وَلْتَكُن مِّنكُمْ أُمَّةٌ يَدْعُونَ إِلَى الْخَيْرِ وَيَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنكَرِ وَأُوْلَـئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ
Сизлардан яхшиликка чақирадиган, амри маъруф–наҳий мункар қиладиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар нажот топгувчилардир. (Оли Имрон, 104)
Показаны сообщения с ярлыком ahli kitob. Показать все сообщения
Показаны сообщения с ярлыком ahli kitob. Показать все сообщения

18 нояб. 2008 г.

Қиёмат аломатлари. 6-қисм

Dark Clouds on the Horizon Қиёмат аломатлари рукнимизни давом этамиз.

21. Қотилликнинг кўпайиши

Шақиқ ривоят қиладилар: “Абдуллоҳ ва Абу Мусо билан ўтирган эдим, улар менга: “Набий с.а.в. бундай деб айтганлар” дейишди: “Киёматга қоим бўлиш арафасида жаҳолат кучайиб, қотиллик кўпаяди”. (Имом Бухорий ривояти)

Абу Мусодан ривоят қилинган бошқа ҳадисда Расулаллоҳ с.а.в.: “Қиёмат қоим бўлиш арафасида харж кўпаяди” дедилар. Саҳобалар “Ҳарж нима?” деб сўрашди. У зот с.а.в. “Қотилликдир” дедилар. Саҳобалар яна сўрашди: “Наҳотки биздан ҳам кўп одамни қатл қилишадими. Биз бир йилда етмиш мингдан кўп одам қатл қиламиз-ку?!”. Расулаллоҳ с.а.в. жавоб қилдилар: “Улар мушрикларга қарши жанг қилмайдилар, балки бир-бирларининг қонини тўкадилар”. Саҳобалар: “У пайтда бизнинг ақлимиз қаерда бўлади?” деб сўрашди. Расулаллоҳ с.а.в.: “У вақтда кўпчилик ақлини йўқотади, фақатгина озчилик эсини йўқотмайди. Кўплар ўзини ҳақ деб ўйлайдилар, аслида эса ҳақиқатдан жуда йироқда бўладилар” деб жавоб қилдилар. (Имом Аҳмад ва Ибн Можа ривояти, Албоний саҳиҳ деган).

Расулаллоҳ с.а.в. даврларида мусулмонлар кофир ва мушрикларга қарши жанг қилардилар, ва жуда кўпини жанг давомида қатл қилиб юборардилар. Расулаллоҳ с.а.в. шундай вақтлардан огоҳлантирдиларки, у пайтда мусулмон мусулмонни қонини тўкади, ва ўзини ҳақ йўлдаман деб ўйлайди.

Абу бурда ривоят қилади. Бир куни бозорда туриб бир нарсадан ҳайратланиб бир қўлимни иккинчисига урдим. Отаси саҳобалардан бўлган Ансорлардан бири “Нега ажабланаяпсан Абу Бурда"?” деб сўради. Мен: “Одамларга ҳайронман, дини бир, битта Пайғамбарга ишонишади, битта ҳақиқатни тарғиб қилишади, битта далилга асосланишади, битта душманга қарши курашишади лекин бир бирларининг қонини ҳам тўкаверадилар” дедим. Ҳалиги киши айтди: “Ҳайратланма. Менинг отам айтган эди, Расулаллоҳ с.а.в. “Менинг умматим мағфират қилинади. Оҳиратда улар гуноҳлари учун жавоб бермайдилар ва жазога учрамайдилар, сабаби улар бу дунёда уларнинг қотилликлари, зилзилалар ва фитналар билан жазоланадилардеганлар. (Ал Ҳаким ва аз-Заҳабий ривоятлари, Албоний саҳиҳ деган).

Абу Мусодан ривоят қилинган ҳадисда “Уларнинг жазолари оҳиратда эмас, бу дунёда бўлади. Бу уларнинг қотилликлари, нотинчликлар ва зилзилалардир” дейилган.(Имом Аҳмад ривояти, Албоний саҳиҳ деган).

