وَلْتَكُن مِّنكُمْ أُمَّةٌ يَدْعُونَ إِلَى الْخَيْرِ وَيَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنكَرِ وَأُوْلَـئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ
Сизлардан яхшиликка чақирадиган, амри маъруф–наҳий мункар қиладиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар нажот топгувчилардир. (Оли Имрон, 104)

10 янв. 2009 г.

Намознининг фарз, вожиб ва суннатлари баёни

salat06 Ушбу мақоламизни ёзишдан аввал сиз азизларга саждаи саҳв ҳақида маълумот бермоқчи эдик. Лекин Исломий манбаъларни кўриб чиққандан сўнг ишни узоқроқдан бошлашни ният қилдик. Аллоҳ бошлаган ишимизни енгил қилсин.

Ушбу мақоламизда қуйидаги саволларга қўлдан келганча жавоб берамиз иншааллоҳ:

  • Намознинг фарзлари қайси?
  • Намознинг фарзларидан бирини тарк қилса нима қилади?
  • Намознинг вожиб ва суннатлари қайси?
  • Вожиб ёки суннат амални тарк қилган инсон нима қилади?
  • Юқоридагилардан қай бирини тарк қилганда намоз бузилади?
  • Қачон саждаи сахв қилиш вожиб бўлади?

 

Намознинг фарзлари

Намознинг ташқарисидаги фарзлари унинг шартлари, намоз ичидаги фарзлар эса унинг арконлари дейилади.

Намоз шартларидан бири бажармасдан ўқилган намоз қабул бўлмайди, шунингдек намоз ўқиётганда шу шартлардан бири бажарилмаслиги билан намоз ҳам бузилади.

Намознинг шартлари:

1. Ўқилаётган намоз вақти кирган бўлиши. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб айтади: “Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир” (Нисо, 103).

Шунингдек Исро сурасида шундай дейилади: “Қуёш оғишидан то кун қоронғусигача намозни тўкис адо қил. «Фажр Қуръони»ни ҳам. Албатта, «фажр Қуръони» гувоҳлантирилгандир” (Исро, 78).

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф шарҳи: Уламоларимиз, бу оятда беш вақт намозни адо этишга ишора бор, дейдилар. Қуёш қиёмдан оғиши билан Пешин вақти киради. Ҳар бир нарсанинг сояси ўзига икки баравар бўлиши билан Аср вақти киради. Қуёш ботиши билан Шом ва тун қоронғусида Хуфтон вақти бўлади. «Фажр қуръони», Бамдоддир.

2. Аврат ёпиқ бўлиши. Имом Ан-Нававий авратни ёпишдан мурод терининг ранги ажралмайдиган даражада бўлиши керак деган фикрни билдирганлар. Шайх ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ ҳам бадани кўринадиган даража юпқа кийим кийган кишининг аврати ёпилмаган ҳисобланади деб айтганлар.

Эркак кишининг аврати киндигидан то тиззасига қадар, аёл кишининг эса будун бадани авратдир, фақатгина юзи ва икки қўли бундан мустасно. Уламолар аёл кишининг оёқлари ҳам авратми ёки йўқми деган фикрда иҳтилоф қилганлар.

Албатта эркак киши киндигидан пастини тўсиб қўйиб намоз ўқиши мумкин лекин Аллоҳ таолонинг қаршисида туриб, шундай улуғ ибодатни қилаётган эканмиз, имкон қадар гўзал ва тўкис кийинишликка ҳаракат қилишими лозим. Зеро Аллоҳ таоло айтади: “Эй Одам болалари, ҳар бир ибодат чоғида ўз зийнатингизни олинг” (Аъроф, 31). Шунингдек аёл кишиларнинг тор шим ва куйлакларда намоз ўқишлари намозларини бузмасада, кўпчилик олимлар томонидан макруҳ дейилган.

Намоз вақтида аврат очилиб кетса ва уни дарров ёпишнинг имкони бўлмаса намози бузилади. Лекин очилган жойини дарров ёпса намози бузилмайди. Шунингдек аврати очилиб қолганини билмай намозни ўқиб тугатганидан сўнг билса ҳам намозни қайта ўқимайди.

3. Таҳоратли бўлиш. Яъни ғусл вожиб бўлган инсон ғусл қилган ва таҳорати йўқ инсон таҳоратли бўлиши ҳам намознинг шартидир. Абу Ҳурайра р.а. дан ривоят қилинган ҳадисда Расулаллоҳ с.а.в.: “Таҳорат қилмагунингизча Аллоҳ таоло биронтангизни намозингизни қабул қилмайди”, деганлар (Имом Буҳорий ривояти).

Намоз ўқиб бўлганидан сўнг таҳорати йўқлиги эсига тушган инсон таҳорат олиб намозини қайтадан ўқийди.

4. Намозхон бадани, кийими ва намоз ўқиладиган жойнинг нажасдан пок бўлиши. Намоз ўқиётган пайтида уст кийимида (салла, тўн, нимча ва ҳоказо) нажас борлигини билган инсон имкони бўлса ва аврати очилиб қолмайдиган бўлса, намозни бузмасдан туриб, уни ечиб қўйиши мумкин. Баданида ёки кийимида нажас бўлса-ю, олиб ташлашга имкони бўлмаса намозини бузиб, нажасдан пок бўлиб, сўнгра намозини қайтада ўқиши лозим. Намоз ўқиб бўлганидан сўнг кийимида нажас борлигини билган инсон намозни қайта ўқиши лозим бўлмайди.

5. Қиблага юзланиш. Имкони бўла туриб қиблага юзланмаган инсоннинг ҳам намози қабул бўлмайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб айтади: “Бас, албатта, сени ўзинг рози бўлган қиблага қаратамиз. Юзингни Масжидул Ҳаром томон бур. Қаерда бўлсангиз ҳам, юзингизни у томон бурингиз” (Бақара, 144).

Қиблани нотўғри аниқлаб намоз ўқиган инсон, намоздан сўнг тўғри қиблани билса намозини қайта ўқимайди. Шунингдек намоз пайтида бирон киши унга тўғри қиблани кўрсатса, намозини бузмасдан туриб қиблага юзланиб олиши мумкин. Бунинг далили бир гуруҳ саҳобалар Қуба масжидида Сирия томонга юзланиб бамдод намозини ўқиб турган вақтларида бошқа бир саҳобий келиб қиблани Каъбага кўчирилгани ҳақидаги оят нозил бўлганидан ҳабар берганида саҳобалар намозни бузмасдан туриб Каъбага юзланганликлари ҳақидаги ҳадисдир (Буҳорий ва Муслим ривоятлари).

Касаллиги сабаб қиблага юзлана олмайдиган ёки ҳавф туфайли қибладан бошқа тарафга юзланиб намоз ўқишни уламолар жоиз деганлар. Шунингдек сафар давомида улов устида ўқилган нафл намозларида ҳам қиблага юзланиш фарз эмас.

6. Ният қилмоқ. Исломда барча амаллар ният биландир. Зеро Расулаллоҳ с.а.в. айтганлар: “Амаллар ниятга яраша бўлади, хар ким учун ният килган  нарсаси бўлади” (Бухорий ва Муслим ривоятлари). Беният намоз, намоз эмас. Лекин бир нарсани билиш керакки ният дегани бу намозан олдин ҳудди китобда келтирилгани каби “Қиблага юзланиб, пешин намозининг 4 ракат фарзини ҳолис Аллоҳ учун ўқишни ният қилдим ва ҳоказо” дейиш эмасдир. Ният бу оддий ният, масалан уйдан пешин намози фарзини ўқиш учун масжидга кетаяпсиз, шунинг ўзи ният. Ёки бамдод намозига туриб таҳорат олаяпсиз бу ҳам ният. Бир нарсани қилишга тараддудланиш ҳам ниятдир. Демак агар масжидга фарз намоз ўқигани келдингизу, ҳудди китобда келтирилгани каби гапларни такбирдан олдин айтиш эсингиздан чиқди дейлик, бу билан сизнинг намозингиз бузилган бўлмайди.

Имкони бўла туриб юқоридаги олтита шартларни ҳаммасини бажармасдан туриб намоз ўқиб бўлмайди.

Ушбу олтита шартга албатта ўз-ўзидан қуйидаги шартлар ҳам қўшилади: Инсоннинг мусулмон бўлиши, ақли расо ва балоғат ёшига етган бўлиши.

