وَلْتَكُن مِّنكُمْ أُمَّةٌ يَدْعُونَ إِلَى الْخَيْرِ وَيَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنكَرِ وَأُوْلَـئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ
Сизлардан яхшиликка чақирадиган, амри маъруф–наҳий мункар қиладиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар нажот топгувчилардир. (Оли Имрон, 104)

28 окт. 2008 г.

Тармоқли маркетинг ёки Herbalife, quest.net ва бошқалар хақида

Kheops-Pyramid Хозирги кунда Ўзбекистонда пирамида ёки тармоқли маркетинг кўринишидаги бизнес авж олиб келмоқда экан, ўз-ўзидан савол туғилади, бу йўл билан пул топиш ҳалолми ёки ҳаром?

Саволга жавоб беришдан аввал савдо-сотиқнинг ушбу кўриниши ҳақида бироз маълумот берайлик. Бизнеснинг бу турини қисқача қуйидагича тушунтириш мумкин: Бир киши компания маҳсулотини сотиб олади ва шу билан бирга бу компания маҳсулотларини бошқаларга сотиш ҳуқуқига ҳам эга бўлади. Энди унинг мақсади кўпроқ клиентларни жалб қилиш, ҳамда уларни ҳам компания маҳсулотларини ундан сотиб олишга ундаш. Ҳар бир қўшилган клиент эса яна бошқаларни жалб қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Демак мисол қилиб олсак, бир киши икки кишини таклиф қилади, у икки киши эса ҳар бири яна икки кишидан жалб қилаверади ва натижада катта бир пирамида ҳосил бўлади.

Пирамидада қанча юқори турсангиз савдодан шунча куп фойда оласиз, сабаби сиз таклиф қилган одамлар сони ошган сари сиз олаётган фойдангиз ўзгараверади. Бунинг асосий сабаби пирамидада юқори кўтарилган сари маҳсулотнинг нарҳи тушиб бораверади ёки компания томонидан сизга бериладиган чегирма ва “бонус”лар кўпайиб боради ва ҳоказо.

Бу бизнес туриниг бир нечта номи бор “Пирамида”, “Тармоқли маркетинг”, “Сетевой маркетинг”, “многоуровневый маркетинг”, “network marketing”, “multi level marketing” ва ҳоказо лекин уларнинг фаолияти деярли бир ҳил. Бу компанияларнинг мақсади ўз маҳсулотини сотиш эмас, аслида таклиф қилинаётган махсулот бир алдов, кўзбўямачилик ҳолос, уларнинг асосий мақсади эса пирамидага кўпроқ одамларни жалб қилишдир.

Агар мақсад маҳсулотни сотиш бўлганда эди бунинг бир қанча осонроқ ва ишончлироқ йўллари бор. Ҳар куни миллионлаб-миллиардлаб товарлар ҳеч қандай пирамидасиз ҳам сотилиб, уларнинг эгалари фойда қилиб кун кўришаяпти.

Ҳозирги кунда бизнинг юртмизида бир нечта бундай компаниялар мавжуд, масалан quest.net, herbalife, tyanshi ва бошқалар.

Биз бу бизнес тури ҳалолми ёки ҳаром деган саволга жавобни қидирдик ва барча олимлар бир овоздан бу йўл билан бизнес қилишни ҳаром деб фатво берганликларини топдик.

Биз қуйида Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитасининг фатвосини келтирамиз:

Бу каби олди-берди қилиш ҳаром. Сабаби бу олди-бердидан мақсад маҳсулотни сотиш эмас балки кўпроқ фойда қилишдир. Бунда ўн мингга сотилаётган маҳсулотнинг асл нарҳи юз сумдан ҳам ошмаслиги мумкин. Бундай компаниялар сизни қандайдур бир кичик миқдордаги пул билан (бирон бир маҳсулотни сотиб олиш билан) компанияга қўшилишни кейин эса бу пулини бир неча баробар қилиб қайтариб олиш билан ўзларига жалб қиладилар. Аслида компания таклиф қилаётган маҳсулот бу кўзбўямачилик ҳолос ва компаниянинг асосий мақсади бу маҳсулотни сотиш эмас балки кўпроқ одамларни пирамидага жалб қилиш. Бу эса қуйидаги сабабларга кўра ҳаромдир.

1. Бу кўринигдаши олди-берди икки ҳил рибони ўз ичига олади: рибо-ал фазл (бир жинсдаги нарсани алмаштиришда зиёда олишдир) ва насия рибоси (қарзни адо этишни кечга суруш эвазига олинадиган фойда). Ҳар бир компания аъзосининг мақсади камроқ пул билан қўшилиб кейинчалик пулини кўпроқ қилиб ундириб олиш, яъни камроқ пулни вақт ўтганидан сўнг кўпроқ пулга сотиш. Бу эса аксар уламолар томонидан ҳаром дейилган. Компания таклиф қилаётган маҳсулот эса бу бир восита ҳолос, асосий мақсад юқорида айтилганидек клиентлар сонини ошириш, пирамидани юқорироқ кўтариш.

2. Олди-бердининг бу кўриниши ғарар (гумонли, ноаниқ савдо) ҳам дейилади. Сабаби янги қўшилган инсон бу ишга яна янги клиентларни жалб қила оладими йўқми билмайди. Яъни бу иш унга келажакда фойда келтирадими ёки йўқми, пирамиданинг юқорисида бўладими ёки энг пастидаги “бахтсизлардан” бири бўлиб қоладими аниқ билмайди. Аслида мана бу олди-бердидан ютқазганларнинг сони ютганларга қараганда кўпроқ. Демак бу ишга киришаётган одамнинг олдида богдан-бош иккита йўл бор, бу эса гумонли ёки ноаниқ савдо дейилади. Расулаллоҳ с.а.в. Имом Муслимдан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда бундай савдодан қайтарганлар.

3. Бу турдаги олди-берди инсонлар бойлигини ботил йўл билан ейиш ҳамдир. Сабаби бунда фақатгина пирамида тепасида турган ва омади келадиганлар ютаверади, қолган эса ютқазиб пулларгиа куйиб қолаверадилар. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади: “Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманглар. Магар ўзаро розилик ила тижорат бўлса, майли(Нисо, 29).

4. Бу каби олди-бердида алдов, ҳийла, кўзбўямачилик ва инсонларни лақиллатиш ўрин олган. Юқорида айтилганидек компания ўзининг асосий мақсади қилиб ўз маҳсулотини сотиш қилиб кўрсатади, бу эса ёлғон. Шунингдек инсонларга агар компанияга аъзо бўлишса катта фойдалар олиб келишини ваъда қилишади, бу эса ҳали ноаниқ.

Расулаллоҳ с.а.в. дедилар “Кимки бизни алдаса у биздан эмас” (Имом Муслим ривояти).

Ҳаким ибн Ҳизомдан р.а. ривоят қилинган бошқа ҳадисда эса Расулаллоҳ с.а.в. “Сотувчи ва ҳаридор то тарқалгунларига қадар ихтиёр ўзларидадир. Агар рост сўзласалар ва молнинг айбини айтсалар уларнинг бу савдоларига барака берилади. Агар молнинг айбини яширсалар ва ёлғон сўзласалар уларнинг бу савдоларининг баракаси бўлмайди”, дедилар (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).

 

Баъзилар бу каби савдони даллоллик билан тенглаштирадилар. Бу нотўғри, сабаби даллол бировнинг молини сотиб бергани учун қандайдур миқдорда пул олади. Тармоқли маркетингда эса бировни молини сотиш учун кириш пул тўланади. Даллолликдан мақсад ўз молини тезроқ сотиш, тармоқли маркетингдан мақсад эса пирамида аъзоларини кўпайтириш. Демак бу иккаласи орасидаги фарқ аниқ-тиниқ кўриниб турибди.

Компания томонидан рағбатлантириш, совға, ҳадя, бонус ёки шунга ўхшаш кўринишда фойда оладиганларга эса жавоб шундай. Бу ҳам нотўғри сабаби исломда ҳар қандай совғани ҳам қабул қилинавермайди. Абдуллоҳ ибн Салом Абу Бурдага айтган экан: “Сен рибо тарқалган ердасан, агар сени бировда ҳаққинг бўлса, у сенга сомон ёки арпа ё поя миқдорида бўлса ҳам ҳадя берса, қабул қилмагин, чунки у рибодир(Бухорий ривояти).

Исломда ҳадя, берилган мақсадига қараб ҳукм қилинади. Абу Ҳумайд ас-Соъдийдан р.а. ривоят қилади: “Набий с.а.в. Азд қабиласига мансуб Ибн ал-Лутбия исмли бир кишини закот йиғувчи қилиб тайинладилар. У закот йиғиб келгач: “Мана бу нарса сизга, мана бу эса менга ҳадя қилинди”, деди. Шунда у зот: “Отасининг уйида ёҳуд онасининг уйида пойлаб ўтирса унга ҳадя қиладиларми ёки йўқми?!” дедилар (Бухорий ва Муслим ривояти).

Бу каби рағбатлантиришлар қандай номланишидан қатъий назар битта мақсадга йўналтирилган, у ҳам бўлса сизни компанияга қўшилишга ундаш ва бошқаларни ҳам унга қизиқтириш.

Ҳозирги кунда афсуски бундай компаниялар кўпайиб кетди. Улар нима таклиф қилишидан, қандай номланишидан ва кандай маҳсулот сотишидан қатъий назар уларнинг иш юритиш фаолияти юқорида айтлигани кабидир.

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитасининг 22935 рақамли фатвоси.

Хижрий сана 14/3/1425

Демак ҳулоса қилиб айтсак бу усулда савдо қилиб кун кўриш ҳаром экан. Бунинг сабаблари:

1. Рибо аралашиши

2. Ноаниқ (ғарар) савдо

3. Ботил йўл билан инсонлар пулини ейиш

4. Алдов ва ҳийла ишлатиб савдо қилиш

Юқоридагиларнинг барчаси ҳам жуда оғир гуноҳлар саналади. Савдо борасида бундай найрангларни ишлатиш ва айниқса рибо аралашиши исломда жуда қаттиқ қораланган, ва охиратда жуда ҳам азобли жазолар ваъда қилинган.

Аллоҳ таоло айтади: “Рибони ейдиганлар (қабрларидан) фақат шайтон уриб, жинни бўлган кишидек довдираб турарлар. Бундай бўлиши, уларнинг, тижорат ҳам рибога ўхшаш-да, деганлари учундир. Ва ҳолбуки, Аллоҳ тижоратни ҳалол, рибони ҳаром қилган. Кимки Роббидан мавъиза келганда тўхтаса, аввал ўтгани ўзига ва унинг иши Аллоҳнинг Ўзига ҳавола. Кимки, яна (рибога) қайтса, ана ўшалар дўзах эгаларидир. Улар унда абадий қолурлар”, (Бақара, 275-оят).

Аллоҳ таоло: “Аллоҳ рибони доимо нуқсонга учратур ва садақаларни зиёда қилур. Ва Аллоҳ ҳар бир кофир, гуноҳкорни хуш кўрмас”, деган (Бақара, 276).

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рибохўрни, унинг едирувчисини, котибини ва икки шоҳидини лаънатладилар ва улар баробардирлар”, дедилар». (Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган)

Биз бу мавзуда жуда гапларни айтишимиз мумкин, лекин бизгача бу гаплар минг марталаб айтилган ва иймонли-инсофли одамлар бундан ҳулоса чиқариб олганлар. Қолганларни эса Аллоҳ ўзи ҳидоятга бошласин.

Ҳаммасидан ачинарлиси бу каби ҳаромлиги очиқ-ойдин бўлган олди-бердига юртимиздаги баъзи катта мавқеъга ва лавозимга эга имом ва шайхларнинг ҳалол деб фатво беришларидир. Улар бу фатволарни очиқчасига эмас балки шу компаниялар бошлиқларининг талабларига жавобан бир нусҳада, маҳфиёна берганлари эса унданда ачинарлидир. 

Сўзимиз якунида эса ҳар қандай савдога қўл уришдан олдин шариатнинг бу борадаги хукмини яхшилаб ўрганиб чиқишни ва ҳеч бўлмаганда қуйидаги мақолаларни ўқиб чиқишни тавсия қиламиз:

www.islomolami.com


Давомини ўқиш

27 окт. 2008 г.

Саломлашиш одоби

42-15969355 Ассалому Алайкум ва Раҳматуллоҳу ва Барокатуҳу.

Мусулмонлар учун бир-бирларини “Ассалому алайкум” деб қаршилаш жуда муҳимдир, зеро Аллоҳ таоло Нур сурасининг 61 оятида бу гўзал сўзни “Аллоҳ ҳузуридан бўлган муборак покиза салом” деб атайди.

Яна Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтадики: “Қачонки сизга бир саломлашиш ила салом берилса, сиз ундан кўра яхшироқ алик олинг ёки худди ўзидек жавоб беринг. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсанинг ҳисобини олувчи зотдир” (Нисо, 86)

Шайх Муҳаммад Юсуф Муҳаммад Содиқ бу оятни шархлаб “Исломдаги саломлашиш энг гўзал ва энг маъноли саломлашишдир. Исломда танигангаю танимаганга салом бериш суннатдир. Саломга алик олиш эса, вожибдир, деган гапларни айтадилар.

Абу Ҳурайра р.а. дан ривоят қилинган ҳадисда Расулаллоҳ с.а.в. “Иймон келтирмагунингизча жаннатга кирмайсизлар. Бир-бирингизга муҳаббат қилмагунингизча иймонли бўла олмайсизлар. Агар амал қилсангиз, ўрталарингизда муҳаббат пайдо этадиган нарсага сизларни далолат қилайми? У ораларингиздаги саломни ёймоқлигингиздир”, дедилар (Имом Муслим ривояти)

Имом Ан-Нававий салом бериш тўғрисида гапириб, шу гапларни айтади “Саломни бошловчи салом берилаётган киши битта бўлса ҳам кўплик олмоши билан “Ассалому алайкум” дейди. Алик олувчи эса “Ваалайкум Ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу” дейди”. (Риёзус-солиҳийн, Саломлашиш китоби)

Яъни юқоридаги Нисо сурасининг 86 оятига амал қилган ҳолда салом берган кишига унданда гўзалроқ қилиб алик олиш афзал экан.

Имрон ибн Ҳусайндан ривоят қилинган ҳадисда “Бир киши Расулаллоҳ с.а.в. нинг ҳузурларига келиб, “Ассалому алайкум”, деди. Унга жавоб қайтариб ўтирдиларда, “ўнта савоб”, дедилар. Сўнгра бошқа киши келдида, “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи” деди. Унга ҳам жавоб қайтариб ўтирдиларда, “йигирмата савоб” дедилар. Сўнгра бошқа бир киши келдида, “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳу ва барокатуҳу”, деди. Унга ҳам жавоб қайтариб, “ўттизта савоб” дедилар” (Абу Довуд ва Термизий ривоятлари)

Демак ҳулоса қилиб айтганда қанча узун ва гўзал салом берсак, иншааллоҳ, Аллоҳ таоло шунча кўп савоб берар экан.

Келинг энди саломлашишнинг баъзи йўл-йўриғларини кўриб чиқайлик.

Саломлашиш одоблари

Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулаллоҳ с.а.в.: Суворий риёдага, пиёда ўтирганга ва озчилик кўпчиликка салом беради”, дедилар. (Имом Бухорий ва муслим ривояти).

Имом Бухорий ривоятларида: “Кичик каттага” бўлиб келган.

Абу Умомадан р.а. ривоят қилинади. Расулаллоҳ с.а.в.: “Аллоҳ таоло наздида одамларнинг олийси саломни аввал бошлаганларидир”, дедилар. (Абу Довуд ва Термизий ривоятлари)

Абу Ҳурайра р.а. дан ривоят қилинади. Расулаллоҳ с.а.в.: “Агар сизларнинг брингиз биродарига йўлиқса, унга салом берсин. Агар улар орасини дарахт ёки тош тўсиб қўйиб, сўнгра унга яна йўлиқса, яна салом берсин”, дедилар (Абу Довуд ривоятлари).

Анасдан р.а. ривоят қилинади. Бу зот ёш болалар ёнидан ўтиб кетаётиб, уларга салом бердилар-да, “Расулаллоҳ с.а.в. шундай қилардилар”, деб айтдилар. (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари)

Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулаллоҳ с.а.в. “Сизлардан бирингиз бирор масжлисга борадиган бўлса, салом берсин. Агар туришни ҳоҳласа ҳам, салом берсин. Аввалгиси кейингисидан ҳақли эмасдир”, дедилар. (Абу Довуд ва Термизий ривоятлари)

Имом Ан-Нвавий айтадилар “Кўришганда ва ажралаётганда салом бериш мандуб амалдир (Риёзус-солиҳийн).

Уйга кирганда салом бериш

Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади: “Уйларга кирган чоғингизда ўзларингизга Аллоҳдан бўлган покиза ва муборак табрик ила салом беринглар” (Нур, 61).

Анас р.а. дан ривоят қилинади. Расулаллоҳ с.а.в. дедилар “Эй ўғилчам, агар оила аъзоранинг ҳузурларига кирсанг, салом бергин. Ана шунда ўзингга ва оила аъзоларингга барака бўлади”, дедилар (Имом Термизий ривояти)

Ғойибдан айтилган саломга жавоб қайтариш

Оишадан р.а. ривоят қилинади: “Расулаллоҳ с.а.в. менга: “Жаброил алайҳиссалом сенга салом айтди”, деганларида, мен ҳам: “Ваалайҳиссалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу”, дедим”. (Имом Буҳорий ва Муслим ривоятлари)

Шарх: Бу ҳадисдан Оиша онамизнинг фазллари, фаришталарнинг одамларга салом йўллаши ва ғойибдан салом айтган кишига жавоб қайтаришнинг шартлиги маълум бўлмоқда.(Имом Ан-Нававий, Риёзус-солиҳийн)

Демак бизга бирор ким “Фалончи сенга салом айтди” деса, биз ўша саломга алик олиб қўйишимиз шарт экан.

Катта жамоатга уч марта салом бериш

Анас р.а. дан ривоят қилинади. Расулаллоҳ с.а.в. бирор гап айтсалар, эшитувчи уни англагунича уч марта қайтарардилар. Агар бирор жамоага бориб салом берсалар, уч марта салом берардилар. (Имом Бухорий ривоятлари)

Тунда салом бериш

Миқдоддан р.а. ривоят қилинган узун ҳадисда келтиришича, “Расулаллоҳ с.а.в. га сутдан бўлган насибаларини олиб қўйдик. У зот кечаси келиб, уйқудагилар уйғонмайдиган ва уйғоқлар эшитадиган қилиб салом берардилар. Менинг уйқум келмасди. Аммо икки шеригим ухлаб бўлишган эди. Шу куни Расулаллоҳ с.а.в. келиб, аввал қандай салом берсалар, шу тарзда салом бердилар” (Имом Муслим ривояти)

Демак тунда уйга келганда уҳлаб ётганларни уйғотиб юбормайдиган даражада, лекин бошқалар эшитадиган қилиб салом бериш суннатга мувофиқ бўлар экан.

Кафт ва бармоқ билан ишора қилиш

Зарурият бўлмаганида фақатиган ишора қилиб саломлашиш мумкин эмас. Сабаб бу насроний ва яҳудийларнинг одатидир. Абдуллоҳ ибн-Амрдан ривоят қилинган ҳадисда Набий с.а.в. “Биздан бошқаларга ўзини ўхшатганлар биздан эмасдир. Яҳуд ва насороларга ўхшаманглар, яхудийларнинг саломлашиши бармоқлар билан ишора қилиш, насронийларнинг саломлашиши кафтлар билан ишора қилиш”, деганлар. (Имом Термизий ривояти, Албоний хасан деган)

Асмо бинти Язиддан р.а. ривоят қилинади: “Расулаллоҳ с.а.в. кунларнинг бирида масжиднинг ёнидан ўтаётганларида бир неча аёл ўтирган эди. Уларга қўллари ила ишора қилиб салом бердилар” Имом Термизий ва Абу Довуд ривояти.

Абу Довуд “Лафз билан ишорани жамладилар” деб келтирган.

Имом Ан-Нававий айтадилар “Узоқдаги кишиларга ишора ва лафз билан салом айтиш жоиз. Лекин ишоранинг ўзи билан кифояланиш макруҳдир” (Риёзус-солиҳийн)

Шайх Ибн Боз ҳам ишора билан салом бериш ҳақида юқоридаги фикрни айтиб икки жойда ишора билан алик олишни жоиз дейдилар:

1. Жума ҳутбаси пайтида биродари салом берса фақатгина қўлни қўлга текизиш билан (салом лафзини айтмасдан) алик олиш жоиз. Сабаби Бухорий ва Муслимлар ривоят қилган ҳадисда Расулаллоҳ с.а.в. ҳутба пайтида ҳар қандай гап-сўздан қайтарганлар. Ҳутба тугаганидан сўнг эса биродари қилган иш нотўғри эканлигини унга тушунтириб қўймоғи лозим.

2. Намоз ўқиётган одамга салом берилса, бу одам ҳам ишора билан алик олиши жоиз.

Қўл бериб сўрашмоқ

Қатода бундай дейдилар: “Мен Анасдан: “Расулаллоҳ с.а.в. нинг саҳобалари ўртасида қўл бериб сўрашмоқ одати бор эдими?”, деб сўрадим. У: “Ҳа”, деб жавоб берди(Имом Бухорий ривояти)

Бародан ривоят қилинади. Расулаллоҳ с.а.в. “Икки мусулмон йўлиқиб, қўл бериб сўрашишса, улар иккови ажралмасларидан олдин гуноҳлари кечирилади” дедилар (Абу Довуд ривоятлари).

Шу ўринда айтиш керакки номаҳрам аёл билан қўл бериб кўришиш шариатда ҳаром дейилган ва бу аксар уламоларнинг фикри.

Номаҳрам аёлларга салом бериш

Имом Ан-Нававий айтади: “Расулаллоҳ с.а.в. фитнадан омонда бўлганлари учун аёлларга салом берганлар. Кимдан-ким фитнадан омонда бўлишига кўзи етса у кишига ҳам аёлларга салом бериши жоиз. Лекин ўзига ишонмаса салом бермагани афзал. Шунингдек фитна бўлишидан қўрқилмаса аёлнинг эркак кишига салом бериши ҳам жоиз”.

Саҳл ибн Саъддан р.а. ривоят қилинади: “Бизда бир аёл бор эди, у лавлаги олиб келарди-да, қозонга солиб арпанинг майдалангани билан арашалтириб қўяр эди. Биз ҳар гал жумани ўқиб қайтаётганимизда унга салом берар эдик. У бизга ҳалиги таомни тортиқ қилар эди”.(Имом Бухорий ривояти)

Умму Ҳонеъ Фоҳитата бинти Абу Толиб р.а. дан ривоят қилинади: "Фатҳ куни Расулаллоҳнинг с.а.в. ҳузурларига борсам, у зот ғусл қилаётган эканлар. Фотима р.а. эса (парда билан) тўсиб турган эканлар. Бас, мен салом бердим…” деб ҳадиснинг қолганини зикр қилдилар. (Имом Муслим ривоятлари)

Кофир, яҳуд ва насоролорга салом бериш

Кофир, яҳуд ва насоролорга аввал салом беришни аксар уламолар ҳаром санаганлар. Агар улар биринчи бўлиб салом беришса “Ва алайкум” деб қўйилади ҳалос.

Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулаллоҳ с.а.в.: “Яҳудий ва насороларга аввал салом берманглар. Агар бирорталарингиз йўлда улар билан рўбарў бўлиб қолса, кучанинг четидан юришга мажбур қилсин”, дедилар. (Имом Муслим ривоятлари)

Демак аҳли китобларга ва кофирларга биринчи бўлиб салом бериш ҳаром экан. Лекин шу билан бирга салом лафзини айтмасдан туриб, улар билан биринчи бўлиб кўришишни кўпчилик уламолар жоиз деганлар. Яъни “Ассалом алайкум” ўрнига “Яхшимисиз?” ёки “Ишларингиз яхшими” каби лафзлар билан кўришиш жоиз, айниқса бундан мурод амри маъруф ёки динга чақириш каби яхши мақсадлар бўлса. Чунки Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади: “Роббингнинг йўлига ҳикмат ва яхши мавъиза ила даъват қил. Ва улар ила гўзал услубда мунозара қил. Албатта, Роббинг Ўз йўлидан адашганларни ўта билгувчи ва ҳидоят топгувчиларни ҳам ўта билгувчидир” (Наҳл, 125)

“Сизлар аҳли китобларнинг зулм қилганларидан бошқалари билан фақат яхши услубда мужодала этинглар ва уларга: “Биз ўзимизга нозил қилинган ва сизга нозил қилинган нарсага иймон келтирдик, бизнинг илоҳимиз ва сизнинг илоҳингиз бирдир ва биз унга бўйсунгувчимиз”, денглар” (Анкабут, 46).

Кофир ва аҳли китобларнинг саломига эса “Ва алайкум” деб алик олиш жоиз. Анас р.а. дан ривоят қилинган ҳадисда Расулаллоҳ с.а.в.: “Агар сизларга аҳли китоблар салом беришса, уларга “Ва алайкум”, деб айтинглар”, дедилар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти)

Ва Аллоҳу аълам.

Манбаълар:

Имом Ан-Нававийнинг “Риёзус Солиҳийн” ҳамда “Ал-Азкор” китоблари.

Шайх Муҳаммад Саҳиҳ ал-Мунажжиднинг қуйидаги мақолалари:

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳу ва барокатуҳу.


Давомини ўқиш

26 окт. 2008 г.

Нафл намозларини жамоат бўлиб ўқиш мумкинми?

   Бу саволга Шайх ал-Ислом ибн Таймия шундай жавоб қилганлар:

mosque_zetland_narrowweb__300x437,0Жамоат билан ўқиладиган нафл намозлари икки турли бўлади:

1. Жамоат билан ўқиш суннат бўлган намозлар, буларга: рамазон ойидаги таровиҳ намози, қуёш тутилганда ўқиладиган намоз ва ёмғир сўраб ўқилувчи намозни мисол қилса бўлади.

2. Ёлғиз ўқилиши суннат бўлган намозлар, буларга таҳажжуд, кундузги суннат намозлари, таҳҳиятул масжид, зуҳо намози ва бошқалар киради. Бу намозларни доимий равишда жамоат билан ўқиш жоиз эмас ва бундай қилиш бидъат саналади сабаби Расулаллоҳ с.а.в. ҳам саҳоба ва тобеинлар ҳам нафл намозларини жамоат билан ўқишни одат қилмаганлар.

Лекин баъзида бу нафл намозларини ҳам жамоат билан ўқишнинг зиёни йўқ. Масалан Расулаллоҳ с.а.в. одатда таҳажжуд намозини ёлғиз ўқир эдилар лекин баъзи-баъзида жамоат билан ўқиб туришлари ҳадисларда келган. Бир ҳадисда Ибн Аббоснинг кечаси Расулаллоҳ с.а.в. нинг уйларида тунаб қолиб у зот билан таҳажжуд ўқиганлари келган, яна бир ҳадисда Ҳузайфа, ва бошқа бир сафар эса Ибн Масъуд Набий с.а.в. билан жамоат бўлиб нафл ўқиганлари ривоят қилинади. Бошқа бир ривоятда эса Расулаллоҳ с.а.в. Ибн Молик ал-Ансорийнинг уйида нафл намозида унга имомлик қилганлари келган. Шунингдек Анас, унинг онаси ва бир етим болага нафлда имомлик қилганлари ҳақида ҳам ҳадислар мавжуд.

Ҳулоса қилиб айтганда жамоат билан ўқиш суннат бўлган нафл намозларидан бошқа нафл намозларини ёлғиз ўқиш афзал, лекин баъзида бу намозларни ҳам жамоат бўлиб ўқиш жоиз.

Мажмуъ ал-Фатва (23/414)


Давомини ўқиш

Қиёмат аломатлари. 3-қисм

dark_sun_dawn Ўтган мақоламизда қиёматнинг кичик аломатлари тафсирини бошладик ва биринчи беш аломатни келтирган эдик. Бугун иншааллоҳ қўлдан келганча кейинги кичик аломатлар тафсирига ўтамиз.

6. Фитналар бошланиши

Расулаллоҳ с.а.в. шундай фитналар ҳақида огоҳлантирдиларки улар мусулмонлар учун жуда кучли синов бўлади, бу фитналар оқибатида кўпгина мусулмонлар ҳалок бўладилар ва кўплари диндан қайтиб кетадилар.

Абу Ҳурайра р.а. дан ривоят қилинган ҳадисда Расулаллоҳ с.а.в. дедилар “Эзгу-хайрли ишларни қилиб қолиш учун шошилингиз. Яқинда зулматли кечанинг парчасидек фитналар бўлиб, киши мўмин бўлиб тонг оттиради, кофир бўлиб кеч киргизади ва (ёки) мўмин бўлиб кеч киргазиб, кофир бўлиб тонг оттиради, киши дунёнинг озгина моли эвазига динини сотиб юборади(Муслим ривояти)

Ҳасан Басрий ушбу ҳадисни шархлари эканлар қуйидаги гапларни айтадилар: “Аллоҳнинг номи билан қасамки биз шундай одамларни ўз кўзимиз билан кўрдик. Тана бор ақл йўқ, ҳудди шамга учган парвонага ўхшайдилар. Икки дирҳам учун диндан чиқиб, икки дирҳам учун яна қайтиб кираверадилар”. Ҳасан Басрий бу гапларни тобеинлар даврида айтган эканлар, ҳозирги кунда аҳволни кўриб қизиқ нима деган бўлардилар?

Абу Муса Ал-Ашаридан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда Расулаллоҳ с.а.в. “Қиёмат бўлишидан олдин шундай замонлар келадики зулматли кечанинг парчасидек фитналар пайдо бўлиб, киши мўмин бўлиб тонг оттиради, кофир бўлиб кеч киргизади ва мўмин бўлиб кеч киргазиб, кофир бўлиб тонг оттиради. У пайтда ўтирган киши тургандан, тик турган юриб кетаётгандан, юриб кетаётган югуриб кетаётгандан афзал бўлади. Агар шундай вақтлар келса, найзаларни синдириниг, камонлар ипини узинг ва қиличларингизни тошларга уриб синдиринг. Агар уйингизга бостириб киришса, Одам ўғиллариниг яхшиларидан бўлинг” дедилар. (Имом Аҳмад, Абу Довуд, Ибн Можа ва Ал-Ҳаким ривоятлари)

Яъни бу ҳадиснинг маъноси шундай замон келганда фитналардан узоқ туринг. Сабаби бу пайтда ҳақ ва ёлғон орасидаги фарқни ажрата олмай қоласиз. Шошиб нотўғри ҳулоса қилиб кейин гуноҳга қолиб юрманг.

У пайтда ўтирган киши тургандан, тик турган юриб кетаётгандан, юриб кетаётган югуриб кетаётгандан афзал бўлади.

Демак иложи борича бу фитналардан узоқ туринг. Қанча узоқ турсангиз шунча афзал.

Агар уйингизга бостириб киришса, Одам ўғилларининг яхшисидан бўлинг

Бу ерда Одам а.с. нинг икки ўғли Қобил ва Ҳобил назарда тутилиб, Қобил Ҳобилни ўлдирмоқчи бўлганида Ҳобил унга қарата “Агар мени ўлдирсанг, ҳеч қачон ҳаловат топмайсан. Сен мени ўлдириш учун қўл кўтариб турибсан. Лекин мен сендан кучлироқ бўлсам ҳам, қўл кўтармайман. Оламларнинг Робби бўлган Аллоҳдан қўрқаман” деб айтади. Яъни ҳадисдан мурод Аллоҳдан қўрқинг ва ҳаттоки уйингизга бостириб киришганда ҳам Одам а.с. ўғилларидан яхшиси, Ҳобилдан, ўрнак олинг.

Қиёматнинг бу аломати ҳақида гап кетар экан шуни айтиш керакки ислом оламида баъзи катта ва катта фитналар бўлиб ўтди, баъзилари ҳозирда юз бераяпти ва қиёматга яқин унданда катта фитналар юз беради.

Ибн Умар р.а. ривоят қилинади: У киши Набий с.а.в. нинг машриққа қараб туриб «Огоҳ бўлинглар! Фитна мана шу, шайтоннинг шохи чиқадиган тарафдадир», деганларини эшитган экан”. (Бухорий, Муслим ва Термизий ривоятлари).

Дарҳақиқат тариҳга назар солсак ҳам бугунги кунда мусулмон оламидаги кўпгина фитналар машриқдан келиб чиққан экан. Дажжол ва яъжуж-маъжуж ҳам машриқдан чиқар экан.

Шақиқ р.а. ривоят қиладилар: “Ҳузайфа: “Бир куни биз ҳазрат Умарнинг ҳузурларида ўтирган эдик, у киши: “Қай бирингиз жаноб Расулаллоҳнинг фитна ҳақидаги ҳадисларини биласиз?”, дедилар”, деди. Шунда Ҳузайфа “Барча фитна кишининг ўз хотини, болалари ва қўшнисидан содир бўлади, уни садақа бериш, намоз ўқиш ва амри маъруф қилиш билан даф этадилар”, деб айтганлар” дебди. Ҳазрат Умар: “Мен буни назарда тутганим йўқ, мен денгиз каби мавж урадиган фитна ҳақида сўраяпман”, дебдилар. Ҳузайфа: “Эй Амир ал-мўминин, ундай фитнадан сиз хавотир олмасангиз ҳам бўлади, чунки сиз билан унинг ўртасидаги эшик ёпиқдир!”, дебди. Ҳазрат Умар: “Ўша эшик синдириладими ёки очиладими?”, дебдилар. Ҳузайфа: “Эҳтимол, синдирилади”, дебди. Ҳазрат Умар: “Агар синдирилса, абадулабад қайта ёпилмас!”, дебдилар. Ҳузайфа: “Ҳа, шундай!”, дебди.

Кейин биз Ҳузайфага: “Ҳазрат Умар ўша эшикнинг ким эканлигини билар эдиларми?”, деб сўрадик. Ҳузайфа: “Ҳа, албатта, мен эртанги кун келишидан аввал тун бўлишини билганимдек яхши билардилар, чунки мен у кишига жаноб Расулаллоҳнинг шу хақидаги ҳадисларини айтиб берганман”, деди. Сўнг биз ўша эшик ҳақида бошқа савол беришга тортиниб, Масруққа: “Сен сўрагин-чи!”, дедик. У сўраган эди, Ҳузайфа: “Ўша эшик Ҳазрат Умарнинг ўзларидирлар”, деб жавоб қилди.

Умар р.а. нинг қатллари бу фитналар ўртасидаги эшикнинг бузилиши эди ва ислом оламидаги энг биринчи катта фитна ҳалифа Усмон р.а. нинг қатл қилинишлари бўлди. Умар р.а. ҳам Усмон р.а. ҳам қатл қилиниб шаҳид бўлган эдилар, лекин бу икки қотиллик ўртасидаги фарқ шундаки ҳазрат Умар р.а. кофирлар томонидан ўлдирилган бўлсалар, Усмон р.а. нинг қотилликлари ислом байроғи остида бўлди, ва бу мусулмонлар ўртасида кўпгина ихтилофлар, қонли тўқнашувларга ва хаворижларнинг диндан чиқишига сабаб бўлди. Бу фитналар натижасида мусулмон олами жуда узоқ вақтгача ўзига келаолмади, қонли тўқнашувлар натижасида баъзи маълумотларга қараганда йигирма минг баъзи маълумотларга қараганда етмиш мингга яқин мусулмонлар бир бирларини ўлдириб юборидлар.

Фитналар ҳақида сўзимизга шу жойда якун ясаймиз ва Ислом.uz сайтида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф томонидан ёзилган бир нечта мақолаларни ўқиб чиқишни тавсия қиламиз:

ФИТНАЛАР ВА УЛАРНИНГ НАВЛАРИ ҲАҚИДА ХАБАР БЕРИШ

ФИТНА ҚАЧОН БОШЛАНГАН ВА ҚАЕРДАН КЕЛАДИ

ЖАМАЛ ВОҚЕЪАСИ ҲАҚИДА СЎЗ

ХАВОРИЖЛАР ВА ДИНДАН ОТИЛИБ ЧИҚУВЧИЛАР ҲАҚИДА

7. Ёлғон пайғамбарларнинг чиқиши

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам: “Токи дажжоллар ва каззоблар чиқмагунча қиёмат қоим бўлмас. Улар ўттизга яқиндирлар. Уларнинг барчалари ўзининг Аллоҳнинг расули эканини даъво қилади”, дедилар” (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ривоятлари)

Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа ҳадисда эса Расулаллоҳ с.а.в. : “Токи менинг умматимдан баъзи қабилалар мушрикларга қўшилмагунча ва бутларга ибодат қилмагунларича қиёмат қоим бўлмас. Келажакда умматимда ўттизта каззоб бўлур. Уларнинг ҳар бири ўзининг набийлигини даъво қилур. Ҳолбуки, мен набийларнинг хотими-тугатувчисиман. Мендан кейин набий келмас”, дедилар» (Термизий ва Абу Довуд ривоятлари)

Яъни асосий катта дажжол чиққунга қадар ҳам ўттизга яқин кичик дажжоллар чиқар экан ва улар ўзларини Аллоҳнинг расули деб эълон қилишади. Бу ҳадисни шархлаган олимлар ўттизта деганда таҳминан айтилган, яъни уларнинг сони аслида кўп, лекин ортидан катта-катта қавмни эргаштириб, мусулмонларга кўп зиёни тегадиганлари ўттизга яқин дейишади.

Биринчи ёлғон пайғамбарлар Расулаллоҳ с.а.в. ҳаётлик даврларидаёқ пайдо бўлишган. Улардан биринчиси Бани Ҳанифа қавмидан Мусайлима исмли каззоб кўпгина иймони суст мусулмонларни йўлдан оғдирган. Кейинчалик Сажжох исмли аёл ҳам пайғамбарлик давосини қилди ва Мусайлима билан тил топишиб унга эрга тегиб олди. Абу Бакр ҳалифалиги даврида Йамама жангида Мусайлима ўлдирилгандан сўнг Сажжох тавба қилиб исломга қайтди.

Бундан кейин ҳам кўпгина каззоблар пайғамбарликни даво қилиб чиқишди. Шу яқин замондагиларидан Мирзо Ғулом Аҳмад Ал-Қодионий ва Бахауллоҳни мисол қилиш мумкин. Улар ҳақида кўпроқ маълумот олишни истаганларга Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг “Баҳоия” ва “Қодёния” номли мақолаларини ҳамда “Пайғамбарлик даъво қилганлар ҳақида” номли мақолаларини ўқиб чиқишни тавсия қиламиз.

