وَلْتَكُن مِّنكُمْ أُمَّةٌ يَدْعُونَ إِلَى الْخَيْرِ وَيَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنكَرِ وَأُوْلَـئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ
Сизлардан яхшиликка чақирадиган, амри маъруф–наҳий мункар қиладиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар нажот топгувчилардир. (Оли Имрон, 104)

5 янв. 2009 г.

Намозда ҳаракатланиш мумкинми?

1927232162_c65048a46b Баъзи одамлар намоз ичида ҳаракат қилишга шунчалик енгил қарайдиларки, имом қироат қилаётган вақтида соатига қараб қўядиган, кийимини ўйнаб турадиган, юзи ёки соқолини силайдиган инсонларни кўплаб кузатишимиз мумкин. Лекин баъзи инсонлар намозда ҳаракатланишга шунчалик қаттиқ аҳамияти берадиларки ҳатто ёнларидаги қўл телефонлари жиринглаб мажсиддаги намозхонларнинг ҳаёлини бузиб, ҳушъу ва ҳузъусига путур етказса ҳам чўнтакларидаги телефонни ўчириб қўйишни ножоиз ва намозни бузувчи амал деб ўйлайдилар, ва бу билан кўпчиликка озор бераётганларини билмайдилар.

Келинг ушбу масалани бир ўрганиб кўрайлик. Намоз ўқиётган пайтда бегона ҳаракатларни қилиш жоизми? Қандай сабабларга кўра бундай ҳаракатларни қилиш мумкин ва қандай ҳолларда ушбу амаллар намозни бузилишига олиб келади?

Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ намоз пайтидаги ҳар қандай узрсиз ҳаракатни макруҳ деганлар. Шу билан бирга намоз ичидаги ҳаракатларнинг беш ҳил бўлишини айтганлар:

  1. Вожиб ҳаракат
  2. Ҳаром ҳаракат
  3. Макруҳ ҳаракат
  4. Мустаҳаб ҳаракат
  5. Руҳсат берилган (жоиз) ҳаракат

Келинг юқоридагиларни бир бошидан кўриб чиқайлик.

Вожиб ҳаракат

Вожиб ҳаракатларга намоз бузилмаслиги учун қилиниши шарт бўлган ҳаракатлар киради. Яъни бу ҳаракатни қилмаслик билан кишининг намози бузилиши мумкин. Мисол учун бош кийимида нажас борлигини билган инсон уни ечиб бир чекага олиб қўйиши вожиб ҳисобланади. Бу нарса бошқа уст кийимларга ҳам таалуқли, масалан куртка, жемпер, нимча, тўн ва ҳоказо, ечиш енгил бўлган ва ечилиши билан аврати очилиб қолмайдиган кийимларни намозни бузмасдан туриб ечиб ташлаш мумкин. Расулаллоҳ с.а.в. имом бўлиб намоз ўқиётганларида Жаброил алайҳиссалом келиб сандалларида нажас борлигини айтганида Пайғамбаримиз с.а.в. намозни тўҳтатмасдан сандалларини ечиб чеккага олиб қўйганликларидаги ҳадис бунга далил бўлади (Абу Довуд ривояти, Албоний саҳиҳ деган).

Вожиб ҳаракатга яна бир мисол, агар инсон қиблани нотўғри аниқлаб намоз ўқиётган вақтида бир киши келиб қиблани кўрсатса намозхон намозини бузмасдан қиблага юзланиб олиши ҳам вожибдир.

Ҳаром ёки тақиқланган ҳаракатлар

Бундай ҳаракатларга ҳеч қандай узрсиз қилинган давомли ёки кўп ҳаракатлар киради. Бундай қилган инсоннинг намози бузилади, намозни бузувчи амаллар эса ҳаромдир сабаби бу Аллоҳнинг буйруқларини мазаҳ қилишдек гапдир.

Мустаҳаб ҳаракатлар

Намоз ичидаги суннатларни бажариш учун қилинган амаллар мустаҳаб амаллардир. Масалан сафни текис қилиш учун олдинга ёки ортга бироз силжиш, олдидаги сафда бўш жой кўриб қолса олдинги сафга ўтиш, ёки ўзи турган сафда бўшлиқ бўлиб қолса шу бўшлиқни тулдириш учун чапга ёки ўнга силжиш каби ҳаракатлар мустаҳаб-суннат амаллардандир. Бунинг далили эса Ибн Аббос р.а. Расулаллоҳ с.а.в. билан бирга намоз ўқиш учун у зотнинг чап тарафларига турганида Расулаллоҳ с.а.в. унинг қўлидан ушлаб ўнг тарафларига ўтказиб қўйганликлари ҳақидаги ҳадисдир (Муттафақун алайҳ).

