жавобни берди: “Расулаллоҳ с.а.в. менинг уйимда пешиндан олдин тўрт ракат намоз ўқир эдилар, сўнгра чиқиб одамларга имомлик қилардилар, сўнг қайтиб икки ракат намоз ўқир эдилар. Ва шом намозини ҳам одамларга ўқиб бериб, сўнг уйга қайтардилар ва икки ракат намоз ўқир эдилар. Хуфтон намозида ҳам одамларга имом бўлиб намозни ўқир эдилар кейин эса уйга қайтиб яна икки ракат намоз ўқир эдилар. Кейин эса тўққиз ракат тахажжуд намозини ўқир эдилар (витр билан бирга). Тунда баъзида тик туриб баъзида ўтириб жуда узоқ намоз ўқир эдилар. Агар тик тириб Қуръон тиловат қилган бўлсалар тик турган ҳолларидан руку ва саждага борардилар, агар ўтириб ўқиётган бўлсалар ўтирган ҳолларидан руку ва саждага борардилар. Субҳ кирганда эса икки ракат намоз ўқир эдилар” (Имом Муслим ривоятлари).

Имом Ан-Нававий юқоридаги ҳадисни шархида “Доимий суннат намозларини ҳам бошқа нафл намозлари каби уйда ўқиш мустаҳаб. Бу аксар уламоларнинг фикри” деганлар (Шарх Муслим, 6/9).

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Пешиндан олдин икки сажда, ундан кейин икки сажда, Шомдан кейин икки сажда, Хуфтондан кейин икки сажда, Жумадан кейин икки сажда ўқидим. Шом, Хуфтон ва Жума(суннати)ни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга уйларида ўқидим». (Имом Муслим ривояти)

Ибн Умардан ирвоят қилинади: "Расулаллоҳ с.а.в. жума намозидан сўнг масжидда ҳеч бир намозни ўқимас эдилар. Фақат уйларига бориб, икки ракат намоз ўқирдилар" (Имом Муслим ривоятлари)

Яъни юқоридаги ҳадислардан ҳам кўриниб турибдики Расулаллоҳ с.а.в. кундалик суннат намозларини ҳам жума намозидан кейинги суннатни ҳам уйда ўқишни афзал кўрганлар. Фақатгина Жума намозидан олдин ўқиладиган нафл намози бундан мустасно. Бунинг далили Салмон Форсий р.а. ривоят қилган қуйидаги ҳадисдир:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Жума куни ғусл қилиб, иложи борича покланиб, ўз мойидан мой суртиб, уйидаги хушбўй нарсалардан суртиб, сўнгра чиқиб, икки кишининг орасини ёрмай (жой топиб) ўзига битилган намозни ўқиса ва имом гапирганда жим туриб қулоқ солса, албатта, унинг ўтган Жумадан бунгача бўлган нарсалари мағфират қилинади”, дедилар (Имом Бухорий ривояти)

Шу ўринда айтиш керакки жума намозидан кейинги суннатни масжидда ўқишни ихтиёр қилганлар тўрт ракат ўқисалар тўғри бўлади. Абу Довуд ўзининг Суннан китобида Ибн Умарнинг жумадан кейинги суннатни масжидда тўрт ракат ёки уйда икки ракат ўқиганини ривоят қилади (Суннан Абу Довуд, 1130)

Демак хулоса қилиб айтамизки кундалик фарз намозларига қўшилиб келган суннат намозларини ва жума намозидан кейинги суннат намозини ҳам уйда ўқиш афзалроқ экан, ва имкониятимиз бўлганда шундай қилсак суннатга амал қилган бўламиз, иншааллоҳ. 

Шу билан бирга эслатиб ўтамизки, барча нафл намозлари ҳам уйда ўқилавермайди. Нафл намозлари орасида масжидда ўқиладиганлари ҳам жамоат билан ўқиладиганлари ҳам бор. Булар ҳақида иншааллоҳ келгуси мақолаларимизда батафсил сўз юритамиз.

Ва аллоҳу аълам

Аллоҳ таоло қилаётган ибодатларимизни даргоҳида қабул қилсин. Амийн.


Давомини ўқиш

12 окт. 2008 г.

Намозни бошлагандан сўнг ниятни ўзгартириш

us023 "Аллоҳу Акбар", деб такбири таҳрима айтиб намозни бошлагандан сўнг ниятни ўзгартириш мумкинми?

Ушбу савол Шайх ибн-Узайминга берилди ва у киши қуйидаги жавобни бердилар:

Агар ўзгартириш деганда, аниқ бир ниятни бошқа бир аниқ ниятга ўзгартириш тушунилса ёки умумийдан аниққа ўзгартириш тушунилса бундай қилиш жоиз эмас. Лекин ниятни аниқдан умумийга ўзгартириш эса мумкин.

Изоҳ:

Аниқ ниятни бошқа аниқ ниятга ўзгаририш: Киши икки ракат зуҳо намозини ўқишни ният қилиб, такбир билан намозни бошлаганидан сўнг бомдод намозининг фарзини ўқимагани эсига тушиб қолди ва намозини бузмасдан туриб ниятини бомдоднинг фарзига ўзгартирди. Бундай қилиш мумкин эмас ва агар у киши шундай қилса иккала намозини ҳам бошидан ўқиши керак бўлади.

Умумий ниятни аниқ ниятга узгартириш: Киши нафл намози ўқишга ният қилиб намоз бошлаганидан сўнг бомдод намозининг суннатини (ёки фарзини) ўқиши кераклиги эсига тушди ва ўқишни бошлаган нафл намозини бомдоднинг суннати деб ният қилди. Бундай қилиш ҳам тўғри эмас.

Аниқдан умумийга ўзгартириш: Киши бомдод намозининг фарзига ният қилиб намозини бошлади ва бу намозни адо қилгани эсига тушиб қолди. Бундай ҳолда намозни бузмай туриб нафлга ният қилиб намозини тугатиб қўйиши мумкин. Ёки бошқа бир мисол. Киши фарз намозларидан бирига ният қилиб якка ўзи намозини бошлаганидан сўнг жамоъат келиб қолди. Бундай ҳолда киши нафл намозига ният қилиб намозини 2 ракатгача қисқартириб ўқиб (агар 4 ракатли намоз бўлса), жамоъатга қўшилиб намоз ўқиши жоиз.

Мажмуъ Фатва ал-Шайх ибн-Узаймин, 12/347-савол

Ва Аллоҳу аълам

Манбаъ: islamqa.com


Давомини ўқиш

9 окт. 2008 г.

Витрдаги қунут дуоси

duaa Намоздаги қунут дуоси ҳақида, алҳамдулиллаҳ жуда кўп ёзилган ва барча саволларга жавоблар берилган. Қунут дуоси қачон ва қай ҳолатларда ўқилади? Рукуъдан олдинми ёки кейинми? Бунда қайси дуони ўқиш афзал? Бомдод намозида қунут ўқиладими? каъби саволларга islom.uz сайтида хурматли устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф хазратлари батафсил жавоб берганлар.

Биз ушбу мақоламизда намозга янги кирган биродарларимизни қизиқтирувчи яна бир қатор саволларга жавоб беришни лозим топдик.

1. Қунут дуосини ёдлашга улгурмаганлар қандай йўл тутмоғи лозим? Китобда берилган дуо ўрнига бошқа дуо ўқиса ҳам бўладими?

2. Баъзи биродарларимиз "қунутни ёдлагунингча унинг ўрнига Ихлос сурасини уч мартадан (ёки бошка бирон сурани) ўқиб турсанг бўлади" дейишади шу тўғрими?

3. Қунут дуоси биттами?

Биз ўзимиздан хеч қандай фатво бермаслигимиз сабабли исломий манбаъаларга мурожат қилдик ва қуйидаги жавобларни топдик:

Савол: Қунут дуосини ёдлашга улгурмаганлар қандай йўл тутмоғи лозим? Китобда берилган дуо ўрнига бошқа дуо ўқиса ҳам бўладими?

Жавоб: Имом Ан-Нававий (раҳматуллоҳи алайҳ) ўзларининг Ал-Азкор китобларида “маълум бир дуони қунут деб танлаб олиш тўғри эмас. Ҳар кандай дуо ҳам қунут ўрнига ўтади, масалан Қуръон оятларида келган дуоларни ҳам ўқишингиз мумкин, лекин хадисларда келган дуоларни  ўқиш афзалроқ”, деган фикрни билдирганлар.

Шайх Ал-Албоний  “ҳадисда келтирилган дуони ўзинигина ўқиш шарт эмас балки унга қўшимча қилиб кофирларга қарши дуо қилиш, Пайғамбаримиз с.а.в. га саловот ва саломлар йўллаш ёки мусулмонлар ҳаққига дуо қилиш мумкин”, деган фикрни билдирганлар. (Қиям Рамадан, 31)

Юқоридагилардан ҳулоса қилиб айтишимиз мумкинки, албатта суннатга амал қилган ҳолда ҳадисларда келтирилган қунут дуосини ўқиш афзал, лекин бу дуони ҳали ёдлашга улгурмаган бўлсангиз бошқа билган дуоларингизни ўқишни ҳам хеч зиёни йўқ. Шунингдек қунут дуосига қўшимча қилган ҳолда дилингизда бор нарсаларни ҳам Аллоҳдан сўрасангиз ҳам жоиз.

Бу ерда таъкидлаб ўтишимиз керакки аксар уламолар бу дуолар араб тилида бўлиши керак деган фикрни билдирганлар.

 

Савол: Баъзи биродарларимиз "кунутни ёдлагунингча унинг ўрнига Ихлос сурасини уч мартадан (ёки бошка бирон сурани) ўқиб турсанг бўлади" дейишади шу тўғрими?

Жавоб: Бу саволга Шайх Муҳаммад Саҳиҳ ал-Мунажжид қуйидагича жавоб берганлар: “Намоздаги қунутдан мақсад бу дуо яъни Аллоҳдан сўраш, ёлворишдир. Агар қунут ўрнига ўқиётган оятларингиз шунга тўғри келса бу жоиз, акс ҳолда ихтиёрий сура ёки оятни ўқиш жоиз эмас. Масалан дуо ўрнида ўқиш мумкин бўлган оятлардан бири Оли Имрон сурасининг саккизинчи ояти:

رَبَّنَا لاَ تُزِغْ قُلُوبَنَا بَعْدَ إِذْ هَدَيْتَنَا وَهَبْ لَنَا مِن لَّدُنكَ رَحْمَةً إِنَّكَ أَنتَ الْوَهَّابُ

Маъноси: Эй Роббимиз, бизни ҳидоят қилганингдан сўнг қалбларимизни оғдирмагин ва бизга Ўз ҳузурингдан раҳмат ато қилгин. Албатта Сенинг Ўзинг кўплаб ато қилувчисан.”

 

Савол: Қунут дуоси биттами?

Жавоб: Ҳадис китобларида Пайғамбаримиз с.а.в. дан бир нечта қунут дуолари келтирилган. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф хазратлари Ҳанафий ва Моликий мазҳаблари ўқийдиган дуога қуйидаги далилни келтирганлар:

Холид ибн Аби Имрондан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Музарнинг зиддига дуо қилаётганларида бирдан Жаброил келди ва У зотга, жим, деб ишора қилди. У зот жим бўлдилар. Бас, у: «Эй, Муҳаммад, албатта, Аллоҳ сени сўконғич қилиб ҳам, лаънатловчи қилиб ҳам юборгани йўқ. Албатта, сени оламларга раҳмат қилиб юборди. Сенга ишдан ҳеч бир нарса йўқдир», деди. Сўнгра «Қунут»ни ўргатди:
«Аллоҳумма иннаа настаъийнука ва настаҳдийка ва настағфирука ва натубу илайк. Ва нуъминубика ва натаваккалу алайк. Ва нусни алайкал хойра куллаҳ. Нашкурука ва лаа накфурук. Ва нахлаъу ва натруку ман яфжурук. Аллоҳумма ийяка наъбуду ва лака нусолли ва насжуду ва илайка насъа ва наҳфиду. Ва наржу раҳматака ва нахша азабака. Инна азабака бил куффаари мулҳиқ». Имом Абу Довуд ривоятлари
Дуонинг маъноси:
«Эй, бор Худоё, албатта, биз Сендан ёрдам сўраймиз, Сендан ҳидоят сўраймиз, Сенга истиғфор айтамиз ва Сенга тавба қиламиз. Ва Сенга иймон келтирамиз ва Сенга таваккал қиламиз. Ва Сенга шукр келтирамиз, куфр келтирмаймиз. Ким Сенга фожирлик қилса, уни ажратамиз ва тарк қиламиз. Эй, бор Худоё, Сенгагина ибодат қиламиз, Сенгагина намоз ўқиймиз ва сажда қиламиз, Сенгагина интиламиз ва шошиламиз. Ва Сенинг раҳматингни умид қиламиз ва азобингдан қўрқамиз. Албатта, Сенинг ҳақ азобинг кофирларга етгувчидир».
Саҳобаи киромлар ушбу дуога иттифоқ қилганлар, бу дуо ҳазрати Умар ва у кишининг ўғиллари Абдуллоҳ ибн Умарнинг дуолари сифатида ҳам машҳур бўлган. Мазкур дуонинг маъносини яхшилаб ўрганиб, унга амал қилишга ўтиш жуда яхшидир.

 

Имом Ан-Нававий Ал-Азкор китобларида қуйидаги дуони ҳам келтирганлар : “Ҳасан ибн Али р.а. ривоят қиладилар: “Расулаллоҳ алайҳиссалом менга бир қанча калималарни ўргатдилар. Уларни мен витрда айтаман: “Аллоҳуммаҳдиний фийман ҳадайта ва ъафиний фийман ъафайта ва тавалланий фийман таваллайта ва барик лий фийма аътойта ва қиний шарро ма қозойта фаиннака тақзий ва ла йуқзо ъалайка ва иннаҳу ла йазиллу ман валайта табарокта роббана ва таъалайта”.

Маъноси: Эй Раббим, ҳидоят қилган кишиларнинг қатори мени ҳидоят қил, офиятда қилган кишилариндек мени офиятда қил, ёрдам берган кишиларнигдек менга ёрдам бер. Берган нарсаларинги менга баракали қил. Ҳукм қилган нарсаларингнинг ёмонидан мени сақла. Сен ҳукм қилувчисан. Сенга ҳукм қилинмайди. Сенга дўст бўлган кишилар сало хор бўлмайди. Эй Раббим, Сен баракотли ва олий Зотсан”. Абу Довуд, Термизий, Насаий, Ибн Можа, Байҳақий ривояти.

Шунингдек юқорида айтилганидек фақатгина қунут билан чегараланмасдан қўшимча дуолар қилиш ҳам жоиз.

Умид қиламизки бугунги мақоламиз сиз учун фойдали бўлди. Аллоҳ қилаётган яхши амалларимизда бардавом қилсин. Амийн.

Ассалому алайкум ва Раҳматуллоҳу ва Барокатуҳ.


Давомини ўқиш

7 окт. 2008 г.

Намоздан кейинги зикрлар

Фарз намозларидан сўнг Аллоҳни зикр қилиш улуғ ибодат эканлиги Пайғамбаримиз Мухаммад саллолоҳу алайҳи вассалам томонидан кўп марта таъкидланган. 

Биз қуйида Имом Ан-Нававийнинг "Ал-Азкор" китобида келтирилган баъзи бир зикрларни келтирдик ва ёдлашга қулай бўлиши учун ҳар бир зикрнинг Шайх Мишари Рашид Алафасий томонидан қилинган қироатини ҳам қўшиб қўйдик. 

148/1. Абу Умомадан ra ривоят қилинади. Расулаллоҳ saw дан: "Қайси дуо яхши эшитилади?" деб сўрашганида, у зот: "Кечанинг охирги қисми ва фарз намозлари сўнгида қилинган дуо", деб жавоб бердилар. Имом Термизий ривоятлари.

150/3. Савбондан ra ривоят қилинади. Расулаллоҳ saw намозни тугатсалар, уч марта "Астағфируллоҳ", деб сўнгра: "Аллоҳумма антас салам ва минкас салам, таборакта йа зал жалали вал икром", деб айтар эдилар. (Маъноси: Эй Аллоҳим, Сен саломсан ва салом Сендандир. Эй улуғ ва ҳурматли зот, Сен баракотлисан.) Имом Муслим ривоятлари

151/4. Муғийра бин Шўъба ra айтадилар: "Расулаллоҳ saw намоздан фориғ бўласалар: "Ла илаҳа иллалоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъала кулли шайъин қодир. Аллоҳумма ла маъниа лима аътойта ва муътийа лима манаъта ва ла йанфау зал жадди минкал жадд"ни ўқир эдилар. (Маъноси: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Унинг шериги ҳам йўқ. Мутлақ мулк Уники ва ҳамд ҳам Унгадур. У ҳар нарсага қодирдир. Эй раббим, Сен берган нарсани маън қилувчи йўқ. Ва Сен маън қилган нарсани берувчи йўқ. Буюклик Сендандир, бошқанинг буюклиги фойда бермайди.) Бухорий ва Муслим ривоятлари.

152/5. Абдуллоҳ ибн Зубайр ra : "Расулаллоҳ saw ҳар намоз кетидан таҳлил айтар эдилар", дейдилар. Ўзлари ҳам ҳар намоз кетидан: "Ла илаҳа иллалоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъала кулли шайъин қодир. Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ, ла илаҳа иллалоҳу ва ла наъбуду илла иййаҳ, лаҳун ниъмату ва лаҳул фазлу ва лаҳус санаъул ҳасан, ла илаҳа иллалоҳу мухлисина лаҳуд дийна ва лав кариҳал кафирун", деб айтардилар. (Маъноси: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Унинг шериги ҳам йўқ. Мутлақ мулк Уники ва ҳамд ҳам Унгадур. У ҳар нарсага қодирдир. Аллоҳдан бошқада ўзгартириш ва қувват йўқ. Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. Унгагина ибодат қиламиз. Неъмат, фазл, чиройли сано У учундир. Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. У учун дин холис қилинади, гарчи кофирлар кариҳ кўрсалар ҳам). Имом Муслим ривоятлари

Zikr 2 - Sheikh Mishary Rashed Alafasy

158/11. Уқб ибн Омир ra айтадилар: "Расулаллоҳ saw менга икки "Қул аъзу..."ни ҳар намоз сўнгида ўқишни буюрдилар." Абу Довуд, Термизий, Насаий ривоятлари.

Абу Довуднинг ривоятларида: "Қул ҳуваллоҳу аҳад...", "Қул аъзу бироббил фалақ...", "Қул аъузу бироббил нас..."ни ўқиш лозим", дейилган

Sura An-Nas - Sheikh Mishary Rashed Alafasy

155/8. Абу Ҳурайрадан ra ривоят қилинади: "Расулаллоҳ saw: "Ким ҳар бир намоз сўнгида ўттиз уч мартадан "субҳаналлоҳ, алҳамдулиллаҳ, Аллоҳу акбар", деб юзинчисини "Ла илаҳа иллалоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъала кулли шайъин қодир", деб айтса, гунохлари денгиз кўпигича бўлса ҳам кечирилади", дедилар. Имом Муслим ривоятлари

Юқоридаги ҳадислар Имом Ан-Нававийнинг "Ал-Азкор" китобидан олинди.

Биз бунга қўшимча қилиб қуйидаги ҳадисни ҳам келтиришни жоиз кўрдик:

Абу Уммомадан ra ривоят қилинади: "Расулаллоҳ saw : “Кимки ҳар бир фарз намозидан сўнг Ойат-ал-Курсийни ўқиса, у билан жаннат ўртасида фақатгина ўлим бўлади ҳолос”, деб айтдилар. Имом Насоий ривояти (Саҳиҳ)

Оят ал-Курсий (Бақара сурасининг 255 ояти)

Ayat al-Kursiy - Sheikh Mishary Rashed Alafasy

اللّهُ لاَ إِلَـهَ إِلاَّ هُوَ الْحَيُّ الْقَيُّومُ لاَ تَأْخُذُهُ سِنَةٌ وَلاَ نَوْمٌ لَّهُ مَا فِي السَّمَاوَاتِ وَمَا فِي الأَرْضِ مَن ذَا الَّذِي يَشْفَعُ عِنْدَهُ إِلاَّ بِإِذْنِهِ يَعْلَمُ مَا بَيْنَ أَيْدِيهِمْ وَمَا خَلْفَهُمْ وَلاَ يُحِيطُونَ بِشَيْءٍ مِّنْ عِلْمِهِ إِلاَّ بِمَا شَاء وَسِعَ كُرْسِيُّهُ السَّمَاوَاتِ وَالأَرْضَ وَلاَ يَؤُودُهُ حِفْظُهُمَا وَهُوَ الْعَلِيُّ الْعَظِيمُ

Аллоҳу ла илаҳа илла ҳувал ҳайюл қоййум. Ла таъхузуҳу синатув-ва ла навм. Лаҳу ма фис-самавати ва ма фил арз. Манзаллазий яшфаъу ъиндаҳу илла биъизниҳ. Яъламу ма байна айдиҳим ва ма холфаҳум ва ла юхитуна би шайъим-мин ъилмиҳи илла бима шаъа. Васиъа курсиюҳус-самавати вал арз. Ва ла яъудуҳу ҳифзуҳума ва ҳувал ъаллийюл ъазийм.

Маъноси (quran.uz сайтидан): Аллоҳ Ундан ўзга илоҳ йўқ зотдир. У тирик ва қаййумдир. Уни мудроқ ҳам, уйқу ҳам олмас. Осмонлару ердаги нарсалар Уникидир. Унинг ҳузурида Ўзининг изнисиз ҳеч ким шафоат қила олмас. У уларнинг олдиларидаги нарсани ҳам, ортларидаги нарсани ҳам билур. Унинг илмидан ҳеч нарсани иҳота қила олмаслар, магар Ўзи хоҳлаганини, халос. Унинг курсиси осмонлару ерни қамраган. Уларни муҳофаза қилиш Уни чарчатмас. Ва У Олий ва Азим зотдир

Ушбу мақолани сизга ҳавола қилганимиздан сўнг бизга қуйидаги савол билан мурожат қилишди: "Юқоридаги зикр ва тасбиҳларни фарз намозидан сўнг айтиш керакми ёки нафл ва суннат намозларидан кейин ҳам айтса бўладими?"

Юқоридаги савол кўпчиликни қизиқтиргани учун биз интернетдаги исломий манбаъларни қидирдик ва Ислом овози сайтидан шу мавзудаги маърузани топдик. Обид қори домламиз юқоридаги хадисларга Ибн Хажарнинг шархини келтирадилар: "...Пайғамбар с.а.в. сўзлариниг зохири намоз дейилган кўп ҳадисларда, демак фарз ҳам, нафл ҳам намозниниг ичига кириб кетади ва бундан суннатдан кейин ҳам ўқиса бўлади деган маъно чиқиши мумкин. Лекин кўпчилик уламолар фарзга амал қилишган, ҳар бир намознинг сўнгидан дейганда кўп уламолар фарз деб тушунишган ва тушунтиришган", деб Имом Муслимнинг қуйидаги ҳадисини далил қилганлар:
Каъб ибн Ужрадан (р.а.) ривоят қилинади: "Расулаллоҳ с.а.в:
"Ким ҳар бир фарз намоз сўнгида ўттиз уч мартатадан "субҳаналлоҳ, алҳамдулиллаҳ, Аллоҳу акбар", тасбиҳларини айтса камбағал бўлмайди" (Ал-Азкор 154/7)

Шунингдек ушбу маърузада Обид қори домламиз "Зикрларни фарз намозини ўқиб бўлиб,  суннатни ўқимасдан қилган афзалми ёки аввал суннатни ҳам ўқиб кейин зикр қилган афзалми?" деган саволга жавоб бериб, бу масалада кўпгина уламоларнинг фикрини келтирганлар ва ҳулоса қилиб "Униси ҳам буниси ҳам жоиз, сиз намоз ўқиётган жамоъада қайси бири одат қилинган бўлса шунисига амал қилинг", деб маърузага якун ясаганлар.

Биз бу қизиқарли ва фойдали маърузани ҳам сизни эътиборингизга ҳавола қилишни жоиз кўрдик.

Namozdan keyingi zikrlar - Obid qori

Шунингдек сизга islom.uz сайтидаги "Намоздан кейин зикр ва тасбиҳ" номли мақолани ўқиб чиқишни тавсия қиламиз.

Аллоҳ қилаётган ибодатларимизни қабул қилсин. Амийн.


Давомини ўқиш