Намоз ичидаги фарзлар (рукнлар)

Намознинг шартлари ҳақида олимлар бир фикрга иттифоқ қилган бўлсалар, намоз ичидаги фарзлар ҳамда намознинг вожиблари борасида турли фикрлар билдирганлар. Баъзи олимлар фарз деб санаган амаллар бошқа олимлар тарафидан вожиб, яна бошқа олимлар эса суннат деб эътироф қилишган. Шунинг учун биз қуйида Ҳанафий мазҳаби уламолари фикрини келтирдик. Тўлиқроқ маълумот олишни истаганларга эса фиқҳий китобларга мурожат қилишни тавсия қиламиз.

Демак Ҳанафий мазҳабига кўра намоз рукнлари қуйидагилар:

  1. Ифтитоҳ (кириш) такбири (Аллоҳу Акбар дейиш)
  2. Қиём
  3. Қироат қилиш
  4. Руку
  5. Сажда (бунда икки тизза, оёқ бармоқлари, икки кафт, пешона ва бурун тўлиқ ерга теккизилиш шарт).
  6. Оҳирги ташаххудга ўтириш

Савол: намознинг рукнларидан бирини тарк қилган инсон нима қилади?

Қасддан бирор рукнни тарк қилиш ҳаромдир. Бундай қилган қилган инсон гуноҳкор бўлади ва намози бузилади.

Эсдан чиқиб бирор рукн бажарилмай қолганда қуйидаги уч ҳолатдан бири бўлиши мумкин:

1. Агар ҳаёл билан бўлиб рукнлардар бирини ташлаб кетган инсон кейинги мана шу рукнга қадар қилган ҳатосини эсласа унда ортга қайтиб, қолиб кетган рукнни бажаради ва ана шу жойидан намозини давом эттиради.

Мисол учун биринчи ракатда руку қилмасдан саждага кетиб қолган инсон, сажда қилиб бўлганидан сўнг руку қилмаганини эсласа, қайтиб туриб рукуни қилади ва шу жойидан давом этиб намозини якунлаб саждаи саҳв қилади.

2. Эсдан чиқиб ташлаб кетган рукнни кейинги ракатда шу рукнни бажарганидан сўнг эслаган инсоннинг ҳато қилган ракати бекор бўлади. Кейинги ракати олдинги ракат ўрнига ўтади ва бекор бўлган ракат учун яна бир ракат қўшимча ўқийди.

Мисол учун биринчи ракатда руку қилмасдан саждага кетиб қолган инсон, кейинги ракатни рукусини қилиб бўлганидан сўнг олдинги ракатдаги рукуси қолиб кетганини эслаб қолса, олдинги ракатини бекор бўлган деб ҳисоблайди ва ўқиётган иккинчи ракатини биринчи ракат деб ҳисоблаб намозини якунлаб қўяди (адашган ракат билан қўшиб ҳисоблаганда бир ракат кўпроқ намоз ўқиган бўлади). Намоздан сўнг эса саждаи сахв қилади.

3. Намоз ўқиб бўлганидан сўнг рукнлардан бири қолиб кетганини эслаган инсон агар намоздан сўнг узоқ вақт ўтмаган ва таҳорати синмаган бўлса намозини қолдириб кетган рукнидан бошлаб қайта ўқийди. Агар биронта ракатни қолдириб кетганини эсласа ўша ракатни ўқиб қўяди ва саждаи сахв қилади.

Мисол учун тўрт ракатли намознинг учинчи ракатида рукуни қолдириб кетган инсон қайтиб жойига туради, учинчи ракат рукусидан бошлаб намозни охиригача ўқиб якунлайди ва саждаи саҳв қилади.

Агар намоздаги бирор рукнни қолдириб кетгани узоқ вақт ўтганидан сўнг ёки таҳорати синганидан сўнг эсига тушса намозини қайта ўқийди.

Қисқа вақт деганда нима назарда тутилишини олимлар аниқ айтмаганлар, бу кишининг ўзига боғлиқ. Ҳанафий мазҳабининг фиқҳий китобларида намозгоҳни тарк қилмаган бўлса ва бошқалар билан сўзлашмаган бўлсагина келган рукнидан бошлаб ўқийди акс ҳолда намозини қайта ўқийди деган фикр билдирилган (Раддул Мухтор, Ал-Баҳрур Роиқ)

Шунингдек узоқ вақтдан бери бирор фарз амални тарк қилиб келаётганини билган намозҳон ана ўша намозларини барчасини қайта ўқийди (ҳоҳ бир хафта, ҳоҳ бир йил бўлсин).

Намоз вожиблари

Ҳанафий мазҳабига кўра намознинг вожиблари қуйидагилар:

  1. Фотихани қироат қилиш
  2. Фотихадан сўнг зам сура ўқиш
  3. Уч ва тўрт ракатли намозларнинг олдинги икки ракатида қироат қилиш
  4. Биринчи ташаххудга ўтириш
  5. Қаъдаларда ташаххуд ўқиш
  6. Имом учун овоз чиқариб ўқиладиган намозларда жахрий тиловат қилиш
  7. Витр намозида қунут дуосини ўқиш
  8. Рукнларни маромида қилиш
  9. Адашган ҳолда саждаи саҳв қилиш
  10. Намозни салом билан тугатиш

Савол: намоз вожибларидан бирини тарк қилган инсон нима қилади?

Намознинг вожиб амалларидан бирини қасддан тарк қилиш билан киши гуноҳкор бўлади ва намози бузилади. Вожиб амаллардан бири эсдан чиқариб ёки билмасдан ташлаб кетган инсонга саждаи саҳв қилиш вожиб бўлади. Бунда ҳам уч ҳолат бўлиши мумкин:

1. Вожиб амални тарк қилганини намознинг ичида эслаган инсон намозини давом эттираверади ва оҳирида саждаи саҳв қилади.

2. Намоз тугаши билан қисқа вақт ичида вожиб амал қолиб кетганини эслаган инсон ҳам саждаи саҳв қилади.

3. Узоқ вақт ўтганидан сўнг эсига тушган тарк қилинган вожиб амал учун саждаи саҳв қилинмайди. Сабаби вожиб амални ҳаёл билан ёки билмасдан тарк қилиш билан намоз бузилмайди.

Юқорида айтлигани каби бизнинг Ҳанафий мазҳабимизда қисқа вақтга қуйидга талаблар қўйилади: намозгоҳни тарк қилмаган бўлиши (яъни масжидда ўқиган бўлса масжидда бўлиши), бошқалар билан гаплашмаган ва таҳорати синмаган бўлиши.

Намоз суннатлари

Намознинг суннатлари жуда ҳам кўп. Юқорида фарз ва вожиб амаллардан бошқа барча сўзлар, зикрлар, тасбиҳлар ва ҳаракатлар суннат амаллардир. Масалан: сано дуоси, руку ва саждаларда қилинадиган турли тасбеҳ ва таҳмидлар, ишораи саббоба, саждада дуо қилиш, намоз сўнгида саловотдан сўнг дуо қилиш, қиёмда ўнг қўлни чап қўл устига қўйиш, ташаҳудда суннатга мувофиқ ўтириш ва ҳоказолар намознинг суннатларидир.

Намозда айтиш суннат бўлган зикр, дуо, таҳмид ва тасбеҳлар Имом Ан-Нававийнинг Ал-Азкор китобларида жуда ҳам батафсил келтирилган. Суннат амалларни эса турли фиқҳий китоблардан билиб олиш мумкин.

Савол: Намознинг суннатларидан бирини тарк қилган инсон нима қилади?

Агар инсон бирор суннатни доимий равишда қилиб юрган бўлса ва эсдан чиқариб шу суннатни тарк қилса, намоз сўнгида саждаи сахв қилиш мустаҳаб бўлади. Агар доимий равишда қилмайдиган суннат амали бўлса саждаи сахв қилмайди. Суннат амални қасддан тарк қилиш билан намози бузилмайди, лекин доимий қилиб юриладиган суннат бўлса ёки таъкидланган суннат бўлса бундай қилиш яхши эмас.

Юқорида биз қўлдан келганча намознинг фарз, вожиб ва суннатларини ўргандик. Кейинги мақолаларимизда иншааллоҳ намозни бузувчи амалларни ва саждаи сахв қай ҳолатда қандай қилинишини кўриб чиқамиз.

Манбаъалар:

Forgetfulness Prostration in Hanafi fiqh

Forgetfulness During Prayer

“Кифоя”, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

Комментариев нет: