وَلْتَكُن مِّنكُمْ أُمَّةٌ يَدْعُونَ إِلَى الْخَيْرِ وَيَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنكَرِ وَأُوْلَـئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ
Сизлардан яхшиликка чақирадиган, амри маъруф–наҳий мункар қиладиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар нажот топгувчилардир. (Оли Имрон, 104)

26 дек. 2008 г.

Дунёда зоҳид бўлиш ва уни жамлашни озайтириш ҳамда камбағалликнинг фазилати ҳақида

2122759116_0a909f53dd Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади:

“Билингларки, бу ҳаёти дунё фақат (бир нафаслик) ўйин-кулгу, зеб-зийнат, ўрталарингиздаги ўзаро мақтаниш ва мол-дунё ҳамда фарзандарни кўпайтиришдир, холос. (У) худди бир ёмғирга ўхшарки, унинг (ёғиши сабабли униб чиққан) ўт-ўлани кофирларни ҳайратга солиб (ақлларини банд қилиб қўюр). Сўнга у қурир, бас, уни сарғайган ҳолда кўрурсиз. Сўнгра у қуруқ чўп бўлиб қолур. (Ҳаёти дунёнинг ҳоли ҳам шундан ўзга эмасдир.) Охиратда эса (ўша тўрт кунлик дунёга алданиб қолганлар учун) қаттиқ азоб ва (имон-эътиқод билан ўтганлар учун) Аллоҳ томонидан мағфират ва ризолик бордир. Ҳаёти дунё эса фақат алдагувчи матодир” (Ҳадид сураси, 20-оят).

“Одамларга аёллар, болалар, туганмас олтин-кумуш бойликлар, (қиммат) баҳоли отлар, чорва ва экин-тикинлар каби истак-хоҳишларга кўнгил қўйиш чиройли қилинди. Ҳолбуки, бу нарсалар ҳаёти дунёнинг (ўткинчи) нарсаларидир. Аллоҳнинг ҳузурида эса энг гўзал қайтадиган жой – жаннат бордир” (Оли Имрон сураси, 14-оят).

“Эй инсонлар, албатта Аллоҳнинг (қайта тирилтириш ва бу дунёда қилиб ўтилган яхши-ёмон амалларнинг мукофот-жазосини бериш тўғрисидаги) ваъдаси ҳақ (ваъдадир). Бас, ҳаргиз сизларни ҳаёти дунё алдаб қўймасин! Ва ҳаргиз сизларни Аллоҳ (барча гуноҳларни кечиб юбораверади, деб) алдагувчи (шайтон) алдаб қўймасин!” (Фотир сураси, 5-оят).

(Эй инсонлар), сизлар то қабрларни зиёрат қилгунларингизча (яъни, ўлиб қабрга киргунларингизча) сизларни (мол-дунё) тўплаб кўпайтириш (Аллоҳга тоат ибодат қилишдан) машғул қилди. Йўқ, сизлар яқинда (бу қилмишларингизни оқибатини) билурсизлар. Яна бир бор йўқ, сизлар яқинда билурсизлар. Йўқ, агар сизлар (дунёга қул бўлиб қолишнинг оқибати нима эканлигини) аниқ билиш билан билсаларингиз эди (унга қул бўлиб қолмас эдингиз) (Такосур сураси, 1-5-оятлар).

Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ с.а.в.: “Огоҳ бўлинг, албатта дунё ва ундаги нарсалар лаънатлангандир. Фақатгина Аллоҳнинг зикри, шунга яқин нарсалар ҳамда илм берувчи ва илм олувчилар бундай эмас”, дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

Каъб ибн Иёздан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ с.а.в.: “Ҳар бир умматнинг фитнаси бордир. Менинг умматимнинг фитанси мол-дунёдир”, дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ с.а.в.: “Камбағаллар жаннатга бойлардан беш юз йил олдин киришади”, дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

Амр ибн Авф Ансорийдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ с.а.в. Абу Убайда ал-Жарроҳни Баҳрайнга жизя (солиқ)ларни олиб келиш учун юбордилар. Абу Убайда Баҳрайндан бир қанча мол-дунё билан қайтдилар. Абу Убайданинг келгани ҳақидаги хабарни ансорийлар эшитиб, Расулуллоҳ с.а.в. билан бирга бомдод намозини ўқиш учун тўпланиб келишди. Қачонки, Расулуллоҳ с.а.в. намозни ўқиб бўлганларидан кейин уларга юзма-юз бўлиб қараб кулиб қўйдилар. Сўнгра: “Сизлар Абу Убайда Баҳрайндан нимадир олиб келганини эшитган бўлсангизлар керак-а?” деганларида, улар: “Ҳа, эй Аллоҳнинг расули”, дейишди. Шунда у зот: “Хушнуд бўладиган нарсаларингизни орзу қилиб умид этаверинглар. Аллоҳга қасамки, мен сизларнинг камбағал бўлиб қолишингиздан қўрқмайман. Лекин сизлардан аввалги умматга ўхшаб дунё келиб, улар ўша дунёга кимўзарга мусобақалашиб, уларни бу нарса ҳалокатга элтгани каби сизларнинг ҳам улар каби дунёга мағрур бўлиб қолишингиздан қўрқаман”, дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Абу Саид ал-Худрийдан (р.а.) ривоят қилинади. Бир куни Расулуллоҳ с.а.в. минбарда ўтирдилар. Биз эса атрофларида ўтирдик. Шунда у зот: "Ўлимдан кейин сизлар ҳақингизда қўрқадиган нарсам дунё ўз гўзаллигу ажойиботларини очиб, сизлар ўшанга (маҳлиё) бўлишингиздир", дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Абу Саид ал-Худрийдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ с.а.в.: “Албатта дунё кўм-кўк, гўзалдир. Аллоҳ эса унда сизларни тасарруф этувчи қилди. Ва сизлар дунёда қандай амал қилишингизга қарайди. Бас дунёдан сақланинглар. Ҳамда аёллардан эҳтиёт бўлинглар”, дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

Анасдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ с.а.в.: “Вафот этган киши билан қабристонга уч нарса бирга боради. Улар: аҳли, мол-дунёси ва амали. Лекин иккови, яъни аҳли ва моли қайтиб келиб, биттаси, яъни амали бирга қолади”, дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ с.а.в.: “Агар Уҳуд тоғидек олтиним бўлса, уч кеча ўтмасдан менинг ҳузуримда ундан бирор нарса қолиши хушнуд этмайди. Фақатгина қарзимни тўлашга бироз олиб қолган бўлсам, ундай эмас”, дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ с.а.в.: “Ўзингиздан паст (табақадаги)ларга қарайверинлар-у, аммо ўзингиздан юқоридагиларга қараманглар. Мана шундай қилишингиз Аллоҳнинг сизларга берган неъматларини паст санамаслигингиз учун муносибдир”, дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари. Бу Имом Муслим ривоятларидаги лафз.

Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ с.а.в.: “Динор ва дирҳам ҳамда бахмал ва кимхоб, яъни кийимларга ўзини қул қилганлар ҳалок бўлишди. Агар уларга берсанг, рози бўлишади. Бермасанг рози бўлишмайди”, дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ с.а.в.: “Дунё мўминнинг қамоқҳонаси, кофирнинг эса жаннатидир”, дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

Ибн Умардан (р.а.) ривоят қилинади: “Расулуллоҳ с.а.в. менинг елкамдан ушлаб: “Эй Ибн Умар, дунёда гўёки ғариб ёки йўловчи мусофир каби бўлгин”, дедилар”. Ибн Умар (р.а.) (мана шу сўзни эшитганларидан кейин): “Агар кечлатсанг, тонг бўлишини кутма! Агар тонг оттирсанг, кеч киришини кутма! Соғ пайтингда касал пайтинг учун ҳам (тайёргарлик қилиб) ол. Ҳамда тириклик пайтингда ўлиминг учун ҳам (тайёргарлик қилиб) ол”, дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

Бу ҳадиснинг шарҳида қуйидагича маъно айтишган: “Дунёга суяниб, уни ватан қилиб олма. Унда узоқ қолишни ва унга аҳамиятли бўлишни ўйлама. Дунёга алоқадорлигинг худди ватанида бўлмаган ғарибнинг алоқаси каби бўлсин. Ва ўз аҳлига қайтишни ҳоҳлаб юрган ғариб ўша турган жойида бирор нарсага машғул бўлмагани каби сен ҳам дунёга машғул бўлма”.

Абу Аббос Саҳл ибн Саъд ас-Соъидийдан (р.а.) ривоят қилинади. Бир киши Расулуллоҳ с.а.в. ҳузурларига келиб: “Эй Аллоҳнинг расули, бир амалга йўналтириб қўйингки, ўшанга амал қилсам, Аллоҳ ҳамда кишилар мени яхши кўрсин”, деганида, Расулуллоҳ с.а.в.: “Дунёдан ўзингни тийгин, Аллоҳ сени яхши кўради. Одамлар қўлидаги нарсадан ўзингни тийгин, улар сени яхши кўришади”, дедилар. Ибн Можа ва бошқалар хасан иснод билан ривоят қилишган.

Нўъмон ибн Баширдан (р.а.) ривоят қилинади. Умар ибн Хаттоб (р.а.) кишилар дунёдан эга бўлган нарсаларни зикр қилатуриб: “Мен Расулуллоҳ с.а.в.нинг қоринларини тўйғазиш учун бирор эскиб қолган бўлса ҳам хурмо топа олмасдан кун бўйи букчайиб қолганларини кўрдим”, дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

Абдуллоҳ ибн Масъуддан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ с.а.в.: “Кўчмас мулкларга (ер-сув) эга бўлишга киришманглар. Чунки у дунёга рағбатларингизни зиёдалаштиради”, дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

Каъб ибн Моликдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ с.а.в.: “Қўйлар орасига иккита оч бўри қўйиб юборилганида, уларни қай тарзда барбод қилса, кишини мол-дунё ва шараф-иззатга бўлган ҳирси ундан ҳам кўпроқ фасод қилади”, дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

Имом Ан-Нававийнинг Риёзус Солиҳий китобларидан (Аллоҳ у зотни ўз раҳматига олсин).

1 комментарий:

Анонимный комментирует...

Assalamu Aleykum Va Rahmatullohi Va Barakatuh Payganbarimiz s.a.v qay tarzda namoz oqigan sajda kilganda ikki oyogi bir biriga tegib turganmi?Va namozdi boshida kollarini kuloklarini yumshoq joyiga tegizganmi??