وَلْتَكُن مِّنكُمْ أُمَّةٌ يَدْعُونَ إِلَى الْخَيْرِ وَيَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنكَرِ وَأُوْلَـئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ
Сизлардан яхшиликка чақирадиган, амри маъруф–наҳий мункар қиладиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар нажот топгувчилардир. (Оли Имрон, 104)

21 окт. 2008 г.

Қиёмат аломатлари. 2-қисм

armageddon29zb Ўтган мақоламизда қиёмат кунига иймон келтириш, бу куннинг дахшатлари ва бу кун қачон бўлиши хақидаги илмнинг биздан яширилгани хақида сўз юритган эдик. Бугунги мақоламиз билан иншааллоҳ қиёматнинг кичик аломатларини баён қилишни бошлаймиз.

Аввало бир саволга жавоб берайлик: “Нима учун қиёмат кунини беркитган Аллоҳ унинг аломатларини бизга очиқ баён қилди?

Обид қори устозимиз ўзларининг маърузаларида бунинг ҳикматини қуйидагича тафсир қиладилар:

“Пайғамбарлардан тобора узоқлашиб боргани сари одамларнинг эътиқоди, дину-диёнати ҳам ўзгариб бориши табиий ҳолат.

Анас р.а. “Расулаллох с.а.в. вафот этган кунлари у кишини дафн этиб қўлларимизни Расулаллоҳ с.а.в. нинг қабрлари тупроғидан олар-олмас қалбимиз танимайдиган даражада ўзгарганини сездик” дейди (Термизий ривояти)

Яъни Расулаллоҳ с.а.в. дунёдан ўтишлари биланоқ бунинг акси одамларда сезилди. Энди эса Расулаллоҳ замонларидан узоқлашиб қиёмат яқинлашган сари одамларнинг дунё қарашлари ўзгариб борверади. Шунинг учун қиёмат аломатлари оҳир замон одамлари орасида кўп бўлаверадики, зора одамлар шу аломатларни кўриб эсларини йиғсалар, тўғри йўлга қайтсалар. Яъни қиёмат аломатлари инсон иймони мустаҳкамланишига сабаб бўлар экан. Бу аломатлар ҳақида эшитган, ўқиган одам уларни хаётида кўрганда хақ динда юрганлигига яна бир бор амин бўлади, эътиқоди янада мустахкам бўлади, худодан қўрқуви ортади ва эхтиёткорлиги ошади."

Демак бу аломатлардан мақсад бизга бу куннинг хақлигини, хисоб-китоб борлигини эслатиб туриш. Динимизни, эътиқодимизни ва иймонимизни мустаҳкам тутиш экан.

Қиёмат аломатлари тахлилига ўтар эканмиз бу аломатларнинг икки турли эканлигини айтиб ўтиш керак. Биринчи тур аломатлар бир марта юз берадиган воқеани тафсирлайди ва бу воқеа юз берганда ҳадисларда баён қилинган аломатлардан бири шу эканлигини аниқ биламиз. Масалан Абу Ҳурайра р.а. дан ривоят қилинган ҳадисда Расулаллоҳ с.а.в.: “Ҳижоз еридан ўт чиқиб Бусродаги туялар бўйнини ёритмагунча қиёмат бўлмайди”, деганлар (Имом Бухорий ривояти). Бу воқеа хижратнинг 654 йилида содир бўлган ва Имом Ан-Нававий (Шархи Муслим, 18/28), Ибн Касир, ал-Қуртубий, Ибн Хаджар ва бошқа кўпгина олимлар бу хақида хабар берганлар.

Иккинчи тур аломатлар эса бир неча марта юз бериши мумкин ёки одамлар бу аломатни бўлиб ўтди деб ўйлашади ваҳоланки ҳали юз бергани йўқ. Масалан Шақиқ р.а. дан ривоят қилинган ҳадисда Набий с.а.в. “Қиёмат қоим бўлиш арафасида жаҳолат кучайиб, қотиллик кўпаяди”, деганлар (Бухорий ривояти). Маълум бир замонда яшаган одам “мана бизнинг давримизда қотиллик кўпайиб кетди” дейиши мумкин ваҳоланки шундай замонлар келиши мумкин жоҳиллик ва қотиллик янада ошиб, унинг кўрганлари хеч нарса бўлмай қолади.

Келинг энди қиёмат аломатларига ўтайлик:

1. Муҳаммад с.а.в. нинг набийликлари

Оҳирги Набийнинг ер юзига юборилиши қиёматнинг энг биринчи аломатидир. Расулаллоҳ с.а.в. ўзлари бунга жуда кўп ишора қилганлар.

Анас ибн-Молик ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар с.а.в. кўрсаткич ва ўрта бармоқларини кўтариб: “Мен билан қиёмат мана шу иккиси каби юборилганмиз”, деганлар (Бухорий, Муслим, Ахмад, Термизий ривоятлари). Яъни охирги пайғамбар ва қиёмат орасида шунчалик кам вақт қолганига ишора қилганлар.

Абу Джубайра р.а. ривоят қилган ҳадисда Расулаллоҳ с.а.в. “Мен қиёмат куни нафасида юборилдим” деганлар (Ал Давлаби ривоят қилган, Шайх Ал-Албоний саҳиҳ деган).

Ибн Умардан ривоят қилинади: “Биз Расулаллоҳ с.а.в. олдиларида эдик. Вақт асрдан оғган эди. Набий с.а.в. дедилар “Ўтган кишилар умри олдида сизларнинг умрларингиз худди мана шу куннинг ўтган қисми олдидаги қолган қисми кабидир” (Имом Аҳмад ривояти, саҳиҳ). Яъни бу билан Расулаллоҳ с.а.в. ҳудди кун охирида, сардан сўнг қуёш ботишига яқин қолгани каби бизнинг ҳам умримиз охирлаб қолганини айтганлар.

2. Расулаллоҳ с.а.в. нинг вафотлари

Қиёматнинг иккинчи катта аломати Расулаллоҳ с.а.в. нинг вафотларидир.

Авф ибн Молик (р.а.) ривоят қилади: “Мен Табук ғазоти вақтида Расулаллоҳ с.а.в. нинг ҳузурларига келдим, шунда у зот теридан қилинган бир чодирда ўтирган бўлиб, шундай деб марҳамат қилдилар: “Қиёматдан илгари бўладиган олти аломатни бирма-бир санаб чиқаман: “Улардан бири – менинг ўлимим, кейин Байтул Мақдис фатҳи, сўнг қўйлар ўлатидек сизларда тарқаладиган вабо, кейин мол-дунёнинг кўпайиб кетиши, ҳатто бир кишига юз динор берилса, назарига илмай, ўзини таҳқирланган ҳисоблаб, бундан дарғазаб бўлади. Сўнг бирорта ҳам арабнинг уйини қолдирмай кириб борадиган фитна, кейин сизлар билан Бани ал-Асфар” (Имом Бухорий ривояти)

Расулаллоҳ с.а.в. нинг вафотлари барча саҳобалар учун жуда қаттиқ зарба бўлди. Анас ибн-Молик ривоят қилади “Расулаллоҳ с.а.в. Мадинага кириб келганларида шахар нурга тўлган эди, у зот вафот этган кунлари шахар қоронғуликка чўмган эди. Расулаллох с.а.в. ни дафн этиб, қўлларимизни у зотнинг қабрлари тупроғидан олмасимиздан қалбимиз таниб бўлмайдиган даражада ўзгарганини сездик” (Термизий ривояти).

3. Байтул Мақдис (Иерусалим) нинг фатҳ бўлиши

Бу воқеа хижратнинг 16 йилида, Умар бин-Хаттоб ҳалифалиги даврида юз берди. Абу Убайда бошчилигидаги лашкар Байтул Мақдисни қўршовга олишганда, у ернинг ҳукмдори таслим бўлади, лекин шахар дарвозаси калитини фақат ҳалифа Умар бин-Ҳаттобга беришга рози бўлади.

Мусулмонлар билан маслаҳат ўтказган ҳалифа битта туяни олиб, хизматкори билан йўлга чиқадилар, ва галма-галдан туяни минишга келишиб оладилар. Ҳалифа Умар р.а. хизматкорлари билан навбатма-навбат туяни миниб келиб, шахарга яқинлашганларида туяга миниши навбати хизматкорга, туяни етаклаш навбати эса Умар р.а. га тегади. Хизматкор хижолат бўлиб хазрат Умарга туяни минишни таклиф қилганида ҳам адолатли Умар р.а. бундан бош тортадилар ва шахарга туя етаклаб кириб борадилар.

Шахар дарвозаси олдида ҳалифани кутиб олган Абу Убайда р.а. хижолат бўлиб бу ернинг одамлари бошқаларни кийимига, зебу-зийнатига қараб хурмат қилишини айтганда ҳалифа “Аллоҳ бизга исломни бериб ҳурматимизни кўрсатиб қўйди ва шу ислом билан душманларнинг кўзида бизнинг обрўмизни кўтарди. Агар биз исломни қўйиб бошқа йўллар обрўмизни кўрсатишга ҳаракат қилсак, Аллоҳ бизни уларнинг кўзида беҳурмат қилиб қўяди” деган жавобни берадилар.

Дарҳақиқат дунёга номи таралган ҳалифа Умар р.а. нинг соддалигини кўрган, унинг адолати ҳақида эшитган шахар аҳолиси уни янада кўпроқ ҳурмат қилиб, ўз қўллари билан шахар калитини унга топширадилар.

Юқоридаги ҳадисни шархида Ибн Касир айтади: “Қуддус аҳолисининг китобларида “шахар калитини кийимида ўн тўртта ямоғи бор одам олади”, дейилган экан, Умар р.а. ҳам шахарга кириб келганларида кийимларининг ўн тўрт жойида ямоғи бор эди”.

4. Вабо тарқалиши

Бу воқеа хижратнинг 18 йили, яъни Куддуснинг фатхидан икки йил ўтганидан кейин юз берди. Қуддусдаги Амвас номли шахарда тарқалиб бошлаган вабо бутун Шом (хозирги Палестин, Сирия, Ливан, Иордания) диёрига тарқалди ва йигирма беш мингга яқин мусулмоннинг жонини олиб кетди. Буларнинг орасида юқорида номи зикр қилинган, Қуддусни фатх қилган, тириклигидаёқ жаннат башоратини олган саҳобалардан Абу Убайда ибн Ал Жарроҳ ҳам бор эди.

Кўпгина мусулмонларнинг жонини олган бу касаллик улар учун Аллоҳнинг раҳмати ҳам эди, чунки Абу Ҳурайрадан ривоят қилинган ҳадисда Расулаллоҳ с.а.в. вабодан ўлганларни шаҳид бўлишини айтиб ўтганлар (Бухорий ривояти).

5. Мусулмонларда мол дунёнинг кўпайиши

Абу Ҳурайра р.а. ривоят қилади Расулаллоҳ с.а.в. “Мол-дунёингиз ошиб-тошиб кетиб бировга садақа узатсангиз, у: “Садақага зор эмасман!” дейдиган кунлар келмагунча қиёмат қоим бўлмайди”, дедилар (Бухорий ривояти).

Бу аломат Умар бин-Ҳаттоб даврларида, кейинчалик Умар ибн-Абдулазиз ҳалифалик даврларида ҳам зоҳир бўлди.

Китобларда ривоят қилинишича Умар ибн-Абдулазиз замонларида ҳалифалик остида бўлган Шимолий Африка давлати Мадинага катта миқдорда тилла юборади. Ҳалифа “Нима учун бу тиллани бизга юбординглар? Маҳаллий ҳокимият бойлардан йиққан пул ўша ерда қолиши, бева-бечораларга улашиб берилиши керак”, деганида “Бизда бева-бечоралар қолмади”, деган жавобни олади ва пулни ўша давлатдаги қулларни озод қилишга ва давлатни ободонлаштиришга сарфларши буюради. Худди шундай ҳодиса Ямандан юборилган закот билан ҳам юз беради.

Демак ана шу даврда Аллоҳ таолонинг раҳмати билан, У берган баракаси билан мусулмонлар бой-бадавлат бўлиб яшашган.

Шунингдек олимлар бу ҳодиса яна бир бор қиёматга жуда яқин қолганда Исо ибн Марям ва хазрат Маҳди ҳукмронлиги вақтида юз беради дейишади.

Абу Мусо ал-Ашъарийдан ривоят қилинган ҳадисда Расулаллоҳ с.а.в. “Одамларга шундай замон келадики, унда бир одам тилладан бўлган закотини олиб айланиб юради, аммо уни оладиган бирор киши топа олмайди” деганлар (Имом Муслим ривояти).

Яъни одамлар у замонда нафақат бой балки қаноатли ҳам бўлар эканлар. Мисол учун хозирги кунда агарки жуда бой бўлган одамга ҳам тилла таклиф қилсангиз у киши йўқ демайди,  Расулаллоҳ с.а.в. дан ривоят қилинган бошқа ҳадисда, у зот “Агар одам боласининг бир водий тўла олтини бўлсада, у яна икки шундай водийни орзулайди” деб айтганлар (Бухорий ривояти). Лекин қаранги шундай замонлар келар эканки инсонлар бойлигига қаноат қиладиган бўлиб қолар экан, ва бу қиёматнинг аломатларидан бири экан.

Ва Аллоҳу аълам

Давоми бор

Комментариев нет: