وَلْتَكُن مِّنكُمْ أُمَّةٌ يَدْعُونَ إِلَى الْخَيْرِ وَيَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنكَرِ وَأُوْلَـئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ
Сизлардан яхшиликка чақирадиган, амри маъруф–наҳий мункар қиладиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар нажот топгувчилардир. (Оли Имрон, 104)
Показаны сообщения с ярлыком ҳалифа. Показать все сообщения
Показаны сообщения с ярлыком ҳалифа. Показать все сообщения

26 окт. 2008 г.

Қиёмат аломатлари. 3-қисм

dark_sun_dawn Ўтган мақоламизда қиёматнинг кичик аломатлари тафсирини бошладик ва биринчи беш аломатни келтирган эдик. Бугун иншааллоҳ қўлдан келганча кейинги кичик аломатлар тафсирига ўтамиз.

6. Фитналар бошланиши

Расулаллоҳ с.а.в. шундай фитналар ҳақида огоҳлантирдиларки улар мусулмонлар учун жуда кучли синов бўлади, бу фитналар оқибатида кўпгина мусулмонлар ҳалок бўладилар ва кўплари диндан қайтиб кетадилар.

Абу Ҳурайра р.а. дан ривоят қилинган ҳадисда Расулаллоҳ с.а.в. дедилар “Эзгу-хайрли ишларни қилиб қолиш учун шошилингиз. Яқинда зулматли кечанинг парчасидек фитналар бўлиб, киши мўмин бўлиб тонг оттиради, кофир бўлиб кеч киргизади ва (ёки) мўмин бўлиб кеч киргазиб, кофир бўлиб тонг оттиради, киши дунёнинг озгина моли эвазига динини сотиб юборади(Муслим ривояти)

Ҳасан Басрий ушбу ҳадисни шархлари эканлар қуйидаги гапларни айтадилар: “Аллоҳнинг номи билан қасамки биз шундай одамларни ўз кўзимиз билан кўрдик. Тана бор ақл йўқ, ҳудди шамга учган парвонага ўхшайдилар. Икки дирҳам учун диндан чиқиб, икки дирҳам учун яна қайтиб кираверадилар”. Ҳасан Басрий бу гапларни тобеинлар даврида айтган эканлар, ҳозирги кунда аҳволни кўриб қизиқ нима деган бўлардилар?

Абу Муса Ал-Ашаридан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда Расулаллоҳ с.а.в. “Қиёмат бўлишидан олдин шундай замонлар келадики зулматли кечанинг парчасидек фитналар пайдо бўлиб, киши мўмин бўлиб тонг оттиради, кофир бўлиб кеч киргизади ва мўмин бўлиб кеч киргазиб, кофир бўлиб тонг оттиради. У пайтда ўтирган киши тургандан, тик турган юриб кетаётгандан, юриб кетаётган югуриб кетаётгандан афзал бўлади. Агар шундай вақтлар келса, найзаларни синдириниг, камонлар ипини узинг ва қиличларингизни тошларга уриб синдиринг. Агар уйингизга бостириб киришса, Одам ўғиллариниг яхшиларидан бўлинг” дедилар. (Имом Аҳмад, Абу Довуд, Ибн Можа ва Ал-Ҳаким ривоятлари)

Яъни бу ҳадиснинг маъноси шундай замон келганда фитналардан узоқ туринг. Сабаби бу пайтда ҳақ ва ёлғон орасидаги фарқни ажрата олмай қоласиз. Шошиб нотўғри ҳулоса қилиб кейин гуноҳга қолиб юрманг.

У пайтда ўтирган киши тургандан, тик турган юриб кетаётгандан, юриб кетаётган югуриб кетаётгандан афзал бўлади.

Демак иложи борича бу фитналардан узоқ туринг. Қанча узоқ турсангиз шунча афзал.

Агар уйингизга бостириб киришса, Одам ўғилларининг яхшисидан бўлинг

Бу ерда Одам а.с. нинг икки ўғли Қобил ва Ҳобил назарда тутилиб, Қобил Ҳобилни ўлдирмоқчи бўлганида Ҳобил унга қарата “Агар мени ўлдирсанг, ҳеч қачон ҳаловат топмайсан. Сен мени ўлдириш учун қўл кўтариб турибсан. Лекин мен сендан кучлироқ бўлсам ҳам, қўл кўтармайман. Оламларнинг Робби бўлган Аллоҳдан қўрқаман” деб айтади. Яъни ҳадисдан мурод Аллоҳдан қўрқинг ва ҳаттоки уйингизга бостириб киришганда ҳам Одам а.с. ўғилларидан яхшиси, Ҳобилдан, ўрнак олинг.

