وَلْتَكُن مِّنكُمْ أُمَّةٌ يَدْعُونَ إِلَى الْخَيْرِ وَيَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنكَرِ وَأُوْلَـئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ
Сизлардан яхшиликка чақирадиган, амри маъруф–наҳий мункар қиладиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар нажот топгувчилардир. (Оли Имрон, 104)

10 янв. 2009 г.

40-ҳадис. Биринчи ҳадис: Ният ва амал

40 hadis 2 Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Расулаллоҳ с.а.в. га саловоту, саломлар билан сиз азизларга 40-ҳадис лойиҳасини тақдим этамиз. Ҳадислар ва уларга келтирилган шарҳлар Имом Ан-Нававий раҳимаҳуллоҳнинг 40-ҳадис китобларидан олинган.

Аллоҳ бошлаган ишимизни енгил қилсин, барчамизга мана шу ҳадислар асосида, Расулаллоҳ с.а.в. суннатларига амал қилган ҳолда умр ўтказишни насиб қилсин.

Биринчи ҳадис: Ният ва Амал

Умар ибн Хаттобдан (р.а) ривоят қилинади. Расулуллоҳ с.а.в.: “Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир. Ким нимани ният қилса, ўшанга эришади. Кимки Аллоҳ ва Унинг Расули учун ҳижрат қилса, унинг ҳижрати Аллоҳ ва Расулига бўлади. Кимки мол-дунёга эришиш ёки бир аёлга уйланиш ниятида ҳижрат қилса, у кишининг ҳижрати ният қилган нарсаси учун бўлади”. Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Насоий ва Ибн Можа ривоятлари.

Ҳадис ёмон ва яхши амалларни ажратишда ниятнинг ўрнини белгилайди. Ният тўғри бўлса, амал ҳам гўзал бўлади. Ният бузуқ бўлган жойда амал ҳам ёмон натижа беради.

Бирор бир амал ниятига кўра шу уч тарзда амалга оширилади:

    1. Амал Аллоҳдан қўрққан ҳолда қилинади. Бу Аллоҳ бандаларининг фақат бандаликни бажариш ниятида қилган ишидир.
    2. Бирор амал савоб қозониш ва жаннатга кириш ниятида қилинади. Бу тижорий тушунчага эга бўлган кишиларнинг амалидир.
    3. Амал Аллоҳдан ҳаё қилган ҳолда бандалик вазифасини бажариш ва шукрини адо қилиш ниятида қилинади. Бундай кишилар ибодат қилишларига қарамай, ўзларини қусур санайдилар ва қалбларида доиб қўрқув бўлади. Чунки амалининг қабул қилинган, қилинмаганини билмайди. Бу ҳақиқий мусулмоннинг ишидир. Бир куни кечаси Расулуллоҳ с.а.в.нинг оёқлари шишгунга қадар ибодат қилганларини кўрган Оиша онамиз (р.а.) сўрадилар: “Эй Расулуллоҳ! Парвардигорингиз сизнинг аввалу охир гуноҳларингизни кечирган бўлса, шунчалик ўзингизни қийнашингизнинг сабаби нима?” Шунда Расулуллоҳ с.а.в.: “Мен шукр қилувчи банда бўлмайинми?” деб марҳамат қилдилар (Имом Бухорий, Насоий, Ибн Можа ва Аҳмад ривоятлари).

“Қўрқув билан қилинган ибодат фазилатлими ёки умид билан қилинган ибодатми?” деган саволга Имом Ғаззолий шундай жавоб берганлар: “Умид билан қилинган ибодат фазилатлидир. Чунки умид севгини пайдо қилади, қўрқув эса умидсизликка сабаб бўлади”.

Биз ажратган бу уч гуруҳ ихлосли кишиларга алоқадордир. Шуни яхши билиш лозимки, ихлосга баъзан манманлик тўсиқ бўлиши мумкин. Кимки қилган амаллари билан ғурурланса, унинг амаллари қабул қилинмайди. Худди шундай ўзини буюк инсон, деб билган кишининг ҳам амали қабул бўлмайди.

Иккинчи гуруҳдаги кишилар дунё ва охиратнинг ҳар иккисини қозониш ниятида амал қилади. Баъзи олимлар бу ниятда амал қилган кишиларнинг амаллари қабул бўлмаслигини айтишган. Бу қарашларга қуйидаги қудсий ҳадисни далил қилиб келтиришган: “Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Мен Ўзимга шерик қўшишларига асло рози эмасман. Кимки бирор амал қилса-ю, унда Мендан бошқасини шерик қилса, ундай амалдан (ёки кишидан) узоқдирман” (Ибн Можа ва Аҳмад ривоятлари).

Ҳорис Муҳосибий “Китоби ур-Риоя ли ҳуқуқуллоҳ” асарида бу фикрни ҳимоя қилган ва жумладан шундай деган: “Ихлос фақатгина Аллоҳга итоат қилишни қасд қилишдир. Бошқа нарсани мақсад қилиш ихлос бўла олмайди. Риё икки ҳил бўлади: инсон итоат қилиш билан фақат одамларнинг эътиборини қозонишни истайди; итоат қилиш билан ҳам инсонларнинг, ҳам Аллоҳнинг розилигини қозонишни истайди. Ҳар иккисининг ҳам амаллари қабул бўлмайди”.

Ҳофиз Абу Нуайм ал-Исфаҳоний “Ҳидоятул авлиё” номли асарида ўзидан олдинги олимлар шундай фикрда бўлганларини таъкидлайди. Улар ўз қарашларига Қуръони каримнинг Ҳашр сураси 23-оятини далил қилишган:

“У – Аллоҳ, шундай Зотдирки, ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир. У (Ёлғиз) Подшоҳдир, (барча айб-нуқсондан) покдир-саломатдир, (Ўзи хоҳлаган бандаларини дунё-бало-офатлари ва охират азобидан) омон қилгувчидир, (бандаларнинг амалларини) кўриб-кузатиб тургувчидир, қудрат соҳибидир, бўйсиндиргувчидир. (Танҳо) Кибр эгасидир. Аллоҳ уларнинг(мушрикларнинг) ширкларидан покдир”.

Аллоҳ таоло хотиндан, боладан ва ҳар қандай шерикдан қандай муназзаҳ бўлса, Узидан бошқани шерик қилинган амални қабул қилишдан ҳам шундай муназзаҳдир. Аллоҳ таоло қадри юксак ва буюкликда шериги йўқ Зот.

Самарқандий шундай дейди: “Инсоннинг Аллоҳ учун қилган амаллари қабул қилинади. Инсонлар учун қилган амаллари эса рад этилади. Масалан, бир киши пешин намозини Аллоҳнинг фарз қилган амрини адо қилиш масадида ўқийди. Намозини одамлар орасида таъдили арконга риоя қилиб, рукуъ ва саждаларини узайтириб ўқиса, асли эътибори билан намози қабул бўлади. Аммо намозни инсонлар кўрсин учун гўзал ва узайтириб ўқиганлиги боис қабул қилинмайди”.

Иззуддин ибн Абдусаломдан инсонлар ёқтириб тақдир этсинлар, дея намозини узайтириб ва чиройли қилиб ўқиган кишилар ҳақида қандай фикрда эканлиги ҳақида сўралганда, у жавобан шундай деганди: “Бу ниятда амал қилган кишининг амали қабул бўлмаслигини истайман”.

Бу изоҳлар амалнинг васфида ширк бўлган тақдирдагина ўринлидир. Агар ширк амалнинг аслида бўлса, яъни фарз бўлган намозни ҳам Аллоҳ учун ҳамда инсонлар учун ўқиса, амалнинг аслида ширк бўлгани туфайли намози қабул қилинмайди. Риё амални тарк қилиш билан ҳам бўлади. Фузайл ибн Иёз шундай дейди: “Инсонларни деб бир амални тарк қилиш ҳам риёдир. Одамлар кўрсин, деб амал қилиш эса ширкдир. Ихлос эса Аллоҳнинг сени ҳар иккисидан ҳам муҳофаза қилиши билан бўлади”. Фузайлининг бу сўзларидан шундай маъно келиб чиқади: “Кимки бирор бир амални қилишга ният қилса-ю, одамлар кўрмасин, деб уни тарк қилса, у одам риёкордир. Чунки амални одамлар сабабли тарк қилди. Ҳеч ким йўқ жойда адо этиш мақсадида ибодатни бир оз кечиктирса, бу мустаҳаб бўлади. Қилинадиган ибодат фарз намози ёки закот бўлса, ёки у одам ҳалқ эргашиши керак бўлган бир олим бўлса, бу вазиятда амалини ошкора қилиши фазилатлироқдир”.

Сумъа ҳам худди риё каби амалларнинг қабул бўлмаслигига сабаб бўлади. Сумъа киши ёлғизлигида Аллоҳ учун ибодат қилиб, кейин қилган ибодатини одамларга гапириб беришдир.

Пайғамбаримиз с.а.в. шундай марҳамат қиладилар: “Кимки (қилган) амалини бошқаларга билдирса (эшиттирса), Қиёмат куни Аллоҳ таоло (унинг бу ҳолини маҳшар аҳлига) эшиттиради. Кимки риё учун бир иш қилса, Аллоҳ таоло унинг асл мақсадини юзага чиқаради” (Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Ибн Можа ва Аҳмад ривоятлари).

Мирзабоний (р.а.) шундай дейди: “Намозхоннинг намози қабул бўлишида тўртта хислат лозим: қалб ҳузури, ақл саломати, шартларнинг тамоман бажарилиши ва барча аъзоларнинг хушуъда бўлиши. Қалб ҳузурисиз намоз ўқиган киши ибодатдан ғофил кишидир. Ҳамма аъзолари хушуъ ичида бўлмаган ҳолда намоз ўқиган киши намозини хато ўқиган бўлади. Ана шу шартларга амал қилган ҳолда намоз ўқиган киши намознинг барча арконларини бажарган бўлади”.

“Албатта амаллар ниятга боғлиқдир”. Пайғамбаримиз с.а.в. бу сўзлари билан савобга васила бўлган амалларни қасд қилганлар. Мубоҳ бўлган амалларни қасд қилмаганлар.

Ҳорис Муҳосибий шундай дейди: “Ихлоснинг мубоҳ ишлар билан алоқаси йўқ. Чунки мубоҳ ишларда Аллоҳга яқинлик қасд қилинмагани учун, Аллоҳга қурбат ҳосил бўлмайди. Ҳеч бир мақсадни кўзламасдан, фақат уй қуриш ғояси билан уй қуришга ўхшаш. Аммо масжид ёки кўприк қуриш ғояси билан бўлса, мустаҳаб бўлади”. Ҳаром ёки макруҳ ишда ҳам иҳлос бўлмайди. Қараш ҳалол бўлмаган нарсаларга қараб, Аллоҳ яратган нарсалар ҳақида тафаккур қиляпман, деб даъво қиладиган одамнинг ҳолати ҳам шундай. Худди соқол-муйлаби чиқмаган ўғлига ибрат назари билан қарашга ўхшаш. Бунда ҳеч қандай ихлос бўлмаганидек, Аллоҳга яқинлашиш ҳам йўқ. Сидқ эса банданинг зоҳирий ва ботиний қийматига қараб англашилади. Сидқ барча мақом ва ҳоллар босиб ўтилгач, майдонга келади. Чунки ихлоснинг моҳияти амални Аллоҳ учун қилишидадир. Баъзан инсон ўқийдиган намози билан Аллоҳга йўналишни мақсад қилади, аммо намозида қалб ҳузури бўлмайди. Сидқ ана шу ибодатда қалбнинг бутунлай Аллоҳга йўналишидир. Шу ҳолда ҳар бир содиқ киши ихлослидир. Аммо ҳар бир ихлосли киши содиқ бўлмаслиги мумкин. Аллоҳ билан маънавий боғланиш ёки боғланмасликнинг маъноси ҳам шунда. Инсон содиқ бўлгач, Аллоҳдан бошқалардан маънавий боғларини узиб, фақат Аллоҳга боғланган бўлади. Аллоҳдан бошқалардан узоқ бўлиш ва Аллоҳнинг ҳузурида туриш завқи билан тўлиб-тошиш шу тариқа юзага келади.

Пайғамбаримиз с.а.в.нинг “Амаллар...” сўзларидан мақсадлари амалларнинг саҳиҳлиги ё амалларнинг қабул шарти ёки амалларнинг мукаммаллиги бўлиши мумкин. Абу Ҳанифа (р.а.) сўнгги маънони афзал кўрганлар. Ҳадисда келган амаллардан баъзи суннат амаллари, нажосатнинг тозаланиши, тортиб олинган қарз ёки қарз олинган нарсаларнинг, молларнинг қайтарилиши, ҳадя берилиши каби ишлар истисно қилинади. Чунки буларнинг сиҳҳати ниятнинг тўғрнотўғрилигига боғлиқ эмас. Фақат бу ишларда савоб олиш учун Аллоҳга яқинлашиш мақсад қилинади.

Бир киши молига ем бераётганда, Аллоҳнинг амрини бажаришни ўйлаб емни берса, савоб қозонади. Агар молини сақлаш учун берса, савоб олмайди. Жангчи отини Аллоҳ йўлида боғласа ва сув берса, унга сув бераётганда фақат чанқоғини қолдириш учун сув берса ҳам савоб олаверади. Бу ҳақда Бухорийнинг саҳиҳида ишора бор. Шунга ўхшаш аёллар уйда ётаётганда эшикни ёпиб, чироқни ўчираркан, бу ишларни Аллоҳнинг амрини бажариш ниятида қилса, савоб қозонади. Бошқа ниятларда қилса, савобга эга бўлмайди.

Ниятнинг луғавий маъноси йўналиш, юзланиш демакдир. Араблар бу феълни қўллаётганда: “Аллоҳ сени хайрга бошласин”, дейишади. Шариатда эса феъли (амали) билан бирор нарсага йўналишдир. Бир нарсага йўналса-ю, аммо амал бўлмаса, бу “азм” (арабча) дейилади. Амаллардаги ният ибодат билан одатни ёки ҳақиқий ибодат билан ибодат бўлмаган амални фарқлаш учун шарт қилинган. Биринчи ҳолатнинг (ибодат билан одатни ажратишнинг) мисоли масжидда ўтирган кишининг ҳолидир. Масжидда одатий дам олиш учун, баъзан эса эътикоф ниятида ибодат қилиш учун ўтирилади. Бу ерда ибодат билан одатни фарқлайдиган нарса ниятдир. Ғуслда ҳам одатда тозалик ният қилинади. Баъзан эса ибодат ният қилинади. Иккисини фарқлайдиган биргина восита бу –ниятдир. Пайғамбаримиз с.а.в.дан: “Риё учун, молини қўриқлаш учун, қаҳрамонлик кўрсатиш учун жанг қилган кишининг қайси бири Аллоҳ йўлида жанг қилган кишидир?” деб сўралганда, Расулуллоҳ с.а.в. шундай жавоб қилгандилар: “Кимки Аллоҳнинг номи энг олий, устун бўлиши учун курашса, ана ўша Аллоҳ йўлидаги кишидир” (Имом Муслим, Ибн Можа ва Аҳмад ривоятлари).

Иккинчи ҳолатнинг, яъни ибодатнинг тўғрисини фарқлашда ниятнинг восита бўлиши қуйидагича бўлади: Масалан, бир киши тўрт ракат намоз ўқиди. Бу намоз пешин намозининг фарзи ёки суннати эканини фақат ниятга қараб биламиз. Худди шунингдек киши қул озод қиларкан, каффорат учун озод қилдими, назр учунми ёки бошқа сабаблар билан озод қилдими, буни фақат ниятга қараб фарқлаймиз.

“Ким нимани ният қилса, ўшанга эришади”. Пайғамбаримиз с.а.в.нинг сўзлари ибодатларда бир киши бошқасининг ўрнидан ибодат қилиши ёки ният қилиши учун вакил қолдириши жоиз эмаслигига далилдир. Фақат бундан закот молининг ажратилиши ва қурбон сўйилиши истисно қилинган. Бу икки амалда киши кучи етган миқдорда қурбонлик сўйиш ёки закот молини ажратишда ният билан бошқасига ваколат бериши жоиздир. Ҳаж ва қарзни адо қилишда кучи етган ҳолатда вакил тайинлаши жоиз эмасдир.

