وَلْتَكُن مِّنكُمْ أُمَّةٌ يَدْعُونَ إِلَى الْخَيْرِ وَيَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنكَرِ وَأُوْلَـئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ
Сизлардан яхшиликка чақирадиган, амри маъруф–наҳий мункар қиладиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар нажот топгувчилардир. (Оли Имрон, 104)
Показаны сообщения с ярлыком ҳайит. Показать все сообщения
Показаны сообщения с ярлыком ҳайит. Показать все сообщения

8 дек. 2008 г.

Ҳайит муборак!

eid-mubarak

Барча мусулмон биродар ва опа-сингилларимизга Ийдул Азҳо муборак бўлсин!

Аллоҳ қилган ва қилаётган ибодатларимизни ва ҳайрли амалларимиз қабул қилсин. Мана шундай кунларга еказган оламлар роббиси Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллалоҳу алайҳи васалламга, уларнинг оилалари ва улуғ саҳобаи-икромларга Аллоҳни саломи ва саловотлари ёғилсин.

Шундай улуғ кунларда Аллоҳдан юртимиз ва барча мусулмонлар учун тинчлик, осойишталик ва фитналардан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ барчамизни ҳақ дин бўлмиш Ислом динида собитқадам қилсин. Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васалламга муносиб уммат бўлишни насиб этсин. Ҳаж сафарларида юрган биродарларимизни Аллоҳ паноҳида сақласин, ибодатларини қабул қилсин, бизларга ҳам ана шундай улуғ ибодатларни насиб қилсин. Муборак Ҳайит кунларида қилаётган қурбонликларимизни ҳам Аллоҳ таоло қабул қилсин. Зулҳижжа ойининг муборак ўн кунлигинининг ниҳоясида турган эканмиз, Аллоҳ таоло мана шу кунларда мағфират қилганлар қаторида қилсин.

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ.


Давомини ўқиш

5 дек. 2008 г.

Қурбонлик аҳкомлари

Flock_of_sheep Қурбонлик Ийд ул-Азҳо яъни Қурбон ҳайити кунларида сўйилувчи махсус хайвондир. Қурбонлик қилаётган инсон қалбида бу қилаётгани амали билан Аллоҳга янада яқинроқ бўлишини ният қилиш лозим. Яъни қурбонликдан ният ўз аҳлига гўшт етказиш, одамлар орасида обрўсини ошириш эмас, балки Аллоҳга янада яқинроқ бўлиш, Унинг розилигига эришишдир.

Қурбонликнинг ҳукми ҳақида икки ҳил фикр мавжуд. Баъзи олимлар қурбонлик қилиш суннат муаккада дейишган бўлса яна бир гуруҳ олимлар вожиб деган фикрни айтганлар. Бу икки тарафнинг далиллари кучли бўлгани учун аксар уламо бир фикрга иттифоқ қилмаганлар. Бизнинг Ҳанафий мазҳабимизга кўра қурби етган инсон учун қурбонлик қилиш вожибдир.

Нима бўлганда ҳам қурбонлик қилиш энг улуғ ибодатлардан биридир, Аллоҳ таоло Қуръони каримда бир неча бор бизларни бу ҳайрли амални қилишга тарғиб қилади, жумладан:

Кавсар сурасининг 1-2 оятларида:

Албатта, Биз сенга Кавсарни бердик.Бас, Роббингга намоз ўқи ва жонлик сўй.

ҳамда Ҳаж сурасининг 34 оятида

Ҳар бир умматга уларга чорва ҳайвонларини ризқ қилиб берганига Аллоҳнинг исмини эслашлари учун қурбонлик қилишни жорий этганмиз.

деб марҳамат қилади.

Абдуллоҳ ибн Умар р.а. ривоят қиладилар: “Расулаллоҳ с.а.в. Мадинада ўн йил яшадилар ва ҳар йили қурбонлик қилардилар” (Имом Аҳмад ва Термизий ривоятлари, Албоний ҳасан деган).

Баро р.а. ривоят қиладилар. Расулаллоҳ с.а.в.: “Кимки намоздан кейин жонлиқ сўйган бўлса, Аллоҳ таоло йўлида қурбонлик қилиб, мусулмонлар зиммасидаги суннатни адо этган бўлади!”, дедилар.(Имом Бухорий ривоятлари)

Мана шунинг ўзи бизларга кифоя бўлса керак. Аллоҳ таоло Қуръонда зикр қилган, Расулаллоҳ с.а.в. ҳаётлари давомида тарк қилмаган ва умматларини шундай қилишга буюрган эканлар биз бу суннатни маҳкам ушлашимиз лозимдир.

Шу ўринда айтиш жоизки, қурбонлик қилиш ниятида юрган биродарларимиз Зулҳижжанинг биринчи кунидан то қурбонликларини сўйгунларига қадар соч-соқол ва тирноқларини олмасликлари зарур.

Умму Салама р.а. ривоят қиладилар. Расулаллоҳ с.а.в.: “Зулҳижжанинг ҳилолини кўрсангизлар ва ичингиздан кимдир қурбонлик қилмоқчи бўлса, то қурбонлигини бажо қилмагунча соч-соқоли ва тирноқларини олишдан тийилсин”, деганлар. (Имом Муслим ривояти)

Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади: “То қурбонлигингиз ўз маконига етмагунча сочларингизни олмангиз”. (Бақара, 196).

Келинг қурбонликка доир баъзи масалаларни биргаликда ўрганайлик:

1. Қандай ҳайвонлар қурбонлик қилиниши мумкин?

Аввало қурбонлик қилиниши жоиз бўлган ҳайвонлар қайсилар эканлигини кўрайлик.

Аллоҳ таоло Ҳаж сурасининг 34 оятида марҳамат қилиб айтади: Ҳар бир умматга уларга чорва ҳайвонларини ризқ қилиб берганига Аллоҳнинг исмини эслашлари учун қурбонлик қилишни жорий этганмиз.

Бу ерда “чорва ҳайвонлари” деб таржима қилинган сўз арабчада “баҳимат ал-аънаъам” бўлиб келган ва аксар уламо қуйидаги ҳайвонларни қурбонлик қилиш жоиз деганлар: туя, қорамол, қўй ва эчки.

2. Юқорида зикр қилинган ҳайвонлардан қай бири афзал?

Уламолар бу саволга қуйидаги ҳадис билан жавоб берганлар:

Абу Ҳурайра р.а. дан ривоят қилинади. Расулаллоҳ с.а.в. : “Кимки жума куни худди жунубликдан ювингани каби ғусл қилиб, кейин масжидга борса, гўёки бир туяни қурбонлик қилибди. Кимки иккинчи соатда, яъни иккинчи бўлиб масжидга борса, гўё бир сигирни қурбонлик қилибди. Кимки учинчи соатда масжидга келса, гўё шохли бир қўчқорни қурбонлик қилибди…”, дедилар. (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Демак юқоридаги ҳадисдан ҳулоса қилиб айтадиган бўлсак қурби етганлар туя, ундан кейин сигир ва буларнинг иккисига имкони йўқлар қўй (эчки) қурбонлик қилишлари мумкин экан.

3. Қурбонлик қилинаётган ҳайвон ёши.

Сўйилаётган қурбонликининг ёшини эътиборга олишимиз лозим бўлади.

Жобир р.а. дан ривоят қилинган ҳадисда Набий с.а.в.: “Мусиннадан бошқани сўйманглар. Фақат сизга қийин бўлиб қолгандагина қўйнинг жазаъасини сўйсангиз бўлур” дедилар. (Муслим, Абу Довуд ва Насаий ривояти)

Бизнинг Ҳанафий ҳамда Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳабларига кўра бир ёшга тўлган қўй ҳамда икки ёшлик қорамол мусинна ҳисобланади. Моликий мазҳабидагилар икки ёшдан бошлаб қўйни ва уч ёшлиқ қорамолни мусинна ҳисоблайдилар. Барча мазҳаб уламолари туянинг беш ёшлигини мусинна деганлар.

Жуда ҳам имкони бўлмаган инсон қўйнинг жазаъасини қурбонлик қилиши мумкин. Бизнинг Ҳанафий мазҳабимизда ҳамда Имом Аҳмад мазҳабларига кўра қўйнинг жазаъаси олти ойлигидир. Моликий ҳамда Шофеъий мазхабларига кўра бир ёшлик қўй жазаъа ҳисобланади.

Демак Имом Абу Ҳанифа мазҳабларига кўра қурбонлик қилинаётган ҳайвонларнинг ёшларига қўйилган талаб:

  • Қўй – 1 ёш (имкони бўлмай қолганда олти ойлик)
  • Сигир – 2 ёш
  • Туя – 5 ёш

Бу ёшдан кичик бўлган ҳайвонларни қурбонлик қилиш жоиз эмас, ва аксар уламо бундай қилганларнинг қурбонликлари ўтмайди деган фикрни билдирганлар.

4. Қурбонлик қилинаётган ҳайвон сифати.

Қурбонлигимиз Аллоҳ йўлига бўлаётган экан қурбимиз етганича ҳайвоннинг энг афзалини танлашимиз лозимдир. Қуйидаги камчиликлар топилган ҳайвонлар қурбонликка ярамайди:

  • Бир кўзи бўртиб чиққан, ғилай ёки кўр, яъни кўзи ожизлиги очиқ-ойдин кўриниб турган
  • Касаллиги очиқ ойдин кўриниб турган
  • Мияси айниган (юриш, туришидан билинади)
  • Жуда ҳам озғин, териси суягига ёпишган

ҳайвонларни қурбонлик қилиш жоиз эмас.

Баро р.а. ривоят қиладилар. Расулаллоҳ с.а.в.: “Тўрт нарса қурбонликка жоиз эмас: мияси чатоқлиги кўриниб турган, бир кўзи касаллиги аниқ билиниб турган, касаллиги очиқ-ойдин кўриниб турган ҳамда жуда хам озғин ҳайвонлар”, дедилар. (Имом Молик ривояти, Албоний саҳиҳ деган).

Уламолар юқоридаги ва шунга ўҳшаш бошқа ҳадислардан ҳулоса қилиб яна қуйидаги камчиликлари бор ҳайвонларни ҳам қурбонликка жоиз эмас (макруҳ) деганлар:

  • Икки кўзи кўр (кўзлари жойида бўлса ҳам)
  • Бўкиб қолиб, ўлиб қолиш ҳавфи бор ҳайвон, токи шу ҳавф ўтиб кетмагунича
  • Туғишда қийналиб, ўлиб қолиш ҳавфи бор ҳайвон, токи шу ҳавф ўтиб кетмагунича
  • Оғир дардга чалиниб ёки йиқилиб, урилиб, ўлиб қолиш ҳавфи бор ҳайвон, токи шу ҳавф ўтиб кетмагунича
  • Чўлоқ ёки умуман юра олмайдиган ҳайвон
  • Шохи ёки қулоғининг ярми кесилган
  • Қулоғи узунасига ёки энига йиртилган
  • Қулоғи тешилган
  • Қулоғи умуман кесиб ташланган
  • Шохи бутунлай кесиб ташланган (агар туғилишдан шохсиз бўлган бўлса жоиз)
  • Думининг ярми ёки ундан кўпроғи кесилган
  • Жинсий аъзоси кесиб ташланган (бичилган бўлса жоиз)
  • Тишлари синган (агар туғилишдан тишсиз бўлган бўлса жоиз)
  • Елини кесилган (агар туғма бўлса жоиз)

Юқорида зикр қилинган камчиликлар топилмаган ҳайвонлар қурбонликка жоиздир. Албатта сўйилаётган хайвоннинг иложи борича семиз ва чиройлисинин танлашга ҳаракат қилишимиз суннатга мувофиқ бўлади.

Анас р.а. дан ривоят қилади: “Расулаллоҳ с.а.в. иккита шохдор, семиз, ола қўчқорни ўз қўллари билан қурбон қилдилар. Шунда қўйларнинг биқинига оёқларини қўйиб туриб тасмия ва такбир айтдилар”. (Имом Бухорий ривоятлари).

5. Қурбонлик қачон сўйилади

Қурбонлик Ийд ул-Азҳо куни ҳайит намози ўқиб бўлинганидан то Зулҳижжанинг 13 куни қуёш ботгунига қадар сўйилиши мумкин. Демак қурбонлик қилмоқчи бўлган инсоннинг иҳтиёрида тўрт кун бор экан, ҳайит куни ва ундан кейинги уч кун.

Ибн ал-Қаййим р.а. Али ибн Аби Толиб р.а. дан ривоят қилади: “Қурбонлик кунлари бу Наҳр куни (Ҳайит куни) ва ундан кейинги уч кун” (Албоний саҳиҳ деган)

Албатта ҳайит куни қурбонлик қилган афзалроқдир. Ҳайит намозидан олдин қурбонлик қилинмайди.

Баро р.а. ривоят қиладилар. Расулаллоҳ с.а.в.: “Бугунги кунимизда бизнинг энг аввало қиладиган ишимиз –  намоз ўқиймиз, сўнг (намоздан) қайтиб жонлиқ қурбон қиламиз. Кимки шундай қилса, бизнинг суннатимизни адо этган бўлади ва кимки (намоздан) илгари сўйса, бола-чақаси учун гўшт тайёрлаб берган бўлиб, қилган қурбонлигининг ҳеч қандай савоби йўқ!”, дедилар. (Имом Бухорий ривояти).

Агар бирор киши ҳайит намозидан олдин сўйган бўлса намоздан сўнг бошқа қурбонлик сўйиши лозим бўлади.

Анас ибн Молик ривоят қиладилар. Расулаллоҳ с.а.в. Наҳр куни: “Кимки (ҳайит) намозидан олдин жонлиқ сўйган бўлса, (намоздан сўнг) бошқа жонлиқ қурбон қилсин!”, дедилар. (Имом Бухорий ривоятлари)

6. Қурбонликка шерик бўлиш

Жобир ибн Абдуллоҳ р.а. дан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Ҳудайбияда бир туяни етти киши номидан, бир сигирни етти киши номидан сўйдик”. (Имом Муслим ривоятлари)

Демак битта туя ёки сигирга (молга) етти ва ундан камроқ киши шерик бўлишлари жоиз экан. Қўйни эса фақатиган бир киши сўйиши мумкин эканлигини уламолар иттифоқ қилишган.

Шерикчиликда эътибор берилиш лозим бўлган масала гўштни тақсимлашдир. Бунда шерик бўлган одамлар орасида гўштни ўлчаб тенг тақсимлаш жуда муҳимдир.

7. Фақатгина гўшт учун шерик бўлиш мумкинми?

Юқорида айтлигани каби туя ёки молга етти киши шерик бўлиши мумкин, агар шериклардан бирининг нияти гўшт учун бўлса ҳам уламолар жоиз дейишган. Сабаби амаллар ниятга боғлиқдир ва ҳар бир инсон қилган ниятига қараб ажрини олади. Кимнинг нияти Аллоҳнинг розилиги учун бўлса иншааллоҳ ниятига етади, кимнинг нияти гўшт бўлса у ҳам ниятига яраша мукофотини олади.

Имом Ан-Нававий ўзларининг ал-Мажмуъ китобларида қуйидаги фикрни билдирганлар:

“Туя ёки сигирнинг еттидан бирига шерик бўлиш жоиз, бунда шериклар бир оила аъзоларими ёки йўқми, улардан баъзилари фақатгина гўшт илинжидами ёки йўқми буларнинг аҳамияти йўқ.”

8. Бир оила учун бир қурбонлик етарлими?

Бир оиладан бир киши қурбонлик қилиши шу кишининг ўзи ва оиласи учун кифоя қилади.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қора билан босадиган, қора билан чўкалайдиган ва қора билан назар соладиган қўчқор олиб келишга амр қилдилар. Бас, уни қурбонлик қилиш учун келтирилди ва У зот: “Эй, Оиша, пичоқни келтир! Тошга қайраб юбор!” дедилар. Мен ўшандоқ қилдим. Бас, у зот уни олдилар. Сўнгра қўчқорни ёнбошига ётқазиб, сўйдилар ва: “Бимиллаҳи! Эй, бор Худоё! Муҳаммадддан, оли Муҳаммаддан ва уммати Муҳаммаддан қабул қилгин», дедилар ва уни қурбонлик қилдилар.(Имом Муслим ривоятлари).

Абу Аюб ал Ансорий р.а. айтадилар: “Расулаллоҳ с.а.в. даврларида бир киши ўзининг ва ўз оиласи номидан қўй сўяр эди ва гўштидан ўзлари ҳам ер эдилар бошқаларга ҳам улашардилар” (Ибн Можа ва Термизий ривоят қилиб саҳиҳ деган).

Оиласи (ҳонадони) алоҳида бўлган ака-ука, ота-ўғил ва ҳоказо ҳар бири ўз оиласи номидан алоҳида қурбонлик қилишлари лозим бўлади.

Фатволар ҳайъатидан сўралди: Менинг икки оилами бор, уларнинг уйи бир-бирига жудаям яқин орасида 200 метр ҳолос. Бири менинг уйим бири менинг отамнинг уйи, ва отам ҳали ҳаёт. Мен ўзимнинг ва мана шу икки оилам номидан қурбонлик қилишим жоизми ёки йўқми?

Жавоб: Иккита ҳонадон ўзлари учун алоҳида қурбонлик қилишлари лозим.

Фатава ал-Лажнан ал-Дааъимаҳ, 11/406

9. Вафот этган инсон номидан қурбонлик қилиш жоизми?

Аксар уламо вафот қилган инсон номидан қурбонлик қилишни жоиз деганлар ва бунинг далили сифатида Расулаллоҳ с.а.в. нинг қуйидаги гапларини далил қилганлар: “Инсон вафот этса, унинг амали узилади, аммо уч нарсада (тўхтамай eтиб туради): Садақаи жория, қолдирган манфаатли илм ва ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанд”. (Имом Муслим ривоятлари).

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитасининг фатвоси

10. Қурбонлик гўшти қандай тақсимланади?

Қурбонлик гўштининг қандай тақсимланиши ҳақида аниқ кўрсатмалар келмаган, лекин уламолар қуйидаги ҳадисни далил қилишган ҳолда гўштнинг учдан бирини садақа қилишни мандуб деганлар. Яна бир қисмини едириш, бир қисмини ўз оиласи учун олиб қўйиши суннатга мувофиқдир.

Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулаллоҳ с.а.в.: “Ким қурбонлик қилса, учинчи кундан кейин уйидан ундан бирор нарса бўлган ҳолида тонг отдирмасин”, дедилар. Келаси йили бўлганда: “Эй, Аллоҳнинг Расули, ўтган йили қилганимиздек қилайликми?” дейилди. У зот: “Енглар! Таомлантиринглар! Сақлаб қўйинглар! У йили одамлар қийинчиликда эдилар. Уларга ёрдам беришингизни хоҳлаган эдим”, дедилар. (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Шунингдек уламолар қурбонлик гўштидан оз қисмини бўлсада сотишни ҳаром деганлар, ҳудди шу қоида қурбонлик терисига ҳам таалуқли. Шунингдек агар қурбонликни ўзи сўймай қассобга сўйдирган бўлса, иш ҳаққига гўшт бериш ҳам ҳаром.

Лекин қассобга иш ҳақи эвазига эмас балки ҳадя сифатила гўшт беришни жоиз деганлар. Қурбонлик гўштини ҳадя сифатида қабул қилган киши бу гўштни ўз иҳтиёрича ишлатиши ҳоҳласа сотиши ҳам мумкин. Шунингдек қурбонлик терисини фақатгина бир ҳолатда сотиш жоиз деганлар у ҳам бўлса сотиб пулини садақа қилиб юбориш учун.

11. Ақиқа ва қурбонлик учун битта жонлиқ сўйиш жоизми?

Ҳайит кунларида ақиқа ҳамда қурбонлик қилмоқчи бўлган инсон ҳар иккиси учун алоҳида жонлиқ олиши лозимми деган масалада уламолар икки ҳил фикр билдирганлар.

Бизнинг Ҳанафий мазҳабимизга кўра бундай қилиш, яъни ақиқа ва қурбонлик учун битта жонлиқ сўйиш жоиз. Шунингдек Имом Аҳмад, Ҳасан ал-Басрий р.а., Муҳаммад ибн Сирин р.а. ва Қатода р.а. лар ҳам ҳудди шу фикрни билдирганлар.

Шайх Муҳаммад ибн Иброҳим бу борадаги барча фикрларни ўрганиб чиқиб бундай қилишни жоиз деган фатвони берганлар.

12. Чет элда яшаётган ва қурбонлик қилишга қурби етган бўлсада бунга шароити бўлмаганлар қурбонлик пулини садақа қилишлари жоизми?

Бу саволга Шайҳ Муҳаммад Солиҳ ал Мунажжид қуйидагича жавоб берганлар:

“Қурбонлик ёки ақиқа қилишга қурби етган ва шундай ниятда юрган инсон чет элда ашаётган бўлса ва бундай қилишнинг шароити бўлмаса, қурбонлик пулини ўз юртига юборгани ва ўз юртида унинг номидан бошқа одам қурбонлик ёки ақиқа қилгани афзал.”

Демак садақа қилгандан кўра шу пулни ўз юртингизга юбориб, қариндошларингиздан бирини сизнинг номингиздан қурбонлик қилишини сўраганингиз афзал экан.

Шундай ниятда юрган биродарларимизга UzIslam.com сайти томонидан ўтказилаётган “Қурбонлик 1429” дастурини маслаҳат беришимиз мумкин.

13. Қурбонлик қилиш учун қарз олиш жоизми? Қарзи бор одам қурбонлик қилиши жоизми?

Юқорида биз қурбонликнинг ҳукми ҳақида сўз юритиб бизнинг Ҳанафий мазҳабимизга кўра қурби етганлар учун қурбонлик қилиш вожиб дедик. Энди қурбонлик қилишга қурби етмаган инсон ҳам мана шу улуғ ибодатдан баҳраманд бўлиши учун қарз олиши жоизми?

Шайх ул-Ислом Ибн Таймия бу борада шундай деганлар: Агар инсон олган қарзини белгиланган вақтда қайтаришга қурби етса бу одам қурбонлик қилиш учун қарз олиши жоиз, лекин у учун қурбонлик вожиб эмас. (Мажмуъ ал-Фатава, 26/305)

Шайх ибн Боздан сўралди: Қурби етмаганлар учун қурбонлик қилиш вожибми? Кейинги ойлигидан қайтаришга кўзи етган инсон қарз олиб қурбонлик қилиши мумкинми?

У киши шундай жавоб қилдилар: Қурбонлик қилиш учун қарз олган инсон гуноҳкор бўлмайди, агар шу қарзни қайтаришга қурби етадиган бўлса.

Демак ҳулоса қилиб айтганда агар олган қарзингизни вақтида қайтаришга қурбингиз етса қарз олиб бўлса ҳам ушбу улуғ ибодатни қилиш жоиз (мустаҳаб) экан.

Бўйнида қарзи бор инсонлар учун ҳам юқоридаги гаплар ўринли. Агар бўйнингизда қарзингиз бўлиб, белгиланлан муддатдан кечиктирмай шу қарзни қайтариб бера олишингизга кўзингиз етса сиз учун ҳам қурбонлик қилишингиз жоиз (мустаҳаб) бўлади, вожиб эмас. Акс ҳолда, яъни қурбонлик қилишингиз билан қарзни қайтара олмасангиз, бундай қилишингиз жоиз эмас.

Манбаълар:


Давомини ўқиш

25 нояб. 2008 г.

Зулҳижжанинг ўн куни

www.yeniresim.com_-_Gezegen_Resimleri_-_Ay_-_Hilal Мана Зулқаъда ойининг ҳам якунига етиб қолдик. Иншааллоҳ Зулҳижжа ойига қадам қўяр эканмиз, бу ойнинг биринчи ўн кунлиги ҳақида ёзмай иложимиз йўқ. Бу ойдаги биринчи ўн кун Аллоҳ таолонинг наздида йилнинг энг зур кунларидир. Расулаллоҳ с.а.в. Зулҳижжа ойининг ўн кунлигида солиҳ ишларни кўпайтиришга тарғиб қилиб шундай деганлар: "Бирор-бир кун йўқки, ундаги солиҳ амал бу ўн кунликдагидан кўра Аллоҳга суюклироқ бўлса". Одамлар сўрашди: "Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ йўлидаги жиҳод ҳам суюкли бўлолмайдими?" Расулуллоҳ дедилар: "Аллоҳ йўлидаги жиҳод ҳам суюкли бўлолмайди. Аммо бир инсон жони ва моли билан чиқиб, ундан бирон нарса қайтиб келмаса, шугина мустасно". (Имом Бухорий, Термизий ва Абу Довуд ривоятлари).

Аллоҳ йўлида жиход қилиш қанчалик улуғ ибодат эканлиги ҳаммамизга маълум, шаҳид бўлганларга Аллоҳ таоло жуда ҳам катта ажр ва мукофотларни ваъда қилган. Лекин зулҳижжа ойининг биринчи ўн кунида қилинган ибодатлар ҳатта Аллоҳ учун Унинг йўлида жанг қилишдек ибодатдан ҳам маҳбуброқ экан.

Демак бу ўн кунда солиҳ амалларни кўпайтириб, қўлдан келганча ажр ва савобларга эга бўлиш ҳар бир мусулмоннинг бурчи экан. Аллоҳу аълам бизга яна шундай имконият бериладими, йўқми?

Биз “Кундалик ҳаётимиздаги ҳасанотлар” номли мақоламизда ҳар бир мўмин учун кун давомида қилиб юриш енгил бўлган баъзи ибодатларни зикр қилган эдик. Келинг ана шу ибодатларга қўшимча ҳолда бу ўн кунликда қилиниши тавсия этилган баъзи солиҳ амалларни ҳам кўрайлик.

1. Ҳаж ва Умра. Албатта имкони борлар учун бу кунларда улуғ Ҳаж ибодатидан афзал амал бўлмаса керак. Аллоҳ бизларга ҳам насиб этсин.

Имом Бухорий ва Муслимлар ривоят қилган ҳадисда Расулаллоҳ с.а.в.: "Умра ўзидан кейинги умрагача бўлган гуноҳларга каффоратдир. Ҳажжи мабрурнинг мукофоти фақат жаннатдир", деганлар.

2. Рўза. Маълумки рўза энг улуғ ибодатлардан биридир. Абу Саид ал-Ҳудрийдан ривоят қилинади. Расулаллоҳ с.а.в.: “Қайси бир банда бир кун Аллоҳ йўлида рўза тутса, Аллоҳ ўша рўзаси сабабли у кишининг юзини етмиш йиллик масофага қадар дўзаҳдан узоқ қилади”, дедилар. (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Ҳунайда ибн Ҳолид Расулаллоҳ с.а.в. нинг аёлларидан ривоят қилган ҳадисда “Набий с.а.в. Зулҳижжанинг тўққиз кунида, Ашуро кунида ҳамда ҳар ойдан уч кун – ойнинг биринчи душанбаси ва икки пайшанба кунлари рўза тутар эдилар” дейилади (Насаий ва Абу Довуд ривоятлари, Албоний саҳиҳ деган).

Имом Муслим Расулуллоҳ с.а.в. дан ушбу ҳадисини ривоят қилади: “Арафа куни рўза тутиш. Мен Аллоҳ таолодан (бу рўза билан) ўзидан аввалги ва кейинги бир йилнинг (гуноҳларига) каффорот қилишини умид қиламан”.

Демак бу кунларни рўзадор ҳолда ўтказиш ҳам Аллоҳ учун энг маҳбуб бўлган амаллардан экан. Абу Ҳурайра р.а. дан ривоят қилинган ҳадиси қудсийда Расулаллоҳ с.а.в. “Аллоҳ азза ва жалла: “Ҳар бир одам боласининг амали ўзи учундир. Лекин рўзаси Мен учундир. Унинг мукофотини Ўзим бераман” деди. Рўза дўзаҳдан тўсиқдир” деганлар. (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).

3.Таҳлил, тасбеҳ, таҳмид ҳамда такбирларни кўпайтириш.

Абдуллоҳ ибн Умар р.а. ривоят қилади. Расулаллоҳ с.а.в.: “Ҳеч бир кундаги солиҳ амал Аллоҳ учун ушбу ўн кунчалик маҳбуб эмас, шунинг учун бу кунларда таҳлил (Ла илаҳа иллаллоҳ), такбир (Аллоҳу акбар) ва таҳмид (Алҳмадулиллаҳ) ни кўпайтиринглар”, дедилар. (Имом Аҳмад ривоят қилган, Аҳмад Шокир саҳиҳ деган).

4. Ийд ал-Азҳо. Зулҳижжанинг ўнинчи куни барча мусулмонлар учун улуғ бўлган байрамлардан бири Ийд ал-Азҳо ёки Қурбон ҳайитидир. Бу куни барча мусулмонлар жамоат бўлиб масжидларда ийд намозини ўқийдилар. Бизнинг Ҳанафий мазҳабимизда Ийд намози вожибдир.

Баро р.а. ривоят қилади. Набий с.а.в.: “Албатта ушбу кунимизда энг аввал бошлайдиган нарсамиз, намоз ўқимоқлигимиздир. Сўнгра, қайтамиз ва сўйиш сўямиз. Бас, ким ўшандоқ қилса, бизнинг суннатимизни топибди. Ким ундан олдин сўйса, ўз аҳлига гўшт тақдим қилибди ҳолос. Ибодатдан ҳеч нарса йўқдир”, деб айтганлар. (Имом Бухорий, Муслим ва бошқалар ривоят қилишган).

5. Қурбонлик. Ийд куни ва ташриқа кунлари ичида қурбонлик қилиш бизга Иброҳим алайҳиссалом даврларидан қолган суннатдир. Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади: “Албатта, Биз сенга Кавсарни бердик. Бас, Роббингга намоз ўқи ва жонлик сўй(Кавсар, 1-2 оятлар). Ҳанафий мазҳабида қурбонлик қилиш вожибдир. Иншааллоҳ келгуси мақолаларимизда қурбонликнинг барча қонун-қоидалари ҳақида сўз юритамиз.

Шу ўринда айтиш жоизки, қурбонлик қилиш ниятида юрган биродарларимиз Зулҳижжанинг биринчи кунидан то қурбонликларини сўйгунларига қадар соч-соқол ва тирноқларини олмасликлари зарур.

Умму Салама р.а. ривоят қиладилар. Расулаллоҳ с.а.в.: “Зулҳижжанинг ҳилолини кўрсангизлар ва ичингиздан кимдир қурбонлик қилмоқчи бўлса, то қурбонлигини бажо қилмагунча соч-соқоли ва тирноқларини олишдан тийилсин”, деганлар. (Имом Муслим ривояти)

Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади: “То қурбонлигингиз ўз маконига етмагунча сочларингизни олмангиз”. (Бақара, 196).

6. Тавба қилиш. Бу кунларда Аллоҳнинг зикрида машғул бўлар эканмиз, солиҳ амаллар билан бир қаторда, қилган гуноҳларимиз учун тавба қилишга ҳам вақт ажратайлик. Аллоҳ таоло айтади: “Аммо тавба қилганлар, иймон келтириб, солиҳ амалларни қилган кишилар шоядки нажот топгувчилардан бўлсалар.” (Қасас, 67)

7. Ҳар қандай солиҳ амалларни кўпайтириш. Буларга нафл намоз ўқиш, Аллоҳни зикр қилиш, садақа бериш, Қуръон тиловат қилиш, амри маъруф ва наҳий мункар каби амалларни мисол қилишимиз мумкин.

Аллоҳ барчамизни нажот топгувчилардан қилишини сўраб қоламиз.

Фойдаланилган манбаъалар:


Давомини ўқиш