Қиёматнинг бу аломати ҳақида гап кетар экан шуни айтиш керакки ислом оламида баъзи катта ва катта фитналар бўлиб ўтди, баъзилари ҳозирда юз бераяпти ва қиёматга яқин унданда катта фитналар юз беради.

Ибн Умар р.а. ривоят қилинади: У киши Набий с.а.в. нинг машриққа қараб туриб «Огоҳ бўлинглар! Фитна мана шу, шайтоннинг шохи чиқадиган тарафдадир», деганларини эшитган экан”. (Бухорий, Муслим ва Термизий ривоятлари).

Дарҳақиқат тариҳга назар солсак ҳам бугунги кунда мусулмон оламидаги кўпгина фитналар машриқдан келиб чиққан экан. Дажжол ва яъжуж-маъжуж ҳам машриқдан чиқар экан.

Шақиқ р.а. ривоят қиладилар: “Ҳузайфа: “Бир куни биз ҳазрат Умарнинг ҳузурларида ўтирган эдик, у киши: “Қай бирингиз жаноб Расулаллоҳнинг фитна ҳақидаги ҳадисларини биласиз?”, дедилар”, деди. Шунда Ҳузайфа “Барча фитна кишининг ўз хотини, болалари ва қўшнисидан содир бўлади, уни садақа бериш, намоз ўқиш ва амри маъруф қилиш билан даф этадилар”, деб айтганлар” дебди. Ҳазрат Умар: “Мен буни назарда тутганим йўқ, мен денгиз каби мавж урадиган фитна ҳақида сўраяпман”, дебдилар. Ҳузайфа: “Эй Амир ал-мўминин, ундай фитнадан сиз хавотир олмасангиз ҳам бўлади, чунки сиз билан унинг ўртасидаги эшик ёпиқдир!”, дебди. Ҳазрат Умар: “Ўша эшик синдириладими ёки очиладими?”, дебдилар. Ҳузайфа: “Эҳтимол, синдирилади”, дебди. Ҳазрат Умар: “Агар синдирилса, абадулабад қайта ёпилмас!”, дебдилар. Ҳузайфа: “Ҳа, шундай!”, дебди.

Кейин биз Ҳузайфага: “Ҳазрат Умар ўша эшикнинг ким эканлигини билар эдиларми?”, деб сўрадик. Ҳузайфа: “Ҳа, албатта, мен эртанги кун келишидан аввал тун бўлишини билганимдек яхши билардилар, чунки мен у кишига жаноб Расулаллоҳнинг шу хақидаги ҳадисларини айтиб берганман”, деди. Сўнг биз ўша эшик ҳақида бошқа савол беришга тортиниб, Масруққа: “Сен сўрагин-чи!”, дедик. У сўраган эди, Ҳузайфа: “Ўша эшик Ҳазрат Умарнинг ўзларидирлар”, деб жавоб қилди.

Умар р.а. нинг қатллари бу фитналар ўртасидаги эшикнинг бузилиши эди ва ислом оламидаги энг биринчи катта фитна ҳалифа Усмон р.а. нинг қатл қилинишлари бўлди. Умар р.а. ҳам Усмон р.а. ҳам қатл қилиниб шаҳид бўлган эдилар, лекин бу икки қотиллик ўртасидаги фарқ шундаки ҳазрат Умар р.а. кофирлар томонидан ўлдирилган бўлсалар, Усмон р.а. нинг қотилликлари ислом байроғи остида бўлди, ва бу мусулмонлар ўртасида кўпгина ихтилофлар, қонли тўқнашувларга ва хаворижларнинг диндан чиқишига сабаб бўлди. Бу фитналар натижасида мусулмон олами жуда узоқ вақтгача ўзига келаолмади, қонли тўқнашувлар натижасида баъзи маълумотларга қараганда йигирма минг баъзи маълумотларга қараганда етмиш мингга яқин мусулмонлар бир бирларини ўлдириб юборидлар.

