وَلْتَكُن مِّنكُمْ أُمَّةٌ يَدْعُونَ إِلَى الْخَيْرِ وَيَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنكَرِ وَأُوْلَـئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ
Сизлардан яхшиликка чақирадиган, амри маъруф–наҳий мункар қиладиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар нажот топгувчилардир. (Оли Имрон, 104)
Показаны сообщения с ярлыком duo. Показать все сообщения
Показаны сообщения с ярлыком duo. Показать все сообщения

22 нояб. 2008 г.

Зикр одоблари (Имом Ан-Нававийнинг “Ал-Азкор” китобларидан). 2-қисм

IMG_7993 Ўтган мақоламизда зикр одобларини санаб бошлаган эдик. Бугун иншааллоҳ ушбу рукнимизга якун ясаймиз.

Фасл: зикр қилаётган киши ишига жиддий қараши лозим. Агар бир жойда ўтирган бўлса, қиблага юзланиб, ўзини хокисор тутиб, хушуъ, сокинлик ва виқор билан бошини эгиб ўтиради. Бундан бошқача ўтиришнинг бир оз кароҳияти бор. Агар узрсиз ҳолда мана шу ишларни тарк этса, афзал нарсани бажармаган бўлади. Бажармаса, кароҳияти йўқлигига қуйидаги оятни далил қилишади: “Осмонлар ва ернинг яралишида ҳамда кеча ва кундузнинг алмашиниб туришида ақл эгалари учун аломатлар борлиги шубҳасиздир. Улар турганларида ҳам, ўтирганларида ҳам, ётганларида ҳам Аллоҳни эслайдилар ҳамда осмонлар ва ернинг яралиши ҳақида тафаккур қиладилар...” (Оли Имрон, 190-191 оятлар).

Оиша (р.а.) айтадилар: “Расулуллоҳ с.а.в. мен ҳайз кўрган пайтимда тиззамга суяниб Қуръон ўқир эдилар”. Имом Бухорий ривоят қилганлар.

Муслимнинг ривоятларида эса “Мен ҳайзли пайтимда бошларини тиззамга қўйиб”, деб келган.

Яна Оиша (р.а.) айтадилар: “Кундалик зикр вазифаларимни тўшагимга суяниб ўқир эдим”.

Фасл: зикр қилинадиган макон холи, пок бўлиши лозим. Чунки зикрни ва зикр қилинажак Аллоҳни ҳурмат қилишда ажр кўпдир. Шунинг учун зикр масжидда ва улуғ масканларда бўлиши афзал кўрилади. Улуғ имом Абу Майсара: “Аллоҳ фақат пок майдонда зикр қилинади”, деб айтганлар.

Яна бир шарти оғиз тоза бўлиши керак. Агар оғизда бирор ўзгариш бўлса, мисвок билан кетказилади, ёмон нарсалар бўлса, сув билан ювиб ташланади. Мабодо, оғиз ювилмасдан Аллоҳ зикр қилинса, макруҳдир, аммо ҳаром эмас. Оғиз тозаланмасдан туриб Қуръон ўқиш ҳам макруҳ.

Фасл: зикр қилиш шариат истисно қилган ўринлардан бошқа ҳар қандай ҳолатда маҳбуб амалдир.

Ҳожат чиқараётганда, жимоъ пайтида, хутба ўқилаётганда, эснаётган ҳолатларда зикр қилиш макруҳ саналади. Аммо йўлда макруҳ эмас.

Фасл: зикрдан мақсад қалбнинг ҳузур олишидир. Киши зокир бўлиши учун зикрга қизиқиши ва айтаётганларининг маъносини англаши-тадаббур қилиши лозим. Қироатда тадаббур матлуб бўлганидек, зикрда ҳам матлубдир. Шунинг учун “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимасини чўзиб айтиш ихтиёр қилинган. Чунки бунда тадаббур қилиш имконияти бўлади.

Фасл: кимнинг кундузи ёки кечасида ё намоздан кейин ёхуд бошқа бир пайтда зикрдан вазифаси бўлса, кечиктирмасдан адо қилиш лозим. Агар вақтида бажаришга одатланса, ҳеч қачон ўтказиб юбормайди. Аммо уни бажаришни енгил санаса, зое қилишни ҳам енгил санайди. Умардан (р.а.) ривоят қилинади: “Расулуллоҳ с.а.в.: “Ким кунлик вазифасини адо этмасдан ухлаб қолиб, сўнг бомдод билан пешиннинг орасида ўқиб олса, гўё кечаси ўқиганнинг савоби ёзилади”, дедилар”. Имом Муслим ривояти.

Фасл: гоҳида киши зикр қилаётиб баъзи сабаблар билан уни тўхтатишга мажбур бўлиб қолади. Масалан, салом берилиши мумкин. Шунда алик олиб, сўнг яня зикр қилинаверади. Бирор киши акса урса, “Йаркамукаллоҳ”, деб қўйилади, кейин яна зикрида давом этади. Зикр қилинаётиб, азон эшитилиб қолса, орада унинг калималарига жавоб берилади. Шунингдек, бирор мункар ишни кўрса, ундан қайтаради, бирор яхши ишга даъват қилади. Сўнгра яна давом этади.

Эснаганда ва шу каби ҳолларда зикрни тўхтатиб туради.

Фасл: яхши билингки, намоз ёки бошқа ибодат-амалларда машруъ бўлган зикрлар вожиб ёки мустаҳаб бўлса, ўзи эшитадиган қилиб талаффуз этмаса, ҳисобга олинмайди. (Масалан, намозда қироатини ўзи эшитадиган қилиб ўқиши керак, йўқса, қироат қироат бўлмайди. – Таржимон Анвар Аҳмад изохи)


Давомини ўқиш

18 нояб. 2008 г.

Зикр одоблари (Имом Ан-Нававийнинг “Ал-Азкор” китобларидан). 1-қисм

11484324510006Wf Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади:

فَاذْكُرُونِي أَذْكُرْكُمْ وَاشْكُرُواْ لِي وَلاَ تَكْفُرُونِ

Бас, Мени эслангиз, сизни эслайман. Ва Менга шукр қилингиз, куфр қилмангиз. (Бақара, 152)

وَمَا خَلَقْتُ الْجِنَّ وَالْإِنسَ إِلَّا لِيَعْبُدُونِ

Жин ва инсонни фақат Менга ибодат қилиш учунгина яратдим.(Ваз-зариёт, 56)

Бу оятлардан банда учун энг афзал иш оламлар Раббини ёд этиш ва пайғамбарларнинг саййиди Расулаллоҳ с.а.в. дан ворид бўлган зикрлар билан машғул бўлиш экани билинади.

Келинг Аллоҳни зикр қилишга таалуқли баъзи масалаларни кўриб чиқайлик.

Фасл: Хоҳ махфий, хоҳ зоҳирий бўлсин, барча амалларда ниятни чиройли қилиш ҳамда ихлосли бўлиш лозим.

Аллоҳ таоло Баййина сурасининг 5-оятида айтади: “Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга, У зот учун динни холис қилган, Тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга буюрилган эдилар”. Ҳаж сурасининг 37-оятида эса бундай дейди: “Аллоҳга (қилган қурбонликларингизни) кўштлари ҳам, қонлари ҳам етмас, лекин У зотга сизларнинг тақво-ихлосингиз етар”. Ибн Аббос (р.а.) “У зотга сизларнинг тақво-ихлосингиз етар”, деб тушунтирганлар.

Умар ибн Хаттобдан ривоят қиладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Албатта, амаллар ният биландир. Ҳар бир киши ният қилувчидир. Кимнинг хижрати Аллоҳ ва расули учун бўлса, бас, Аллоҳ ва расули учун ҳижрат қилибди. Кимнинг ҳижрати дунёга етишиш ёки хотинга уйлани учун бўлса, унинг хижрати ўша нарсага бўлибди”. Бу ҳадиснинг саҳиҳлигига ва даражаси улуғлигига иттифоқ қилинган. Бу ҳадиси шариф Ислом асосларидан бирини ифода этгандир. Уламолар бир китоб тасниф этсалар, мана шу ҳадис билан бошлаганлар ва бу билан унга ўқувчининг диққатини қаратганлар.

Ибн Аббосдан бизгача етиб келган бир гап бор. У зот: “Киши ниятига қараб сақланади”, дейишган. Бошқалар эса: “Ниятига қараб берилади”, дейишган.

Саййид Абу Али Фузайл ибн Иёз (р.а.) айтадилар: “Инсонлар сабабли бир амални тарк қилиш риё ва инсонлар сабабли бир амални бажариш ширкдир. Аллоҳ бу иккитасидан сақлагани ҳақиқий ихлосдир”.

Имом Ҳорис Муҳосибий: “Ростгўй киши бошқаларнинг қалбидан чиқадиган нарсага эътибор бермайдиган ва заррача яхшилигидан инсонлар огоҳ бўлишини ёқтирмайдиган ҳамда ёмон амалларидан инсонлар хабардор бўлишини кариҳ кўрмайдиган кишидир”, дейдилар.

Ҳузайфа Маръиший айтадилар: “Ихлос инсоннинг зоҳири ҳам, ботини ҳам бир хил бўлганидир”.

Абулқосим Қушайрий дейдилар: “Ихлос – тоатда Аллоҳ таолонинг якка Ўзини қасд қилиш, тоатдан мақсад Аллоҳга яқин бўлишдир, махлуққа кўриниш учун ёки инсонлардан мақтов эшитиш, муҳаббатини қозониш кабилар эмас”.

Саййид Абу Муҳаммад Саҳл ибн Абдуллоҳ Тустарий бундай дейдилар: “Ихлосни ақлли кишилар харакат, сукут, ботин-у зоҳир фақат Аллоҳ учун бўлиб, ҳавойи нафс ҳам, дунё ҳам аралашмаслиги керак, деб тушунишган”.

Абу Али Даққоқ айтадилар: “Ихлос – халқнинг риоясини қилишдан сақланиш. Ростгуйлик эса – нафсга итоат этишдан омонда бўлиш. Ихлосли кишида риё бўлмайди, ростгуйда мағрурланиш”.

Зуннун Мисрий: “Ихлоснинг аломат учта нарсада билинади: омманинг мақтови ҳам, маломати ҳам бир хил бўлиши; амаллар ичида ўзининг амалини унутиш; амалларига савобни охиратда талаб қилиш”, дейдилар.

Қушайрий (р.а.) айтадилар: “Ростгўйликнинг энг паст даражаси ботин билан зоҳирнинг баробар бўлишидир”.

Саҳл Тустарий дейдилар: “Ўзини ёки бировни алдаган киши ростгўйликнинг ҳидини ҳам ҳидламайди”.

Бу тўғрида сўзларимиз кўп, лекин кифоя даражасида ишора қилдим.

Фасл: агар бирорта фазилатли амалдан хабар топсангиз, унинг аҳлидан бўлиш учун бир марта бўлса ҳам, амал қилиб қўйинг. Асло тарк этманг. Расулуллоҳдан ворид бўлган саҳиҳ ҳадисда: “Агар сизларга бирор нарсани буюрсам, қодир бўлганингизча унга амал қилинглар”, деб айтилган.

Фасл: муҳаддислар, фақиҳлар ва бошқа уламолар мавзуъ-тўқима бўлганидан ташқари барча рағбатлантирувчи ва огоҳ этувчи ҳадисларга фазилатли ибодатларда амал қилиш жоиз, деб айтишади. Аммо ҳалол-ҳаром, олди-сотди, никоҳ, талоқ каби ҳукмларда фақат саҳиҳ ва ҳасан иснодли ҳадисларга амал қилинади. Мабодо, заиф ҳадислар олинадиган бўлса, жуда эҳтиёткорлик билан йўл тутилади. Шунга кўра, савдо-сотиқ ёки никоҳ масалаларида кариҳ кўрилган нарсалар заиф ҳадисларда ворид бўлса, ундан четланиш мустаҳабдир вожиб эмасдир.

Фасл: зикр қилиш мустаҳаб бўлганидек, зикр ҳалқаларида ўтириш ҳам мустаҳабдир. Бунга очиқ-ойдин далиллар келган. Уларга иншааллоҳ, ўрнида батафсил тўхталамиз. Ҳозирча икки-учта ҳадисни зикр қилиш билан кифояланамиз.

Ибн Умардан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар жаннат боғларидан ўтсангиз, сайл қилиб (айланиб) кетинглар”, дедилар. Шунда саҳобалар: “Жаннат боғлари нима, эй Расулуллоҳ?” деб сўрашди. Расулуллоҳ с.а.в.: “Зикр ҳалқалари”, деб айтдилар. Чунки Аллоҳ таолонинг фаришталари зикр ҳалқаларини истаб дунёни кезиб юришади. Зикр қилаётганларни учратиб қолишса, уларни ўраб олишади.

Муовия (р.а.) ривоят қиладилар. Саҳобалар ҳалқа бўлиб ўтиришганда, Расулуллоҳ с.а.в. уларнинг олдига чиқиб: “Сизларни бундай ўтиришга нима ундади?” деб сўрадилар. “Аллоҳни зикр қилиш ва бизни Исломга ҳидоят қилганига ҳамд айтиш учун ўтирибмиз”, дейишди саҳобалар. Шунда Расулуллоҳ с.а.в.: “Мана шунинг учун ўтирдингизларми? Сизларга туҳмат қилган ҳолда онт ичмадим, лекин менга Жаброил (алайҳиссалом) келиб, Аллоҳ таоло сизлар билан фаришталарига фахрланаётганининг хабарини берди”, дедилар.

Абу Саид Худрий ва Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ с.а.в.: “Бир қавм ўтириб Аллоҳни зикр қилса, уларни малоикалар ўраб олади ва раҳмат қоплайди. Устларига хотиржамлик туширади. Аллоҳ уларни Ўзининг ҳузуридагилар (яъни, фаришталар) билан эслайди”, дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

Фасл: зикр қалб ёки тил билан бўлади. Афзали қалб ва тил билан бирга бўлганидир. Агар биттаси ила кифояланишни хоҳласангиз, қалб билан бўлгани афзал. Риёдан қўрқиб, қалб ва тил билан қилинадиган зикрларни тарк қилиш этиш керак эмас. Балки Аллоҳнинг розилигини тилаб доим зикр қилиб юриш лозим. Фузайл (р.а.) юқорида айтганларидек, инсонлар гапидан қўрқиб бир амални тарк қилиш риёдир. Агар одамларнинг мулоҳазасига қараб иш тутилса, кўп яхшилик эшиклари ёпилади, диннинг муҳим ашёлари зоеъ бўлади. Бу йўл орифларнинг йўли эмас.

Оиша (р.а.) “Намозингни жаҳрий ҳам, маҳфий ҳам қилиб юборма” (Исро сураси, 110) ояти дуо ҳақида нозил бўлди”, деганлар. Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари.

Фасл: Тасбеҳ, таҳлил, такбир ёки шуларга ўхшаш нарсалар билан чегараланиб қолманг, балки Аллоҳнинг тоати учун бўлган ҳар бир амал Аллоҳни зикр қилиш ҳисобланади.

(Тасбеҳ – “Субҳоналлоҳ”, таҳмид – “Алҳамду лиллаҳ”, таҳлил – “Ла илаҳа иллаллоҳ”, такбир – “Аллоҳу акбар” деб айтишдир... – Тарж.)

Саид ибн Жубайр ва бошқа уламолар айтишади: “Ҳалол-ҳаром ҳукмлари зикр этилган мажлислар, олди-сотди, намоз ўқиш, рўза тутиш, никоҳ қилиш, талоқ қўйиш, ҳажга бориш ва шунга ўхшаш масалаларда сўз борган барча йиғинлар зикр мажлисларидир”.

Фасл: Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасининг 35-оятида: “Аллоҳни кўп зикр қилувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр қилувчи аёллар – улар учун Аллоҳ мағфират ва улуғ мукофот (яъни, жаннат) тайёрлаб қўйгандир”, дейди.

“Саҳиҳи Муслим”да эса Абу Ҳурайрадан (р.а.) қуйидаги ҳадис ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Муфарридлар олдинга ўзиб кетишди”, дедилар. Шунда саҳобалар: “Муфарридлар кимлар, эй Расулуллоҳ?” деб сўрашди. Расулуллоҳ: “Аллоҳни зикр қилувчи эркаклар ва аёллар”, дедилар”.

Юқоридаги оят тўғрисидаги ихтилофли фикрлар бор. Имом Абул Ҳасан Воҳидий айтадилар: “Ибн Аббос (р.а.) “Бу оятдаги зикр қилувчилардан мурод ҳар бир намоз сўнггида ва кечасию кундузи, тўшакда, уйқудан уйғонганда, ҳар гал манзилдан чиққанда Аллоҳни ёд этувчилардир”, дедилар.

Мужоҳид эса: “Ёнбошлаганда, ўтирганда, тик турганда Аллоҳни зикр қилмаган эркак ёки аёл ҳақиқий зокир бўла олмайди”, деганлар.

Ато (р.а.) айтадилар: “Ким беш вақт намозни ҳақларини адо этиб ўқиса, Аллоҳнинг оятидаги зикр қилувчилар сирасига киради”.

Абу Саид Худрийдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар киши кечаси аҳлини уйғотиб, биргаликда икки ракат намоз ўқишса, кўп зикр килувчи эркак ва аёллардан, деб ёзилади”, дедилар. Бу ҳадис машҳурдир. Абу Довуд, Насаий, Ибн Можа ривоятлари.

Шайх Абу Амр ибн Салоҳдан (р.а.) “Қандай қилиб киши зокир бандага айланиш мумкин?” деб сўрашганида, у зот: “Собит бўлган маъсур (яъни Пайғамбаримиздан нақл этилган) зикрларни тонг отганида, кечқурун, кундузи, ярим кечаси ва ҳар турли ҳолатларда доимий ўқиб юрса, ана шунда оятда келган кўп зикр қилувчилар қаторига қўшилади”, деб жавоб бердилар.

Фасл: уламоларимиз таҳоратсиз ёхуд жунуб бўлган эркаклар, ҳайз ва нифосдаги аёллар тасбеҳ, таҳлил, ҳамд, такбир, саловат ва бошқа дуоларни тили ва қалби билан бажариши жоиз, дейишади. Лекин жунуб бўлган эркак, ҳайз ёки нифосдаги аёл Қуръондан бир парча бўлса-да, тиловат қилиши ҳаромдир. Аммо лафзисиз қалбда айтиши ва назар солиши жоиз, дейишади.

Шунингдек, улар мусибат етганда “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун”, деб истиржоъ айтса, уловга минганларида “Субҳаналлазий саххоро лана ҳаза ва ма кунна лаҳу мўқринийн”, деса, “Роббана атина фид дунйа ҳасанатан ва фил ахироти ҳасанатан ва қина ъазабан нар”, деб дуо қилса, бирор кишига “Китобни қувват билан ол” ёки “Омон ва саломат ҳолда киринглар”, деб буюрса, “Бисмиллаҳ”, “Валҳамду лиллаҳ”, деса булар билан Қуръон ўқишни қасд қилмаса, гуноҳкор бўлмасликларини айтишган. Ва яна уларнинг айтишларича, “Аш-шайху ваш-шайхоту иза занайа фаржумуҳума” каби мансух оятларни ҳам ўқиши мумкин.

Агар сув топа олишмаса, таяммум қилиб, Қуръон тиловат қилишлари жоиз. Шу сингари ғусл ва таяммумдан кейин таҳорат кетганида ҳам қироат қилинаверади. Баъзи соҳибларимиз: “Муқим (яъни, ўз юртида бўлган) киши таяммум билан намоз ўқиса, фақат намозда қироат қилиши жоиз. Аммо намоздан ташқарида мумкин эмас. Сафарда бўлса, жоиз”, дейишади. Лекин юқорида айтганимиз тўғрироқдир. Чунки таяммум ҳам ғусл ўрнига ўтади. Агар жунуб киши таяммум қилиб, кейин сувга етишса, ғусл қилиши лозим бўлиб, таяммум билан қироат этиши ҳаромдир. Агар энди таяммум қилиб, намоз ўқиса ва қироат қилса, сўнг таяммуми бузилиб, янгидан таяммум қилса, унга қироат ҳаром бўлмайди. Бундан бошқа фикрлар ҳам бор, лекин улар заифдир.

Давоми бор...


Давомини ўқиш

9 окт. 2008 г.

Витрдаги қунут дуоси

duaa Намоздаги қунут дуоси ҳақида, алҳамдулиллаҳ жуда кўп ёзилган ва барча саволларга жавоблар берилган. Қунут дуоси қачон ва қай ҳолатларда ўқилади? Рукуъдан олдинми ёки кейинми? Бунда қайси дуони ўқиш афзал? Бомдод намозида қунут ўқиладими? каъби саволларга islom.uz сайтида хурматли устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф хазратлари батафсил жавоб берганлар.

Биз ушбу мақоламизда намозга янги кирган биродарларимизни қизиқтирувчи яна бир қатор саволларга жавоб беришни лозим топдик.

1. Қунут дуосини ёдлашга улгурмаганлар қандай йўл тутмоғи лозим? Китобда берилган дуо ўрнига бошқа дуо ўқиса ҳам бўладими?

2. Баъзи биродарларимиз "қунутни ёдлагунингча унинг ўрнига Ихлос сурасини уч мартадан (ёки бошка бирон сурани) ўқиб турсанг бўлади" дейишади шу тўғрими?

3. Қунут дуоси биттами?

Биз ўзимиздан хеч қандай фатво бермаслигимиз сабабли исломий манбаъаларга мурожат қилдик ва қуйидаги жавобларни топдик:

Савол: Қунут дуосини ёдлашга улгурмаганлар қандай йўл тутмоғи лозим? Китобда берилган дуо ўрнига бошқа дуо ўқиса ҳам бўладими?

Жавоб: Имом Ан-Нававий (раҳматуллоҳи алайҳ) ўзларининг Ал-Азкор китобларида “маълум бир дуони қунут деб танлаб олиш тўғри эмас. Ҳар кандай дуо ҳам қунут ўрнига ўтади, масалан Қуръон оятларида келган дуоларни ҳам ўқишингиз мумкин, лекин хадисларда келган дуоларни  ўқиш афзалроқ”, деган фикрни билдирганлар.

Шайх Ал-Албоний  “ҳадисда келтирилган дуони ўзинигина ўқиш шарт эмас балки унга қўшимча қилиб кофирларга қарши дуо қилиш, Пайғамбаримиз с.а.в. га саловот ва саломлар йўллаш ёки мусулмонлар ҳаққига дуо қилиш мумкин”, деган фикрни билдирганлар. (Қиям Рамадан, 31)

Юқоридагилардан ҳулоса қилиб айтишимиз мумкинки, албатта суннатга амал қилган ҳолда ҳадисларда келтирилган қунут дуосини ўқиш афзал, лекин бу дуони ҳали ёдлашга улгурмаган бўлсангиз бошқа билган дуоларингизни ўқишни ҳам хеч зиёни йўқ. Шунингдек қунут дуосига қўшимча қилган ҳолда дилингизда бор нарсаларни ҳам Аллоҳдан сўрасангиз ҳам жоиз.

Бу ерда таъкидлаб ўтишимиз керакки аксар уламолар бу дуолар араб тилида бўлиши керак деган фикрни билдирганлар.

 

Савол: Баъзи биродарларимиз "кунутни ёдлагунингча унинг ўрнига Ихлос сурасини уч мартадан (ёки бошка бирон сурани) ўқиб турсанг бўлади" дейишади шу тўғрими?

Жавоб: Бу саволга Шайх Муҳаммад Саҳиҳ ал-Мунажжид қуйидагича жавоб берганлар: “Намоздаги қунутдан мақсад бу дуо яъни Аллоҳдан сўраш, ёлворишдир. Агар қунут ўрнига ўқиётган оятларингиз шунга тўғри келса бу жоиз, акс ҳолда ихтиёрий сура ёки оятни ўқиш жоиз эмас. Масалан дуо ўрнида ўқиш мумкин бўлган оятлардан бири Оли Имрон сурасининг саккизинчи ояти:

رَبَّنَا لاَ تُزِغْ قُلُوبَنَا بَعْدَ إِذْ هَدَيْتَنَا وَهَبْ لَنَا مِن لَّدُنكَ رَحْمَةً إِنَّكَ أَنتَ الْوَهَّابُ

Маъноси: Эй Роббимиз, бизни ҳидоят қилганингдан сўнг қалбларимизни оғдирмагин ва бизга Ўз ҳузурингдан раҳмат ато қилгин. Албатта Сенинг Ўзинг кўплаб ато қилувчисан.”

 

Савол: Қунут дуоси биттами?

Жавоб: Ҳадис китобларида Пайғамбаримиз с.а.в. дан бир нечта қунут дуолари келтирилган. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф хазратлари Ҳанафий ва Моликий мазҳаблари ўқийдиган дуога қуйидаги далилни келтирганлар:

Холид ибн Аби Имрондан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Музарнинг зиддига дуо қилаётганларида бирдан Жаброил келди ва У зотга, жим, деб ишора қилди. У зот жим бўлдилар. Бас, у: «Эй, Муҳаммад, албатта, Аллоҳ сени сўконғич қилиб ҳам, лаънатловчи қилиб ҳам юборгани йўқ. Албатта, сени оламларга раҳмат қилиб юборди. Сенга ишдан ҳеч бир нарса йўқдир», деди. Сўнгра «Қунут»ни ўргатди:
«Аллоҳумма иннаа настаъийнука ва настаҳдийка ва настағфирука ва натубу илайк. Ва нуъминубика ва натаваккалу алайк. Ва нусни алайкал хойра куллаҳ. Нашкурука ва лаа накфурук. Ва нахлаъу ва натруку ман яфжурук. Аллоҳумма ийяка наъбуду ва лака нусолли ва насжуду ва илайка насъа ва наҳфиду. Ва наржу раҳматака ва нахша азабака. Инна азабака бил куффаари мулҳиқ». Имом Абу Довуд ривоятлари
Дуонинг маъноси:
«Эй, бор Худоё, албатта, биз Сендан ёрдам сўраймиз, Сендан ҳидоят сўраймиз, Сенга истиғфор айтамиз ва Сенга тавба қиламиз. Ва Сенга иймон келтирамиз ва Сенга таваккал қиламиз. Ва Сенга шукр келтирамиз, куфр келтирмаймиз. Ким Сенга фожирлик қилса, уни ажратамиз ва тарк қиламиз. Эй, бор Худоё, Сенгагина ибодат қиламиз, Сенгагина намоз ўқиймиз ва сажда қиламиз, Сенгагина интиламиз ва шошиламиз. Ва Сенинг раҳматингни умид қиламиз ва азобингдан қўрқамиз. Албатта, Сенинг ҳақ азобинг кофирларга етгувчидир».
Саҳобаи киромлар ушбу дуога иттифоқ қилганлар, бу дуо ҳазрати Умар ва у кишининг ўғиллари Абдуллоҳ ибн Умарнинг дуолари сифатида ҳам машҳур бўлган. Мазкур дуонинг маъносини яхшилаб ўрганиб, унга амал қилишга ўтиш жуда яхшидир.

 

Имом Ан-Нававий Ал-Азкор китобларида қуйидаги дуони ҳам келтирганлар : “Ҳасан ибн Али р.а. ривоят қиладилар: “Расулаллоҳ алайҳиссалом менга бир қанча калималарни ўргатдилар. Уларни мен витрда айтаман: “Аллоҳуммаҳдиний фийман ҳадайта ва ъафиний фийман ъафайта ва тавалланий фийман таваллайта ва барик лий фийма аътойта ва қиний шарро ма қозойта фаиннака тақзий ва ла йуқзо ъалайка ва иннаҳу ла йазиллу ман валайта табарокта роббана ва таъалайта”.

Маъноси: Эй Раббим, ҳидоят қилган кишиларнинг қатори мени ҳидоят қил, офиятда қилган кишилариндек мени офиятда қил, ёрдам берган кишиларнигдек менга ёрдам бер. Берган нарсаларинги менга баракали қил. Ҳукм қилган нарсаларингнинг ёмонидан мени сақла. Сен ҳукм қилувчисан. Сенга ҳукм қилинмайди. Сенга дўст бўлган кишилар сало хор бўлмайди. Эй Раббим, Сен баракотли ва олий Зотсан”. Абу Довуд, Термизий, Насаий, Ибн Можа, Байҳақий ривояти.

Шунингдек юқорида айтилганидек фақатгина қунут билан чегараланмасдан қўшимча дуолар қилиш ҳам жоиз.

Умид қиламизки бугунги мақоламиз сиз учун фойдали бўлди. Аллоҳ қилаётган яхши амалларимизда бардавом қилсин. Амийн.

Ассалому алайкум ва Раҳматуллоҳу ва Барокатуҳ.


Давомини ўқиш