وَلْتَكُن مِّنكُمْ أُمَّةٌ يَدْعُونَ إِلَى الْخَيْرِ وَيَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنكَرِ وَأُوْلَـئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ
Сизлардан яхшиликка чақирадиган, амри маъруф–наҳий мункар қиладиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар нажот топгувчилардир. (Оли Имрон, 104)
Показаны сообщения с ярлыком savdo. Показать все сообщения
Показаны сообщения с ярлыком savdo. Показать все сообщения

18 нояб. 2008 г.

Қиёмат аломатлари. 6-қисм

Dark Clouds on the Horizon Қиёмат аломатлари рукнимизни давом этамиз.

21. Қотилликнинг кўпайиши

Шақиқ ривоят қиладилар: “Абдуллоҳ ва Абу Мусо билан ўтирган эдим, улар менга: “Набий с.а.в. бундай деб айтганлар” дейишди: “Киёматга қоим бўлиш арафасида жаҳолат кучайиб, қотиллик кўпаяди”. (Имом Бухорий ривояти)

Абу Мусодан ривоят қилинган бошқа ҳадисда Расулаллоҳ с.а.в.: “Қиёмат қоим бўлиш арафасида харж кўпаяди” дедилар. Саҳобалар “Ҳарж нима?” деб сўрашди. У зот с.а.в. “Қотилликдир” дедилар. Саҳобалар яна сўрашди: “Наҳотки биздан ҳам кўп одамни қатл қилишадими. Биз бир йилда етмиш мингдан кўп одам қатл қиламиз-ку?!”. Расулаллоҳ с.а.в. жавоб қилдилар: “Улар мушрикларга қарши жанг қилмайдилар, балки бир-бирларининг қонини тўкадилар”. Саҳобалар: “У пайтда бизнинг ақлимиз қаерда бўлади?” деб сўрашди. Расулаллоҳ с.а.в.: “У вақтда кўпчилик ақлини йўқотади, фақатгина озчилик эсини йўқотмайди. Кўплар ўзини ҳақ деб ўйлайдилар, аслида эса ҳақиқатдан жуда йироқда бўладилар” деб жавоб қилдилар. (Имом Аҳмад ва Ибн Можа ривояти, Албоний саҳиҳ деган).

Расулаллоҳ с.а.в. даврларида мусулмонлар кофир ва мушрикларга қарши жанг қилардилар, ва жуда кўпини жанг давомида қатл қилиб юборардилар. Расулаллоҳ с.а.в. шундай вақтлардан огоҳлантирдиларки, у пайтда мусулмон мусулмонни қонини тўкади, ва ўзини ҳақ йўлдаман деб ўйлайди.

Абу бурда ривоят қилади. Бир куни бозорда туриб бир нарсадан ҳайратланиб бир қўлимни иккинчисига урдим. Отаси саҳобалардан бўлган Ансорлардан бири “Нега ажабланаяпсан Абу Бурда"?” деб сўради. Мен: “Одамларга ҳайронман, дини бир, битта Пайғамбарга ишонишади, битта ҳақиқатни тарғиб қилишади, битта далилга асосланишади, битта душманга қарши курашишади лекин бир бирларининг қонини ҳам тўкаверадилар” дедим. Ҳалиги киши айтди: “Ҳайратланма. Менинг отам айтган эди, Расулаллоҳ с.а.в. “Менинг умматим мағфират қилинади. Оҳиратда улар гуноҳлари учун жавоб бермайдилар ва жазога учрамайдилар, сабаби улар бу дунёда уларнинг қотилликлари, зилзилалар ва фитналар билан жазоланадилардеганлар. (Ал Ҳаким ва аз-Заҳабий ривоятлари, Албоний саҳиҳ деган).

Абу Мусодан ривоят қилинган ҳадисда “Уларнинг жазолари оҳиратда эмас, бу дунёда бўлади. Бу уларнинг қотилликлари, нотинчликлар ва зилзилалардир” дейилган.(Имом Аҳмад ривояти, Албоний саҳиҳ деган).

22. Вақтнинг тезлашиши

Анас р.а. ривоят қилади. Расулаллоҳ с.а.в. дедилар: “Токи вақт тезлашмагунича қиёмат қоим бўлмайди. Бир йил ҳудди бир ойдек, ой ҳудди ҳафтадек, ҳафта эса кундек, кун эса бир соатдек, бир соат эса бир ўтин ёнгунчалик вақтдай ўтади. ”(Имом Ахмад ва Термизий ривояти, Албоний саҳиҳ деган).

Олимлар юқоридаги ҳадисни турлича шархлаганлар:

1. Ибн Хажар Фатхул Борийда, ал-Ҳаттоб ва Ибн ал-Асир оҳир замон яқинлашиши билан вақтнинг баракаси кўтарилади, кадимда одамлар малум бир вақтда қилган ишни оҳир замон одамлари ўшанча вақтда қилиб улгурмайдилар деган фикрни билдирганлар.

Ҳозир кимдан сўранг вақт тез ўтиб кетаётганини тасдиқлайди. Кунлар, ҳафталар, ойлар, йиллар ғизиллаб ўтиб боряпти. Биз эса ҳеч нарсага улгурмай қолаяпмиз.

Ибн Жавзий оламдан ўтганидан сўнг унинг барча ишларини яшаган кунларига бўлиб кўришганида бир кунга 11 бетдан тўғри келган экан. Бу дегани бу киши бутун ҳаёти давомида бошқа нарсага чалғимай ҳар куни 11 бетдан ёзиши керак дегани. Бировнинг ишини кўчириш эмас, ўзининг меҳнати ва машаққати билан ёзилган 11 бет. Бошидан ўтган киши билади бу жуда ҳам қийин, деярли иложи йўқ иш.

Шайх ул-Ислом Ибн Таймия ўзларининг машхур “Ал Ақида Васатия” китобларини Пешин ва Аср намозлари орасида ёзган эканлар. Ҳозирда бу китоб Ислом дорилфунунларида бир семестр баъзида эса бутун бир йил давомида ўрганилади.

2. Иккинчи фикрга кўра Маҳди замонларида инсонлар тўкин-сочин ҳаёт кечирадилар ва уларга вақт ҳудди тез ўтаётгандек туюлади (Фатҳул Борий)

3. Баъзи олимлар эса бу ҳадисда Расулаллоҳ с.а.в. ҳозирги замон тараққиётни назарда тутганлар дейдилар. Замонавий алоқа воситалари ва транспорт ёрдамида қадимда узоқ муддат талаб қилган ишлар ҳозирда кўз очиб-бмгунча вақтда битади деган фикрни ҳам билдирганлар (ал-‘Ақод ал-Исламийа)

4. Шунингдек баъзи олимлар вақт ҳақиқатдан ҳам тезлашади деган фикрни билдирганлар. Бу қандай бўлиши эса бир неча йўллари бор, мисол учун ер айланиш тезлигининг ошиши ҳисобига ҳам бўлиши мумкин.

Ва Аллоҳу аълам.

23. Бозорларнинг бир-бирига яқин бўлиши

Абу Ҳурайра р.а. ривоят қилади, Расулаллоҳ с.а.в. дедилар: “Қиёмат қоим бўлмайди, токи фитналар пайдо бўлмагунича, ёлғон кўпаймагунча ва бозорлар яқинлашмагунича”. (Имом Ахмад ривоят қилган, Ал-Ҳейсамий саҳиҳ деган).

Мана бу аломатнинг ҳам гувоҳи бўлиб турибмиз. Ўтмишга бир назар солинг, узоқ ўтмишга эмас, яқин тариҳимизга. Бутун бошли Тошкентда нечта бозор бор эди? Саноқли бозорлар, ҳафтада 1-2 кун ишлар эди. Ҳозирчи? Ҳар қадамда дўконлар, янги супермаркетлар, катта-катта бозорлар. Демак бу ҳам қиёматнинг аломатларидан бири экан.

24. Тижоратнинг кенг тарқалиши

Абдуллоҳ Ибн Масъуд ривоят қилади. Расулаллоҳ с.а.в.: “Киёматга яқин одамлар фақатгина ўз танишлари билан саломлашадиган бўладилар, тижорат кенг ёйилади. Ҳатто аёллар ҳам ўз эрлари қаторида савдо билан шуғулланадилардедилар. (Имом Аҳмад ва Ҳоким ривоятлари).

Нақадар аниқ сўзлар. Ҳудди Расулаллоҳ с.а.в. бизни замонамизни ўз кўзлари билан кўргандек тафсирлаганларини фақатгина Аллоҳнинг мўжизаси деб тушунтириш мумкин. Атрофингизга бир қаранг, тижорат билан шуғулланмайдиган инсонни топиш қийин бўлса керак.

25. Мусулмон уммати орасида ширкнинг тарқалиши

Савбон р.а. ривоят қилади. Раслулаллоҳ с.а.в. дедилар: “Менинг умматим бир бирларига қарши қилич кўтарадилар ва бу Қиёмат қоим бўлгунича давом этади. Токи умматимдан бир гуруҳи мушрикларга эргашиб ва яна бир қисми бутларга ибодат қилмагунича қиёмат қоим бўлмайди ”. (Абу Довуд ва Термизий ривоятлари, Албоний саҳиҳ деган).

Абу Ҳурайра р.а. ривоят қиладилар. Расулаллоҳ с.а.в.: “Давс қабиласи аёллари Зулхулуса деб аталмиш бутга сиғинадиган бўлмагунларига қадар қиёмат бўлмайди. Зулхулуса эса Давс қабиласи жоҳилият даврида ибодат қилган бутдир.” (Имом Бухорий ривояти)

Юқорида айтилган воқеа Расулаллоҳ с.а.в. ҳаётликларидаёқ юз берди. Давс қабиласи Зулхулуса бутини тиклаб унга ибодат қила бошладилар. Жарир ал-Бажолий бошчилигидаги 150 га яқин мусуломонлар Расулаллоҳ с.а.в. буйруғига биноан бутни бузиб ташладилар. (Фатх ул-Борий). Афсуски орадан бир неча аср ўтиб мусулмонликни даво қилган бир гуруҳ бутпарастлар Зулхулусани тиклаб унга ибодат қила бошлашди, 1745 йилда Нажднинг ҳукмрони Абдулазиз Ибн Муҳаммад буйруғига кўра бут яна бир бор бузиб ташланди. Орадан бир аср вақт ўтар ўтмас 1845 йилда жоҳил араблар учинчи бор Зулхулуса бутини тиклаб олишди. ХХ аср бошида амир Абудлазиз ибн Абдураҳмон буйруғига кўра бу машхур маъбуд бутунлай ер билан яксон қилиб ташланди. (Итхаф ал-Жамаъа).

Афсуски ҳозирги кунда мусулмонман деган миллатлар орасида ширкнинг турли ҳил кўринишлари авж олиб бормоқда. Қабрлардан мадад сўраш, оловни атрофида айланиш, пирлардан мадад сўраш, улуғ авлиёларнинг руҳларидан мадад сўраш каби катта шикрлардан бошлаб, кўзмунчоқ ёки тумор тақиш, уйларга исириқ, тақа осиб қўйиш каби майда ширклар ҳаётимизда тўлиб тошиб кетган. Ҳаммасидан ачинарлиси, бу амалларни қилаётган одамлар буларни исломдан деб биладилар ва бу амалларида каттиқ турадилар. Агар қилаётган ишинг ҳаром, қилмагин десангиз, сизни ўзингизни кофирга чиқариб ҳам қўйишади. Расулаллоҳ с.а.в. айтган эканлар: “Менинг умматим орасида шундай инсонлар чиқади улар ўзларининг ёлғон ақидаларига ҳудди ит эгасига содиқ бўлгани каби содиқ бўладилар. Бу ақида уларнинг ҳар бўғин ва қон томирларигача сингиб кетган бўлади” (Абу Довуд ривояти, Албоний саҳиҳ деган).

Абу Ҳурайра р.а. ривоят қиладилар. Расулаллоҳ с.а.в.: “Умматим ўзидан илгаригиларнинг тариқатини қаричма-қарич, қалам-бақадам ўзлаштирмагунларига қадар қиёмат қоим бўлмайди!”, дедилар. “Ё Расулаллоҳ, форс ва румликлар сингари қавмларнинг тариқатлариними?”, дейишди. Жаноб Расулаллоҳ: “Улардан ўзгаларнинг ҳам!”, дедилар.

Абу Саид ал-Худрий ривоят қилган ҳадисда: “Биз ё Расулаллоҳ, яхудий ва насороларнинг ҳамми?” дедик. У зот: “Уларга  бўлмай, кимга?!”, дедилар”. дейилган.  (Бухорий ва Муслим ривоятлари)

Имом Муслимнинг ривоятида “… қаричма-қарич, қадам-бақадам узлаштирасилар, агар улар калтакесак кавагига кирса сизлар ҳам ўша ерга кириб кетасилар” зиёда қилинган.