Фитналар ҳақида сўзимизга шу жойда якун ясаймиз ва Ислом.uz сайтида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф томонидан ёзилган бир нечта мақолаларни ўқиб чиқишни тавсия қиламиз:

ФИТНАЛАР ВА УЛАРНИНГ НАВЛАРИ ҲАҚИДА ХАБАР БЕРИШ

ФИТНА ҚАЧОН БОШЛАНГАН ВА ҚАЕРДАН КЕЛАДИ

ЖАМАЛ ВОҚЕЪАСИ ҲАҚИДА СЎЗ

ХАВОРИЖЛАР ВА ДИНДАН ОТИЛИБ ЧИҚУВЧИЛАР ҲАҚИДА

7. Ёлғон пайғамбарларнинг чиқиши

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам: “Токи дажжоллар ва каззоблар чиқмагунча қиёмат қоим бўлмас. Улар ўттизга яқиндирлар. Уларнинг барчалари ўзининг Аллоҳнинг расули эканини даъво қилади”, дедилар” (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ривоятлари)

Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа ҳадисда эса Расулаллоҳ с.а.в. : “Токи менинг умматимдан баъзи қабилалар мушрикларга қўшилмагунча ва бутларга ибодат қилмагунларича қиёмат қоим бўлмас. Келажакда умматимда ўттизта каззоб бўлур. Уларнинг ҳар бири ўзининг набийлигини даъво қилур. Ҳолбуки, мен набийларнинг хотими-тугатувчисиман. Мендан кейин набий келмас”, дедилар» (Термизий ва Абу Довуд ривоятлари)

Яъни асосий катта дажжол чиққунга қадар ҳам ўттизга яқин кичик дажжоллар чиқар экан ва улар ўзларини Аллоҳнинг расули деб эълон қилишади. Бу ҳадисни шархлаган олимлар ўттизта деганда таҳминан айтилган, яъни уларнинг сони аслида кўп, лекин ортидан катта-катта қавмни эргаштириб, мусулмонларга кўп зиёни тегадиганлари ўттизга яқин дейишади.

Биринчи ёлғон пайғамбарлар Расулаллоҳ с.а.в. ҳаётлик даврларидаёқ пайдо бўлишган. Улардан биринчиси Бани Ҳанифа қавмидан Мусайлима исмли каззоб кўпгина иймони суст мусулмонларни йўлдан оғдирган. Кейинчалик Сажжох исмли аёл ҳам пайғамбарлик давосини қилди ва Мусайлима билан тил топишиб унга эрга тегиб олди. Абу Бакр ҳалифалиги даврида Йамама жангида Мусайлима ўлдирилгандан сўнг Сажжох тавба қилиб исломга қайтди.

Бундан кейин ҳам кўпгина каззоблар пайғамбарликни даво қилиб чиқишди. Шу яқин замондагиларидан Мирзо Ғулом Аҳмад Ал-Қодионий ва Бахауллоҳни мисол қилиш мумкин. Улар ҳақида кўпроқ маълумот олишни истаганларга Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг “Баҳоия” ва “Қодёния” номли мақолаларини ҳамда “Пайғамбарлик даъво қилганлар ҳақида” номли мақолаларини ўқиб чиқишни тавсия қиламиз.

8. Мусулмон ҳалифалигида тинчлик ва осойишталикнинг тарқалиши

Абу Ҳурайра р.а. Расулаллоҳ с.а.в. дан ривоят қилган ҳадисда "Қиёмат бўлмайди, токи  Ироқдан Маккага йўлга чиққан отлиқ фақатгина йўлдан адашишдан қўрқадиган замонлар келмагунча” дейилади. (Имом Аҳмад ривояти)

Азалдан бу йўллар жудаям ҳатарли бўлиб, ҳар бир йўлга чиққан карвонни бир лашкар қўриқлаб борар эди. Йўловчилар сафар давомида қароқчилар ва бошқа йўлтўсарлар томонидан хужум қилиниб жуда кўп зулм кўрар эдилар.

Лекин Расулаллоҳ с.а.в. шундай замонлар келишидан ҳабар бердиларки у пайтда бутун ҳалифаликда тинчлик осойишталик ҳукм суриб, йўловчилар қароқчи ва йўлтўсарлардан эмас балки йўлдан адашиб қолишдан қўрқишар экан ҳолос. Ва шундай замонлар бўлди ҳам.

Адий ибн Хотим р.а. ривоят қиладилар: “Мен Расулаллоҳ с.а.в. нинг ҳузурларида ўтирганимда бир киши келиб қашшоқликдан шикоят қилди. Сўнг, яна бир киши келиб йўлтўсарлардан (қароқчилардан) шикоят қилди. Шунда Жаноб Расулаллоҳ: “Эй Адий, Ҳийра (Фурот дарёси яқинидаги шаҳар) ни кўрганмисан?”, дедилар. Мен: “Сира кўрмаганиман, у ҳақида ҳабарим бор ҳолос”, дедим. У зот: “Агар умринг узун бўлса, бир аёлнинг Аллоҳ таолодан бўлак ҳеч кимсадан қўқрмай, Ҳийрадан келиб Каъбани тавоф қилганини, албатта, кўрасан”, дедилар. Мен ўзимга-ўзим: “Мамлакатда фитна оловини ёққан Тай қабиласининг йўлтўсарлари қаерда қолади”, дедим.

Адий ибн Хотим айтади: “Кейин, мен Расулаллоҳ с.а.в. айтган ўша аёлнинг Аллоҳдан бўлак ҳеч кимдан қўқрмай, Ҳийрадан келиб Каъбани тавоф қилганини кўрдим”. (Бухорий ривояти)

Келажакда эса Исо алайҳиссалом ва Маҳди даврларида бутун ер юзида яна шундай тинчлик ва осойишталик ҳукм суради дейишади муфассирлар.

9. Хижоз еридан ўт чиқиши

Абу Ҳурайра р.а. дан ривоят қилинган ҳадисда Расулаллоҳ с.а.в.: “Ҳижоз еридан ўт чиқиб Бусродаги туялар бўйнини ёритмагунча қиёмат бўлмайди”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Бу воқеа хижратнинг 654 йили юз берди. Ҳадисда зикр қилинган бу ўт Мадина яқинидаги вулқон отилиши эди. Ушбу воқеа ҳақида Имом Ан-Нававий, Ибн Касир, ал-Қуртубий, ибн-Хажар ва бошқа олимлар ҳабар берганлар.

10. Мусулмонлар ва турклар ўртасида жанг

Абу Ҳурайра р.а. Расулаллоҳ с.а.в. дан ривоят қилади: “Пошналари жундан қилинган қавмга қарши урушмагунингизга қадар ва кўзлари кичик (қисиқ), юзлари қизғиш, бурунлари пачоқ, юзлари ғадир-будир қалқон сингари (сергўшт, япалоқ), пошналари жундан қилинган туркларга (туркий элат) қарши жанг қилмагунингизга қадар қиёмат бўлмас” (Бухорий ривояти).

Еттинчи хижрий асрда турк элатидан бўлган Чингизҳон бошчилигидаги татар-моғул босқинчилари мусулмон юртларига бостириб кирдилар. Хижратнинг 656 йилида Боғдод шахрини вайрон қилишиб, у ердаги жуда катта исломий кутубхонани йўқ қилишиб, ҳалифа ал-Мустаъсимани қатл қилдилар. Амир Темур бостириб келгунга қадар моғуллар бир неча йиллар давомида мусулмонлар юртида ҳукмронлик қилдилар. Афсуски Амир Темур ҳам мусулмонларга жуда кўп зулм кўрсатди ва Дамашқ шаҳрини ер билан вайрон қилиб ёқиб юборди. Лекин кейинчалик турклар ҳам мусулмонликни қабул қилдилар, ислом байроғини юқори кўтардилар ва ислом ривожида ўз хиссаларини қўшдилар.

Айнан туркий халқлар Константинополь (хозирги Истамбул) ни фатх қилиб Осман империясига асос солдилар ва бу империя XX аср бошларига қадар ислом маркази ва таянчи бўлиб келди.

Шуниси қизиқки тарихда биринчи бор истилочи халқ мағлуб бўлган миллатнинг динини қабул қилди. Одатда бунинг акси бўлар эди, хукмронлик қилаётган тузум ўз тилини, динини ва урф одатларини мағлуб бўлганларга мажбурлаб бўлса ҳам киритишар эди. Лекин қарангки Аллоҳнинг қудрати билан туркий халқлар ҳам Исломни қабул қилишди ва бу дин учун жуда катта фойдалар келтиришди.

Давоми бор


Давомини ўқиш

21 окт. 2008 г.

Қиёмат аломатлари. 2-қисм

armageddon29zb Ўтган мақоламизда қиёмат кунига иймон келтириш, бу куннинг дахшатлари ва бу кун қачон бўлиши хақидаги илмнинг биздан яширилгани хақида сўз юритган эдик. Бугунги мақоламиз билан иншааллоҳ қиёматнинг кичик аломатларини баён қилишни бошлаймиз.

Аввало бир саволга жавоб берайлик: “Нима учун қиёмат кунини беркитган Аллоҳ унинг аломатларини бизга очиқ баён қилди?

Обид қори устозимиз ўзларининг маърузаларида бунинг ҳикматини қуйидагича тафсир қиладилар:

“Пайғамбарлардан тобора узоқлашиб боргани сари одамларнинг эътиқоди, дину-диёнати ҳам ўзгариб бориши табиий ҳолат.

Анас р.а. “Расулаллох с.а.в. вафот этган кунлари у кишини дафн этиб қўлларимизни Расулаллоҳ с.а.в. нинг қабрлари тупроғидан олар-олмас қалбимиз танимайдиган даражада ўзгарганини сездик” дейди (Термизий ривояти)

Яъни Расулаллоҳ с.а.в. дунёдан ўтишлари биланоқ бунинг акси одамларда сезилди. Энди эса Расулаллоҳ замонларидан узоқлашиб қиёмат яқинлашган сари одамларнинг дунё қарашлари ўзгариб борверади. Шунинг учун қиёмат аломатлари оҳир замон одамлари орасида кўп бўлаверадики, зора одамлар шу аломатларни кўриб эсларини йиғсалар, тўғри йўлга қайтсалар. Яъни қиёмат аломатлари инсон иймони мустаҳкамланишига сабаб бўлар экан. Бу аломатлар ҳақида эшитган, ўқиган одам уларни хаётида кўрганда хақ динда юрганлигига яна бир бор амин бўлади, эътиқоди янада мустахкам бўлади, худодан қўрқуви ортади ва эхтиёткорлиги ошади."

Демак бу аломатлардан мақсад бизга бу куннинг хақлигини, хисоб-китоб борлигини эслатиб туриш. Динимизни, эътиқодимизни ва иймонимизни мустаҳкам тутиш экан.

Қиёмат аломатлари тахлилига ўтар эканмиз бу аломатларнинг икки турли эканлигини айтиб ўтиш керак. Биринчи тур аломатлар бир марта юз берадиган воқеани тафсирлайди ва бу воқеа юз берганда ҳадисларда баён қилинган аломатлардан бири шу эканлигини аниқ биламиз. Масалан Абу Ҳурайра р.а. дан ривоят қилинган ҳадисда Расулаллоҳ с.а.в.: “Ҳижоз еридан ўт чиқиб Бусродаги туялар бўйнини ёритмагунча қиёмат бўлмайди”, деганлар (Имом Бухорий ривояти). Бу воқеа хижратнинг 654 йилида содир бўлган ва Имом Ан-Нававий (Шархи Муслим, 18/28), Ибн Касир, ал-Қуртубий, Ибн Хаджар ва бошқа кўпгина олимлар бу хақида хабар берганлар.

Иккинчи тур аломатлар эса бир неча марта юз бериши мумкин ёки одамлар бу аломатни бўлиб ўтди деб ўйлашади ваҳоланки ҳали юз бергани йўқ. Масалан Шақиқ р.а. дан ривоят қилинган ҳадисда Набий с.а.в. “Қиёмат қоим бўлиш арафасида жаҳолат кучайиб, қотиллик кўпаяди”, деганлар (Бухорий ривояти). Маълум бир замонда яшаган одам “мана бизнинг давримизда қотиллик кўпайиб кетди” дейиши мумкин ваҳоланки шундай замонлар келиши мумкин жоҳиллик ва қотиллик янада ошиб, унинг кўрганлари хеч нарса бўлмай қолади.

Келинг энди қиёмат аломатларига ўтайлик:

1. Муҳаммад с.а.в. нинг набийликлари

Оҳирги Набийнинг ер юзига юборилиши қиёматнинг энг биринчи аломатидир. Расулаллоҳ с.а.в. ўзлари бунга жуда кўп ишора қилганлар.

Анас ибн-Молик ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар с.а.в. кўрсаткич ва ўрта бармоқларини кўтариб: “Мен билан қиёмат мана шу иккиси каби юборилганмиз”, деганлар (Бухорий, Муслим, Ахмад, Термизий ривоятлари). Яъни охирги пайғамбар ва қиёмат орасида шунчалик кам вақт қолганига ишора қилганлар.

