وَلْتَكُن مِّنكُمْ أُمَّةٌ يَدْعُونَ إِلَى الْخَيْرِ وَيَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنكَرِ وَأُوْلَـئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ
Сизлардан яхшиликка чақирадиган, амри маъруф–наҳий мункар қиладиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар нажот топгувчилардир. (Оли Имрон, 104)

11 янв. 2009 г.

40-ҳадис. Иккинчи ҳадис: Ислом, иймон, эҳсон

MasjidAnNabawi2

Иккинчи ҳадис: Ислом, Иймон, Эҳсон

Умар ибн Хаттоб (р.а.) ривоят қилади: “Бир куни Расулуллоҳ с.а.в. билан ўтирган эдик. Шу пайт оппоқ кийинган, қора сочли, ҳеч қандай мусофирлик аломати бўлмаган, ҳеч биримиз танимайдиган бир киши тўғри Расулуллоҳ с.а.в. олдиларига келиб, тиззаларини у кишининг тиззаларига теккизиб ўтирди ва қўлларини тиззаларига қўйиб сўради: “Эй Муҳаммад, менга Ислом нималигини тушунтиринг”. Расулуллоҳ с.а.в. шундай жавоб қилдилар: “Ислом Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигига ва Муҳаммад Аллоҳнинг расули эканига гувоҳлик беришинг, намозни адо этишинг, закотни беришинг, рамазон рўзасини тутишинг, имконинг етганда ҳажга боришингдир”. У одам: “Тўғри айтдингиз”, деди. Биз унинг ҳам сўраб, ҳам тасдиқлаганидан ажабландик. У киши давоб этиб:“Айтинг-чи, иймон нима?” деб сўради. Расулуллоҳ с.а.в.: “Иймон Аллоҳга ва Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига, яхшилик ва ёмонлик қадардан эканлигига ишонишингдир”, дедилар. У: “Тўғри айтдингиз”, деди. Сўнг: “Айтинг-чи, эҳсон нима?” деб сўради. Расулуллоҳ с.а.в.: “Эҳсон Аллоҳ таолога (ҳудди) Уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғингдир. Зеро, сен Уни кўрмасанг ҳам, у Сени муҳаққақ кўриб туради”, дедилар. Сўнгра: “Айтинг-чи, Қиёмат қачон (бўлади)?” деб сўради. Расулуллоҳ с.а.в.: “Бу тўғрида сўралаётган киши сўраётган кишидан ортиқроқ (нарсани) билмайди”, дедилар. Шунда у одам: “Ундай бўлса, қиёматнинг аломатларидан хабар беринг”, деди. Расулуллоҳ с.а.в.: “Жориялар ўз эгасини туғиши (ўз ота—оналарига хўжайин бўладиган фазандлар туғилиши), ҳамда оёқяланг чўпонлар баланд иморат солишда мусобақалашишиларини кўришингдир”, дедилар. Шундан сўнг у одам кетди. Мен бир муддат кутдим. Кейин Расулуллоҳ с.а.в.: “Эй Умар! Биласанми, савол берган киши ким эди?” дедилар. “Аллоҳ  ва расули яхшироқ билади”, дедим. Расулуллоҳ с.а.в.: “У Жаброил бўлиб, сизларга динингизни ўргатиш учун келган эди”, дедилар”.

Имом Бухорий, Муслим ва Ибн Можа ривоятлари.

Ҳадисда келган “Айтинг-чи, иймон нима?” деган жумладаги “иймон” сўзининг луғавий маъноси “мутлақо тасдиқ”, деганидир. Шариатда эса, бу тасдиқдан иборатдир: Аллоҳнинг борлиги ва ягоналиги, фаришталарни, китобларни, пайғамбарларни, яхши-ёмон тақдир Аллоҳдан эканини ва охират кунини тасдиқ қилишдир.

“Ислом” вожиб бўлган амрларни бажариш деганидир. Яъни, зоҳирий амалларни бажариб, бўйсуниш. Қуръони каримда Аллоҳ таоло иймон билан Исломни бир-биридан айириб кўрсатган:“Аъробийлар: “Иймон келтирдик”, дедилар. (Эй, Муҳаммад алайҳиссалом, уларга) Айтинг: “Сизлар иймон келтирганларингиз йўқ, лекин сизлар: “Бўйинсундик” денглар” (Ҳужурот, 14).

Мунофиқлар намоз ўқиб, рўза тутишарди, закот беришарди-ю, аммо қалбларида инкор қилишарди. Қачонки мўмин бўлдик, деб даъво қилганларида, Аллоҳ таоло қалбларидаги инкорни билгани учун уларнинг бу даъволарини ёлғонга чиқарди ва улар Исломга зоҳиран бўйин эгиб, Исломга киришганини тасдиқлади:

(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), қачон мунофиқлар сизнинг олдингизга келсалар: “Гувоҳлик берамизки, Сиз шак-шубҳасиз, Аллоҳнинг Пайғамбаридирсиз”, дерлар. Аллоҳ дарҳақиқат, Сиз Ўзининг Пайғамбари эканлигингизни билур, яна Аллоҳ у мунофиқларнинг шак-шубҳасиз, ёлғончи эканликларига ҳам гувоҳлик берур” (Мунофиқун, 1).

Яъни, уларнинг қалблари қарши чиқиш билан бирга сизнинг рисолатингизни тасдиқ этишларининг асоссиз эканига гувоҳлик беради. Чунки тиллари қалбларидагига уйғун эмас. Пайғамбарликка гувоҳлик беришнинг шарти – тилнинг қалби тасдиқлаган сўзни сўзлашидир. Ёлғон даъво қилганлари учун Аллоҳ таоло уларнинг ёлғончиликларини юзага чиқарди. Мусулмончиликнинг сиҳҳат учун иймон шарт қилингани боис Аллоҳ таоло мўминлардан мусулмонларни истисно қилган.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Бас, Биз у жойдаги мўминлардан бўлмиш кишиларни чиқариб юбордик. Лекин у жойда бир хонадондан (яъни, Лут пайғамбар хонадонидан) ўзга мусулмонларни топмадик” (Ваз-зориёт, 35-36).

Бу ифода (... мусулмонларни топмадик) истиснои муттасилдир. Чунки шарт билан машрут орасида бир боғлиқлик бор. Шу сабабли Аллоҳ таоло қуйидаги ояти каримада намозни “иймон” деб атаган:“Сиз (Пайғамбар бўлишингиздан аввал) на Китобни ва на иймонни (яъни, унинг ҳақиқат – моҳиятини) билувчи эдингиз” (Шўро, 52).

“... яхшилигу ёмонликлар билан қадарга ишонишингдир”. Аҳли ҳақ қадарнинг ҳақ эканини тасдиқлайдилар. Бунинг маъноси: Аллоҳ таоло олдиндан ҳар бир нарса учун бир қадар тайин этди ва унинг вақтини ўзи ирода қилган пайтда юз берадиган қилди. Барча ишлар Аллоҳнинг тақдирга биноан ўз ўрнида ва маълум вақтда содир бўлади.

Шуни билингки, тақдир тўрт хил бўлади:

Илмда тақдир. Шунинг учун дейилганки, инояти илоҳий қариндошларнинг ёрдамидан аввалдир, бахт туғилишдан олдиндир. Кейингилар олдингиларга таянадилар. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Ундан (яъни, Қуръондан, Пайғамбардан Аллоҳнинг исми азалийсида ҳидоят йўлидан) бурилган (ва саодатдан маҳрум қилинган) кимса бурилиб (юз ўгириб) кетур” (Ваз-зориёт, 9).

Яъни яратилмасдан олдин қадарларидан, Қуръон ва иймондан насиба олмаганлар, дунёда ҳам Қуръонни тинглашдан ва унга ишонишдан маҳрум қилинади.

Расулуллоҳ с.а.в. буни шундай ифода қиладилар: “Аллоҳ таоло фақатгина (тақдирда) ҳалок бўлганларни ҳалок қилади” (Имом Муслим, Доримий ва Аҳмад ривоятлари). Яъни, Аллоҳнинг илмида ҳалок бўлишга дохил қилинган кишилар ҳалок бўлганлардир.

Лавҳи маҳфуздаги тақдир. Бу Аллоҳ таоло ўзгартириши мумкин бўлмаган тақдирдир. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Аллоҳ хоҳлаган нарсани (яъни, ҳукмни) ўчирур ва (Ўзи хоҳлаган ҳукмни)устивор қилур. Асл Китоб (яъни, Лавҳул-Маҳфуз) Унинг даргоҳидадир” (Раъд, 39).

Раҳим (онанинг бачадони)даги тақдир. Бу босқичда фаришта Аллоҳнинг амри билан банданинг ризқини, ажалини, яхши ёки ёмон бўлишини ёзади.

Тақдирнинг вақти келганда тақдир қилинган ҳодисанинг бўлиши. Аллоҳ яхшилик ва ёмонликни яратган ва белгилаган вақтларда банданинг бошига келишини тақдир қилинган.

Аллоҳ таолонинг яхшилик ва ёмонликни яратганига қуйидаги оятлар далилдир: “Албатта, жиноятчи-осий кимсалар гумроҳлик ва аҳмоқликдадирлар. Улар юзтубан ҳолларида дўзаҳга судраладиган Кунда (уларга): “Дўзах азобини тотиб кўринглар!” – (дейилур). Албатта, Биз ҳар бир нарсани (аниқ) ўлчов билан яратдик” (Қамар, 47-49).

Бу оят қадарийлар ҳақида тушган: “Дўзах таъсирини тотиб кўринглар!” деб уларга дўзахда айтилади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: “Мен тонг Парвардигоридан (менга) Ўзи яратган нарсаларнинг ёмонлигидан...” (Фалақ, 1-2).

Бу қисмда бандага бир лутф ва эҳсон бўлса, (ёмонлик) унга етмасдан олдин қайтарилади. Ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Садақа ва силаи раҳм ёмон ўлимни оқибатини орқага қайтариб, унинг ўрнига саодатни келтиради” (Абу Довуд, Аҳмад ва Ибн Можа ривоятлари). Бошқа бир ҳадисда эса: “Дуо билан бало ер билан осмон орасида курашадилар. Натижада дуо билони ерга туширмасдан орқага қайтаради”, дейилган.

Қадарни инкор этувчилар (Қадария мазҳабига эътиқод қилувчилар): “Аллоҳ таоло нарсаларни олдиндан билмайди, нарсалар бир онда вужудга келади. Аллоҳ таоло уни пайдо бўлгандан кейин билади”, деб Аллоҳ таолога нисбатан бўҳтон қилишган. Аллоҳ таоло уларнинг бу ёлғонлариданг муназзаҳ ва покдир. Аммо бу қарашлар тарафдорлар чиқмагач, унутиб юборилган. Қадария мазҳабдагиларнинг кейинги гуруҳлари яхшиликни Аллоҳдан, ёмонликни бошқадан, деб даъво қилигарди. Аллоҳ таоло уларнинг бу сўзларидан ҳам муназзаҳдир.

Пайғамбар с.а.в. қуйидаги ҳадислари саҳиҳ бир шаклда нақл қилинади: “Қадария бу умматнинг мажусийларидир” (Абу Довуд, Аҳмад ва Ибн Можа ривоятлари). Расулуллоҳ с.а.в. мажусийларнинг қарашлари билан уларнинг фикрлари бир-бирига ўхшаш бўлгани учун ҳам уларни мажусийлар, деб сифатлаганлар.

Дуалистлар (санавия) эса яхшилик нурнинг, ёмонлик эса зулматнинг феъли деб даъво қилишган ва уларга санавия (иккиламчи), деб ном берилган. Қадария ҳам худди шундай яхшиликни Аллоҳдан, ёмонликни эса бошқадан, деб билишади. Ваҳоланки, яхшиликни ҳам ёмонликни ҳам Аллоҳ яратган.

Имомул ҳарамайн ал-Жувайний “Иршод” номли китобида шундай ёзади: “Бир қисм қадариячилар: “Бир қадария эмасмиз, аксинча, қадар биланг боғлиқ хабарларга ишонганингиз учун сизлар қадариясизлар”, дейишади. Бу жоҳил кишилар қадарни ўзларига нисбатан қилдилар. Ёмонликни ўзидан билиб, уни нафсига изофа этган киши ёмонликни ўзига яқинлаштирмасдан, бошқаларга нисбат берадиганлардан афзалроқдир”.

Ҳадиси шарифдаги Пайғамбаримиз с.а.в.нинг: “Эҳсон бу Аллоҳ таолога (худди) уни кўриб тургандек ибодат қилмоғингдир”, деган сўзларига келсак, бу мушоҳада мақомидир. Чунки намозда мулкнинг соҳиби – Аллоҳни мушоҳада қилишга кимнинг кучи етса, бошқа нарсалар билан машғул қилишдан ҳаё қилади. Эҳсон мақоми сиддиқларнинг мақомидир. Биринчи ҳадисда бу тўғрида гапиргандик.

“У сени кўриб турибди”. Яъни, сенинг намоздан ғофиллигингни ва намозда нафсингни машғул қилган нарсаларни билади, демакдир.

“Айтинг-чи, қиёмат қачон (бўлади)?” деган саволга Расулуллоҳ с.а.в.: “Бу тўғрида сўралаётган киши сўрагувчидан ортиқроқ (нарсани) билмайди”, деб жавоб бердилар. Дарҳақиқат у зот қиёматнинг қачон бўлишини билмасдилар. Қиёматнинг қачон бўлиши фақатгина Аллоҳнинг илмига тегишли бўлган ишлардан. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Дарҳақиқат, ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридагина қиёмат, соати (қачон бўлиши тўғрисидаги) билим бордир” (Луқмон, 34).

“У (яъни, қиёмат) осмонлар ва Ер учун жуда оғир (даҳшатли бир ишдир). У сизларга фақат тўсатдан кутилмаганда келур” (Аъроф, 187).

(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), одамлар Сиздан (қиёмат) Соати (қачон бўлиши) ҳақида сўрайдилар. “У ҳақдаги маълумот фақат Аллоҳнинг ҳузуридадир”, деб айтинг. Қаердан билурсиз, эҳтимол, у соат яқин келиб қолгандир” (Аҳзоб, 63).

Баъзилар дунёнинг умри етмиш минг йил экани ва бу ёғига олтмиш уч минг йил қолганини айтишади. Бу хато фикрдир. Туҳий “Асботут-танзил” асарида баъзи фолбин ва мунажжимлар шу фикрда эканин ёзади. Дунёнинг умрини етти минг йил, деб айтиш ҳам келажак ҳақида ҳукм чиқариш бўлиб, уларга умуман ишониш керак эмас.

Жаброил алайҳиссаломнинг “Ундай бўлса, қиёматнинг аломатларидан хабар беринг”, деган гапига Пайғамбаримиз с.а.в. “Жориялар ўз эгасини туғадиган бўлганда”, деган жавобни бердилар. Бу ифодадаги “амора” калимасини баъзилар “амор” шаклида ўқишади. “Эгаси” сўзи “аёл эгаси - соҳибаси”, шаклида ҳам ривоят қилинган. Бунинг маъноси аксарият уламоларга кўра, жория ва болаларнинг (қиёмат кунига яқин) кўплигини хабар беришдир. Жориянинг ўз эгасидан бўлган боласи ўзининг хўжайини демакдир. Чунки инсоннинг мол-мулки болаларига мерос бўлиб қолади. Қуйидаги бир оз заиф бўлган шакл ҳам изоҳ қилинган: “Жориялар раислар ва бошлиқларни туғадилар. Унга тобеъ бўладилар”, бошқа бир изоҳда эса: “Бир кишининг жориясидан боласи бўлади, кейин жориясини сотади, бола катта бўлиб, онасини сотиб олади ва унинг эгаси бўлади”, дейилган.

“Оёқяланг чўпонлар баланд иморат солишда мусобақалашаётгангларини кўришингдир”. Бу ердаги “оёқяланг”дан мурод фақирлардир. “Аил” – фақир, “иля” – фақирлик деган маъноларни англатади. Ҳадисдаги “риъаун” калимаси “руъатун” шаклида ҳам қўлланилади. Сўзнинг маъноси: чўл ва бошқа жойлардаги муҳтож ва йўқсил кишилар ҳашаматли биноларда яшай бошлайдилар, дунё уларнинг амри остига берилади. Натижада уй қуришда мусобақалашадилар.