8. Мусулмон ҳалифалигида тинчлик ва осойишталикнинг тарқалиши

Абу Ҳурайра р.а. Расулаллоҳ с.а.в. дан ривоят қилган ҳадисда "Қиёмат бўлмайди, токи  Ироқдан Маккага йўлга чиққан отлиқ фақатгина йўлдан адашишдан қўрқадиган замонлар келмагунча” дейилади. (Имом Аҳмад ривояти)

Азалдан бу йўллар жудаям ҳатарли бўлиб, ҳар бир йўлга чиққан карвонни бир лашкар қўриқлаб борар эди. Йўловчилар сафар давомида қароқчилар ва бошқа йўлтўсарлар томонидан хужум қилиниб жуда кўп зулм кўрар эдилар.

Лекин Расулаллоҳ с.а.в. шундай замонлар келишидан ҳабар бердиларки у пайтда бутун ҳалифаликда тинчлик осойишталик ҳукм суриб, йўловчилар қароқчи ва йўлтўсарлардан эмас балки йўлдан адашиб қолишдан қўрқишар экан ҳолос. Ва шундай замонлар бўлди ҳам.

Адий ибн Хотим р.а. ривоят қиладилар: “Мен Расулаллоҳ с.а.в. нинг ҳузурларида ўтирганимда бир киши келиб қашшоқликдан шикоят қилди. Сўнг, яна бир киши келиб йўлтўсарлардан (қароқчилардан) шикоят қилди. Шунда Жаноб Расулаллоҳ: “Эй Адий, Ҳийра (Фурот дарёси яқинидаги шаҳар) ни кўрганмисан?”, дедилар. Мен: “Сира кўрмаганиман, у ҳақида ҳабарим бор ҳолос”, дедим. У зот: “Агар умринг узун бўлса, бир аёлнинг Аллоҳ таолодан бўлак ҳеч кимсадан қўқрмай, Ҳийрадан келиб Каъбани тавоф қилганини, албатта, кўрасан”, дедилар. Мен ўзимга-ўзим: “Мамлакатда фитна оловини ёққан Тай қабиласининг йўлтўсарлари қаерда қолади”, дедим.

Адий ибн Хотим айтади: “Кейин, мен Расулаллоҳ с.а.в. айтган ўша аёлнинг Аллоҳдан бўлак ҳеч кимдан қўқрмай, Ҳийрадан келиб Каъбани тавоф қилганини кўрдим”. (Бухорий ривояти)

Келажакда эса Исо алайҳиссалом ва Маҳди даврларида бутун ер юзида яна шундай тинчлик ва осойишталик ҳукм суради дейишади муфассирлар.

9. Хижоз еридан ўт чиқиши

Абу Ҳурайра р.а. дан ривоят қилинган ҳадисда Расулаллоҳ с.а.в.: “Ҳижоз еридан ўт чиқиб Бусродаги туялар бўйнини ёритмагунча қиёмат бўлмайди”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Бу воқеа хижратнинг 654 йили юз берди. Ҳадисда зикр қилинган бу ўт Мадина яқинидаги вулқон отилиши эди. Ушбу воқеа ҳақида Имом Ан-Нававий, Ибн Касир, ал-Қуртубий, ибн-Хажар ва бошқа олимлар ҳабар берганлар.

10. Мусулмонлар ва турклар ўртасида жанг

Абу Ҳурайра р.а. Расулаллоҳ с.а.в. дан ривоят қилади: “Пошналари жундан қилинган қавмга қарши урушмагунингизга қадар ва кўзлари кичик (қисиқ), юзлари қизғиш, бурунлари пачоқ, юзлари ғадир-будир қалқон сингари (сергўшт, япалоқ), пошналари жундан қилинган туркларга (туркий элат) қарши жанг қилмагунингизга қадар қиёмат бўлмас” (Бухорий ривояти).

Еттинчи хижрий асрда турк элатидан бўлган Чингизҳон бошчилигидаги татар-моғул босқинчилари мусулмон юртларига бостириб кирдилар. Хижратнинг 656 йилида Боғдод шахрини вайрон қилишиб, у ердаги жуда катта исломий кутубхонани йўқ қилишиб, ҳалифа ал-Мустаъсимани қатл қилдилар. Амир Темур бостириб келгунга қадар моғуллар бир неча йиллар давомида мусулмонлар юртида ҳукмронлик қилдилар. Афсуски Амир Темур ҳам мусулмонларга жуда кўп зулм кўрсатди ва Дамашқ шаҳрини ер билан вайрон қилиб ёқиб юборди. Лекин кейинчалик турклар ҳам мусулмонликни қабул қилдилар, ислом байроғини юқори кўтардилар ва ислом ривожида ўз хиссаларини қўшдилар.

Айнан туркий халқлар Константинополь (хозирги Истамбул) ни фатх қилиб Осман империясига асос солдилар ва бу империя XX аср бошларига қадар ислом маркази ва таянчи бўлиб келди.

Шуниси қизиқки тарихда биринчи бор истилочи халқ мағлуб бўлган миллатнинг динини қабул қилди. Одатда бунинг акси бўлар эди, хукмронлик қилаётган тузум ўз тилини, динини ва урф одатларини мағлуб бўлганларга мажбурлаб бўлса ҳам киритишар эди. Лекин қарангки Аллоҳнинг қудрати билан туркий халқлар ҳам Исломни қабул қилишди ва бу дин учун жуда катта фойдалар келтиришди.

Давоми бор


Давомини ўқиш

24 окт. 2008 г.

Мавлид ҳақида мулоҳазалар-2

muhammad Ҳаммамизга таниш бўлган fiqh.uz сайтида "Мавлид ҳақида мулоҳазалар” номли мақолага кўзингиз тушган бўлса керак. Ушбу мақолада мавлид яъни Пайғамбар с.а.в. туғилган кунларини нишонлашнинг қанчалик яхши эканлигини мақтаб, бу бидъат амалини қилишга мусулмонларни тарғиб қилинган. Ҳаммасидан қизиғи бу маросимни қўллаган барча олимлар унинг бидъатлигини тан олганлар, лекин шундай бўлса ҳам уни нишонлаганлар учун ҳисобсиз ажрлар “ваъда” қилганлар. Масалан

Маъруф ал-Кархий раҳматуллоҳи алайҳи деганлар: “Ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлидларини ўқитиш учун таом ҳозирласа, дўстларни жамъ қилиб, Пайғамбар алайҳиссаломнинг мавлидларини улуғласа, қиёматда Пайғамбарлар қаторида, сафида ҳашр қилинади”.

Имом ал-Ёфиъий раҳматуллоҳи алайҳи деганлар: “Ким Пайғамбар алайҳиссаломнинг мавлидига жамъ бўлса, таомлар ҳозирлаб, Пайғамбар алайҳиссаломнинг мавлидларининг ўқилишига сабабчи бўлса, қиёмат кунида Аллоҳ таоло уни сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан бирга қилади ва жаннатга киритади”.

Одатда бундай вадаъаларни Қуръони карим оятларида ёки Пайғамбаримиз с.а.в. орқали фақатгина Аллоҳ таоло бериши мумкин. Қизиқ бу олимлар Қуръон ва ҳадисда йўқ ажрларни ваъда қилишга қўрқишмасмикин? Қиёмат кунида уларга ишониб йўлдан адашган бандаларга Аллоҳнинг олдида нима деб жавоб беришаркин?

Ҳаммасидан ачинарлиси бу бидъатнинг Диний бошқарма сайтида пайдо бўлиб у томонидан қаттиқ қувватланиши, мавлидга бағишланган турли хил танловлар ўтказилиши, шахримиз масжидларида шу кунда ҳар ҳил исломда йўқ бўлган маросимларнинг ўтказилиши.

Энг қизиғи мақола Мавлид ўтказишнинг нотўғри эканлигини тасдиқловчи оятлар билан бошланади:

“Сен: «Агар Аллоҳга муҳаббат қилсангиз, бас, менга эргашинг. Аллоҳ сизга муҳаббат қилади ва сизларни гуноҳларингизни мағфират қилади», деб айт. Аллоҳга ва Расулга итоат қилинг. Бас, агар ортга қайтсангиз, Аллоҳ, албатта, кофирларга муҳаббат қилмас.” (Оли Имрон, 31-32)

Яъни Аллоҳ таоло олдин муҳаббат қилишни буюради, кейин эса бу муҳаббат нимада намоён бўлишини тушунтириб “Аллоҳга ва Расулига итоат қилинг” дейди. Демак Аллоҳга ва Унинг Расулига муҳаббатимизни уларга итоат қилиш орқали кўрсатишимиз керак экан. Пайғамбар с.а.в. туғилган кунини нишонлаш билан эмас, ўша куни қул ушлашиб саловот айтиш билан эмас, мавлид муносабати билан ҳар хир йиғинлар ўтказиш билан эмас, бир сўз билан айтганда бидъатга берилиш билан эмас балки “Аллоҳга ва Расулга итоат этиш” билан экан.

Айтингчи Аллоҳ бизга мавлид нишонлашни буюрдими? Расулаллоҳ с.а.в. бу ишни қилдиларми? Пайғамбаримиз с.а.в.  га энг яқин бўлган у учун жонини фидо қилишга тайёр бўлган Абу Бакр Сиддиқдек (р.а.) зот мавлид нишонладиларми? Мавлид учун шундай катта ажрлар бор экан нима учун 12 йил ҳалифалик қилган Умар р.а. ёки Усмон р.а. буни жорий қилмадилар? Пайғамбиримизнинг куёвлари Али р.а. ёки набиралари имом Ҳасан ва Ҳусайнлар мавлид нишонлармидилар? Биронта саҳоба ёки тобеинлардан бирортаси шундай қилгани ҳақида ҳадислар борми? Албатта ЙЎҚ. Ўйлайсизки улар Расулаллоҳ с.а.в. ни севишмаганми? Ёки уларга ажр керак эмасмиди?

Абдуллоҳ р.а.дан ривоят қилинган ҳадисда Расулаллоҳ с.а.в. “Одамларнинг энг яхшиси менга замондош бўлганларидир, сўнг улардан кейингилари, сўнг улардан кейингилари. Кейин шундай бир қавмлар келадики, уларнинг гувоҳликлари қасамларидан ва қасамлари гувоҳликларидан олдинда бўлади” деб марҳамат қилганлар (Бухорий ривояти). 

Яъни бу инсонлар одамларнинг энг зўрлари бўлишган, улар қилган амаллар биз учун ўрнак бўлиши керак. Нима учун энди биз Расулаллоҳ с.а.в., саҳобалар ва тобеинлар ҳам қилмаган бидъатни қилиш билан ажр қидиришимиз керак? Ажрга эришишнинг бошқа йўллари қолмадими?

Шундай “зўр” маросимимиз бор экан нима учун Имом Аъзам Абу Ҳанифа, Молик, Аҳмад ва Шофеий р.а. лар бу ҳақида бир оғиз гап атймадилар?

Бу маросим учун шунча катта ажрлар берилар экан нима учун Расулаллоҳ с.а.в. бизга у ҳақида ҳабар бермадилар? Аксинча Ибн Аббос Умар р.а. дан ривоят қилинган ҳадисда у зот “Насоролар Марям ўғлини ҳаддан зиёда мақтаганлари каби мени ортиқча мадҳ қилманглар” деб айтдилар (Бухорий ривояти).

Мавлид ан-Набавийни бидъат-ҳасана, уни қилганларга катта савоблар бор дейдиганларга эса Расулаллоҳ с.а.в. нинг қуйидаги ҳадислари билан жавоб қиламиз: “Бизнинг ишимиздан бўлмаган бир ишни қилган кимсанинг бу иши рад қилинади (номақбулдир)”  (Имом Муслим ривоятлари).

Бошқа ҳадисда эса Расулаллоҳ с.а.в. “Сўзларнинг энг тўғриси Аллоҳнинг китоби ва йўлларнинг энг яхшиси Муҳаммад саллаллоху алайхи ва саллам йўлларидир. Ишларнинг энг ёмони динда пайдо қилинган янгиликлар бўлади. Хар бир пайдо қилинган янгилик бидъат, хар бир бидъат залолат-адашиш ва хар бир залолат дўзахдадир(Имом Муслим ва Насаий ривоятлари).

Сўзимиз оҳирида Ислом.уз сайтида келтирилган Шайх Ал-Албоний ва мавлидни нишонлаш тарафдори бўлган киши ўртасидаги баҳсни ўқиб чиқишни тавсия қиламиз.

Аллоҳ барчамизни бидаътлардан сақласин ва Расулаллоҳ с.а.в. суннатларига амал қилишда собитқадам қилсин. Амийн.


Давомини ўқиш

21 окт. 2008 г.

Қиёмат аломатлари. 2-қисм

armageddon29zb Ўтган мақоламизда қиёмат кунига иймон келтириш, бу куннинг дахшатлари ва бу кун қачон бўлиши хақидаги илмнинг биздан яширилгани хақида сўз юритган эдик. Бугунги мақоламиз билан иншааллоҳ қиёматнинг кичик аломатларини баён қилишни бошлаймиз.

Аввало бир саволга жавоб берайлик: “Нима учун қиёмат кунини беркитган Аллоҳ унинг аломатларини бизга очиқ баён қилди?

Обид қори устозимиз ўзларининг маърузаларида бунинг ҳикматини қуйидагича тафсир қиладилар:

“Пайғамбарлардан тобора узоқлашиб боргани сари одамларнинг эътиқоди, дину-диёнати ҳам ўзгариб бориши табиий ҳолат.

Анас р.а. “Расулаллох с.а.в. вафот этган кунлари у кишини дафн этиб қўлларимизни Расулаллоҳ с.а.в. нинг қабрлари тупроғидан олар-олмас қалбимиз танимайдиган даражада ўзгарганини сездик” дейди (Термизий ривояти)

Яъни Расулаллоҳ с.а.в. дунёдан ўтишлари биланоқ бунинг акси одамларда сезилди. Энди эса Расулаллоҳ замонларидан узоқлашиб қиёмат яқинлашган сари одамларнинг дунё қарашлари ўзгариб борверади. Шунинг учун қиёмат аломатлари оҳир замон одамлари орасида кўп бўлаверадики, зора одамлар шу аломатларни кўриб эсларини йиғсалар, тўғри йўлга қайтсалар. Яъни қиёмат аломатлари инсон иймони мустаҳкамланишига сабаб бўлар экан. Бу аломатлар ҳақида эшитган, ўқиган одам уларни хаётида кўрганда хақ динда юрганлигига яна бир бор амин бўлади, эътиқоди янада мустахкам бўлади, худодан қўрқуви ортади ва эхтиёткорлиги ошади."

Демак бу аломатлардан мақсад бизга бу куннинг хақлигини, хисоб-китоб борлигини эслатиб туриш. Динимизни, эътиқодимизни ва иймонимизни мустаҳкам тутиш экан.

Қиёмат аломатлари тахлилига ўтар эканмиз бу аломатларнинг икки турли эканлигини айтиб ўтиш керак. Биринчи тур аломатлар бир марта юз берадиган воқеани тафсирлайди ва бу воқеа юз берганда ҳадисларда баён қилинган аломатлардан бири шу эканлигини аниқ биламиз. Масалан Абу Ҳурайра р.а. дан ривоят қилинган ҳадисда Расулаллоҳ с.а.в.: “Ҳижоз еридан ўт чиқиб Бусродаги туялар бўйнини ёритмагунча қиёмат бўлмайди”, деганлар (Имом Бухорий ривояти). Бу воқеа хижратнинг 654 йилида содир бўлган ва Имом Ан-Нававий (Шархи Муслим, 18/28), Ибн Касир, ал-Қуртубий, Ибн Хаджар ва бошқа кўпгина олимлар бу хақида хабар берганлар.

Иккинчи тур аломатлар эса бир неча марта юз бериши мумкин ёки одамлар бу аломатни бўлиб ўтди деб ўйлашади ваҳоланки ҳали юз бергани йўқ. Масалан Шақиқ р.а. дан ривоят қилинган ҳадисда Набий с.а.в. “Қиёмат қоим бўлиш арафасида жаҳолат кучайиб, қотиллик кўпаяди”, деганлар (Бухорий ривояти). Маълум бир замонда яшаган одам “мана бизнинг давримизда қотиллик кўпайиб кетди” дейиши мумкин ваҳоланки шундай замонлар келиши мумкин жоҳиллик ва қотиллик янада ошиб, унинг кўрганлари хеч нарса бўлмай қолади.

Келинг энди қиёмат аломатларига ўтайлик:

1. Муҳаммад с.а.в. нинг набийликлари

Оҳирги Набийнинг ер юзига юборилиши қиёматнинг энг биринчи аломатидир. Расулаллоҳ с.а.в. ўзлари бунга жуда кўп ишора қилганлар.

Анас ибн-Молик ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар с.а.в. кўрсаткич ва ўрта бармоқларини кўтариб: “Мен билан қиёмат мана шу иккиси каби юборилганмиз”, деганлар (Бухорий, Муслим, Ахмад, Термизий ривоятлари). Яъни охирги пайғамбар ва қиёмат орасида шунчалик кам вақт қолганига ишора қилганлар.

Абу Джубайра р.а. ривоят қилган ҳадисда Расулаллоҳ с.а.в. “Мен қиёмат куни нафасида юборилдим” деганлар (Ал Давлаби ривоят қилган, Шайх Ал-Албоний саҳиҳ деган).

Ибн Умардан ривоят қилинади: “Биз Расулаллоҳ с.а.в. олдиларида эдик. Вақт асрдан оғган эди. Набий с.а.в. дедилар “Ўтган кишилар умри олдида сизларнинг умрларингиз худди мана шу куннинг ўтган қисми олдидаги қолган қисми кабидир” (Имом Аҳмад ривояти, саҳиҳ). Яъни бу билан Расулаллоҳ с.а.в. ҳудди кун охирида, сардан сўнг қуёш ботишига яқин қолгани каби бизнинг ҳам умримиз охирлаб қолганини айтганлар.

2. Расулаллоҳ с.а.в. нинг вафотлари

Қиёматнинг иккинчи катта аломати Расулаллоҳ с.а.в. нинг вафотларидир.

Авф ибн Молик (р.а.) ривоят қилади: “Мен Табук ғазоти вақтида Расулаллоҳ с.а.в. нинг ҳузурларига келдим, шунда у зот теридан қилинган бир чодирда ўтирган бўлиб, шундай деб марҳамат қилдилар: “Қиёматдан илгари бўладиган олти аломатни бирма-бир санаб чиқаман: “Улардан бири – менинг ўлимим, кейин Байтул Мақдис фатҳи, сўнг қўйлар ўлатидек сизларда тарқаладиган вабо, кейин мол-дунёнинг кўпайиб кетиши, ҳатто бир кишига юз динор берилса, назарига илмай, ўзини таҳқирланган ҳисоблаб, бундан дарғазаб бўлади. Сўнг бирорта ҳам арабнинг уйини қолдирмай кириб борадиган фитна, кейин сизлар билан Бани ал-Асфар” (Имом Бухорий ривояти)

Расулаллоҳ с.а.в. нинг вафотлари барча саҳобалар учун жуда қаттиқ зарба бўлди. Анас ибн-Молик ривоят қилади “Расулаллоҳ с.а.в. Мадинага кириб келганларида шахар нурга тўлган эди, у зот вафот этган кунлари шахар қоронғуликка чўмган эди. Расулаллох с.а.в. ни дафн этиб, қўлларимизни у зотнинг қабрлари тупроғидан олмасимиздан қалбимиз таниб бўлмайдиган даражада ўзгарганини сездик” (Термизий ривояти).

3. Байтул Мақдис (Иерусалим) нинг фатҳ бўлиши

Бу воқеа хижратнинг 16 йилида, Умар бин-Хаттоб ҳалифалиги даврида юз берди. Абу Убайда бошчилигидаги лашкар Байтул Мақдисни қўршовга олишганда, у ернинг ҳукмдори таслим бўлади, лекин шахар дарвозаси калитини фақат ҳалифа Умар бин-Ҳаттобга беришга рози бўлади.

Мусулмонлар билан маслаҳат ўтказган ҳалифа битта туяни олиб, хизматкори билан йўлга чиқадилар, ва галма-галдан туяни минишга келишиб оладилар. Ҳалифа Умар р.а. хизматкорлари билан навбатма-навбат туяни миниб келиб, шахарга яқинлашганларида туяга миниши навбати хизматкорга, туяни етаклаш навбати эса Умар р.а. га тегади. Хизматкор хижолат бўлиб хазрат Умарга туяни минишни таклиф қилганида ҳам адолатли Умар р.а. бундан бош тортадилар ва шахарга туя етаклаб кириб борадилар.

Шахар дарвозаси олдида ҳалифани кутиб олган Абу Убайда р.а. хижолат бўлиб бу ернинг одамлари бошқаларни кийимига, зебу-зийнатига қараб хурмат қилишини айтганда ҳалифа “Аллоҳ бизга исломни бериб ҳурматимизни кўрсатиб қўйди ва шу ислом билан душманларнинг кўзида бизнинг обрўмизни кўтарди. Агар биз исломни қўйиб бошқа йўллар обрўмизни кўрсатишга ҳаракат қилсак, Аллоҳ бизни уларнинг кўзида беҳурмат қилиб қўяди” деган жавобни берадилар.

Дарҳақиқат дунёга номи таралган ҳалифа Умар р.а. нинг соддалигини кўрган, унинг адолати ҳақида эшитган шахар аҳолиси уни янада кўпроқ ҳурмат қилиб, ўз қўллари билан шахар калитини унга топширадилар.

Юқоридаги ҳадисни шархида Ибн Касир айтади: “Қуддус аҳолисининг китобларида “шахар калитини кийимида ўн тўртта ямоғи бор одам олади”, дейилган экан, Умар р.а. ҳам шахарга кириб келганларида кийимларининг ўн тўрт жойида ямоғи бор эди”.

4. Вабо тарқалиши

Бу воқеа хижратнинг 18 йили, яъни Куддуснинг фатхидан икки йил ўтганидан кейин юз берди. Қуддусдаги Амвас номли шахарда тарқалиб бошлаган вабо бутун Шом (хозирги Палестин, Сирия, Ливан, Иордания) диёрига тарқалди ва йигирма беш мингга яқин мусулмоннинг жонини олиб кетди. Буларнинг орасида юқорида номи зикр қилинган, Қуддусни фатх қилган, тириклигидаёқ жаннат башоратини олган саҳобалардан Абу Убайда ибн Ал Жарроҳ ҳам бор эди.

Кўпгина мусулмонларнинг жонини олган бу касаллик улар учун Аллоҳнинг раҳмати ҳам эди, чунки Абу Ҳурайрадан ривоят қилинган ҳадисда Расулаллоҳ с.а.в. вабодан ўлганларни шаҳид бўлишини айтиб ўтганлар (Бухорий ривояти).

5. Мусулмонларда мол дунёнинг кўпайиши

Абу Ҳурайра р.а. ривоят қилади Расулаллоҳ с.а.в. “Мол-дунёингиз ошиб-тошиб кетиб бировга садақа узатсангиз, у: “Садақага зор эмасман!” дейдиган кунлар келмагунча қиёмат қоим бўлмайди”, дедилар (Бухорий ривояти).

Бу аломат Умар бин-Ҳаттоб даврларида, кейинчалик Умар ибн-Абдулазиз ҳалифалик даврларида ҳам зоҳир бўлди.

Китобларда ривоят қилинишича Умар ибн-Абдулазиз замонларида ҳалифалик остида бўлган Шимолий Африка давлати Мадинага катта миқдорда тилла юборади. Ҳалифа “Нима учун бу тиллани бизга юбординглар? Маҳаллий ҳокимият бойлардан йиққан пул ўша ерда қолиши, бева-бечораларга улашиб берилиши керак”, деганида “Бизда бева-бечоралар қолмади”, деган жавобни олади ва пулни ўша давлатдаги қулларни озод қилишга ва давлатни ободонлаштиришга сарфларши буюради. Худди шундай ҳодиса Ямандан юборилган закот билан ҳам юз беради.

Демак ана шу даврда Аллоҳ таолонинг раҳмати билан, У берган баракаси билан мусулмонлар бой-бадавлат бўлиб яшашган.

Шунингдек олимлар бу ҳодиса яна бир бор қиёматга жуда яқин қолганда Исо ибн Марям ва хазрат Маҳди ҳукмронлиги вақтида юз беради дейишади.

Абу Мусо ал-Ашъарийдан ривоят қилинган ҳадисда Расулаллоҳ с.а.в. “Одамларга шундай замон келадики, унда бир одам тилладан бўлган закотини олиб айланиб юради, аммо уни оладиган бирор киши топа олмайди” деганлар (Имом Муслим ривояти).

Яъни одамлар у замонда нафақат бой балки қаноатли ҳам бўлар эканлар. Мисол учун хозирги кунда агарки жуда бой бўлган одамга ҳам тилла таклиф қилсангиз у киши йўқ демайди,  Расулаллоҳ с.а.в. дан ривоят қилинган бошқа ҳадисда, у зот “Агар одам боласининг бир водий тўла олтини бўлсада, у яна икки шундай водийни орзулайди” деб айтганлар (Бухорий ривояти). Лекин қаранги шундай замонлар келар эканки инсонлар бойлигига қаноат қиладиган бўлиб қолар экан, ва бу қиёматнинг аломатларидан бири экан.

Ва Аллоҳу аълам

Давоми бор


Давомини ўқиш

19 окт. 2008 г.

Нафл намозлари қайси?

DSCF8543 Ислом.uz сайтида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф хазратлари “Нафл намозлари уйда бўлган афзал” номли жуда чиройли мақола ёзганлар. Мақолада пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в. дан бир нечта ҳадислар ривоят қилиниб, уйда ўқилган нафл намозларинининг даражаси жудаям улуғлигини, унга бериладиган савобларнинг масжидда ўқилган нафл намозларидан бир неча баробар кўплиги ёритилган.

Иқтибос: “Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кишининг ўз уйидаги фарз намозидан бошқа намози менинг ушбу масжидимдаги намозидан афзалдир», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган. Ироқий, саҳиҳ, деган.

Шарҳ(МСМЮ): Одатда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларидаги бир ракъат намоз бошқа масжидлардаги минг ракъат намозга тенг бўлади. Лекин шундоқ бўлса ҳам, бировнинг ўз уйида ўқиган нафл намози Масжиди Набавийда ўқийдиган намозидан афзал экани Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан тасдиқланиши катта маънони билдиради. Бу маънони ҳеч қачон унитмаслик керак”.

Лекин шу ўринда бир савол туғилади: “Фарз намозларидан олдин ва кейин ўқиладиган суннат намозлари ҳам нафл хисобланадими, уларни ҳам уйда ўқиган афзалми?”

Бу савол берилишига сабаб бизнинг юртимизда суннат намозларини масжидда ўқиш одат бўлганидир. Афсуски юқоридаги мақолада бу масалада хеч бир фикр билдирилмаган.

Аслида бу жудаям содда савол, ва биз мурожаат қилган имомлар ҳам иккиланмасдан булар ҳам нафл деб жавоб беришди. Келинг ушбу саволга ҳадислардан жавоб қидиришга ҳаракат қиламиз.

Умму Ҳабийба розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулаллоҳ с.а.в. «Қайси бир мусулмон банда ҳар куни фарздан ташқари ўн икки ракъат ихтиёрий (нафл) намоз ўқиса, албатта, Аллоҳ унга жаннатда уй қуриб беради», дедилар.
Умму Ҳабийба: «Шундан кейин уларни доимо ўқиб келмоқдаман», дедилар».
(Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоятлари)
Термизий: «Пешиндан олдин тўрт ва кейин икки ракъат. Шомдан кейин икки ракъат, Хуфтондан кейин икки ракъат. Бомдоддан олдин икки ракъат»ни зиёда қилган».

Яъни юқоридаги ҳадисдан кўриниб турибдики Пайғамбар с.а.в. нафл (ихтиёрий) намозлар қаторида биз ҳар куни ўқиб юрадиган суннатларни санаб ўтганлар, ва бу намозларни канда қилмаган инсонга жудаям катта ажр ваъда қилинганини таъкидлаганлар.

Демак бу намозлар ҳам нафл, ихтиёрий намозлардир лекин Пайғамбаримиз бу намозларни хеч канда қилмаганликлари сабабли улар суннат даражасига кўтарилган. Яъни зохири нафл, лекин суннат бўлган нафл деб тушунсак тўғри бўлар эди.

Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кишининг ўз уйидаги фарз намозидан бошқа намози менинг ушбу масжидимдаги намозидан афзалдир», дедилар. (Абу Довуд ривояти)

Юқоридаги ҳадисда ҳам “…фарз намозидан бошқа намози…” деб зикр қилинган. Демак бундан хулоса қилиб суннат намозларини ҳам уйда ўқисак ҳадисда ваъда қилинган савобга, иншааллоҳ эришамиз.

Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “(Нафл) намозни уйингизда ўқингиз. Албатта, кишининг энг яхши намози уйидагисидир. Фақат фарз намоз бундан мустасно”, дедилар. (Бухорий, Муслим, Термизий ривоятлари)

Бу ҳадисда ҳам Расулаллоҳ с.а.в. фарздан бошқа намозларни уйда ўқишга тарғиб қилганлари аниқ ва равшан кўриниб турибди.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон бирингиз масжиддаги намозни битирса, уйи учун ҳам ўз намозидан насиба қилсин. Чунки, Аллоҳ унинг уйида намози сабабли яхшилик қиладир”, дедилар”. (Имом Муслим ривоятлари)

Ал-Манаави юқоридаги ҳадисни шархлаб “… масжиддаги намозни битирса…” дейилганда фарз намозлари назарда тутилган дейди.  (Файд ал-Қадир", 1/418). 

Демак фарз намозини масжидда жамоат билан бирга адо қилиб, суннат намозларини уйимизда ўқисак, иншааллоҳ Аллоҳ таоло уйимизга яхшиликлар это қилар экан.

Абдуллоҳ ибн-Шақиқдан р.а. ривоят қилинади: “Мен Оиша р.а. дан Расулаллоҳнинг нафл намозлари ҳақида сўрадим. Оиша р.а. қуйидаги жавобни берди: “Расулаллоҳ с.а.в. менинг уйимда пешиндан олдин тўрт ракат намоз ўқир эдилар, сўнгра чиқиб одамларга имомлик қилардилар, сўнг қайтиб икки ракат намоз ўқир эдилар. Ва шом намозини ҳам одамларга ўқиб бериб, сўнг уйга қайтардилар ва икки ракат намоз ўқир эдилар. Хуфтон намозида ҳам одамларга имом бўлиб намозни ўқир эдилар кейин эса уйга қайтиб яна икки ракат намоз ўқир эдилар. Кейин эса тўққиз ракат тахажжуд намозини ўқир эдилар (витр билан бирга). Тунда баъзида тик туриб баъзида ўтириб жуда узоқ намоз ўқир эдилар. Агар тик тириб Қуръон тиловат қилган бўлсалар тик турган ҳолларидан руку ва саждага борардилар, агар ўтириб ўқиётган бўлсалар ўтирган ҳолларидан руку ва саждага борардилар. Субҳ кирганда эса икки ракат намоз ўқир эдилар” (Имом Муслим ривоятлари).

Имом Ан-Нававий юқоридаги ҳадисни шархида “Доимий суннат намозларини ҳам бошқа нафл намозлари каби уйда ўқиш мустаҳаб. Бу аксар уламоларнинг фикри” деганлар (Шарх Муслим, 6/9).

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Пешиндан олдин икки сажда, ундан кейин икки сажда, Шомдан кейин икки сажда, Хуфтондан кейин икки сажда, Жумадан кейин икки сажда ўқидим. Шом, Хуфтон ва Жума(суннати)ни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга уйларида ўқидим». (Имом Муслим ривояти)

Ибн Умардан ирвоят қилинади: "Расулаллоҳ с.а.в. жума намозидан сўнг масжидда ҳеч бир намозни ўқимас эдилар. Фақат уйларига бориб, икки ракат намоз ўқирдилар" (Имом Муслим ривоятлари)

Яъни юқоридаги ҳадислардан ҳам кўриниб турибдики Расулаллоҳ с.а.в. кундалик суннат намозларини ҳам жума намозидан кейинги суннатни ҳам уйда ўқишни афзал кўрганлар. Фақатгина Жума намозидан олдин ўқиладиган нафл намози бундан мустасно. Бунинг далили Салмон Форсий р.а. ривоят қилган қуйидаги ҳадисдир:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Жума куни ғусл қилиб, иложи борича покланиб, ўз мойидан мой суртиб, уйидаги хушбўй нарсалардан суртиб, сўнгра чиқиб, икки кишининг орасини ёрмай (жой топиб) ўзига битилган намозни ўқиса ва имом гапирганда жим туриб қулоқ солса, албатта, унинг ўтган Жумадан бунгача бўлган нарсалари мағфират қилинади”, дедилар (Имом Бухорий ривояти)

Шу ўринда айтиш керакки жума намозидан кейинги суннатни масжидда ўқишни ихтиёр қилганлар тўрт ракат ўқисалар тўғри бўлади. Абу Довуд ўзининг Суннан китобида Ибн Умарнинг жумадан кейинги суннатни масжидда тўрт ракат ёки уйда икки ракат ўқиганини ривоят қилади (Суннан Абу Довуд, 1130)

Демак хулоса қилиб айтамизки кундалик фарз намозларига қўшилиб келган суннат намозларини ва жума намозидан кейинги суннат намозини ҳам уйда ўқиш афзалроқ экан, ва имкониятимиз бўлганда шундай қилсак суннатга амал қилган бўламиз, иншааллоҳ. 

Шу билан бирга эслатиб ўтамизки, барча нафл намозлари ҳам уйда ўқилавермайди. Нафл намозлари орасида масжидда ўқиладиганлари ҳам жамоат билан ўқиладиганлари ҳам бор. Булар ҳақида иншааллоҳ келгуси мақолаларимизда батафсил сўз юритамиз.

Ва аллоҳу аълам

Аллоҳ таоло қилаётган ибодатларимизни даргоҳида қабул қилсин. Амийн.


Давомини ўқиш

17 окт. 2008 г.

Қиёмат аломатлари. 1-қисм

NASA_Earth Ҳаммамизга маълумки ҳар бир ўзини мусулмон деб санаган киши қиёмат кунига иймон келтириши фарздир. Бу кунга иймон келтириш Ислом рукнларидан биридир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда "Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингизда эмас. Лекин яхшилик ким Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, Пайғамбарларга иймон келтирса ... ", деб айтади (Бақара, 177).

Расулаллоҳ с.а.в. хам иймон хақида савол берган Жаброил алайҳиссаломга "«(Иймон): - Аллоҳ таъолога, Унинг фаришталари, китоблари, пайғамбарлари, охират куни хамда тақдирнинг яхши ва ёмонига ишонишингиздир», деганлар (Имом Муслим ривояти).

Бу кунга иймон келтирганлар ўз ҳавои-нафсининг қули бўлиб бойлик, мол-дунё, обрў орттиришга эмас балки ана шу ваъда қилинган кун келгунга қадар имконияти борича кўпроқ яхши ва савобли амаллар, гўзал ибодатлар қилишга, қилган гуноҳлари учун Аллоҳ таолодан мағфират сўраб тавба қилишга, ҳаракат қилади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб айтади: "Роббингизнинг мағфиратига ва Аллоҳга ҳамда Унинг Пайғамбарларига иймон келтирганлар учун тайёрланган, кенглиги осмону ернинг кенглигича бўлган жаннатга мусобақалашинг. Ана ўша Аллоҳнинг фазли. Кимга хоҳласа беради, Аллоҳ улуғ фазл эгасидир" (Ҳадид, 21)

Оҳират кунига иймон келтирмаганлар эса фисқу-фасодга берилиб, таназзулга юз тутадилар. Ўлганидан сўнг қилган гуноҳларига яраша жазо олишига ишонмаган одамдан яхшилик кутиб бўладими? Ҳалқимиз айтганидек "Аллоҳдан қўрқмаган, бандасидан қўрқармиди". Бундай одамлар охиратини обод қилишни эмас балки бу фоний дунёда мазза қилиб, роҳатланиб яшаб қолишни ҳоҳлайдилар ва бу мақсадларига эриши учун жиноят ва гуноҳлардан, разиллик ва ифлосликдан ҳам тап тортишмайди. Аллоҳ таоло ана шундай қиёмат бўлишига иномайдиган ёки қиёматгача ҳали узоқ деб санайдиган кимсаларга қарата: «Албатта, улар у(қиёмат)ни узоқ деб биладир. Ва Биз уни жуда яқин, деб билурмиз. У кунда осмон худди қора мой қолдиқларига ўхшаб қоладир. Ва тоғлар худди титилган жунга ўхшаб қоладир. Ва яқин дўст ўз дўстидан сўрамайдир. Уларни кўриб турадирлар. Гуноҳкор ўша кун азобидан қутулиш учун ўз болаларини ҳам, Ва хотинини ва ака-укасини ҳам, Ва уни ўзига олган қабиласини ҳам, Ва ер юзидаги жамийки кимсаларни ҳам фидо қилишни, сўнгра ўзи нажот топишни истайдир», деб марҳамат қилади (Маориж, 6-14) .

Бу куннинг дахшатлари хақида Аллоҳ таоло Ҳаж сурасида "Эй одамлар! Роббингиздан қўрқинг! Албатта, (қиёмат) соати зилзиласи улкан нарсадир. Уни кўрадиган кунингизда, ҳар бир эмизувчи ўзи эмизаётган нарсасини унутар. Ҳар бир ҳомиладор ҳомиласини ташлар. Одамларни маст ҳолда кўрарсан. Ҳолбуки, улар маст эмас. Лекин Аллоҳнинг азоби шиддатлидир", деб айтади (Ҳаж, 1-2).

Қиёмат хақида барча пайғамбарлар ўз қавмларини огоҳлантирганлар. Нух алайхиссалом ўз қавмига қарата "Ва Аллоҳ сизларни ердан ўстириб чиқарадир. Сўнгра сизларни унга қайтариб, яна чиқарадир" деб айтган бўлса (Нуҳ 17-18), Иброҳим алайҳиссалом эса "Албатта, Роббул Оламийндан бошқа уларнинг барчаси менга душмандир. У мени яратган зотдир. Бас, мени ҳидоят қиладиган ҳам Унинг Ўзи. Ва мени таомлантирадиган ва суғорадиган ҳам Унинг Ўзи. Бемор бўлганимда менга шифо берадиган ҳам Унинг Ўзи. Мени ўлдирадиган, сўнгра тирилтирадиган ҳам Унинг Ўзи. Ва менинг хатоимни қиёмат куни мағфират қилишидан умидвор бўлганим ҳам Унинг Ўзи", деган гапларни айтган (Шуаро 77-82).

Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламга эса Аллоҳ таоло кофирларга қарата "... Ундоқ эмас, Роббим билан қасамки, албатта қайта тирилтирилурсизлар, сўнгра қилган ишларингиздан хабардор қилинурсизлар. Бу иш Аллоҳ учун осондир”, деб айтишни буюради (Тағобун, 7).

Ҳулоса қилиб айтганда Қуроъни каримда биронта саҳифа йўқки бизни қиёмат куни ҳақида огоҳлантирмаса. Лекин шу билан бирга бу кун қачон бўлишини Аллоҳдан ўзга хеч ким билмайди. Аллоҳ таоло Қуроъни каримда айтади: "Сендан (қиёмат) соати қачон собит бўлиши ҳақида сўрарлар. Сен:«Унинг илми фақат Роббим ҳузуридадир. Уни фақат Ўзигина зоҳир қиладир. У осмонлару ерда оғир иш бўладир. Сизларга фақат тўсатдан келадир», деб айт. Худди сен уни билишинг керакдек, сендан сўрарлар. Сен:«Унинг илми фақат Аллоҳнинг ҳузуридадир. Лекин кўп одамлар билмаслар", деб жавоб бер" (Аъроф, 187)

Шунингдек Назият сурасида "Сендан, қиёмат қачон бўлур? деб сўрарлар. Унинг зикрини сен қандоқ билардинг. Унинг интиҳоси Роббингга хосдир", деб Аллоҳ таоло бу куннинг қачон бўлишини фақат ўзигагина хослигини таъкидлаб ўтади.

Абдуллоҳ ибн Умар р.а. ривоят қилинган ҳадисда ҳам Жаброил алайҳиссалом келиб Пайғамбаримиз с.а.в. дан қиёмат ҳақида хабар беришни сўраганида у зот с.а.в "У ҳақда сўралаётган одам сўровчидан кўра билимли эмас" деган жавобни берадилар (Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий ва Имом Насаийлар ривоятлари). Яъни ушбу ҳадиси шарифдан ҳам кўриниб турибдики хатто Аллоҳнинг фаришталари ҳам бу кун қачон бўлишидан беҳабардурлар.

Аллох таоло қиёмат қачон бўлиши хақидаги илмни яширгани билан, бизга бу кун яқинлашганда содир бўладиган воқеалар яъни қиёмат аломатларини билдириб ўтган. Қиёмат аломатлари ҳақидаги маълумотлар бизга Қуръони карим ва Пайғамбаримиз ҳадисларида баён қилинган.

Ушбу мақоламиз билан биз қиёмат аломлатларига бағишланган рукнимизни бошлаймиз. Бир нечта мақолалар давомида қиёмат кунининг катта ва кичик аломатлари ҳақида сизга батафсил маълумот беришга харакат қиламиз. Мақолаларни тайёрлаш давомида бир нечта манбаълардан фойдаланамиз. Бу соҳада бир нечта китоблар ёзилган бўлиб, улар орасида саҳиҳ ҳадисларга асосланганлари ҳам заиф хадисларда келган аломатларни ўз ичига олганлари ҳам бор. Бизнинг асосий манбаъамиз Имом Анвар ал-Авлақийнинг, Юсуф Ал-Вобилнинг "Ашрат ас-Саъа" номли китоби асосида тайёрланган “Ал-Ахира” номли маърузаларидир. Сабаби бу китобда йиғилган аломатларга саҳиҳ ҳадислардан далиллар келтирилган, заиф ҳадисларда келган аломатлар эса киритилмаган. Шунингдек Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф хазратларининг “Сунний ақийдалар” китоби, Обид қорининг “Қиёмат ва унинг аломатлари” номли маърузалари ва бошқа адабиётлардан ҳам фойдаланиб борамиз.

Аллоҳ таоло бошлаган ишимизни енгил қилсин. Амийн.


Давомини ўқиш

15 окт. 2008 г.

Покистон исломий давлатми?



Афсуски юқорида айтилган гапларнинг ҳаммаси бизнинг юртимиз учун ҳам тўғри келади. Биродарлар, тавбамизни қилиб, ҳақ йўлга қайтмас эканмиз мана шундай мусибатлар бизнинг ҳам бошимизга тушиши муқаррар. 
Инглиз тилини тушунмаганлар учун видеонинг қисқача мазмуни қуйида келтирилган:
Видеода Хиндистонлик бир йигит савол бераяпти: "Нима учун Покистон, Афғонистон каби мусулмон давлатларининг бошига қийин кунлар тушган, ахир улар мусулмон бўлса нега Аллоҳ уларни ҳимоя қилмаяпти?"

Жавоб (қисқача): "Ким сизга айтди Покистон исломий давлат деб? Мен 15 йил олдин Покистонда бир тўйда бўлганман, аёл-эркак аралаш, мусиқа, ўйин-кулгу, бурчакда бекитиб ароқ ҳам ичишаябди. Шу одамлар мусулмонми? Бу 15 йил олдин эди, хозир эса бундан ҳам расво.
Яна бир мисол, одамларнинг бориб ўлганларнинг қабларидан нажот сўрашлари. Бу ширк бўлмай нима? Масжидда азон айтиб намозга чақирса одамлар намоз қолиб кабрларни атрофида айланиб тавоф қилиб юришибди. Бу ҳам исломми? 
Ҳар қадамда фолбинлар, одамлар бориб фол очтириб юришибди.
Қисқаси Аллоҳ қайтарган энг оғир гуноҳлари қилиб яна ўзини мусулмон деб даво қилишади, энди шуларнинг бошига мусибат тушмаг кимга тушсин?"

Аллоҳ барчамизни ҳақ йўлда собитқадам бўлишимизни насиб этсин. Амийн.

Давомини ўқиш

12 окт. 2008 г.

Намозни бошлагандан сўнг ниятни ўзгартириш

us023 "Аллоҳу Акбар", деб такбири таҳрима айтиб намозни бошлагандан сўнг ниятни ўзгартириш мумкинми?

Ушбу савол Шайх ибн-Узайминга берилди ва у киши қуйидаги жавобни бердилар:

Агар ўзгартириш деганда, аниқ бир ниятни бошқа бир аниқ ниятга ўзгартириш тушунилса ёки умумийдан аниққа ўзгартириш тушунилса бундай қилиш жоиз эмас. Лекин ниятни аниқдан умумийга ўзгартириш эса мумкин.

Изоҳ:

Аниқ ниятни бошқа аниқ ниятга ўзгаририш: Киши икки ракат зуҳо намозини ўқишни ният қилиб, такбир билан намозни бошлаганидан сўнг бомдод намозининг фарзини ўқимагани эсига тушиб қолди ва намозини бузмасдан туриб ниятини бомдоднинг фарзига ўзгартирди. Бундай қилиш мумкин эмас ва агар у киши шундай қилса иккала намозини ҳам бошидан ўқиши керак бўлади.

Умумий ниятни аниқ ниятга узгартириш: Киши нафл намози ўқишга ният қилиб намоз бошлаганидан сўнг бомдод намозининг суннатини (ёки фарзини) ўқиши кераклиги эсига тушди ва ўқишни бошлаган нафл намозини бомдоднинг суннати деб ният қилди. Бундай қилиш ҳам тўғри эмас.

Аниқдан умумийга ўзгартириш: Киши бомдод намозининг фарзига ният қилиб намозини бошлади ва бу намозни адо қилгани эсига тушиб қолди. Бундай ҳолда намозни бузмай туриб нафлга ният қилиб намозини тугатиб қўйиши мумкин. Ёки бошқа бир мисол. Киши фарз намозларидан бирига ният қилиб якка ўзи намозини бошлаганидан сўнг жамоъат келиб қолди. Бундай ҳолда киши нафл намозига ният қилиб намозини 2 ракатгача қисқартириб ўқиб (агар 4 ракатли намоз бўлса), жамоъатга қўшилиб намоз ўқиши жоиз.

Мажмуъ Фатва ал-Шайх ибн-Узаймин, 12/347-савол

Ва Аллоҳу аълам

Манбаъ: islamqa.com


Давомини ўқиш

9 окт. 2008 г.

Витрдаги қунут дуоси

duaa Намоздаги қунут дуоси ҳақида, алҳамдулиллаҳ жуда кўп ёзилган ва барча саволларга жавоблар берилган. Қунут дуоси қачон ва қай ҳолатларда ўқилади? Рукуъдан олдинми ёки кейинми? Бунда қайси дуони ўқиш афзал? Бомдод намозида қунут ўқиладими? каъби саволларга islom.uz сайтида хурматли устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф хазратлари батафсил жавоб берганлар.

Биз ушбу мақоламизда намозга янги кирган биродарларимизни қизиқтирувчи яна бир қатор саволларга жавоб беришни лозим топдик.

1. Қунут дуосини ёдлашга улгурмаганлар қандай йўл тутмоғи лозим? Китобда берилган дуо ўрнига бошқа дуо ўқиса ҳам бўладими?

2. Баъзи биродарларимиз "қунутни ёдлагунингча унинг ўрнига Ихлос сурасини уч мартадан (ёки бошка бирон сурани) ўқиб турсанг бўлади" дейишади шу тўғрими?

3. Қунут дуоси биттами?

Биз ўзимиздан хеч қандай фатво бермаслигимиз сабабли исломий манбаъаларга мурожат қилдик ва қуйидаги жавобларни топдик:

Савол: Қунут дуосини ёдлашга улгурмаганлар қандай йўл тутмоғи лозим? Китобда берилган дуо ўрнига бошқа дуо ўқиса ҳам бўладими?

Жавоб: Имом Ан-Нававий (раҳматуллоҳи алайҳ) ўзларининг Ал-Азкор китобларида “маълум бир дуони қунут деб танлаб олиш тўғри эмас. Ҳар кандай дуо ҳам қунут ўрнига ўтади, масалан Қуръон оятларида келган дуоларни ҳам ўқишингиз мумкин, лекин хадисларда келган дуоларни  ўқиш афзалроқ”, деган фикрни билдирганлар.

Шайх Ал-Албоний  “ҳадисда келтирилган дуони ўзинигина ўқиш шарт эмас балки унга қўшимча қилиб кофирларга қарши дуо қилиш, Пайғамбаримиз с.а.в. га саловот ва саломлар йўллаш ёки мусулмонлар ҳаққига дуо қилиш мумкин”, деган фикрни билдирганлар. (Қиям Рамадан, 31)

Юқоридагилардан ҳулоса қилиб айтишимиз мумкинки, албатта суннатга амал қилган ҳолда ҳадисларда келтирилган қунут дуосини ўқиш афзал, лекин бу дуони ҳали ёдлашга улгурмаган бўлсангиз бошқа билган дуоларингизни ўқишни ҳам хеч зиёни йўқ. Шунингдек қунут дуосига қўшимча қилган ҳолда дилингизда бор нарсаларни ҳам Аллоҳдан сўрасангиз ҳам жоиз.

Бу ерда таъкидлаб ўтишимиз керакки аксар уламолар бу дуолар араб тилида бўлиши керак деган фикрни билдирганлар.

 

Савол: Баъзи биродарларимиз "кунутни ёдлагунингча унинг ўрнига Ихлос сурасини уч мартадан (ёки бошка бирон сурани) ўқиб турсанг бўлади" дейишади шу тўғрими?

Жавоб: Бу саволга Шайх Муҳаммад Саҳиҳ ал-Мунажжид қуйидагича жавоб берганлар: “Намоздаги қунутдан мақсад бу дуо яъни Аллоҳдан сўраш, ёлворишдир. Агар қунут ўрнига ўқиётган оятларингиз шунга тўғри келса бу жоиз, акс ҳолда ихтиёрий сура ёки оятни ўқиш жоиз эмас. Масалан дуо ўрнида ўқиш мумкин бўлган оятлардан бири Оли Имрон сурасининг саккизинчи ояти:

رَبَّنَا لاَ تُزِغْ قُلُوبَنَا بَعْدَ إِذْ هَدَيْتَنَا وَهَبْ لَنَا مِن لَّدُنكَ رَحْمَةً إِنَّكَ أَنتَ الْوَهَّابُ

Маъноси: Эй Роббимиз, бизни ҳидоят қилганингдан сўнг қалбларимизни оғдирмагин ва бизга Ўз ҳузурингдан раҳмат ато қилгин. Албатта Сенинг Ўзинг кўплаб ато қилувчисан.”

 

Савол: Қунут дуоси биттами?

Жавоб: Ҳадис китобларида Пайғамбаримиз с.а.в. дан бир нечта қунут дуолари келтирилган. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф хазратлари Ҳанафий ва Моликий мазҳаблари ўқийдиган дуога қуйидаги далилни келтирганлар:

Холид ибн Аби Имрондан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Музарнинг зиддига дуо қилаётганларида бирдан Жаброил келди ва У зотга, жим, деб ишора қилди. У зот жим бўлдилар. Бас, у: «Эй, Муҳаммад, албатта, Аллоҳ сени сўконғич қилиб ҳам, лаънатловчи қилиб ҳам юборгани йўқ. Албатта, сени оламларга раҳмат қилиб юборди. Сенга ишдан ҳеч бир нарса йўқдир», деди. Сўнгра «Қунут»ни ўргатди:
«Аллоҳумма иннаа настаъийнука ва настаҳдийка ва настағфирука ва натубу илайк. Ва нуъминубика ва натаваккалу алайк. Ва нусни алайкал хойра куллаҳ. Нашкурука ва лаа накфурук. Ва нахлаъу ва натруку ман яфжурук. Аллоҳумма ийяка наъбуду ва лака нусолли ва насжуду ва илайка насъа ва наҳфиду. Ва наржу раҳматака ва нахша азабака. Инна азабака бил куффаари мулҳиқ». Имом Абу Довуд ривоятлари
Дуонинг маъноси:
«Эй, бор Худоё, албатта, биз Сендан ёрдам сўраймиз, Сендан ҳидоят сўраймиз, Сенга истиғфор айтамиз ва Сенга тавба қиламиз. Ва Сенга иймон келтирамиз ва Сенга таваккал қиламиз. Ва Сенга шукр келтирамиз, куфр келтирмаймиз. Ким Сенга фожирлик қилса, уни ажратамиз ва тарк қиламиз. Эй, бор Худоё, Сенгагина ибодат қиламиз, Сенгагина намоз ўқиймиз ва сажда қиламиз, Сенгагина интиламиз ва шошиламиз. Ва Сенинг раҳматингни умид қиламиз ва азобингдан қўрқамиз. Албатта, Сенинг ҳақ азобинг кофирларга етгувчидир».
Саҳобаи киромлар ушбу дуога иттифоқ қилганлар, бу дуо ҳазрати Умар ва у кишининг ўғиллари Абдуллоҳ ибн Умарнинг дуолари сифатида ҳам машҳур бўлган. Мазкур дуонинг маъносини яхшилаб ўрганиб, унга амал қилишга ўтиш жуда яхшидир.

 

Имом Ан-Нававий Ал-Азкор китобларида қуйидаги дуони ҳам келтирганлар : “Ҳасан ибн Али р.а. ривоят қиладилар: “Расулаллоҳ алайҳиссалом менга бир қанча калималарни ўргатдилар. Уларни мен витрда айтаман: “Аллоҳуммаҳдиний фийман ҳадайта ва ъафиний фийман ъафайта ва тавалланий фийман таваллайта ва барик лий фийма аътойта ва қиний шарро ма қозойта фаиннака тақзий ва ла йуқзо ъалайка ва иннаҳу ла йазиллу ман валайта табарокта роббана ва таъалайта”.

Маъноси: Эй Раббим, ҳидоят қилган кишиларнинг қатори мени ҳидоят қил, офиятда қилган кишилариндек мени офиятда қил, ёрдам берган кишиларнигдек менга ёрдам бер. Берган нарсаларинги менга баракали қил. Ҳукм қилган нарсаларингнинг ёмонидан мени сақла. Сен ҳукм қилувчисан. Сенга ҳукм қилинмайди. Сенга дўст бўлган кишилар сало хор бўлмайди. Эй Раббим, Сен баракотли ва олий Зотсан”. Абу Довуд, Термизий, Насаий, Ибн Можа, Байҳақий ривояти.

Шунингдек юқорида айтилганидек фақатгина қунут билан чегараланмасдан қўшимча дуолар қилиш ҳам жоиз.

Умид қиламизки бугунги мақоламиз сиз учун фойдали бўлди. Аллоҳ қилаётган яхши амалларимизда бардавом қилсин. Амийн.

Ассалому алайкум ва Раҳматуллоҳу ва Барокатуҳ.


Давомини ўқиш

7 окт. 2008 г.

Намоздан кейинги зикрлар

Фарз намозларидан сўнг Аллоҳни зикр қилиш улуғ ибодат эканлиги Пайғамбаримиз Мухаммад саллолоҳу алайҳи вассалам томонидан кўп марта таъкидланган. 

Биз қуйида Имом Ан-Нававийнинг "Ал-Азкор" китобида келтирилган баъзи бир зикрларни келтирдик ва ёдлашга қулай бўлиши учун ҳар бир зикрнинг Шайх Мишари Рашид Алафасий томонидан қилинган қироатини ҳам қўшиб қўйдик. 

148/1. Абу Умомадан ra ривоят қилинади. Расулаллоҳ saw дан: "Қайси дуо яхши эшитилади?" деб сўрашганида, у зот: "Кечанинг охирги қисми ва фарз намозлари сўнгида қилинган дуо", деб жавоб бердилар. Имом Термизий ривоятлари.

150/3. Савбондан ra ривоят қилинади. Расулаллоҳ saw намозни тугатсалар, уч марта "Астағфируллоҳ", деб сўнгра: "Аллоҳумма антас салам ва минкас салам, таборакта йа зал жалали вал икром", деб айтар эдилар. (Маъноси: Эй Аллоҳим, Сен саломсан ва салом Сендандир. Эй улуғ ва ҳурматли зот, Сен баракотлисан.) Имом Муслим ривоятлари

151/4. Муғийра бин Шўъба ra айтадилар: "Расулаллоҳ saw намоздан фориғ бўласалар: "Ла илаҳа иллалоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъала кулли шайъин қодир. Аллоҳумма ла маъниа лима аътойта ва муътийа лима манаъта ва ла йанфау зал жадди минкал жадд"ни ўқир эдилар. (Маъноси: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Унинг шериги ҳам йўқ. Мутлақ мулк Уники ва ҳамд ҳам Унгадур. У ҳар нарсага қодирдир. Эй раббим, Сен берган нарсани маън қилувчи йўқ. Ва Сен маън қилган нарсани берувчи йўқ. Буюклик Сендандир, бошқанинг буюклиги фойда бермайди.) Бухорий ва Муслим ривоятлари.

152/5. Абдуллоҳ ибн Зубайр ra : "Расулаллоҳ saw ҳар намоз кетидан таҳлил айтар эдилар", дейдилар. Ўзлари ҳам ҳар намоз кетидан: "Ла илаҳа иллалоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъала кулли шайъин қодир. Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ, ла илаҳа иллалоҳу ва ла наъбуду илла иййаҳ, лаҳун ниъмату ва лаҳул фазлу ва лаҳус санаъул ҳасан, ла илаҳа иллалоҳу мухлисина лаҳуд дийна ва лав кариҳал кафирун", деб айтардилар. (Маъноси: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Унинг шериги ҳам йўқ. Мутлақ мулк Уники ва ҳамд ҳам Унгадур. У ҳар нарсага қодирдир. Аллоҳдан бошқада ўзгартириш ва қувват йўқ. Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. Унгагина ибодат қиламиз. Неъмат, фазл, чиройли сано У учундир. Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. У учун дин холис қилинади, гарчи кофирлар кариҳ кўрсалар ҳам). Имом Муслим ривоятлари

Zikr 2 - Sheikh Mishary Rashed Alafasy

158/11. Уқб ибн Омир ra айтадилар: "Расулаллоҳ saw менга икки "Қул аъзу..."ни ҳар намоз сўнгида ўқишни буюрдилар." Абу Довуд, Термизий, Насаий ривоятлари.

Абу Довуднинг ривоятларида: "Қул ҳуваллоҳу аҳад...", "Қул аъзу бироббил фалақ...", "Қул аъузу бироббил нас..."ни ўқиш лозим", дейилган

Sura An-Nas - Sheikh Mishary Rashed Alafasy

155/8. Абу Ҳурайрадан ra ривоят қилинади: "Расулаллоҳ saw: "Ким ҳар бир намоз сўнгида ўттиз уч мартадан "субҳаналлоҳ, алҳамдулиллаҳ, Аллоҳу акбар", деб юзинчисини "Ла илаҳа иллалоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъала кулли шайъин қодир", деб айтса, гунохлари денгиз кўпигича бўлса ҳам кечирилади", дедилар. Имом Муслим ривоятлари

Юқоридаги ҳадислар Имом Ан-Нававийнинг "Ал-Азкор" китобидан олинди.

Биз бунга қўшимча қилиб қуйидаги ҳадисни ҳам келтиришни жоиз кўрдик:

Абу Уммомадан ra ривоят қилинади: "Расулаллоҳ saw : “Кимки ҳар бир фарз намозидан сўнг Ойат-ал-Курсийни ўқиса, у билан жаннат ўртасида фақатгина ўлим бўлади ҳолос”, деб айтдилар. Имом Насоий ривояти (Саҳиҳ)

Оят ал-Курсий (Бақара сурасининг 255 ояти)

Ayat al-Kursiy - Sheikh Mishary Rashed Alafasy

اللّهُ لاَ إِلَـهَ إِلاَّ هُوَ الْحَيُّ الْقَيُّومُ لاَ تَأْخُذُهُ سِنَةٌ وَلاَ نَوْمٌ لَّهُ مَا فِي السَّمَاوَاتِ وَمَا فِي الأَرْضِ مَن ذَا الَّذِي يَشْفَعُ عِنْدَهُ إِلاَّ بِإِذْنِهِ يَعْلَمُ مَا بَيْنَ أَيْدِيهِمْ وَمَا خَلْفَهُمْ وَلاَ يُحِيطُونَ بِشَيْءٍ مِّنْ عِلْمِهِ إِلاَّ بِمَا شَاء وَسِعَ كُرْسِيُّهُ السَّمَاوَاتِ وَالأَرْضَ وَلاَ يَؤُودُهُ حِفْظُهُمَا وَهُوَ الْعَلِيُّ الْعَظِيمُ

Аллоҳу ла илаҳа илла ҳувал ҳайюл қоййум. Ла таъхузуҳу синатув-ва ла навм. Лаҳу ма фис-самавати ва ма фил арз. Манзаллазий яшфаъу ъиндаҳу илла биъизниҳ. Яъламу ма байна айдиҳим ва ма холфаҳум ва ла юхитуна би шайъим-мин ъилмиҳи илла бима шаъа. Васиъа курсиюҳус-самавати вал арз. Ва ла яъудуҳу ҳифзуҳума ва ҳувал ъаллийюл ъазийм.

Маъноси (quran.uz сайтидан): Аллоҳ Ундан ўзга илоҳ йўқ зотдир. У тирик ва қаййумдир. Уни мудроқ ҳам, уйқу ҳам олмас. Осмонлару ердаги нарсалар Уникидир. Унинг ҳузурида Ўзининг изнисиз ҳеч ким шафоат қила олмас. У уларнинг олдиларидаги нарсани ҳам, ортларидаги нарсани ҳам билур. Унинг илмидан ҳеч нарсани иҳота қила олмаслар, магар Ўзи хоҳлаганини, халос. Унинг курсиси осмонлару ерни қамраган. Уларни муҳофаза қилиш Уни чарчатмас. Ва У Олий ва Азим зотдир

Ушбу мақолани сизга ҳавола қилганимиздан сўнг бизга қуйидаги савол билан мурожат қилишди: "Юқоридаги зикр ва тасбиҳларни фарз намозидан сўнг айтиш керакми ёки нафл ва суннат намозларидан кейин ҳам айтса бўладими?"

Юқоридаги савол кўпчиликни қизиқтиргани учун биз интернетдаги исломий манбаъларни қидирдик ва Ислом овози сайтидан шу мавзудаги маърузани топдик. Обид қори домламиз юқоридаги хадисларга Ибн Хажарнинг шархини келтирадилар: "...Пайғамбар с.а.в. сўзлариниг зохири намоз дейилган кўп ҳадисларда, демак фарз ҳам, нафл ҳам намозниниг ичига кириб кетади ва бундан суннатдан кейин ҳам ўқиса бўлади деган маъно чиқиши мумкин. Лекин кўпчилик уламолар фарзга амал қилишган, ҳар бир намознинг сўнгидан дейганда кўп уламолар фарз деб тушунишган ва тушунтиришган", деб Имом Муслимнинг қуйидаги ҳадисини далил қилганлар:
Каъб ибн Ужрадан (р.а.) ривоят қилинади: "Расулаллоҳ с.а.в:
"Ким ҳар бир фарз намоз сўнгида ўттиз уч мартатадан "субҳаналлоҳ, алҳамдулиллаҳ, Аллоҳу акбар", тасбиҳларини айтса камбағал бўлмайди" (Ал-Азкор 154/7)

Шунингдек ушбу маърузада Обид қори домламиз "Зикрларни фарз намозини ўқиб бўлиб,  суннатни ўқимасдан қилган афзалми ёки аввал суннатни ҳам ўқиб кейин зикр қилган афзалми?" деган саволга жавоб бериб, бу масалада кўпгина уламоларнинг фикрини келтирганлар ва ҳулоса қилиб "Униси ҳам буниси ҳам жоиз, сиз намоз ўқиётган жамоъада қайси бири одат қилинган бўлса шунисига амал қилинг", деб маърузага якун ясаганлар.

Биз бу қизиқарли ва фойдали маърузани ҳам сизни эътиборингизга ҳавола қилишни жоиз кўрдик.

Namozdan keyingi zikrlar - Obid qori

Шунингдек сизга islom.uz сайтидаги "Намоздан кейин зикр ва тасбиҳ" номли мақолани ўқиб чиқишни тавсия қиламиз.

Аллоҳ қилаётган ибодатларимизни қабул қилсин. Амийн.


Давомини ўқиш