Абу Джубайра р.а. ривоят қилган ҳадисда Расулаллоҳ с.а.в. “Мен қиёмат куни нафасида юборилдим” деганлар (Ал Давлаби ривоят қилган, Шайх Ал-Албоний саҳиҳ деган).

Ибн Умардан ривоят қилинади: “Биз Расулаллоҳ с.а.в. олдиларида эдик. Вақт асрдан оғган эди. Набий с.а.в. дедилар “Ўтган кишилар умри олдида сизларнинг умрларингиз худди мана шу куннинг ўтган қисми олдидаги қолган қисми кабидир” (Имом Аҳмад ривояти, саҳиҳ). Яъни бу билан Расулаллоҳ с.а.в. ҳудди кун охирида, сардан сўнг қуёш ботишига яқин қолгани каби бизнинг ҳам умримиз охирлаб қолганини айтганлар.

2. Расулаллоҳ с.а.в. нинг вафотлари

Қиёматнинг иккинчи катта аломати Расулаллоҳ с.а.в. нинг вафотларидир.

Авф ибн Молик (р.а.) ривоят қилади: “Мен Табук ғазоти вақтида Расулаллоҳ с.а.в. нинг ҳузурларига келдим, шунда у зот теридан қилинган бир чодирда ўтирган бўлиб, шундай деб марҳамат қилдилар: “Қиёматдан илгари бўладиган олти аломатни бирма-бир санаб чиқаман: “Улардан бири – менинг ўлимим, кейин Байтул Мақдис фатҳи, сўнг қўйлар ўлатидек сизларда тарқаладиган вабо, кейин мол-дунёнинг кўпайиб кетиши, ҳатто бир кишига юз динор берилса, назарига илмай, ўзини таҳқирланган ҳисоблаб, бундан дарғазаб бўлади. Сўнг бирорта ҳам арабнинг уйини қолдирмай кириб борадиган фитна, кейин сизлар билан Бани ал-Асфар” (Имом Бухорий ривояти)

Расулаллоҳ с.а.в. нинг вафотлари барча саҳобалар учун жуда қаттиқ зарба бўлди. Анас ибн-Молик ривоят қилади “Расулаллоҳ с.а.в. Мадинага кириб келганларида шахар нурга тўлган эди, у зот вафот этган кунлари шахар қоронғуликка чўмган эди. Расулаллох с.а.в. ни дафн этиб, қўлларимизни у зотнинг қабрлари тупроғидан олмасимиздан қалбимиз таниб бўлмайдиган даражада ўзгарганини сездик” (Термизий ривояти).

3. Байтул Мақдис (Иерусалим) нинг фатҳ бўлиши

Бу воқеа хижратнинг 16 йилида, Умар бин-Хаттоб ҳалифалиги даврида юз берди. Абу Убайда бошчилигидаги лашкар Байтул Мақдисни қўршовга олишганда, у ернинг ҳукмдори таслим бўлади, лекин шахар дарвозаси калитини фақат ҳалифа Умар бин-Ҳаттобга беришга рози бўлади.

Мусулмонлар билан маслаҳат ўтказган ҳалифа битта туяни олиб, хизматкори билан йўлга чиқадилар, ва галма-галдан туяни минишга келишиб оладилар. Ҳалифа Умар р.а. хизматкорлари билан навбатма-навбат туяни миниб келиб, шахарга яқинлашганларида туяга миниши навбати хизматкорга, туяни етаклаш навбати эса Умар р.а. га тегади. Хизматкор хижолат бўлиб хазрат Умарга туяни минишни таклиф қилганида ҳам адолатли Умар р.а. бундан бош тортадилар ва шахарга туя етаклаб кириб борадилар.

Шахар дарвозаси олдида ҳалифани кутиб олган Абу Убайда р.а. хижолат бўлиб бу ернинг одамлари бошқаларни кийимига, зебу-зийнатига қараб хурмат қилишини айтганда ҳалифа “Аллоҳ бизга исломни бериб ҳурматимизни кўрсатиб қўйди ва шу ислом билан душманларнинг кўзида бизнинг обрўмизни кўтарди. Агар биз исломни қўйиб бошқа йўллар обрўмизни кўрсатишга ҳаракат қилсак, Аллоҳ бизни уларнинг кўзида беҳурмат қилиб қўяди” деган жавобни берадилар.

Дарҳақиқат дунёга номи таралган ҳалифа Умар р.а. нинг соддалигини кўрган, унинг адолати ҳақида эшитган шахар аҳолиси уни янада кўпроқ ҳурмат қилиб, ўз қўллари билан шахар калитини унга топширадилар.

Юқоридаги ҳадисни шархида Ибн Касир айтади: “Қуддус аҳолисининг китобларида “шахар калитини кийимида ўн тўртта ямоғи бор одам олади”, дейилган экан, Умар р.а. ҳам шахарга кириб келганларида кийимларининг ўн тўрт жойида ямоғи бор эди”.

4. Вабо тарқалиши

Бу воқеа хижратнинг 18 йили, яъни Куддуснинг фатхидан икки йил ўтганидан кейин юз берди. Қуддусдаги Амвас номли шахарда тарқалиб бошлаган вабо бутун Шом (хозирги Палестин, Сирия, Ливан, Иордания) диёрига тарқалди ва йигирма беш мингга яқин мусулмоннинг жонини олиб кетди. Буларнинг орасида юқорида номи зикр қилинган, Қуддусни фатх қилган, тириклигидаёқ жаннат башоратини олган саҳобалардан Абу Убайда ибн Ал Жарроҳ ҳам бор эди.

Кўпгина мусулмонларнинг жонини олган бу касаллик улар учун Аллоҳнинг раҳмати ҳам эди, чунки Абу Ҳурайрадан ривоят қилинган ҳадисда Расулаллоҳ с.а.в. вабодан ўлганларни шаҳид бўлишини айтиб ўтганлар (Бухорий ривояти).

5. Мусулмонларда мол дунёнинг кўпайиши

Абу Ҳурайра р.а. ривоят қилади Расулаллоҳ с.а.в. “Мол-дунёингиз ошиб-тошиб кетиб бировга садақа узатсангиз, у: “Садақага зор эмасман!” дейдиган кунлар келмагунча қиёмат қоим бўлмайди”, дедилар (Бухорий ривояти).

Бу аломат Умар бин-Ҳаттоб даврларида, кейинчалик Умар ибн-Абдулазиз ҳалифалик даврларида ҳам зоҳир бўлди.

Китобларда ривоят қилинишича Умар ибн-Абдулазиз замонларида ҳалифалик остида бўлган Шимолий Африка давлати Мадинага катта миқдорда тилла юборади. Ҳалифа “Нима учун бу тиллани бизга юбординглар? Маҳаллий ҳокимият бойлардан йиққан пул ўша ерда қолиши, бева-бечораларга улашиб берилиши керак”, деганида “Бизда бева-бечоралар қолмади”, деган жавобни олади ва пулни ўша давлатдаги қулларни озод қилишга ва давлатни ободонлаштиришга сарфларши буюради. Худди шундай ҳодиса Ямандан юборилган закот билан ҳам юз беради.

Демак ана шу даврда Аллоҳ таолонинг раҳмати билан, У берган баракаси билан мусулмонлар бой-бадавлат бўлиб яшашган.

Шунингдек олимлар бу ҳодиса яна бир бор қиёматга жуда яқин қолганда Исо ибн Марям ва хазрат Маҳди ҳукмронлиги вақтида юз беради дейишади.

Абу Мусо ал-Ашъарийдан ривоят қилинган ҳадисда Расулаллоҳ с.а.в. “Одамларга шундай замон келадики, унда бир одам тилладан бўлган закотини олиб айланиб юради, аммо уни оладиган бирор киши топа олмайди” деганлар (Имом Муслим ривояти).

Яъни одамлар у замонда нафақат бой балки қаноатли ҳам бўлар эканлар. Мисол учун хозирги кунда агарки жуда бой бўлган одамга ҳам тилла таклиф қилсангиз у киши йўқ демайди,  Расулаллоҳ с.а.в. дан ривоят қилинган бошқа ҳадисда, у зот “Агар одам боласининг бир водий тўла олтини бўлсада, у яна икки шундай водийни орзулайди” деб айтганлар (Бухорий ривояти). Лекин қаранги шундай замонлар келар эканки инсонлар бойлигига қаноат қиладиган бўлиб қолар экан, ва бу қиёматнинг аломатларидан бири экан.

Ва Аллоҳу аълам

Давоми бор


Давомини ўқиш