وَلْتَكُن مِّنكُمْ أُمَّةٌ يَدْعُونَ إِلَى الْخَيْرِ وَيَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنكَرِ وَأُوْلَـئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ
Сизлардан яхшиликка чақирадиган, амри маъруф–наҳий мункар қиладиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар нажот топгувчилардир. (Оли Имрон, 104)

17 дек. 2008 г.

Исломда ўйин-кулгу

31-01 Ислом.уз форумида бир биродаримиздан “Исломда дўстлар билан хазиллашишга қандай қаралади?” деган савол тушган экан. Шу мавзуда кичик бир мақола ёзиш фикри келди.

Исломда ҳазил-хузул қилиш бор, Расулаллоҳ с.а.в. ҳам баъзида саҳобалар билан ҳазиллашиб кулиб, "ҳатто тишларининг оқи кўринди" каъби хадисларни кўп учратишимиз мумкин. Лекин шу билан бирга ҳазил, ўйин-кулгуга тегишли баъзи одобларни билиб олсак зиён қилмайди.

1. Аллоҳни, Расулини ва умуман Ислом динини мазаҳ қилмаслик

Бундай ҳазил билан инсон куфрга кетиб қолиши мумкин, бу аксар уламонинг фикри. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб айтади:

"Агар улардан сўрасанг, албатта: «Биз фақат ўзимизча гап қилиб ўйнаётган эдик, холос», дерлар. Сен:«Аллоҳни, Унинг оятларини ва Расулини истеҳзо қилаётган эдингизми?» деб айт.

Узр айтманглар. Батаҳқиқ, иймонингиздан кейин куфр келтирдингиз. Агар сиздан бир тоифани авф этсак, бошқа тоифани жиноятчи бўлганлари учун азоблаймиз. " Тавба сураси, 65-66 оятлар.

2. Фақатгина ҳақиқатни айтиб кулдириш

Ёлғон сўз билан кулдириш Исломда тақиқланган. Шунинг учун турли ҳил уйдирма “анекдотлардан” йироқ юринг. Ҳаётимизда ҳам кулгули воқеалар етарли бўлса керак.

Расулалоҳ с.а.в. дедилар: "Одамларни кулдириш учун ёлғон гапирган инсоннинг шўри қурисин, шўри қурисин, шўри қурисин" Абу Довуд ривояти

3. Одамларни қўрқитмаслик

Яъни ҳазиллашиб бўлса ҳам бировни қўрқитмаслик. Расулаллоҳ с.а.в. бундай ҳазилдан умматларини қайтарганлар.

Абу Лайла ривоят қиладилар: "Расулаллоҳ с.а.в. саҳобалар билан бирга йўлда эдилар, улардин бир киши ухлаб қолди. Улардан баъзилари ухлаб қолган кишини арқон топиб боғлаб қўйишди, ва у киши қўрқиб кетди. Расулаллоҳ с.а.в. буни кўриб: "Мусулмон инсон учун бошқа бир мусулмонни қўрқитиш жоиз эмас", дедилар." Абу Довуд ривояти.

4. Бошқаларни мазаҳ қилиш

Бировнинг устидан кулиш орқали бошқаларни кулдириш ҳам исломда қаттиқ қораланган. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади:

Эй иймон келтирганлар ! Бир қавм бошқасини масхара қилмасин, эҳтимол улар булардан яхшироқдир. Ва аёллар ҳам бошқа аёлларни (масхара қилмасин), эҳтимол улар булардан яхшироқдир. Ва ўзингизни ўзингиз мазах қилманг, бир-бирингизга лақаб қўйманг. Иймондан кейин фосиқлик исми нақадар ёмон ! Ва ким тавба қилмаса, бас, ана ўшалар ўзлари золимлардир. (Ҳужурот, 11)

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф хазратлари бу оятни қуйидагича тафсирлаганлар:Албатта масхара ёмон одат бўлиб, жамият аъзолари ўртасидаги ўзаро алоқаларнинг бузилишига сабаб бўлади. Бир одам иккинчисини масхара қилса, камситса, устидан кулса, албатта, масхара қилинган одамнинг аччиғи чиқади, у ҳам масхара қилувчига ўзига яраша жавоб беришга уринади. Орада низо-жанжал чиқади, ижтимоий алоқалар бузилади ва жамият заифлашади. Ислом эса доимо мусулмонлар жамиятининг мустаҳкам бўлиши учун қайғуради. Шунинг учун ҳам ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло инсонларни бир-бирини масхара қилишдан қайтармоқда.

5. Ҳазил-ҳузулнинг меъёрида бўлиши

Ҳазил-ҳузулнинг ҳам меъёрини билиш керак доимий равишда ҳазиллашиш инсонни Аллоҳ ибодатидан йироқлаштириб қўйиш хавфи бор.  Умар Ибн Абдулазиз р.а. деганлар: "Ҳазиллашишдан йироқ бўлинг, бу аҳмоқликдир ва ҳасадни келтириб чиқаради".