“Кимки Аллоҳ ва Унинг Расули учун ҳижрат қилса, унинг ҳижрати Аллоҳ ва Расулига бўлади. Кимки мол-дунёга эришиш ёки бир аёлга уйланиш ниятида ҳижрат қилса, у кишининг нияти ният қилган нарсаси учун бўлади”.

Ҳижрат турли сабаблар билан амалга оширилган:

Биринчиси – мушриклар Расулуллоҳ с.а.в.га азият етказганларида саҳобаларнинг Маккадан Ҳабашистонга қилган ҳижрати. Мусулмонлар Макка мушрикларининг зулмидан қочиб, Нажоший юртига боришган. Бу воқеа Байҳақийнинг айтишича, рисолатдан беш йил ўтгач содир бўлган.

Иккинчиси – Маккадан Мадинага қилинган ҳижрат. Бу ҳодиса рисолатнинг ўнинчи йилида юз берган. Ўша пайтда Маккадаги ҳар бир мусулмон Мадинага – Расулуллоҳ с.а.в. олдиларига ҳижрат қилиши лозим эди. Баъзи олимлар фақат Маккадан Мадинага ҳижрат қилиш вожиб бўлганини айтишган. Чунки Мадинанинг Маккага нисбатан ҳеч бир афзаллиги йўқ. Вожиб бўлган нарса – Расулуллоҳ с.а.в. бўлган жойга ҳижрат қилишдир.

Инсоннинг бир жойдан бошқа жойга ўзи хоҳлаб кетиши ўн турли бўлади:

    • Дунёвий бир истак туфайли.
    • Диний истак туфайли кўчиш: Диний мақсад билан бўладиган сафарнинг ўзи саккиз ҳилдир:
      1. Ибрат учун сафар қилиш. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Ахир улар ер юзида сайр этиши, ўзларининг олдиги пайғамбарларини инкор қилиб, иймонсиз (кетган)кимсаларнинг оқибатлари қандай бўлганини кўрсалар бўлмайдими?” (Рум, 9), “Ахир улар ерда сайр қилиб, ўзларидан олдинги (динсизларнинг) оқибат қандай бўлганини кўрмайдиларми?” (Фотир, 44). Зулқарнайн ана шу мақсадда саёҳатга чиққан эдилар.
      1. Ҳаж учун қилинган сафар.
      2. Маишат таъмини учун қилинган сафар.
      3. Тижорат қилиш, (кўпроқ) пул топиш учун қилинган сафар. Ўз эҳтиёжидан ортиқ мол топиш Аллоҳ таолонинг: “Роббингиздан (Ҳаж мавсумида тижорат билан) фазл тилашингизда сизларга (ҳеч қандай) гуноҳ йўқдир” (Бақара, 198) ояти каримасига кўра жоиздир.
      4. Илм таҳсили учун қилинган сафар.
      5. Маънавий қийматга эга бўлган жойларни зиёрат қилиш ниятида қилинган сафар. Пайғамбаримиз с.а.в.нинг: “Фақат учта масжидни (зиёрат қилиш) учун йўлга отланилади”, деб қилган марҳаматлари шунга ишора қилади.
      6. Чегара ҳудудларида карвонсарой қуриш учун, ўтиш жойлари қуриш ниятида қилинган сафар.
      7. Аллоҳ таоло розилиги учун дўстини зиёрат қилиш учун қилингна сафар. Набий с.а.в. бу борада қуйидаги ҳадиси шарифни айтдилар: “Бир киши бир қишлоқдаги биродарини зиёрат қилиш учун йўлга чиқди. Аллоҳ таоло у кишининг йўлига бир фариштани юборди. Фаришта у одамдан:
        • Қаерга кетяпсан? – деб сўради. У одам:
        • Фалон қишлоқдаги биродаримни зиёрат қилиш учун кетяпман, - деди. Фаришта:
        • У одамга берадиган бирор нарсанг борми? – деди, У одам жавобан:
        • Йўқ. Мен уни фақат Аллоҳ розилиги учун яхши кўраман, - деди. Шунда фаришта:
        • Мен Аллоҳнинг сенга юборган бир хабарчисиман. Шуни билки, сен уни қанчалик севсанг, Аллоҳ сени шунчалик севади”, деди (Муслим ривояти).
    • Атрофдаги қабилаларга, уларнинг вакиллари Расулуллоҳ с.а.в.дан диннинг асосларини ўрганиб қайтгунларича, динни ўргатиш ниятида қилинган ҳижрат.
    • Маккаликлардан Пайғамбаримиз с.а.в. олдиларига келиб, мусулмон бўлгандан кейин ўз қавмларига қайтган кишиларнинг ҳижрати.
    • Бир мусулмоннинг ҳеч бир шаръий сабабсиз мусулмон биродари билан гаплашмаслиги макруҳ, заруратсиз уч кундан ортиқ алоқани узиши эса ҳаромдир. Ҳикоя қилинишича, бир киши биродари билан уч кундан ортиқ вақт гаплашмади ва унга қуйидаги мазмунда хат юборди: “Биродар! Сенда менга нисбатан зулм бўладиган бир нарса бор. Бу ҳақда Ибн Абу Ҳайсамадан насиҳат ол. Чунки у бобоси Заҳҳок, у киши Икрима воситасида ривоят қиладики, “Ибн Аббос (р.а.) Пайғамбаримиз с.а.в.нинг: “Ҳақиқий дўстнинг ўз дўстларидан уч кундан ортиқ алоқа узиши Аллоҳ томонидан ҳаром қилинган” деганларини нақл қилган” (Имом Муслим ва Аҳмад ривоятлари).
    • Эркак кишининг хотини унга осийлик қилганида уни тарк қилиши. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “... уларни ётоқларида тарк этингиз” (Нисо, 34). Бир жойда гуноҳларга ботган кишининг гаплашмасдан ва саломлашмасдан тарк қилиниши ҳам эрнинг хотинини тарк қилиши кабидир.
    • Аллоҳ таоло қайтарган ҳижратлардан тийилиш. Бу ҳижратнинг умумий маъносидир.

Ривоят қилинишича, бир киши Маккадан Мадинага ҳижратнинг фазилатини  (савобини) истаб эмас, балки Умму Қайс исмли бир аёлга уйланиш учун ҳижрат қилди. Кейинроқ унга Умму Қайснинг муҳожири деган ном берилди.

“Аҳир никоҳ ҳам ислом истаган амаллардан биридир, нега дунёвий баҳо берилаяпти?” деб сўралса, шундай жавоб берамиз: У киши зоҳирда ҳижрат ғояси билан чиққанди. Ичида изҳор этганига хилоф равишда ният қилгач, қораланишга мустаҳиқ бўлди. Айни шаклда ташқи кўринишидан ҳаж учун, ҳақиқатда эса, тижорат учун кетган кишининг ёки зоҳиран илм талабида чиқиб, ҳақиқатда эса раислик ёки бошқарувни, мансабни қўлга киритиш ниятида ҳаракат қилган кишининг ҳукми ҳам шундайдир.

Ҳадис зоҳирда ҳаж учун, ҳақиқатда эса ҳам тижорат, ҳам зиёрат учун ҳажга кетган кишининг савоб олмаслигини тақозо қилади. Шу ҳолда ҳадисни, “У кишини ҳажга боришга ундаган нарса фақатгина тижорат бўлса, савоб олмайди” шаклида тушуниш (изоҳлаш) тўғри бўлади. Агар унинг боишига сабаб ҳаж бўлса, тижорат эса унга тобеъ бўлса, унга бўлган эътибори нисбатида савоби камаяди. Агар ҳам ҳаж, ҳам тижорат ғояси билан борса, савоб олиш эҳтимоли бор. Чунки унинг ҳижрати фақат дунё учун эмас. Бунинг тескариси ҳам ҳудди шундай. Чунки оҳират амали бўлган ҳажни дунё амали билан алмаштиради. Бу ҳадис ҳукмни фақат ниятга боғлаган. Иккаласини ҳам ният қилган кишини, фақатгина дунёни мақсад қилган дейиш тўғри эмас. Валлоҳу аълам.

2 комментария:

Анонимный комментирует...

Assalamu alaykum !
Alloh ishingizga baraka bersin ! Juda hayrli ishni boshlabsiz, inshallah 40 hadis bilan tanishib chiqakanmiz, jazakallahu hayroon.

Анонимный комментирует...

Jazaka allohu khayran