Ҳадисда келган “Мен бир муддат кутдим” жумласи бошқа бир ривоятда учинчи шахс мисолида “бир муддат кутди” шаклида ривоят қилинган. Иккаласи ҳам саҳиҳдир. Абу Довуд ва Термизийнинг ривоятида “уч кундан кейин” деган ибора бор. Бағавий “Шарҳи танбеҳ” номли асарида “уч кун ёки ундан кўпроқ” ифодасига ўрин берган. Бундан келиб чиқадики, уч кечадан кейин демакдир. Ҳазрати Умарнинг тарихи билан Абу Ҳурайра (р.а.) ривоят қилган ҳадислардаги “Кейин ҳалиги киши қайтиб кетди. Расулуллоҳ с.а.в.: “Қайтаринглар ҳалиги кишини (саҳобалар тушунсинлар деб шундай қилдилар)!” Орқасидан чиқиб, топмадилар. Расулуллоҳ с.а.в.: “Бу Жаброилдур, сизларга динингизни ўргатгани келди”, дедилар”, деган ифодалар бир-бирига тескари кўринади ва буни тўғри тушуниш керак: Ҳазрати Умар (р.а.) Пайғамбаримиз с.а.в. бу сўзларни айтаётганларида у ердан кетгандилар. Ул зот у ердагиларга бу сўзларни айтдилар. Уч кундан кейин эса Умарга (р.а.) билдирдилар.

“У Жаброил бўлиб, сизларга динингизни ўргатиш учун келган эди”. Бу ерда иймон, ислом ва эҳсоннинг барчасини “дин” дейиш мумкинлигига далил бор. Ҳадисда қадарга иймон келтириш вожиб эканига, ҳар бир ишга кўр-кўрона берилиб кетмаслик лозимлигига, қазога рози бўлиш кераклигига далил бор.

Бир киши Аҳмад ибн Ҳанбалнинг ёнига келиб: “Менга насиҳат қилинг”, деди. У киши: “Аллоҳ таоло ризқни ўз зиммасига олгани ҳолда, сенинг ризққа бўлган аҳамиятингнинг сабаби нима? Келажагинг Аллоҳнинг таъминоти остида экан, бахиллигининг сабаби нима? Бизни жаҳаннам кутиб турган ҳолда, гуноҳ иш қилишингнинг сабаби нима? Мункар ва накирнинг саволи ҳақ экан, аёллар билан ётиб-туришликнинг маъноси нима? Дунё фоний экан, туганмас орзулар нега? Ҳисоб-китоб бор экан, тинмай мол-дунё тўплашнинг боиси нима? Ҳамма нарса Аллоҳнинг қазо ва қадари билан бўларкан, нега бунчалик қўрқасан?”, дедилар.

Фойда

Мақомат соҳиби дунёнинг йигирма беш қисмга бўлинишини: бештаси қазо ва қадар билан, бештаси қобилият билан ва бештаси фаросат билан бўлишини англайди. Қазо ва қадар билан келадиган беш нарса – ризқ, фарзанд, оила, куч қувват ва умрдир. Меҳнат  билан қўлга киритиладиган беш нарса – жаннат, дўзах, иффат, фаросат ва ёзиш. Одатий беш нарса – ейиш, ичиш, юриш, уйланиш ва таҳорат ушатиш. Қобилият билан эришиладиган беш нарса – зуҳд, закийлик, сахийлик, гўзаллик ва ҳайбат. Фаросат билан эришиладиган беш нарса – хайрли ишлар қилиш, силаи раҳм, сахийлик, тўғрилик ва жасорат. Буларнинг ҳеч бири Набий алайҳиссаломнинг: “Ҳамма нарса қазо ва қадар билан бўлади” деган сўзларига ҳилоф эмас. Балки баъзи сабаблар билан ёки ҳеч бир сабабсиз вужудга келадиган нарсаларнинг ҳаммаси қазо ва қадар ўлчовлари ичида эканини ифода этади.

Комментариев нет: