وَلْتَكُن مِّنكُمْ أُمَّةٌ يَدْعُونَ إِلَى الْخَيْرِ وَيَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنكَرِ وَأُوْلَـئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ
Сизлардан яхшиликка чақирадиган, амри маъруф–наҳий мункар қиладиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар нажот топгувчилардир. (Оли Имрон, 104)
Показаны сообщения с ярлыком суннат. Показать все сообщения
Показаны сообщения с ярлыком суннат. Показать все сообщения

10 янв. 2009 г.

Намознининг фарз, вожиб ва суннатлари баёни

salat06 Ушбу мақоламизни ёзишдан аввал сиз азизларга саждаи саҳв ҳақида маълумот бермоқчи эдик. Лекин Исломий манбаъларни кўриб чиққандан сўнг ишни узоқроқдан бошлашни ният қилдик. Аллоҳ бошлаган ишимизни енгил қилсин.

Ушбу мақоламизда қуйидаги саволларга қўлдан келганча жавоб берамиз иншааллоҳ:

  • Намознинг фарзлари қайси?
  • Намознинг фарзларидан бирини тарк қилса нима қилади?
  • Намознинг вожиб ва суннатлари қайси?
  • Вожиб ёки суннат амални тарк қилган инсон нима қилади?
  • Юқоридагилардан қай бирини тарк қилганда намоз бузилади?
  • Қачон саждаи сахв қилиш вожиб бўлади?

 

Намознинг фарзлари

Намознинг ташқарисидаги фарзлари унинг шартлари, намоз ичидаги фарзлар эса унинг арконлари дейилади.

Намоз шартларидан бири бажармасдан ўқилган намоз қабул бўлмайди, шунингдек намоз ўқиётганда шу шартлардан бири бажарилмаслиги билан намоз ҳам бузилади.

Намознинг шартлари:

1. Ўқилаётган намоз вақти кирган бўлиши. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб айтади: “Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир” (Нисо, 103).

Шунингдек Исро сурасида шундай дейилади: “Қуёш оғишидан то кун қоронғусигача намозни тўкис адо қил. «Фажр Қуръони»ни ҳам. Албатта, «фажр Қуръони» гувоҳлантирилгандир” (Исро, 78).

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф шарҳи: Уламоларимиз, бу оятда беш вақт намозни адо этишга ишора бор, дейдилар. Қуёш қиёмдан оғиши билан Пешин вақти киради. Ҳар бир нарсанинг сояси ўзига икки баравар бўлиши билан Аср вақти киради. Қуёш ботиши билан Шом ва тун қоронғусида Хуфтон вақти бўлади. «Фажр қуръони», Бамдоддир.

2. Аврат ёпиқ бўлиши. Имом Ан-Нававий авратни ёпишдан мурод терининг ранги ажралмайдиган даражада бўлиши керак деган фикрни билдирганлар. Шайх ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ ҳам бадани кўринадиган даража юпқа кийим кийган кишининг аврати ёпилмаган ҳисобланади деб айтганлар.

Эркак кишининг аврати киндигидан то тиззасига қадар, аёл кишининг эса будун бадани авратдир, фақатгина юзи ва икки қўли бундан мустасно. Уламолар аёл кишининг оёқлари ҳам авратми ёки йўқми деган фикрда иҳтилоф қилганлар.

Албатта эркак киши киндигидан пастини тўсиб қўйиб намоз ўқиши мумкин лекин Аллоҳ таолонинг қаршисида туриб, шундай улуғ ибодатни қилаётган эканмиз, имкон қадар гўзал ва тўкис кийинишликка ҳаракат қилишими лозим. Зеро Аллоҳ таоло айтади: “Эй Одам болалари, ҳар бир ибодат чоғида ўз зийнатингизни олинг” (Аъроф, 31). Шунингдек аёл кишиларнинг тор шим ва куйлакларда намоз ўқишлари намозларини бузмасада, кўпчилик олимлар томонидан макруҳ дейилган.

Намоз вақтида аврат очилиб кетса ва уни дарров ёпишнинг имкони бўлмаса намози бузилади. Лекин очилган жойини дарров ёпса намози бузилмайди. Шунингдек аврати очилиб қолганини билмай намозни ўқиб тугатганидан сўнг билса ҳам намозни қайта ўқимайди.

3. Таҳоратли бўлиш. Яъни ғусл вожиб бўлган инсон ғусл қилган ва таҳорати йўқ инсон таҳоратли бўлиши ҳам намознинг шартидир. Абу Ҳурайра р.а. дан ривоят қилинган ҳадисда Расулаллоҳ с.а.в.: “Таҳорат қилмагунингизча Аллоҳ таоло биронтангизни намозингизни қабул қилмайди”, деганлар (Имом Буҳорий ривояти).

Намоз ўқиб бўлганидан сўнг таҳорати йўқлиги эсига тушган инсон таҳорат олиб намозини қайтадан ўқийди.

4. Намозхон бадани, кийими ва намоз ўқиладиган жойнинг нажасдан пок бўлиши. Намоз ўқиётган пайтида уст кийимида (салла, тўн, нимча ва ҳоказо) нажас борлигини билган инсон имкони бўлса ва аврати очилиб қолмайдиган бўлса, намозни бузмасдан туриб, уни ечиб қўйиши мумкин. Баданида ёки кийимида нажас бўлса-ю, олиб ташлашга имкони бўлмаса намозини бузиб, нажасдан пок бўлиб, сўнгра намозини қайтада ўқиши лозим. Намоз ўқиб бўлганидан сўнг кийимида нажас борлигини билган инсон намозни қайта ўқиши лозим бўлмайди.

5. Қиблага юзланиш. Имкони бўла туриб қиблага юзланмаган инсоннинг ҳам намози қабул бўлмайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб айтади: “Бас, албатта, сени ўзинг рози бўлган қиблага қаратамиз. Юзингни Масжидул Ҳаром томон бур. Қаерда бўлсангиз ҳам, юзингизни у томон бурингиз” (Бақара, 144).

Қиблани нотўғри аниқлаб намоз ўқиган инсон, намоздан сўнг тўғри қиблани билса намозини қайта ўқимайди. Шунингдек намоз пайтида бирон киши унга тўғри қиблани кўрсатса, намозини бузмасдан туриб қиблага юзланиб олиши мумкин. Бунинг далили бир гуруҳ саҳобалар Қуба масжидида Сирия томонга юзланиб бамдод намозини ўқиб турган вақтларида бошқа бир саҳобий келиб қиблани Каъбага кўчирилгани ҳақидаги оят нозил бўлганидан ҳабар берганида саҳобалар намозни бузмасдан туриб Каъбага юзланганликлари ҳақидаги ҳадисдир (Буҳорий ва Муслим ривоятлари).

Касаллиги сабаб қиблага юзлана олмайдиган ёки ҳавф туфайли қибладан бошқа тарафга юзланиб намоз ўқишни уламолар жоиз деганлар. Шунингдек сафар давомида улов устида ўқилган нафл намозларида ҳам қиблага юзланиш фарз эмас.

6. Ният қилмоқ. Исломда барча амаллар ният биландир. Зеро Расулаллоҳ с.а.в. айтганлар: “Амаллар ниятга яраша бўлади, хар ким учун ният килган  нарсаси бўлади” (Бухорий ва Муслим ривоятлари). Беният намоз, намоз эмас. Лекин бир нарсани билиш керакки ният дегани бу намозан олдин ҳудди китобда келтирилгани каби “Қиблага юзланиб, пешин намозининг 4 ракат фарзини ҳолис Аллоҳ учун ўқишни ният қилдим ва ҳоказо” дейиш эмасдир. Ният бу оддий ният, масалан уйдан пешин намози фарзини ўқиш учун масжидга кетаяпсиз, шунинг ўзи ният. Ёки бамдод намозига туриб таҳорат олаяпсиз бу ҳам ният. Бир нарсани қилишга тараддудланиш ҳам ниятдир. Демак агар масжидга фарз намоз ўқигани келдингизу, ҳудди китобда келтирилгани каби гапларни такбирдан олдин айтиш эсингиздан чиқди дейлик, бу билан сизнинг намозингиз бузилган бўлмайди.

Имкони бўла туриб юқоридаги олтита шартларни ҳаммасини бажармасдан туриб намоз ўқиб бўлмайди.

Ушбу олтита шартга албатта ўз-ўзидан қуйидаги шартлар ҳам қўшилади: Инсоннинг мусулмон бўлиши, ақли расо ва балоғат ёшига етган бўлиши.

Намоз ичидаги фарзлар (рукнлар)

Намознинг шартлари ҳақида олимлар бир фикрга иттифоқ қилган бўлсалар, намоз ичидаги фарзлар ҳамда намознинг вожиблари борасида турли фикрлар билдирганлар. Баъзи олимлар фарз деб санаган амаллар бошқа олимлар тарафидан вожиб, яна бошқа олимлар эса суннат деб эътироф қилишган. Шунинг учун биз қуйида Ҳанафий мазҳаби уламолари фикрини келтирдик. Тўлиқроқ маълумот олишни истаганларга эса фиқҳий китобларга мурожат қилишни тавсия қиламиз.

Демак Ҳанафий мазҳабига кўра намоз рукнлари қуйидагилар:

  1. Ифтитоҳ (кириш) такбири (Аллоҳу Акбар дейиш)
  2. Қиём
  3. Қироат қилиш
  4. Руку
  5. Сажда (бунда икки тизза, оёқ бармоқлари, икки кафт, пешона ва бурун тўлиқ ерга теккизилиш шарт).
  6. Оҳирги ташаххудга ўтириш

Савол: намознинг рукнларидан бирини тарк қилган инсон нима қилади?

Қасддан бирор рукнни тарк қилиш ҳаромдир. Бундай қилган қилган инсон гуноҳкор бўлади ва намози бузилади.

Эсдан чиқиб бирор рукн бажарилмай қолганда қуйидаги уч ҳолатдан бири бўлиши мумкин:

1. Агар ҳаёл билан бўлиб рукнлардар бирини ташлаб кетган инсон кейинги мана шу рукнга қадар қилган ҳатосини эсласа унда ортга қайтиб, қолиб кетган рукнни бажаради ва ана шу жойидан намозини давом эттиради.

Мисол учун биринчи ракатда руку қилмасдан саждага кетиб қолган инсон, сажда қилиб бўлганидан сўнг руку қилмаганини эсласа, қайтиб туриб рукуни қилади ва шу жойидан давом этиб намозини якунлаб саждаи саҳв қилади.

2. Эсдан чиқиб ташлаб кетган рукнни кейинги ракатда шу рукнни бажарганидан сўнг эслаган инсоннинг ҳато қилган ракати бекор бўлади. Кейинги ракати олдинги ракат ўрнига ўтади ва бекор бўлган ракат учун яна бир ракат қўшимча ўқийди.

Мисол учун биринчи ракатда руку қилмасдан саждага кетиб қолган инсон, кейинги ракатни рукусини қилиб бўлганидан сўнг олдинги ракатдаги рукуси қолиб кетганини эслаб қолса, олдинги ракатини бекор бўлган деб ҳисоблайди ва ўқиётган иккинчи ракатини биринчи ракат деб ҳисоблаб намозини якунлаб қўяди (адашган ракат билан қўшиб ҳисоблаганда бир ракат кўпроқ намоз ўқиган бўлади). Намоздан сўнг эса саждаи сахв қилади.

3. Намоз ўқиб бўлганидан сўнг рукнлардан бири қолиб кетганини эслаган инсон агар намоздан сўнг узоқ вақт ўтмаган ва таҳорати синмаган бўлса намозини қолдириб кетган рукнидан бошлаб қайта ўқийди. Агар биронта ракатни қолдириб кетганини эсласа ўша ракатни ўқиб қўяди ва саждаи сахв қилади.

Мисол учун тўрт ракатли намознинг учинчи ракатида рукуни қолдириб кетган инсон қайтиб жойига туради, учинчи ракат рукусидан бошлаб намозни охиригача ўқиб якунлайди ва саждаи саҳв қилади.

Агар намоздаги бирор рукнни қолдириб кетгани узоқ вақт ўтганидан сўнг ёки таҳорати синганидан сўнг эсига тушса намозини қайта ўқийди.

Қисқа вақт деганда нима назарда тутилишини олимлар аниқ айтмаганлар, бу кишининг ўзига боғлиқ. Ҳанафий мазҳабининг фиқҳий китобларида намозгоҳни тарк қилмаган бўлса ва бошқалар билан сўзлашмаган бўлсагина келган рукнидан бошлаб ўқийди акс ҳолда намозини қайта ўқийди деган фикр билдирилган (Раддул Мухтор, Ал-Баҳрур Роиқ)

Шунингдек узоқ вақтдан бери бирор фарз амални тарк қилиб келаётганини билган намозҳон ана ўша намозларини барчасини қайта ўқийди (ҳоҳ бир хафта, ҳоҳ бир йил бўлсин).

Намоз вожиблари

Ҳанафий мазҳабига кўра намознинг вожиблари қуйидагилар:

  1. Фотихани қироат қилиш
  2. Фотихадан сўнг зам сура ўқиш
  3. Уч ва тўрт ракатли намозларнинг олдинги икки ракатида қироат қилиш
  4. Биринчи ташаххудга ўтириш
  5. Қаъдаларда ташаххуд ўқиш
  6. Имом учун овоз чиқариб ўқиладиган намозларда жахрий тиловат қилиш
  7. Витр намозида қунут дуосини ўқиш
  8. Рукнларни маромида қилиш
  9. Адашган ҳолда саждаи саҳв қилиш
  10. Намозни салом билан тугатиш

Савол: намоз вожибларидан бирини тарк қилган инсон нима қилади?

Намознинг вожиб амалларидан бирини қасддан тарк қилиш билан киши гуноҳкор бўлади ва намози бузилади. Вожиб амаллардан бири эсдан чиқариб ёки билмасдан ташлаб кетган инсонга саждаи саҳв қилиш вожиб бўлади. Бунда ҳам уч ҳолат бўлиши мумкин:

1. Вожиб амални тарк қилганини намознинг ичида эслаган инсон намозини давом эттираверади ва оҳирида саждаи саҳв қилади.

2. Намоз тугаши билан қисқа вақт ичида вожиб амал қолиб кетганини эслаган инсон ҳам саждаи саҳв қилади.

3. Узоқ вақт ўтганидан сўнг эсига тушган тарк қилинган вожиб амал учун саждаи саҳв қилинмайди. Сабаби вожиб амални ҳаёл билан ёки билмасдан тарк қилиш билан намоз бузилмайди.

Юқорида айтлигани каби бизнинг Ҳанафий мазҳабимизда қисқа вақтга қуйидга талаблар қўйилади: намозгоҳни тарк қилмаган бўлиши (яъни масжидда ўқиган бўлса масжидда бўлиши), бошқалар билан гаплашмаган ва таҳорати синмаган бўлиши.

Намоз суннатлари

Намознинг суннатлари жуда ҳам кўп. Юқорида фарз ва вожиб амаллардан бошқа барча сўзлар, зикрлар, тасбиҳлар ва ҳаракатлар суннат амаллардир. Масалан: сано дуоси, руку ва саждаларда қилинадиган турли тасбеҳ ва таҳмидлар, ишораи саббоба, саждада дуо қилиш, намоз сўнгида саловотдан сўнг дуо қилиш, қиёмда ўнг қўлни чап қўл устига қўйиш, ташаҳудда суннатга мувофиқ ўтириш ва ҳоказолар намознинг суннатларидир.

Намозда айтиш суннат бўлган зикр, дуо, таҳмид ва тасбеҳлар Имом Ан-Нававийнинг Ал-Азкор китобларида жуда ҳам батафсил келтирилган. Суннат амалларни эса турли фиқҳий китоблардан билиб олиш мумкин.

Савол: Намознинг суннатларидан бирини тарк қилган инсон нима қилади?

Агар инсон бирор суннатни доимий равишда қилиб юрган бўлса ва эсдан чиқариб шу суннатни тарк қилса, намоз сўнгида саждаи сахв қилиш мустаҳаб бўлади. Агар доимий равишда қилмайдиган суннат амали бўлса саждаи сахв қилмайди. Суннат амални қасддан тарк қилиш билан намози бузилмайди, лекин доимий қилиб юриладиган суннат бўлса ёки таъкидланган суннат бўлса бундай қилиш яхши эмас.

Юқорида биз қўлдан келганча намознинг фарз, вожиб ва суннатларини ўргандик. Кейинги мақолаларимизда иншааллоҳ намозни бузувчи амалларни ва саждаи сахв қай ҳолатда қандай қилинишини кўриб чиқамиз.

Манбаъалар:

Forgetfulness Prostration in Hanafi fiqh

Forgetfulness During Prayer

“Кифоя”, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф


Давомини ўқиш

19 окт. 2008 г.

Нафл намозлари қайси?

DSCF8543 Ислом.uz сайтида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф хазратлари “Нафл намозлари уйда бўлган афзал” номли жуда чиройли мақола ёзганлар. Мақолада пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в. дан бир нечта ҳадислар ривоят қилиниб, уйда ўқилган нафл намозларинининг даражаси жудаям улуғлигини, унга бериладиган савобларнинг масжидда ўқилган нафл намозларидан бир неча баробар кўплиги ёритилган.

Иқтибос: “Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кишининг ўз уйидаги фарз намозидан бошқа намози менинг ушбу масжидимдаги намозидан афзалдир», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган. Ироқий, саҳиҳ, деган.

Шарҳ(МСМЮ): Одатда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларидаги бир ракъат намоз бошқа масжидлардаги минг ракъат намозга тенг бўлади. Лекин шундоқ бўлса ҳам, бировнинг ўз уйида ўқиган нафл намози Масжиди Набавийда ўқийдиган намозидан афзал экани Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан тасдиқланиши катта маънони билдиради. Бу маънони ҳеч қачон унитмаслик керак”.

Лекин шу ўринда бир савол туғилади: “Фарз намозларидан олдин ва кейин ўқиладиган суннат намозлари ҳам нафл хисобланадими, уларни ҳам уйда ўқиган афзалми?”

Бу савол берилишига сабаб бизнинг юртимизда суннат намозларини масжидда ўқиш одат бўлганидир. Афсуски юқоридаги мақолада бу масалада хеч бир фикр билдирилмаган.

Аслида бу жудаям содда савол, ва биз мурожаат қилган имомлар ҳам иккиланмасдан булар ҳам нафл деб жавоб беришди. Келинг ушбу саволга ҳадислардан жавоб қидиришга ҳаракат қиламиз.

Умму Ҳабийба розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулаллоҳ с.а.в. «Қайси бир мусулмон банда ҳар куни фарздан ташқари ўн икки ракъат ихтиёрий (нафл) намоз ўқиса, албатта, Аллоҳ унга жаннатда уй қуриб беради», дедилар.
Умму Ҳабийба: «Шундан кейин уларни доимо ўқиб келмоқдаман», дедилар».
(Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоятлари)
Термизий: «Пешиндан олдин тўрт ва кейин икки ракъат. Шомдан кейин икки ракъат, Хуфтондан кейин икки ракъат. Бомдоддан олдин икки ракъат»ни зиёда қилган».

Яъни юқоридаги ҳадисдан кўриниб турибдики Пайғамбар с.а.в. нафл (ихтиёрий) намозлар қаторида биз ҳар куни ўқиб юрадиган суннатларни санаб ўтганлар, ва бу намозларни канда қилмаган инсонга жудаям катта ажр ваъда қилинганини таъкидлаганлар.

Демак бу намозлар ҳам нафл, ихтиёрий намозлардир лекин Пайғамбаримиз бу намозларни хеч канда қилмаганликлари сабабли улар суннат даражасига кўтарилган. Яъни зохири нафл, лекин суннат бўлган нафл деб тушунсак тўғри бўлар эди.

Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кишининг ўз уйидаги фарз намозидан бошқа намози менинг ушбу масжидимдаги намозидан афзалдир», дедилар. (Абу Довуд ривояти)

Юқоридаги ҳадисда ҳам “…фарз намозидан бошқа намози…” деб зикр қилинган. Демак бундан хулоса қилиб суннат намозларини ҳам уйда ўқисак ҳадисда ваъда қилинган савобга, иншааллоҳ эришамиз.

Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “(Нафл) намозни уйингизда ўқингиз. Албатта, кишининг энг яхши намози уйидагисидир. Фақат фарз намоз бундан мустасно”, дедилар. (Бухорий, Муслим, Термизий ривоятлари)

Бу ҳадисда ҳам Расулаллоҳ с.а.в. фарздан бошқа намозларни уйда ўқишга тарғиб қилганлари аниқ ва равшан кўриниб турибди.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон бирингиз масжиддаги намозни битирса, уйи учун ҳам ўз намозидан насиба қилсин. Чунки, Аллоҳ унинг уйида намози сабабли яхшилик қиладир”, дедилар”. (Имом Муслим ривоятлари)

Ал-Манаави юқоридаги ҳадисни шархлаб “… масжиддаги намозни битирса…” дейилганда фарз намозлари назарда тутилган дейди.  (Файд ал-Қадир", 1/418). 

Демак фарз намозини масжидда жамоат билан бирга адо қилиб, суннат намозларини уйимизда ўқисак, иншааллоҳ Аллоҳ таоло уйимизга яхшиликлар это қилар экан.

Абдуллоҳ ибн-Шақиқдан р.а. ривоят қилинади: “Мен Оиша р.а. дан Расулаллоҳнинг нафл намозлари ҳақида сўрадим. Оиша р.а. қуйидаги жавобни берди: “Расулаллоҳ с.а.в. менинг уйимда пешиндан олдин тўрт ракат намоз ўқир эдилар, сўнгра чиқиб одамларга имомлик қилардилар, сўнг қайтиб икки ракат намоз ўқир эдилар. Ва шом намозини ҳам одамларга ўқиб бериб, сўнг уйга қайтардилар ва икки ракат намоз ўқир эдилар. Хуфтон намозида ҳам одамларга имом бўлиб намозни ўқир эдилар кейин эса уйга қайтиб яна икки ракат намоз ўқир эдилар. Кейин эса тўққиз ракат тахажжуд намозини ўқир эдилар (витр билан бирга). Тунда баъзида тик туриб баъзида ўтириб жуда узоқ намоз ўқир эдилар. Агар тик тириб Қуръон тиловат қилган бўлсалар тик турган ҳолларидан руку ва саждага борардилар, агар ўтириб ўқиётган бўлсалар ўтирган ҳолларидан руку ва саждага борардилар. Субҳ кирганда эса икки ракат намоз ўқир эдилар” (Имом Муслим ривоятлари).

Имом Ан-Нававий юқоридаги ҳадисни шархида “Доимий суннат намозларини ҳам бошқа нафл намозлари каби уйда ўқиш мустаҳаб. Бу аксар уламоларнинг фикри” деганлар (Шарх Муслим, 6/9).

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Пешиндан олдин икки сажда, ундан кейин икки сажда, Шомдан кейин икки сажда, Хуфтондан кейин икки сажда, Жумадан кейин икки сажда ўқидим. Шом, Хуфтон ва Жума(суннати)ни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга уйларида ўқидим». (Имом Муслим ривояти)

Ибн Умардан ирвоят қилинади: "Расулаллоҳ с.а.в. жума намозидан сўнг масжидда ҳеч бир намозни ўқимас эдилар. Фақат уйларига бориб, икки ракат намоз ўқирдилар" (Имом Муслим ривоятлари)

Яъни юқоридаги ҳадислардан ҳам кўриниб турибдики Расулаллоҳ с.а.в. кундалик суннат намозларини ҳам жума намозидан кейинги суннатни ҳам уйда ўқишни афзал кўрганлар. Фақатгина Жума намозидан олдин ўқиладиган нафл намози бундан мустасно. Бунинг далили Салмон Форсий р.а. ривоят қилган қуйидаги ҳадисдир:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Жума куни ғусл қилиб, иложи борича покланиб, ўз мойидан мой суртиб, уйидаги хушбўй нарсалардан суртиб, сўнгра чиқиб, икки кишининг орасини ёрмай (жой топиб) ўзига битилган намозни ўқиса ва имом гапирганда жим туриб қулоқ солса, албатта, унинг ўтган Жумадан бунгача бўлган нарсалари мағфират қилинади”, дедилар (Имом Бухорий ривояти)

Шу ўринда айтиш керакки жума намозидан кейинги суннатни масжидда ўқишни ихтиёр қилганлар тўрт ракат ўқисалар тўғри бўлади. Абу Довуд ўзининг Суннан китобида Ибн Умарнинг жумадан кейинги суннатни масжидда тўрт ракат ёки уйда икки ракат ўқиганини ривоят қилади (Суннан Абу Довуд, 1130)

Демак хулоса қилиб айтамизки кундалик фарз намозларига қўшилиб келган суннат намозларини ва жума намозидан кейинги суннат намозини ҳам уйда ўқиш афзалроқ экан, ва имкониятимиз бўлганда шундай қилсак суннатга амал қилган бўламиз, иншааллоҳ. 

Шу билан бирга эслатиб ўтамизки, барча нафл намозлари ҳам уйда ўқилавермайди. Нафл намозлари орасида масжидда ўқиладиганлари ҳам жамоат билан ўқиладиганлари ҳам бор. Булар ҳақида иншааллоҳ келгуси мақолаларимизда батафсил сўз юритамиз.

Ва аллоҳу аълам

Аллоҳ таоло қилаётган ибодатларимизни даргоҳида қабул қилсин. Амийн.


Давомини ўқиш