Ойша р.а. ривоят қиладилар: “Расулаллоҳ с.а.в. сўнгги бор бетоб бўлиб ётганларида (шу касалликдан сўнг фавот этганлар): “Аллоҳ таоло яҳудий ва насороларни ланъатлади, чунки улар собиқ пайғамбарларининг қабрларини масжид қилиб олдилар”, деган эдилар.” (Имом Бухорий ривояти).

Бугунги кунда пайғамбар у ёқда турсин авлиё ва пирларнинг қабрларидан нажот сўрайидганлар кўпайиб кетди. Хажга боришдан олдин фалон жойни зиёрат қилмасанг хажинг қабул бўлмайди деган гапни сон-саноқсиз марта эшитганман. Ҳатто мана шу хадисни ривоят қилган, Ислом оламининг энг йирик муҳаддиси, Имом Бухорийнинг (Аллоҳ у кишидан рози бўлсин) ҳам қабрлари ҳозирда зиёратгоҳга айлантириб қўйилганига нима дейсиз? Мана шулар ширк бўлмай нима? Аллоҳ барчамизни ширкдан сақласин.

Давоми бор

Давомини ўқиш

28 окт. 2008 г.

Тармоқли маркетинг ёки Herbalife, quest.net ва бошқалар хақида

Kheops-Pyramid Хозирги кунда Ўзбекистонда пирамида ёки тармоқли маркетинг кўринишидаги бизнес авж олиб келмоқда экан, ўз-ўзидан савол туғилади, бу йўл билан пул топиш ҳалолми ёки ҳаром?

Саволга жавоб беришдан аввал савдо-сотиқнинг ушбу кўриниши ҳақида бироз маълумот берайлик. Бизнеснинг бу турини қисқача қуйидагича тушунтириш мумкин: Бир киши компания маҳсулотини сотиб олади ва шу билан бирга бу компания маҳсулотларини бошқаларга сотиш ҳуқуқига ҳам эга бўлади. Энди унинг мақсади кўпроқ клиентларни жалб қилиш, ҳамда уларни ҳам компания маҳсулотларини ундан сотиб олишга ундаш. Ҳар бир қўшилган клиент эса яна бошқаларни жалб қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Демак мисол қилиб олсак, бир киши икки кишини таклиф қилади, у икки киши эса ҳар бири яна икки кишидан жалб қилаверади ва натижада катта бир пирамида ҳосил бўлади.

Пирамидада қанча юқори турсангиз савдодан шунча куп фойда оласиз, сабаби сиз таклиф қилган одамлар сони ошган сари сиз олаётган фойдангиз ўзгараверади. Бунинг асосий сабаби пирамидада юқори кўтарилган сари маҳсулотнинг нарҳи тушиб бораверади ёки компания томонидан сизга бериладиган чегирма ва “бонус”лар кўпайиб боради ва ҳоказо.

Бу бизнес туриниг бир нечта номи бор “Пирамида”, “Тармоқли маркетинг”, “Сетевой маркетинг”, “многоуровневый маркетинг”, “network marketing”, “multi level marketing” ва ҳоказо лекин уларнинг фаолияти деярли бир ҳил. Бу компанияларнинг мақсади ўз маҳсулотини сотиш эмас, аслида таклиф қилинаётган махсулот бир алдов, кўзбўямачилик ҳолос, уларнинг асосий мақсади эса пирамидага кўпроқ одамларни жалб қилишдир.

Агар мақсад маҳсулотни сотиш бўлганда эди бунинг бир қанча осонроқ ва ишончлироқ йўллари бор. Ҳар куни миллионлаб-миллиардлаб товарлар ҳеч қандай пирамидасиз ҳам сотилиб, уларнинг эгалари фойда қилиб кун кўришаяпти.

Ҳозирги кунда бизнинг юртмизида бир нечта бундай компаниялар мавжуд, масалан quest.net, herbalife, tyanshi ва бошқалар.

Биз бу бизнес тури ҳалолми ёки ҳаром деган саволга жавобни қидирдик ва барча олимлар бир овоздан бу йўл билан бизнес қилишни ҳаром деб фатво берганликларини топдик.

Биз қуйида Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитасининг фатвосини келтирамиз:

Бу каби олди-берди қилиш ҳаром. Сабаби бу олди-бердидан мақсад маҳсулотни сотиш эмас балки кўпроқ фойда қилишдир. Бунда ўн мингга сотилаётган маҳсулотнинг асл нарҳи юз сумдан ҳам ошмаслиги мумкин. Бундай компаниялар сизни қандайдур бир кичик миқдордаги пул билан (бирон бир маҳсулотни сотиб олиш билан) компанияга қўшилишни кейин эса бу пулини бир неча баробар қилиб қайтариб олиш билан ўзларига жалб қиладилар. Аслида компания таклиф қилаётган маҳсулот бу кўзбўямачилик ҳолос ва компаниянинг асосий мақсади бу маҳсулотни сотиш эмас балки кўпроқ одамларни пирамидага жалб қилиш. Бу эса қуйидаги сабабларга кўра ҳаромдир.

1. Бу кўринигдаши олди-берди икки ҳил рибони ўз ичига олади: рибо-ал фазл (бир жинсдаги нарсани алмаштиришда зиёда олишдир) ва насия рибоси (қарзни адо этишни кечга суруш эвазига олинадиган фойда). Ҳар бир компания аъзосининг мақсади камроқ пул билан қўшилиб кейинчалик пулини кўпроқ қилиб ундириб олиш, яъни камроқ пулни вақт ўтганидан сўнг кўпроқ пулга сотиш. Бу эса аксар уламолар томонидан ҳаром дейилган. Компания таклиф қилаётган маҳсулот эса бу бир восита ҳолос, асосий мақсад юқорида айтилганидек клиентлар сонини ошириш, пирамидани юқорироқ кўтариш.

2. Олди-бердининг бу кўриниши ғарар (гумонли, ноаниқ савдо) ҳам дейилади. Сабаби янги қўшилган инсон бу ишга яна янги клиентларни жалб қила оладими йўқми билмайди. Яъни бу иш унга келажакда фойда келтирадими ёки йўқми, пирамиданинг юқорисида бўладими ёки энг пастидаги “бахтсизлардан” бири бўлиб қоладими аниқ билмайди. Аслида мана бу олди-бердидан ютқазганларнинг сони ютганларга қараганда кўпроқ. Демак бу ишга киришаётган одамнинг олдида богдан-бош иккита йўл бор, бу эса гумонли ёки ноаниқ савдо дейилади. Расулаллоҳ с.а.в. Имом Муслимдан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда бундай савдодан қайтарганлар.

3. Бу турдаги олди-берди инсонлар бойлигини ботил йўл билан ейиш ҳамдир. Сабаби бунда фақатгина пирамида тепасида турган ва омади келадиганлар ютаверади, қолган эса ютқазиб пулларгиа куйиб қолаверадилар. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади: “Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманглар. Магар ўзаро розилик ила тижорат бўлса, майли(Нисо, 29).

4. Бу каби олди-бердида алдов, ҳийла, кўзбўямачилик ва инсонларни лақиллатиш ўрин олган. Юқорида айтилганидек компания ўзининг асосий мақсади қилиб ўз маҳсулотини сотиш қилиб кўрсатади, бу эса ёлғон. Шунингдек инсонларга агар компанияга аъзо бўлишса катта фойдалар олиб келишини ваъда қилишади, бу эса ҳали ноаниқ.

Расулаллоҳ с.а.в. дедилар “Кимки бизни алдаса у биздан эмас” (Имом Муслим ривояти).

Ҳаким ибн Ҳизомдан р.а. ривоят қилинган бошқа ҳадисда эса Расулаллоҳ с.а.в. “Сотувчи ва ҳаридор то тарқалгунларига қадар ихтиёр ўзларидадир. Агар рост сўзласалар ва молнинг айбини айтсалар уларнинг бу савдоларига барака берилади. Агар молнинг айбини яширсалар ва ёлғон сўзласалар уларнинг бу савдоларининг баракаси бўлмайди”, дедилар (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).

 

Баъзилар бу каби савдони даллоллик билан тенглаштирадилар. Бу нотўғри, сабаби даллол бировнинг молини сотиб бергани учун қандайдур миқдорда пул олади. Тармоқли маркетингда эса бировни молини сотиш учун кириш пул тўланади. Даллолликдан мақсад ўз молини тезроқ сотиш, тармоқли маркетингдан мақсад эса пирамида аъзоларини кўпайтириш. Демак бу иккаласи орасидаги фарқ аниқ-тиниқ кўриниб турибди.

Компания томонидан рағбатлантириш, совға, ҳадя, бонус ёки шунга ўхшаш кўринишда фойда оладиганларга эса жавоб шундай. Бу ҳам нотўғри сабаби исломда ҳар қандай совғани ҳам қабул қилинавермайди. Абдуллоҳ ибн Салом Абу Бурдага айтган экан: “Сен рибо тарқалган ердасан, агар сени бировда ҳаққинг бўлса, у сенга сомон ёки арпа ё поя миқдорида бўлса ҳам ҳадя берса, қабул қилмагин, чунки у рибодир(Бухорий ривояти).

Исломда ҳадя, берилган мақсадига қараб ҳукм қилинади. Абу Ҳумайд ас-Соъдийдан р.а. ривоят қилади: “Набий с.а.в. Азд қабиласига мансуб Ибн ал-Лутбия исмли бир кишини закот йиғувчи қилиб тайинладилар. У закот йиғиб келгач: “Мана бу нарса сизга, мана бу эса менга ҳадя қилинди”, деди. Шунда у зот: “Отасининг уйида ёҳуд онасининг уйида пойлаб ўтирса унга ҳадя қиладиларми ёки йўқми?!” дедилар (Бухорий ва Муслим ривояти).

Бу каби рағбатлантиришлар қандай номланишидан қатъий назар битта мақсадга йўналтирилган, у ҳам бўлса сизни компанияга қўшилишга ундаш ва бошқаларни ҳам унга қизиқтириш.

Ҳозирги кунда афсуски бундай компаниялар кўпайиб кетди. Улар нима таклиф қилишидан, қандай номланишидан ва кандай маҳсулот сотишидан қатъий назар уларнинг иш юритиш фаолияти юқорида айтлигани кабидир.

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитасининг 22935 рақамли фатвоси.

Хижрий сана 14/3/1425

Демак ҳулоса қилиб айтсак бу усулда савдо қилиб кун кўриш ҳаром экан. Бунинг сабаблари:

1. Рибо аралашиши

2. Ноаниқ (ғарар) савдо

3. Ботил йўл билан инсонлар пулини ейиш

4. Алдов ва ҳийла ишлатиб савдо қилиш

Юқоридагиларнинг барчаси ҳам жуда оғир гуноҳлар саналади. Савдо борасида бундай найрангларни ишлатиш ва айниқса рибо аралашиши исломда жуда қаттиқ қораланган, ва охиратда жуда ҳам азобли жазолар ваъда қилинган.

Аллоҳ таоло айтади: “Рибони ейдиганлар (қабрларидан) фақат шайтон уриб, жинни бўлган кишидек довдираб турарлар. Бундай бўлиши, уларнинг, тижорат ҳам рибога ўхшаш-да, деганлари учундир. Ва ҳолбуки, Аллоҳ тижоратни ҳалол, рибони ҳаром қилган. Кимки Роббидан мавъиза келганда тўхтаса, аввал ўтгани ўзига ва унинг иши Аллоҳнинг Ўзига ҳавола. Кимки, яна (рибога) қайтса, ана ўшалар дўзах эгаларидир. Улар унда абадий қолурлар”, (Бақара, 275-оят).

Аллоҳ таоло: “Аллоҳ рибони доимо нуқсонга учратур ва садақаларни зиёда қилур. Ва Аллоҳ ҳар бир кофир, гуноҳкорни хуш кўрмас”, деган (Бақара, 276).

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рибохўрни, унинг едирувчисини, котибини ва икки шоҳидини лаънатладилар ва улар баробардирлар”, дедилар». (Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган)

Биз бу мавзуда жуда гапларни айтишимиз мумкин, лекин бизгача бу гаплар минг марталаб айтилган ва иймонли-инсофли одамлар бундан ҳулоса чиқариб олганлар. Қолганларни эса Аллоҳ ўзи ҳидоятга бошласин.

Ҳаммасидан ачинарлиси бу каби ҳаромлиги очиқ-ойдин бўлган олди-бердига юртимиздаги баъзи катта мавқеъга ва лавозимга эга имом ва шайхларнинг ҳалол деб фатво беришларидир. Улар бу фатволарни очиқчасига эмас балки шу компаниялар бошлиқларининг талабларига жавобан бир нусҳада, маҳфиёна берганлари эса унданда ачинарлидир. 

Сўзимиз якунида эса ҳар қандай савдога қўл уришдан олдин шариатнинг бу борадаги хукмини яхшилаб ўрганиб чиқишни ва ҳеч бўлмаганда қуйидаги мақолаларни ўқиб чиқишни тавсия қиламиз:

www.islomolami.com


Давомини ўқиш