Имом Ан-Нававий шундай деганлар: "Меъёридан ортиқ ва доимий ҳазиллашиш тақиқлангандур, сабаби бу кўп кулгуга ва қалбнинг қотишига олиб келади, меъёридан ортиқ ўйин кулгу Аллоҳнинг зикридан йироқлаштиради, ва инсонлар қалбига озор бериши ҳам мумкин. Бу каби кўп ҳазиллашадиган инсонларга нисбатан бошқалар қалбида нафрат туғилиш ва бу кишининг бошқалар олдида обрўсининг тўкилишига олиб келади. Мана шундай маъёридан ортиқ бўлмаган ҳолда ҳазиллашиш эса жоиз ва Расулаллоҳ с.а.в. бир неча бор ўзлари шундай ҳазил қилганлар".

Дарҳақиқат мўмин ислом босиқ ва жиддий бўлиши, бу билан бошқаларга ўрнак бўлиши лозим. Ҳадеб ўйин кулгу қилиб инсонлар орасида масҳарабоз деган номга сазовор бўлиб қолмайлик.

6. Инсонларнинг камчиликлари ўстидан кулмаслик

Бу қандай камчилик бўлишидан қатъий назар, жисмонийми ёки ақлийми, ёки ижтимоий камчиликми, тақиқлангандир.

Инсонларнинг камчилигига ишора қилиб кулиш энг паст ва разил ишдир.

7. Ҳазилнинг меъёри овқатдаги тузнинг меъёри каби бўлиши

Расулаллоҳ с.а.в. дедилар: "Кўп кулаверманглар, кўп кулгу юракларингизни қотиради" (Саҳиҳ ал-Жамиъ)

Умар ибн Ҳаттоб деганлар: "Кўп кулган ёки кўп ҳазил қилган инсон обрўсини йўқотади, ва бирор нарсани кўп қилувчи инсон шу иши билан овоза бўлади".

8. Ғийбат аралаштирмаслик

Яъни ўзи йўқнинг кўзи йўқ бўлиб бировнинг устидан кулишимиз ғийбат бўлиб қолишидан Аллоҳ сақласин.

Расулаллоҳ с.а.в. "Ғийбат бу биродарингни ўзига ёқмаган нарса билан эслашинг" деганлар (Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло айтади: Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар. Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрадими? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи ва раҳмлидир. (Ҳужурот, 12)

9. Ҳазил-ҳузулнинг ҳам ўз вақти бор

Ҳазиллашининг ҳам, ўйин-кулгунинг ҳам ўз вақти ва жойи бор. Инсонлар кўнглини юмшатиш учун, орада дўстлик ришталарини боғлаш учун, ёки маълум бир вазиятда орадан хижолатни кетказиш учун, одамларнинг кўнглини кўтариш уларга таскин бериш учун айтлиган ҳазиллар албатта ўринлидир.

Ҳозирги кунда биз бунинг меъёрини билмай қолдик. Чойҳонага йиғиламиз, ҳоҳолаб кулишамиз, уйда йиғиламиз фақат ўйин кулгу, кўчада кўришамиз фақат ҳазил ҳузул.

Расулаллоҳ с.а.в. кулишиб ўтирган саҳобаларга қарата: "Мен билган нарсани билганингизда камроқ кулиб кўпроқ йиғлаган бўлар эдингиз" деган эканлар.

Ҳар ҳил ўтиришларимиз кўп, гап деймиз, чойҳона деймиз, у деймиз бу деймиз, майли ўйин кулгу ҳам бўлсин, лекин бир эслаб кўрингчи қачон оҳирги марта мана шундай дўстлар даврасида Аллоҳни зикр қилдингиз? Чойҳонада йиғилганда бирон марта Қуърон ёки Ҳадис ўқиб бердингизми?

Агар шундай йиғилишларимиз фақат ўйин-кулгу билан ўтаётган бўлса бу тўғри эмас, оҳиратни, савол-жавобни, дўзаҳ ва жаннатни унутган кўринамиз. Аллоҳ барчамизни ҳидоятга бошласин.

Манбаъа: http://islamqa.com/en/ref/22170/joking

2 комментария:

Анонимный комментирует...

Jonli narsalarning suratlari chop etilmasligi kerak. Islamqa.com ning o'zida shu masalaga oid fatvolar bor. Hurmatli ma'mur birodarlar iltimos, shu masalani tadqiq qilsangiz. Assalamu alaykum varohmatulloh

Admin комментирует...

Мана бу ерда Шайх Ибн Усаймин замонавий техника ёрдамида суратга олишни гапирган эканлар. http://islamqa.com/en/ref/10326/picture

Қисқача 2 га бўлинган:
1. Техник восита орқали кўриш мумкин бўлган суратлар, яъни фақатгина компьютер ёки камеранинг ўзидагина кўриш. Буни уламолар жоиз дейишган экан.
2. Шу олинган расмни чоп этиш, яъни қоғозга ёки шунга ўҳшаш қўл билан ушлаб кўриш мумкин бўлган расмлар.
Буларни фақатгина зарурат юзасидан, масалан жиноятчларни топиш учун ёки пасспорт учун ва ҳоказо жоиз. Аксинча бўлса ҳаром дейилган.