Шунингдек Жобир р.а. ривоят қилган ҳадисда “Расулаллоҳ с.а.в. намоз ўқиш учун турдилар, мен бориб у кишининг чап тарафларига турган эдим, У зот қўлимдан ушлаб ортларидан айлантириб ўнг тарафларги турғазиб қўйдилар. Бироздан сўнг Жаббор ибн Саҳр келиб У зотнинг чап тарафларига турган эди Расулаллоҳ с.а.в. иккимизнинг қўлимиздан ушлаб ортларига суриб қўйдилар” дейилади (Имом Муслим ривоятлари).

Имом Ан-Нававий юқоридаги ҳадисни шархлаб, агар имомнинг ортида бўш жой бўлмаса имом олдинга силжиши лозим бўлади деган фикрни билдирганлар.

Жоиз ҳаракатлар

Жоиз ҳаракатларга маълум сабабларга кўра қилинган кичик ҳаракатлар ва мажбурият юзасидан қилинган катта ҳаракатлар киради. Кичик ҳаракатларга Расулаллоҳ с.а.в.нинг ўз неваралари Уммомани кўтариб намоз ўқиганлари мисол бўлади. У зот қиёмда турганларида невараларини кўтариб турганлар, саждага бораётганда эса ёнларига ётқизиб қўйганликлари ривоят қилинади (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари)

Мажбурият юзасидан қилинган катта ҳаракатларга жанг қилиб туриб ўқилган намозни мисол қилиш мумкин. Аллоҳ таоло Бақара сурасида шундай деб марҳамат қилади:

Намозларни ва ўрта намозни муҳофаза этинг. Ва Аллоҳ учун хушуъ ила қоим бўлинг.

Агар хавфда қолсангиз, юрган ва минган ҳолингизда, хотиржам бўлганингизда, билмаган нарсангизни қандоқ ўргатган бўлса, Аллоҳни шундоқ зикр қилинг. (Бақара, 238-239 оятлар)

Демак ҳавфда қолганда юрган ёки улов минган ҳолда ҳам намоз ўқиш мумкин экан. Албатта ҳеч қандай узрсиз намоз вақтида юриб кетиш намозни бузган бўлар эди, лекин мажбурият юзасидан шундай қилишга ижозат берилган экан.

Макруҳ ҳаракат

Юқорида зикр қилинган ҳаракатлардан бошқаси макруҳ саналади. Буларга намозхон ҳаёлини бузувчи ҳар қандай ҳаракатларни мисол қилиш мумкин, масалан соатини ўйнаш, бош кийимига тегиб қўйиш, юзини ёки соқолини силаб қўйиш, ва ҳоказолар киради. Бундай ҳаракатни бир неча бор қилиш эса ҳаром ҳисобланади ва намознинг бузилишига олиб келади.

Одатда баъзи китобларда макруҳ ҳаракатлар сонини чегаралаб қўйишади ва учтадан ортиқ бегона ҳаракат намозни бузади деган гапларни ҳам кўриш мумкин. Шайҳ ибн Усаймин макруҳ ҳаракатлар неча марта қилинса намозни бузиши аниқ сонлар билан белгиланмаганлигини айтади ва четдан қараган инсон учун намоз ўқимаётган даражада кўп ҳаракат қилиш билан намоз бузилишини таъкидлайдилар ва қуйидаги фикрни билдирадилар: “Баъзи олимлар учтадан кўп бегона ҳаракат қилиш намозни бузади деган фикрни билдирганлар, лекин бундай қатъий талаб қўйиш учун далил талаб қилинади, акс ҳолда бундай фикр билдирган олим динга янгилик киритган бўлиб қолади” (Мажмуу Ал Фатава Ал Шайх ибн Усаймин, 13/309-311).

Демак кўп ёки давомли узрсиз ҳаракат қилиш намозни бузувчи ҳаром амаллардан экан.