22. Вақтнинг тезлашиши

Анас р.а. ривоят қилади. Расулаллоҳ с.а.в. дедилар: “Токи вақт тезлашмагунича қиёмат қоим бўлмайди. Бир йил ҳудди бир ойдек, ой ҳудди ҳафтадек, ҳафта эса кундек, кун эса бир соатдек, бир соат эса бир ўтин ёнгунчалик вақтдай ўтади. ”(Имом Ахмад ва Термизий ривояти, Албоний саҳиҳ деган).

Олимлар юқоридаги ҳадисни турлича шархлаганлар:

1. Ибн Хажар Фатхул Борийда, ал-Ҳаттоб ва Ибн ал-Асир оҳир замон яқинлашиши билан вақтнинг баракаси кўтарилади, кадимда одамлар малум бир вақтда қилган ишни оҳир замон одамлари ўшанча вақтда қилиб улгурмайдилар деган фикрни билдирганлар.

Ҳозир кимдан сўранг вақт тез ўтиб кетаётганини тасдиқлайди. Кунлар, ҳафталар, ойлар, йиллар ғизиллаб ўтиб боряпти. Биз эса ҳеч нарсага улгурмай қолаяпмиз.

Ибн Жавзий оламдан ўтганидан сўнг унинг барча ишларини яшаган кунларига бўлиб кўришганида бир кунга 11 бетдан тўғри келган экан. Бу дегани бу киши бутун ҳаёти давомида бошқа нарсага чалғимай ҳар куни 11 бетдан ёзиши керак дегани. Бировнинг ишини кўчириш эмас, ўзининг меҳнати ва машаққати билан ёзилган 11 бет. Бошидан ўтган киши билади бу жуда ҳам қийин, деярли иложи йўқ иш.

Шайх ул-Ислом Ибн Таймия ўзларининг машхур “Ал Ақида Васатия” китобларини Пешин ва Аср намозлари орасида ёзган эканлар. Ҳозирда бу китоб Ислом дорилфунунларида бир семестр баъзида эса бутун бир йил давомида ўрганилади.

2. Иккинчи фикрга кўра Маҳди замонларида инсонлар тўкин-сочин ҳаёт кечирадилар ва уларга вақт ҳудди тез ўтаётгандек туюлади (Фатҳул Борий)

3. Баъзи олимлар эса бу ҳадисда Расулаллоҳ с.а.в. ҳозирги замон тараққиётни назарда тутганлар дейдилар. Замонавий алоқа воситалари ва транспорт ёрдамида қадимда узоқ муддат талаб қилган ишлар ҳозирда кўз очиб-бмгунча вақтда битади деган фикрни ҳам билдирганлар (ал-‘Ақод ал-Исламийа)

4. Шунингдек баъзи олимлар вақт ҳақиқатдан ҳам тезлашади деган фикрни билдирганлар. Бу қандай бўлиши эса бир неча йўллари бор, мисол учун ер айланиш тезлигининг ошиши ҳисобига ҳам бўлиши мумкин.

Ва Аллоҳу аълам.

23. Бозорларнинг бир-бирига яқин бўлиши

Абу Ҳурайра р.а. ривоят қилади, Расулаллоҳ с.а.в. дедилар: “Қиёмат қоим бўлмайди, токи фитналар пайдо бўлмагунича, ёлғон кўпаймагунча ва бозорлар яқинлашмагунича”. (Имом Ахмад ривоят қилган, Ал-Ҳейсамий саҳиҳ деган).

Мана бу аломатнинг ҳам гувоҳи бўлиб турибмиз. Ўтмишга бир назар солинг, узоқ ўтмишга эмас, яқин тариҳимизга. Бутун бошли Тошкентда нечта бозор бор эди? Саноқли бозорлар, ҳафтада 1-2 кун ишлар эди. Ҳозирчи? Ҳар қадамда дўконлар, янги супермаркетлар, катта-катта бозорлар. Демак бу ҳам қиёматнинг аломатларидан бири экан.

24. Тижоратнинг кенг тарқалиши

Абдуллоҳ Ибн Масъуд ривоят қилади. Расулаллоҳ с.а.в.: “Киёматга яқин одамлар фақатгина ўз танишлари билан саломлашадиган бўладилар, тижорат кенг ёйилади. Ҳатто аёллар ҳам ўз эрлари қаторида савдо билан шуғулланадилардедилар. (Имом Аҳмад ва Ҳоким ривоятлари).

Нақадар аниқ сўзлар. Ҳудди Расулаллоҳ с.а.в. бизни замонамизни ўз кўзлари билан кўргандек тафсирлаганларини фақатгина Аллоҳнинг мўжизаси деб тушунтириш мумкин. Атрофингизга бир қаранг, тижорат билан шуғулланмайдиган инсонни топиш қийин бўлса керак.

25. Мусулмон уммати орасида ширкнинг тарқалиши

Савбон р.а. ривоят қилади. Раслулаллоҳ с.а.в. дедилар: “Менинг умматим бир бирларига қарши қилич кўтарадилар ва бу Қиёмат қоим бўлгунича давом этади. Токи умматимдан бир гуруҳи мушрикларга эргашиб ва яна бир қисми бутларга ибодат қилмагунича қиёмат қоим бўлмайди ”. (Абу Довуд ва Термизий ривоятлари, Албоний саҳиҳ деган).

Абу Ҳурайра р.а. ривоят қиладилар. Расулаллоҳ с.а.в.: “Давс қабиласи аёллари Зулхулуса деб аталмиш бутга сиғинадиган бўлмагунларига қадар қиёмат бўлмайди. Зулхулуса эса Давс қабиласи жоҳилият даврида ибодат қилган бутдир.” (Имом Бухорий ривояти)

Юқорида айтилган воқеа Расулаллоҳ с.а.в. ҳаётликларидаёқ юз берди. Давс қабиласи Зулхулуса бутини тиклаб унга ибодат қила бошладилар. Жарир ал-Бажолий бошчилигидаги 150 га яқин мусуломонлар Расулаллоҳ с.а.в. буйруғига биноан бутни бузиб ташладилар. (Фатх ул-Борий). Афсуски орадан бир неча аср ўтиб мусулмонликни даво қилган бир гуруҳ бутпарастлар Зулхулусани тиклаб унга ибодат қила бошлашди, 1745 йилда Нажднинг ҳукмрони Абдулазиз Ибн Муҳаммад буйруғига кўра бут яна бир бор бузиб ташланди. Орадан бир аср вақт ўтар ўтмас 1845 йилда жоҳил араблар учинчи бор Зулхулуса бутини тиклаб олишди. ХХ аср бошида амир Абудлазиз ибн Абдураҳмон буйруғига кўра бу машхур маъбуд бутунлай ер билан яксон қилиб ташланди. (Итхаф ал-Жамаъа).

Афсуски ҳозирги кунда мусулмонман деган миллатлар орасида ширкнинг турли ҳил кўринишлари авж олиб бормоқда. Қабрлардан мадад сўраш, оловни атрофида айланиш, пирлардан мадад сўраш, улуғ авлиёларнинг руҳларидан мадад сўраш каби катта шикрлардан бошлаб, кўзмунчоқ ёки тумор тақиш, уйларга исириқ, тақа осиб қўйиш каби майда ширклар ҳаётимизда тўлиб тошиб кетган. Ҳаммасидан ачинарлиси, бу амалларни қилаётган одамлар буларни исломдан деб биладилар ва бу амалларида каттиқ турадилар. Агар қилаётган ишинг ҳаром, қилмагин десангиз, сизни ўзингизни кофирга чиқариб ҳам қўйишади. Расулаллоҳ с.а.в. айтган эканлар: “Менинг умматим орасида шундай инсонлар чиқади улар ўзларининг ёлғон ақидаларига ҳудди ит эгасига содиқ бўлгани каби содиқ бўладилар. Бу ақида уларнинг ҳар бўғин ва қон томирларигача сингиб кетган бўлади” (Абу Довуд ривояти, Албоний саҳиҳ деган).

Абу Ҳурайра р.а. ривоят қиладилар. Расулаллоҳ с.а.в.: “Умматим ўзидан илгаригиларнинг тариқатини қаричма-қарич, қалам-бақадам ўзлаштирмагунларига қадар қиёмат қоим бўлмайди!”, дедилар. “Ё Расулаллоҳ, форс ва румликлар сингари қавмларнинг тариқатлариними?”, дейишди. Жаноб Расулаллоҳ: “Улардан ўзгаларнинг ҳам!”, дедилар.

Абу Саид ал-Худрий ривоят қилган ҳадисда: “Биз ё Расулаллоҳ, яхудий ва насороларнинг ҳамми?” дедик. У зот: “Уларга  бўлмай, кимга?!”, дедилар”. дейилган.  (Бухорий ва Муслим ривоятлари)

Имом Муслимнинг ривоятида “… қаричма-қарич, қадам-бақадам узлаштирасилар, агар улар калтакесак кавагига кирса сизлар ҳам ўша ерга кириб кетасилар” зиёда қилинган.

Ойша р.а. ривоят қиладилар: “Расулаллоҳ с.а.в. сўнгги бор бетоб бўлиб ётганларида (шу касалликдан сўнг фавот этганлар): “Аллоҳ таоло яҳудий ва насороларни ланъатлади, чунки улар собиқ пайғамбарларининг қабрларини масжид қилиб олдилар”, деган эдилар.” (Имом Бухорий ривояти).

Бугунги кунда пайғамбар у ёқда турсин авлиё ва пирларнинг қабрларидан нажот сўрайидганлар кўпайиб кетди. Хажга боришдан олдин фалон жойни зиёрат қилмасанг хажинг қабул бўлмайди деган гапни сон-саноқсиз марта эшитганман. Ҳатто мана шу хадисни ривоят қилган, Ислом оламининг энг йирик муҳаддиси, Имом Бухорийнинг (Аллоҳ у кишидан рози бўлсин) ҳам қабрлари ҳозирда зиёратгоҳга айлантириб қўйилганига нима дейсиз? Мана шулар ширк бўлмай нима? Аллоҳ барчамизни ширкдан сақласин.

Давоми бор

Давомини ўқиш

27 окт. 2008 г.

Саломлашиш одоби

42-15969355 Ассалому Алайкум ва Раҳматуллоҳу ва Барокатуҳу.

Мусулмонлар учун бир-бирларини “Ассалому алайкум” деб қаршилаш жуда муҳимдир, зеро Аллоҳ таоло Нур сурасининг 61 оятида бу гўзал сўзни “Аллоҳ ҳузуридан бўлган муборак покиза салом” деб атайди.

Яна Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтадики: “Қачонки сизга бир саломлашиш ила салом берилса, сиз ундан кўра яхшироқ алик олинг ёки худди ўзидек жавоб беринг. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсанинг ҳисобини олувчи зотдир” (Нисо, 86)

Шайх Муҳаммад Юсуф Муҳаммад Содиқ бу оятни шархлаб “Исломдаги саломлашиш энг гўзал ва энг маъноли саломлашишдир. Исломда танигангаю танимаганга салом бериш суннатдир. Саломга алик олиш эса, вожибдир, деган гапларни айтадилар.

Абу Ҳурайра р.а. дан ривоят қилинган ҳадисда Расулаллоҳ с.а.в. “Иймон келтирмагунингизча жаннатга кирмайсизлар. Бир-бирингизга муҳаббат қилмагунингизча иймонли бўла олмайсизлар. Агар амал қилсангиз, ўрталарингизда муҳаббат пайдо этадиган нарсага сизларни далолат қилайми? У ораларингиздаги саломни ёймоқлигингиздир”, дедилар (Имом Муслим ривояти)

Имом Ан-Нававий салом бериш тўғрисида гапириб, шу гапларни айтади “Саломни бошловчи салом берилаётган киши битта бўлса ҳам кўплик олмоши билан “Ассалому алайкум” дейди. Алик олувчи эса “Ваалайкум Ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу” дейди”. (Риёзус-солиҳийн, Саломлашиш китоби)

Яъни юқоридаги Нисо сурасининг 86 оятига амал қилган ҳолда салом берган кишига унданда гўзалроқ қилиб алик олиш афзал экан.

Имрон ибн Ҳусайндан ривоят қилинган ҳадисда “Бир киши Расулаллоҳ с.а.в. нинг ҳузурларига келиб, “Ассалому алайкум”, деди. Унга жавоб қайтариб ўтирдиларда, “ўнта савоб”, дедилар. Сўнгра бошқа киши келдида, “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи” деди. Унга ҳам жавоб қайтариб ўтирдиларда, “йигирмата савоб” дедилар. Сўнгра бошқа бир киши келдида, “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳу ва барокатуҳу”, деди. Унга ҳам жавоб қайтариб, “ўттизта савоб” дедилар” (Абу Довуд ва Термизий ривоятлари)

Демак ҳулоса қилиб айтганда қанча узун ва гўзал салом берсак, иншааллоҳ, Аллоҳ таоло шунча кўп савоб берар экан.

Келинг энди саломлашишнинг баъзи йўл-йўриғларини кўриб чиқайлик.

Саломлашиш одоблари

Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулаллоҳ с.а.в.: Суворий риёдага, пиёда ўтирганга ва озчилик кўпчиликка салом беради”, дедилар. (Имом Бухорий ва муслим ривояти).

Имом Бухорий ривоятларида: “Кичик каттага” бўлиб келган.

Абу Умомадан р.а. ривоят қилинади. Расулаллоҳ с.а.в.: “Аллоҳ таоло наздида одамларнинг олийси саломни аввал бошлаганларидир”, дедилар. (Абу Довуд ва Термизий ривоятлари)

Абу Ҳурайра р.а. дан ривоят қилинади. Расулаллоҳ с.а.в.: “Агар сизларнинг брингиз биродарига йўлиқса, унга салом берсин. Агар улар орасини дарахт ёки тош тўсиб қўйиб, сўнгра унга яна йўлиқса, яна салом берсин”, дедилар (Абу Довуд ривоятлари).

Анасдан р.а. ривоят қилинади. Бу зот ёш болалар ёнидан ўтиб кетаётиб, уларга салом бердилар-да, “Расулаллоҳ с.а.в. шундай қилардилар”, деб айтдилар. (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари)

Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулаллоҳ с.а.в. “Сизлардан бирингиз бирор масжлисга борадиган бўлса, салом берсин. Агар туришни ҳоҳласа ҳам, салом берсин. Аввалгиси кейингисидан ҳақли эмасдир”, дедилар. (Абу Довуд ва Термизий ривоятлари)

Имом Ан-Нвавий айтадилар “Кўришганда ва ажралаётганда салом бериш мандуб амалдир (Риёзус-солиҳийн).

Уйга кирганда салом бериш

Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади: “Уйларга кирган чоғингизда ўзларингизга Аллоҳдан бўлган покиза ва муборак табрик ила салом беринглар” (Нур, 61).

Анас р.а. дан ривоят қилинади. Расулаллоҳ с.а.в. дедилар “Эй ўғилчам, агар оила аъзоранинг ҳузурларига кирсанг, салом бергин. Ана шунда ўзингга ва оила аъзоларингга барака бўлади”, дедилар (Имом Термизий ривояти)

Ғойибдан айтилган саломга жавоб қайтариш

Оишадан р.а. ривоят қилинади: “Расулаллоҳ с.а.в. менга: “Жаброил алайҳиссалом сенга салом айтди”, деганларида, мен ҳам: “Ваалайҳиссалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу”, дедим”. (Имом Буҳорий ва Муслим ривоятлари)

Шарх: Бу ҳадисдан Оиша онамизнинг фазллари, фаришталарнинг одамларга салом йўллаши ва ғойибдан салом айтган кишига жавоб қайтаришнинг шартлиги маълум бўлмоқда.(Имом Ан-Нававий, Риёзус-солиҳийн)

Демак бизга бирор ким “Фалончи сенга салом айтди” деса, биз ўша саломга алик олиб қўйишимиз шарт экан.

Катта жамоатга уч марта салом бериш

Анас р.а. дан ривоят қилинади. Расулаллоҳ с.а.в. бирор гап айтсалар, эшитувчи уни англагунича уч марта қайтарардилар. Агар бирор жамоага бориб салом берсалар, уч марта салом берардилар. (Имом Бухорий ривоятлари)

Тунда салом бериш

Миқдоддан р.а. ривоят қилинган узун ҳадисда келтиришича, “Расулаллоҳ с.а.в. га сутдан бўлган насибаларини олиб қўйдик. У зот кечаси келиб, уйқудагилар уйғонмайдиган ва уйғоқлар эшитадиган қилиб салом берардилар. Менинг уйқум келмасди. Аммо икки шеригим ухлаб бўлишган эди. Шу куни Расулаллоҳ с.а.в. келиб, аввал қандай салом берсалар, шу тарзда салом бердилар” (Имом Муслим ривояти)

Демак тунда уйга келганда уҳлаб ётганларни уйғотиб юбормайдиган даражада, лекин бошқалар эшитадиган қилиб салом бериш суннатга мувофиқ бўлар экан.

Кафт ва бармоқ билан ишора қилиш

Зарурият бўлмаганида фақатиган ишора қилиб саломлашиш мумкин эмас. Сабаб бу насроний ва яҳудийларнинг одатидир. Абдуллоҳ ибн-Амрдан ривоят қилинган ҳадисда Набий с.а.в. “Биздан бошқаларга ўзини ўхшатганлар биздан эмасдир. Яҳуд ва насороларга ўхшаманглар, яхудийларнинг саломлашиши бармоқлар билан ишора қилиш, насронийларнинг саломлашиши кафтлар билан ишора қилиш”, деганлар. (Имом Термизий ривояти, Албоний хасан деган)

Асмо бинти Язиддан р.а. ривоят қилинади: “Расулаллоҳ с.а.в. кунларнинг бирида масжиднинг ёнидан ўтаётганларида бир неча аёл ўтирган эди. Уларга қўллари ила ишора қилиб салом бердилар” Имом Термизий ва Абу Довуд ривояти.

Абу Довуд “Лафз билан ишорани жамладилар” деб келтирган.

Имом Ан-Нававий айтадилар “Узоқдаги кишиларга ишора ва лафз билан салом айтиш жоиз. Лекин ишоранинг ўзи билан кифояланиш макруҳдир” (Риёзус-солиҳийн)

Шайх Ибн Боз ҳам ишора билан салом бериш ҳақида юқоридаги фикрни айтиб икки жойда ишора билан алик олишни жоиз дейдилар:

1. Жума ҳутбаси пайтида биродари салом берса фақатгина қўлни қўлга текизиш билан (салом лафзини айтмасдан) алик олиш жоиз. Сабаби Бухорий ва Муслимлар ривоят қилган ҳадисда Расулаллоҳ с.а.в. ҳутба пайтида ҳар қандай гап-сўздан қайтарганлар. Ҳутба тугаганидан сўнг эса биродари қилган иш нотўғри эканлигини унга тушунтириб қўймоғи лозим.

2. Намоз ўқиётган одамга салом берилса, бу одам ҳам ишора билан алик олиши жоиз.

Қўл бериб сўрашмоқ

Қатода бундай дейдилар: “Мен Анасдан: “Расулаллоҳ с.а.в. нинг саҳобалари ўртасида қўл бериб сўрашмоқ одати бор эдими?”, деб сўрадим. У: “Ҳа”, деб жавоб берди(Имом Бухорий ривояти)

Бародан ривоят қилинади. Расулаллоҳ с.а.в. “Икки мусулмон йўлиқиб, қўл бериб сўрашишса, улар иккови ажралмасларидан олдин гуноҳлари кечирилади” дедилар (Абу Довуд ривоятлари).

Шу ўринда айтиш керакки номаҳрам аёл билан қўл бериб кўришиш шариатда ҳаром дейилган ва бу аксар уламоларнинг фикри.

Номаҳрам аёлларга салом бериш

Имом Ан-Нававий айтади: “Расулаллоҳ с.а.в. фитнадан омонда бўлганлари учун аёлларга салом берганлар. Кимдан-ким фитнадан омонда бўлишига кўзи етса у кишига ҳам аёлларга салом бериши жоиз. Лекин ўзига ишонмаса салом бермагани афзал. Шунингдек фитна бўлишидан қўрқилмаса аёлнинг эркак кишига салом бериши ҳам жоиз”.

Саҳл ибн Саъддан р.а. ривоят қилинади: “Бизда бир аёл бор эди, у лавлаги олиб келарди-да, қозонга солиб арпанинг майдалангани билан арашалтириб қўяр эди. Биз ҳар гал жумани ўқиб қайтаётганимизда унга салом берар эдик. У бизга ҳалиги таомни тортиқ қилар эди”.(Имом Бухорий ривояти)

Умму Ҳонеъ Фоҳитата бинти Абу Толиб р.а. дан ривоят қилинади: "Фатҳ куни Расулаллоҳнинг с.а.в. ҳузурларига борсам, у зот ғусл қилаётган эканлар. Фотима р.а. эса (парда билан) тўсиб турган эканлар. Бас, мен салом бердим…” деб ҳадиснинг қолганини зикр қилдилар. (Имом Муслим ривоятлари)

Кофир, яҳуд ва насоролорга салом бериш

Кофир, яҳуд ва насоролорга аввал салом беришни аксар уламолар ҳаром санаганлар. Агар улар биринчи бўлиб салом беришса “Ва алайкум” деб қўйилади ҳалос.

Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулаллоҳ с.а.в.: “Яҳудий ва насороларга аввал салом берманглар. Агар бирорталарингиз йўлда улар билан рўбарў бўлиб қолса, кучанинг четидан юришга мажбур қилсин”, дедилар. (Имом Муслим ривоятлари)

Демак аҳли китобларга ва кофирларга биринчи бўлиб салом бериш ҳаром экан. Лекин шу билан бирга салом лафзини айтмасдан туриб, улар билан биринчи бўлиб кўришишни кўпчилик уламолар жоиз деганлар. Яъни “Ассалом алайкум” ўрнига “Яхшимисиз?” ёки “Ишларингиз яхшими” каби лафзлар билан кўришиш жоиз, айниқса бундан мурод амри маъруф ёки динга чақириш каби яхши мақсадлар бўлса. Чунки Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади: “Роббингнинг йўлига ҳикмат ва яхши мавъиза ила даъват қил. Ва улар ила гўзал услубда мунозара қил. Албатта, Роббинг Ўз йўлидан адашганларни ўта билгувчи ва ҳидоят топгувчиларни ҳам ўта билгувчидир” (Наҳл, 125)

“Сизлар аҳли китобларнинг зулм қилганларидан бошқалари билан фақат яхши услубда мужодала этинглар ва уларга: “Биз ўзимизга нозил қилинган ва сизга нозил қилинган нарсага иймон келтирдик, бизнинг илоҳимиз ва сизнинг илоҳингиз бирдир ва биз унга бўйсунгувчимиз”, денглар” (Анкабут, 46).

Кофир ва аҳли китобларнинг саломига эса “Ва алайкум” деб алик олиш жоиз. Анас р.а. дан ривоят қилинган ҳадисда Расулаллоҳ с.а.в.: “Агар сизларга аҳли китоблар салом беришса, уларга “Ва алайкум”, деб айтинглар”, дедилар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти)

Ва Аллоҳу аълам.

Манбаълар:

Имом Ан-Нававийнинг “Риёзус Солиҳийн” ҳамда “Ал-Азкор” китоблари.

Шайх Муҳаммад Саҳиҳ ал-Мунажжиднинг қуйидаги мақолалари:

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳу ва барокатуҳу.


Давомини ўқиш