Шайх Абдулазиз Ибн Боз ҳам намоз ичида бегона ҳаракатлар ҳақида гапириб ушбу фикрни билдирадилар:

Ҳоҳ фарз ҳоҳ нафл намози бўлсин ҳушъу ва ҳузъу билан, қалб ва тан ҳозирлиги билан намозга берилиш суннат амалдир. Намоздаги ҳушъу унинг устунларидан биридир ва намоз пайтида кўп бегона ҳаракат қилган инсоннинг намози намоз эмас.

Шу билан бирга бегона ҳаракатлар сонини учта деб айтишга Расулаллоҳ с.а.в. дан биронта ҳадис ворид бўлмаган. Бу баъзи олимлардан чиққан гап ва бу гапнинг ортида биронта кучли далил йўқдир.

Лекин намоз вақтида узрсиз қимирлаш ва бегона ҳаракатлар қилиш билан ҳушъуни йўқотиш макруҳдир. Агар бундай ҳаракатлар кўп ёки давомли бўлса намознинг бузилишига сабаб бўлади. Лекин бундай ҳаракатларни кам бўлиши ёки катта ҳаракатларнинг давомсиз бўлиши намозни бузмайди. Бунинг далили эса Расулаллоҳ с.а.в. намоз ўқиб турган пайтларида намозларини бузмасдан туриб Ойша р.а. га эшик очганликлари ҳақидаги ҳадисдир (Абу Довуд ва Насаий ривоятлари, Албоний саҳиҳ деган).

Шунингдек Расулаллоҳ с.а.в. нинг ўз неваралари Уммомани кўтариб туриб намоз ўқиганликлари ҳам бунга далили бўлади.

Фатава Уълама ал-Балад ал-Ҳарам, 162-164.

Шунингдек агар имом таҳорати йўқлигини эслаб қолса, ёки намоз вақтида таҳорати бузилса, ёки айрим сабабларга кўра имомликни давом эттира олмаса иқтидо қилаётганлардан бирини имомликка ўтказиши мумкин, ва бу киши ҳам намозини бузмасдан туриб имомнинг ўрнига ўтиши жоиз. Бунинг далили Расулаллоҳ с.а.в. намозга кечикканларида Абу Бакр р.а. имом бўлиб намозни бошлаганлари, Расулаллоҳ с.а.в. кириб келганликларидан сўнг эса У зот билан жой алмашганлари ва Расулаллоҳ с.а.в. намозни давом эттирганликлари ҳақидаги саҳиҳ ҳадисдир. Шунингдек Умар р.а. бомдод намози вақтида Абу Луълуъаҳ ал-Мажусий томонидан яралангаларида ҳам Абдураҳман ибн Авфнинг қўлидан ушлаб ўзларининг ўрнига имом қилиб ўтказадилар ва у киши намозни қисқа қилиб ўқиб беради (Имом Буҳорий ривояти).

Демак юқоридаги гаплардан ҳулоса қиладиган бўлсак узрсиз кўп ва давомли ҳаракат қилиш билан кишининг намози бузилар экан.

Намозни бузмайдиган ҳаракатларга эса қуйидагиларни мисол қилиш мумкин:

  • Сафни текислаш
  • Олдиндаги сафни тўлдириш
  • Ўзи турган сафда бўш жой бўлиб қолса тўлдириш
  • Телефон жиринглаб қолганда ўчириш (ҳатто 1-2 қадам қўйиш талаб қилинса ҳам)
  • Нажас теккан уст кийимни ечиб ташлаш (аврати очилмайдиган бўлсагина)
  • Қиблани нотўғри аниқлаб намоз ўқиётганда бирор киши қиблани кўрсатса ўша тарафга юзланиш
  • Икки киши жамоат бўлиб намоз ўқиб турганида учинчи киши келиб қўшилса, иқтидо қилаётганларнинг имомнинг ортига ўтишлари (ортда жой бўлмаса имом олдинга қадам ташлаши ҳам жоиз)
  • Имомнинг таҳорати бузилганида ёки намозни давом эттира олмаслиги сабабли ўз ўрнига бошқани тўрғазиб қўйиши
  • Кам ва давомли бўлмаган узрсиз ҳаракатларни қилиш (макруҳ бўлсада, намозни бузмайди)

via www.islamqa.com

Комментариев нет: